Ижтимоий ҳаётда инсонлар билан муомала-муносабат қилмасдан яшашнинг иложи йўқ. Ушбу жараёнда ким кимнидир ранжитиши, унга моддий ёки жисмоний зарар етказиб қўйиши мумкин. Шундай вазиятларда жабр кўрган кишининг кечиримли бўлиши ижтимоий ҳаёт фаровонлигига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кечиримли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”,[1] деб буюрган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ходимни неча марта афв қиламиз?” деди. У зот индамадилар. У саволни такрорлади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна индамадилар. Учинчи бор сўраганида: “Ҳар куни етмиш марта”, дедилар”.[2]
Жазолаш ва қасос олишдан кўра кечириш ва бағрикенгликни биринчи ўринга қўйиш одамлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган кескин келишмовчиликларнинг олдини олишига шубҳа йўқ. Кечириш – қилмишга кўз юмиб, жазони тарк қилишдир.
Жарийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Одамларга раҳм қилмайдиган одамга Аллоҳ таоло раҳм қилмайди”,[3] деганлар.
Муовия розияллоҳу анҳу айтади: “Токи сизга имконият берилгунича сабрли ва бағрикенг бўлинг. Агар имкон (мол-дунё, раҳбарлик) берилса, кечиримли ва саховатли бўлинг”.
Абу Дардодан: “Одамларнинг энг азизи ким?” деб сўрашди. У: “Жазолашга қодир бўла туриб кечирган киши. Кечиримли бўлинг, Аллоҳ таоло сизни азиз қилади”, деди. Ким афв этса, Аллоҳ уни кечиради, ким кечирса, Аллоҳ ҳам уни мағфират қилади. Ким Аллоҳ унга қандай муомала қилишини хоҳласа, одамларга ҳам шундай муносабатда бўлсин.
Афвнинг фойдалари
Афв этиш одамлар орасида суиистеъмол қилинган ва парчаланган ижтимоий алоқаларни тиклайди, мустаҳкамлайди. Аллоҳнинг мағфирати, раҳмати ва розилигига эришишга сабаб бўлади: “Уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”.[4]
Тақвога яқинлаштиради: “Кечириб юборишингиз тақвога яқинроқдир”.[5]
Афв Аллоҳ таоло мағфират ва жаннатни ваъда қилган тақводорларнинг сифатларидан: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.[6]
Икки дунё азизлигига етаклайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло кечиримли бандага азизликни зиёда қилур”,[7] деганлар.
Шунингдек, кечиримли бўлиш гина ва нафратни кетказиш, мусулмонлар орасида муҳаббат ва биродарликни ёйиш, муносабатлардаги бағрикенглик, меҳр-оқибат, биродарлик ва ҳамкорликнинг ривожланишида муҳим омилдир.