Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Инсонга руҳий озуқа берувчи санъат

Инсонга руҳий озуқа берувчи санъат

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Истанбулдаги “Ислом цивилизацияси” боғи раҳбари, машҳур хаттот ва таниқли исломшунос Ҳусайн Қутлу раҳбарлигида бир гуруҳ туркиялик ва маҳаллий амалиётчи ҳамда тадқиқотчилар ташриф буюрди.

Директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев меҳмонларни Марказ музейи билан таништириб, илмий фаолият натижалари тўғрисида маълумот берди.

Ташриф асносида меҳмонлар, Марказ илмий ходимлари, маҳаллий хаттотлар ва санъатнинг бу турига қизиқувчи ёшлар иштирокида “Хаттотлик санъати, Қуръони каримнинг қадимий қўлёзма нусхалари: Мусҳафи шарифнинг Ғазнавийлар, Темурийлар ва Бобурийлар даврларига оид нусхалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда туркиялик олим хаттотлик санъати, унинг турли йўналишлари ва маданий мерос сифатидаги юксак аҳамияти ҳақида сўзлади.

Ҳусайн Қутлу – замонавий турк хаттотлик мактабининг энг таниқли вакилларидан бири. Талабалик даврида хат илмига меҳр қўйиб, бора-бора соҳанинг етук мутахассисига айланган. Эндиликда ўз мактабини яратиб, кўплаб ёшларга ушбу нафис санъат сирларини ўргатмоқда.

Давра суҳбатида олим салкам 1500 йиллик хаттотлик ва китобат санъати анъаналари асосида ўзи кўчирган Истанбул Мусҳафи тақдимотини ўтказди. 10 жилдли бу қўлёзмага Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи вассаллам) замонларидан ХХ аср бошларигача давом этиб келган китобат ва хаттотлик санъати намуналари, услуб ва безаклари киритилган. Жумладан, ундан Саодат асри, саҳобалар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Ғазнавийлар, Мамлуклар, Усмонийлар, Элхонийлар, Темурийлар, Сафавийлар, Қожорлар, Афшорлар, Бобурийлар даврлари, шунингдек, Туркияда республика эълон қилинганидан кейинги йилларга оид хат намуналари ва безакли нақшлар ҳам ўрин олган.

Ҳусайн Қутлу мазкур қўлёзма устида 60 дан зиёд шогирди билан 8 йил давомида иш олиб борган. Бу вақт давомида мусулмон дунёсининг турли минтақаларидан материал ва хомашё тўплаган. Жумладан, қўлёзма қоғозини тайёрлашда Самарқанд ва Бухородаги қадамжоларда ўсган дарахтлар пўстлоғидан фойдаланилган. Қуръони каримнинг Ҳусайн Қутлу кўчирган нусхасида олтин аралашмасидан тайёрланган зарҳал бўёқлар ҳам ишлатилган.

Туркиянинг қадимий ва мафтункор хаттотлик анъаналарини давом эттирган Ҳусайн Қутлу ўз ижоди ва маҳорати билан нафақат Туркияда, балки халқаро миқёсда ҳам танилган. У хаттотликка шунчаки касб деб қарамайди, балки уни руҳий озуқа ва қалб иши сифатида қабул қилади. Сўзларида хаттотликнинг нафақат эстетик, балки улуғвор маънавий қийматини ҳам уқтиради. Инсонни ички такомил ва барқарорликка етаклайдиган бу санъат сабр ва диққат талаб қилишини тушунтиради.

Ҳусайн Қутлу анъанавий хаттотликни замонавий талаблар билан уйғунлаштириб, янги авлодга ҳам ўргатишга ҳаракат қилмоқда. Бу унинг уммат маданияти ривожига қўшаётган катта ҳиссасини кўрсатиб, хаттотликнинг замонавий ислом оламидаги аҳамиятини янада оширади. Унинг фикрича, бу санъат орқали инсонлар нафақат ёзувни, балки руҳан покланишни ҳам ўрганади.

Давра суҳбатида олим хаттотлик орқали маданий меросни авлодларга етказиш ва бу санъатнинг келажакда ҳам сақланиб қолишини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Тадбир доирасида Самарқанднинг замонавий хаттотлик санъати намуналари намойиш этилди. Туркиялик меҳмон маҳаллий хаттотларга таклиф ва тавсиялар бериб, маҳорат дарсини ўтиб берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ раҳбари юксак мукофот билан тақдирланди

Мамлакатимизда ўтказилаётган “Халқаро бағрикенглик” ҳафталиги доирасидаги тадбирлар жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат …