Мамлакатимизда бугунги кунда маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юксак эътибор билан тилга олинмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси асосида бунёд этилган илмий Марказ мамлакатимиз маънавий тараққиётида ёш авлод тарбиясида ўзига хос ижобий аҳамиятга эга. Кейинги кунларда маҳаллий зиёратчилар саёҳати билан бирга халқаро меҳмонлар саёҳати ҳам тобора ортмоқда.
Хусусан жорий йилнинг 1 апрел куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Бирлашган Араб Амирлигидан Аҳмад Ҳусайн ва Яқуб Ҳусайнлар ўз оила аъзолари билан саёҳатга келишди.
Халқаро меҳмонларни Марказ халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Т. Эвадуллаев кутиб олди.
Дастлаб Марказ директори ўринбосари Ш. Умаров халқаро меҳмонларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, бинонинг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши фаолияти ва вазифалари тўғрисида маълумотлар берди. Ш. Умаров Меҳмонларга илмий ходимлар томонидан улуғ аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини тадқиқ этиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима қилиш ва ўрганиш ҳамда мавжуд манбаларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш каби масъулиятли вазифалар билан шуғулланиб, илмий тадқиқотлар олиб бораётганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берди.
Шундан сўнг Т. Эвадуллаев халқаро меҳмонларга музей фондидан жой олган Имом Бухорий бобомизнинг турли даврларга тегишли ҳадис илмига оид асарлари, ноёб экспозициялар ва замонавий ахборот берувчи воситалар тўғрисида маълумотлар берди. Меҳмонлар кутубхонада сақланаётган ноёб қўлёзма ва тошбосма асарларни ва музейдаги буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларни қизиқиш билан томоша қилдилар.
Меҳмонлар, Марказ биноси шарқона ва замонавий меъморчилик ютуқлари асосида бунёд этилгани, ушбу масканни янада улуғвор бўлганлигини таъкидлади. Илмий тадқиқотчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, уларнинг илмий фаолиятини юқори баҳолади.