Home / МАҚОЛАЛАР / САМАРҚАНД МУТОЛААСИ

САМАРҚАНД МУТОЛААСИ

Этюд

Кўпчилик санъат асари билан танишишдан олдин, унинг муқаддимасига дуч келасиз. Муқаддима ҳар хил шаклда бўлиши мумкин: масалан, спектаклда пролог, операда увертюра, айрим китобларда сўз боши деб аталиши мумкин, лекин қаерда қандай ном олишидан қатъи назар, унинг вазифаси – сизни ўша санъат асари руҳига олиб кириш, сизни ўша санъат асари билан мулоқотда бўлишга тайёрлашдир.

Ўзбек халқи минглаб йиллар давомида яратган ва ҳамон яратаётган, сайкал берган ва бераётган, фақат ўзининггина эмас, бутун одамзоднинг нодир мулкига айлантирган бир шоҳ асар бор дунёда. Бу шоҳ асар Самарқанд деб аталади. Ҳамма йирик, мураккаб санъат асарлари каби Самарқанднинг ҳам муқаддимаси бор. Айрим ҳолларда баъзи китобларнинг муқаддимасини ўқимай, ташлаб кетиш мумкин, лекин Самарқандни муқаддимасиз ўқиш мумкин эмас. Бунинг иложи йўқ.

Бу улуғ, табаррук шаҳарга унинг қайсм дарвозасидан кириб борманг, йўлингиз оёғингиз остига тўшалиб ётган, соҳибларидек бағри кенг тепаликлар устидан ўтади. Бу тепаликларга етишингиз билан кулаётган бўлсангиз –  кулгидан, гаплашаётган бўлсангиз – суҳбатдан, қўшиқ айтаётган бўлсангиз –  куйлашдан тўхтайсиз. Ўйга толасиз. Чуқур ўйга.

Не-не асрларни кўрган, уларнинг қанча-қанчасини бағрига бекитиб олган бу кўҳна дунёнинг ўзидек қадим тупроқ атрофида бўлаётган воқеаларга беписанд, мийиғида кулганча қараб ётган бўлиб туюлса-да, сизга унсиз нималарнидир гапириб беради, нималардандир огоҳлантиради, афт-ангорингизни, кийим-бошингизни кўздан кечириб чиқишга даъват этади, юрагингизга аллақандай ғулу, ҳаяжон солади.

Ана шундай ғалати, исмсиз туйғулар оғушида, бир оз ҳаяжонланган, бир оз ҳовлиққан, бир оз чўчиган ҳолда кириб борасиз буюк шаҳарга.

Сиз, балки биринчи марта олаётгандирсиз бу асарни қўлга – биринчи марта бораётгандирсиз бу гўзал шаҳарга. Мен эса, ўттиз ёшим мобайнида кўп марта зиёрат қилганман уни ва ҳар гал унинг остонасида, юқорида айтганим ҳолга тушганман.

Мен Самарқандни минглаб марта қўлга олганман, лекин унинг ўзи тугаб битмагани каби, мен ҳам уни ўқиб тугатолганим йўқ. Ҳар гал уни қўлга олар эканман, унинг сатрлари орасида масту лол адашиб юрар эканман, таассуротларим вужудимга сиғмайди, ташқарига отилади, қаёқларгадир судраб кетади, кимларгадир тошиб-тошиб сўзлаб бергим келади. Ҳар гал шундай қиламан ҳам: танишми, нотанишми – дуч келган одам билан ўртоқлашаман таассуротларимни. Зеро, Самарқанд – бир кишининг вужудига сиғиб кетадиган асар эмас.

Мен яқинда яна қўлга олдим уни. Гарчи, санъат асари биров ҳикоя қилиб берганида жуда кўп фазилатларини йўқотса ҳам, келинг, менинг хотирам саҳифалари орқали жилла бўлса ҳам баҳраманд бўлинг унинг нашъу намосидан.

Самарқанд яқинда иккита катта маърака гувоҳи бўлди. Мен Самарқанднинг юбилейи ҳамда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фествалини айтяпман. Ҳа, Самарқандда олтин тўй бўлди. 2750 йил! Ким билади, баъзи овозаларга қараганда у анча кекса эмиш, уч ярим минг йилдан ҳам ошар эмиш ёши, лекин у ўзининг кексалигини тан олгиси келмагандир-да. Одам ҳам шунақа бўлади-ку, болалигида ёшини катта қилиб, кексая борган сари эса, ўзини ёш қилиб кўрсатгиси келади.

Самарқандни инсониятнинг нодир мулки деган эдик. Бу таърифдан муболаға қидирганларнинг меҳнати зое кетади, албатта. Нега десангиз, Самарқанднинг ўзигина танҳо эмас оламда, унинг жуда кўп сифатлари ҳам танҳо. Оламни кезган бир сайёҳнинг Бибихоним мадрасаси гумбазига берган таърифи эсингиздадир? “Агар осмон уни такрорламаганида эди, бу гумбаз оламда танҳолигича қоларди” деган эди у. Самарқандда бунақа “оламда танҳолигича” қолиши мумкин бўлган антиқа нарсалар фақат Бибихоним мадрасасигина эмас.

Самарқанд ҳозирги кўпгина эгизак шаҳарларнинг бири эмас, унинг ҳеч бир шаҳар такрорлай олмайдиган ўзига хос қиёфаси бор. Бу қиёфасини қандай қилиб кўрса бўлади дейсизми? Марҳамат, анчагина юзаки бўлса ҳам, менинг хизматимдан фойдаланишингиз мумкин.

Аввало, бу шаҳарни дунёга танитган жойларни кўрайлик, Булардан бири –  Улуғбек расадхонаси. Аслида, расадхона дейиш, анча нисбий гап. Чунки, ўрта асрдаёқ коинотни қўлига олиб унинг жумбоқларини ечган ва уни “Зичи Кўрагоний”га жойлаштирган Улуғбекнинг муқаддас лабораторияси, буюк олимнинг ўзи каби, маърифат душманларининг қурбони бўлган. Бу лабораториядаги муҳим асбоблардан бири бўлган секстантнинг бир бўлагигина – у ҳам, балки ернинг тагида бўлгани учундир – бизгача сақланиб қолган. Пастликдан ҳалқасимон бўлиб юқорига кўтарилган ва тупроқ деворлари аро турган секстантнинг шакли – кейинчалик кўмилиб кетган боболаримизнинг тафаккури парвозини зслатади кишига.

Секстантнинг парвози узилган жойда уни тупроқ қаъридан қидириб топган табаррук одам – машҳур археолог Вяткиннинг қабри бор. Аввал секстантга, кейин қабрга термиларкан, беихтиёр катта хазина бекитилган ғор оғзида уни қўриқлаб ётган аждаҳо ҳақидаги афсонани эслайди киши.

Расадхона зиёратидан сўнг Улуғбек музейига кирасиз. Музейда хилма-хил нодир ашёлар орасида Улуғбекнинг Ғарб рассоми чизган суратини кўриб, кулгингиз қистар, балки. Нега десангиз, Улуғбек ўрта аср Ғарб кишилари киядиган кийимда, соч қўйган, шоп мўйловли қилиб тасвирланган. Шарқ ма-данияти ҳақида заррача тасаввурга эга бўлмаган Ғарб рассомини бунинг учун айблаб бўлармиди.

Лекин музейдан чиқишингиз билан назарингиз замонамиз ҳайкалтарошлари томонидан яратилган Улуғбекнинг улкан қаддига тушади. Ўз қўриғи – осмонга бўй чўзган олим чуқур тафаккурда. Ҳайкал ёнидаги девордан олимнинг ўйларини ўқийсиз: “Шоҳликлар емирилади, дин тумандай тўзғиб кетади, фақат илмгина мангу қолади”.

