Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Исломнинг тараққиётни белгиловчи мезонлари

Исломнинг тараққиётни белгиловчи мезонлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига Индонезиянинг Шимолий Суматра провинцияси Уламолар кенгаши аъзоларидан иборат делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар илмий муассалалар раҳбарлари ҳамроҳлигида тадқиқотлар ва таълим учун яратилган шароитлар, эришилаётган натижалар ва Музей фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари иштирокида Марказ, Ҳадис илми мактаби ва Суматрадаги Ал-Васлия ислом университети ҳамкорлигида “Экстремизмга қарши кураш ва мўътадиллик қадриятларини тарғиб қилишда илмий муассасаларнинг ўрни. Исломнинг цивилизацион мезонлари: Индонезия ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди. Унда Марказ ва Ҳадис мактаби раҳбарияти, илмий ходимлари, устоз-мураббийлар ва Ал-Васлия ислом университети профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Тадбирда илмий-тадқиқот муассасаларининг экстремизмга қарши курашдаги ролига алоҳида эътибор қаратилди. Диний таҳдидлар ва экстремизмга қарши мўътадиллик ва диёнатга асосланган таълим-тарбия усулларини кенг тарғиб қилиш зарурати тилга олинди.

Ўзбекистоннинг мусулмон давлатлар билан жуғрофий ва маданий яқинлиги, шунингдек, мамлакатдаги диний, ижтимоий ва таълим тизимлари самарадорлиги ва ўзаро мутаносиблигини таъминловчи омиллар давра суҳбатида алоҳида қайд этилди. Шунингдек, индонезиялик олимлар ўз мамлакатида таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва мўътадилликка асосланган миллий стратегиялар ҳақида батафсил маърузалар қилди.

Бугунги кунда динда мўътадилликни сақлаш ва жаҳонда тинчликни барқарор қилишда исломнинг цивилизацион мезонлари, яъни таълимоти ва қоидалари муҳим роль ўйнаётгани қайд этилди. Чунки ислом цивилизацияси ўзининг диний, ахлоқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жиҳатлари билан кўп қиррали бўлиб, адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланган мукаммал жамият барпо этиш ва хўжалик юритишда ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлашга қаратилган. Ҳар қандай цивилизация каби исломнинг мезонлари ҳам тараққиёт ва инсон ҳаётини яхшилашга йўналтирилган, аммо бунда ҳуқуқлар тенглиги, адолат устунлиги, динлараро ва миллатларо бағрикенглик, тинчликпарварлик, ҳалоллик ва поклик каби фазилатларга нисбатан кўп урғу, айтиш мумкинки, марказий ўрин берилади.

Тадбирда меҳмонларга Имом Бухорийнинг Марказ томонидан ўзбек тилида нашр этилган “Халқу афъолил ибод” асари таништирилди. Бугунги кунгача аҳамиятини йўқотмай келаётган бу китоб ноёб маънавий мерос бўлиб, пок эътиқодни ҳимоя қилиш ва турли бидъатчи оқимларга раддия бериш мақсадида ёзилгани эътироф этилди. Асар таржимаси маҳаллий китобхонларга Муҳаддислар султонининг диний ва илмий меросини яқиндан англашга, ёшларнинг диний билимларини мустаҳкамлашга, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асрашга хизмат қилиши таъкидланди.

Сўзга чиққанлар ислом маданияти ва қадриятларида тинчлик ва барқарорлик тараннум этилиши, диндан ёвуз мақсадларда фойдаланишга қарши курашишда таълимнинг муҳим аҳамиятига алоҳида урғу бериб, диний таълим ва илм-фанни мўътадилликка асосланган ҳолда ривожлантириш, илмий масканларда экстремизмга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш йўлида илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятига ҳам тўхталди. Шу нуқтаи назардан икки мамлакат илмий муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида ижобий фикрлар билдирилиб, ўзаро ҳамжиҳатликнинг ташкилий-амалий жиҳатлари ва истиқболлари муҳокама қилинди, муҳим келишувларга эришилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ раҳбари юксак мукофот билан тақдирланди

Мамлакатимизда ўтказилаётган “Халқаро бағрикенглик” ҳафталиги доирасидаги тадбирлар жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат …