Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Қозоғистон геосиёсий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида “Наследник пророка” (Пайғамбар меросхўри) номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Имом Бухорий ҳаётига оид рус ва қозоқ тилларидаги бу илк асарнинг муаллифи исломшунос тадқиқотчи Ернар Чалгимбаев ҳаж ва умра ибодатлари ҳақида кўплаб китоблар ёзган.
Олим ислом фанлари бўйича магистрлик даражасига эга бўлиб, Саудия Арабистони, Малайзия, Миср ва Қозоғистонда таълим олган. Instagram ижтимоий саҳифасида 55 000 дан ортиқ обуначига эга блог юритади. Унда ислом илмлари ҳақидаги билимлари билан ўртоқлашиб, одамларни динни ўрганиш ва арконларига амал қилишга ундайди.
Қозоғистон геосиёсий тадқиқотлар институти директори, профессор Асилбек Избаиров, Марказ илмий ходимлари, Ҳадис илми мактаби устоз-мураббийлари иштирок этган тақдимотда муаллиф китобда Имом Бухорийнинг илмга меҳри, суннатларнинг ишончли ҳомийси сифатидаги хизматлари, шунингдек, ҳадисларнинг саҳиҳлигини асраб-авайлаш йўлидаги жасорати ва фидойилиги ҳақида ҳикоя қилганини таъкидлади.
– Имом Бухорий – ислом оламининг энг машҳур муҳаддиси, суннатларнинг ишончли ҳомийси ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ёдлаб, асл ҳолида сақлаб, авлодларга етказган улуғ зот. Шунинг учун унинг номи ҳам, хазинага менгзагулик асарлари ҳам юксак қадр-қийматга эга. Аллоҳ унинг улкан меҳнатига баракот ато этиб, номини асрлар оша дунёдаги барча мусулмонлар ёдида сайлайдиган қилди, – деди Е.Чалгимбаев.
Китоб Имом Бухорийнинг ҳайратомуз ва ибратли ҳаёти, илмга сўнгсиз ихлос ва иштиёқи ҳамда ислом илмлари ривожи йўлидаги беқиёс хизматларини батафсил баён қилади. Муаллиф ушбу асар орқали Имом Бухорий ҳаётидан ўрганиш мумкин бўлган ибратли воқеаларни ҳар бир мусулмон қалбига етказишни мақсад қилган.
Имом Бухорийнинг серқирра фаолияти, илм йўлида чеккан машаққатлари, башариятга қолдирган шонли мероси тарихий фактларга асосланган ҳолда ёритилган китоб нафақат муҳаддислар султони ҳаётини, балки ислом таълимотининг муҳим жиҳатларини ҳам акс эттириб, мусулмонларни суннатларга амал қилишга даъват этади.
Тақдимотда сўзга чиққанлар Имом Бухорий бой меросининг мусулмон дунёсидаги бебаҳо аҳамияти ҳақида сўз юритиб, китоб келажак авлод учун улкан манба бўлиб хизмат қилиши, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам суннатларини ўрганиш ва амал қилиш истагини янада оширишини қайд этди.
Тадбир давомида меҳмонларга Имом Бухорийнинг Марказ томонидан яқинда ўзбек тилига таржима қилиниб нашрга тайёрланган “Халқу афъолил ибод” ва “Китобуз зуафоис сағир” асарлари таништирилди.
Қатнашчилар томонидан ислом оламининг етук алломаси қолдирган бой илмий мерос “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғоясига ҳамоҳанг тарзда дунё халқларини фақат эзгулик ва маърифатга чорлаши, нашр этилаётган китоблар эса бу меросдан кўпроқ баҳраманд қилиши таъкидланди.