Нодир зиёратгоҳлардан яна бири – ҳалиям ўзини тўла кўрсатгиси келмаётган Афросиёб ҳам, Шоҳизинда ансамбли ҳам унинг одамни асрлар аро адаштириб кетадиган зиналари ҳам, Регистон майдонига кўрк бўлиб, бир-бири билан мулоқотга кетган Улуғбек, Тиллакори, Шердор мадрасалари ҳам, бу мадрасаларни бирлаштириб туртан ҳовли саҳнига терилган тошлар ҳам, жаҳондаги саноқли буюклардан бўлган Амир Темур ва Мирзо Улуғбекка сўнгги маскан бўлган Гўри амир мақбараси ҳам Самарқанднинг кўрки, унинг қиёфасидаги бу шаҳарни оламга машҳур қилган, “Самарқанд сайқали рўйи замин аст” (“Самарқанд ер юзининг сайқалидир”) мисрасининг бунёдга келишига омил бўлган нуқталардир.

Одамлар бир-бирларидан афт-ангори билан эмас, хулқ-атвори билан ҳам фарқ қилади. Самарқанд – одамлар тафаккури ва қўли билан яратилган санъат асари экан, у муаллифининг хислатларини олмаслиги ҳам мумкин эмас эди. Айтмоқчиманки, Самарқанд феъл-атвори, хулқи, одоби, қилиқлари билан ҳам бошқа шаҳарларга ўхшамайди, унинг ҳамма нарсаси фақат ўзигагина хос.

Аввало, Самарқанд жуда баҳаво шаҳар. Унга шундоққина этагидан оқиб ўтаётган Зарафшоннинг, Сиёбнинг, Дарғомнинг эпкини, атрофини қуршаб олган боғларнинг бўйи уриб туради. Бунинг устига у жудаям сокин шаҳар. Ихчамлиги учунми, юк транспортининг шаҳар четидан қатнаши учунми, ҳар калай, боғларида, хиёбонларида шовқин йўқ.

Келинг, Самарқанднинг ягона, такрорланмас хислатларидан яна бир нечтасини айтиб берай.

Самарқанд – Ўзбекистонимизнинг барча шаҳарлари каби кўп миллатли шаҳар. Лекин унинг туб аҳолиси ўзбеклардир. Шуниси қизиқки, улар тожик тилида гаплашишади. Бу, албатта, Самарқанднинг узоқ давр пойгахт бўлгани, ўша даврда давлат ишлари форс тилида олиб борилганидан бўлса керак. Аҳоли бу тилни ўрганишга истаса-истамаса мажбур бўлган, йиллар ўтиши натижасида бу тил бир оз ўзгарган ҳолда ўрда тилидан кенг истеъмол тилига айланган бўлиши мумкин.

Самарқанд нонининг довруғини эшитган бўлсангиз керак. Бу ноннинг таъми ҳам, кўриниши ҳам бошқа ҳеч қаерда учрамайди. Бу ҳақда ривоят ҳам бор эмиш, Бухоро ҳукмдори Самарқанднинг машҳур новвойини ўз шаҳрига олиб кетиб нон ёптирипти. Аммо, нон Самарқандникидай бўлмапти. Кейин Самарқанддан ун, сув, туз ва ҳаттоки ўтин ҳам олиб боришипти. Аммо, нон яна Самарқандникидай бўлмапти. Ҳукмдор ҳайрон бўлипти: “Яна нима етишмайди?” сўрапти у. Новвой жавоб берипти: “Самарқанднинг ҳавоси етишмайди”.

Самарқанд аҳолиси кечқурун сайрга чиқадиган асосий кўча доҳий Ленин номи билан аталади. Икки томони магазинлар билан ўралган бу кўчада яккита ресторан ва бир кинотеатр жойлашган. Одамларнинг аксарияти кечқурун боғларда эмас, шу кўчада сайр қилади. Агар сиз кимнидир кўрмоқчи бўлсангиз, кечқурун Ленин кўчасига чиқаверинг, албатта, топиб оласиз уни.

Самарқандда бир анъана бор. Область деҳқонлари пахтани йиғиб-териб бўлгач, бир ой давомида шаҳарда сайил ўтказишади. Опера театрида ҳар куни қайсидир бир районнинг “куни” ўтказилади. Театр майдонига ҳар хил магазинлар энг ноёб молларни олиб чиқишади, шаҳарнинг энг нозиктаъб ошпазлари хар хил таомлар тайёрлашади. Шаҳар аҳли қишлоқ аҳлига ўз миннатдорлигини ана шундай изҳор қилади. Майдонга одам сиғмай кетади, ўйин-кулги, томоша авжига чиқади. Сайил кечқурун опера театри биносида қўйилган концерт ёки спектакль билан тугайди. Ойнабанд машиналар карвони қишлоққа қараб йўл олади.

Самарқанднинг булардан бошқа ҳам такрорланмас хислатлари кўп. Унинг фан шаҳри, маданият шаҳри, олий ўқув юртлари шаҳри эканлигини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.

Биласизки, тўй қилган одам ҳовлисини ораста қилади, уни одам кирса ҳузур қиладиган масканга айлантиради, эгнига янги, асраб қўйган кийимларини кияди. Хуллас, тўйхона тўйхонага ўхшаган бўлади. Самарқанд ҳам тўй баҳонаси билан ўзига анча зеб берди. Шаҳарда тарихий обидалар билан уйғунлашиб кетган бинолар қад кўтарди, янги-янги сайилгоҳ, хиёбонлар бунёд бўлди. Опера театри, область партия комитети биноси, “Самарқанд” меҳмонхонаси, “Юбилей” ресторани ва чойхона шаҳар ҳуснига ҳусн бўлиб тушди. Театр майдонининг энг салқин сайилгоҳ – Максим Горький бульвари билан қўшилиб кетгани ёнма-ён юрган иккита бир-биридан гўзал қиздай маҳлиё этади сизни. Айниқса, бу ердан туриб қуёшнинг чиқишини томоша қилишдан завқлироқ нарса бўлмайди. Тасаввур қилиб кўринг-а: кенг майдон, майдон сўнгида оппоқ театр биноси, театр биносининг энг тепасидан Бибихоним мадрасасининг гумбази кўринади. Гумбаз устида эса ҳозир оқиб кетадиган симобдай бўлиб қуёш турибди.

Регистон майдонида илгари бир боғ бўларди. Навоий номли чойхонани ҳисобга олмаганда, бу боғнинг диққатга молик жойи йўқ эди. Аксинча, уч мадрасани тўсиб турарди у. Ҳозир ўша боғ тугатилиб, гулзор қилинган. Яна Навоий номли чойхонани (унинг йўқ бўлишини) ҳисобга олмаганда, бу гулзор Регистон юзига хол бўлиб тушган. Бунинг устига, мадрасалар энди бемалол кўриниб туради. Бу гулзорнинг диққатга сазовор жойларидан яна бири шундаки. ундаги иккита йўлакнинг охирида калтагина темир устунлар ва бу устунларни бирлаштириб оғир занжир солланиб турибди. Бу оғир занжирлар ҳам қандайдир даражада девор вазифасини ўтайди, яъни гулзорга ҳамма томондан кирилавермайди, ҳам фикрни рўпарада турган мадрасаларга олиб бориб боғлайди. Шаҳар қурилиши учун жуда зарур бўлган уйғунлик шу гулзорда ўзининг жуда муваффақиятли ифодасини топган.

…Ниҳоят, сафар қарийди. Бу шоҳ асарни тўла ўқиб чиқолмаганингиздан ўксиб йўлга чиқасиз. Шаҳарга келишингизда муқаддима бўлган тепаликлар энди хотима бўлиб, Самарқанддан тўймай кетаётганингиз учун сизга ачингандай кузатиб қолади. Орқага ўгирилиб қарайсиз, юрагингизни бир ғусса забт этади, айрилиқ ғуссаси. Лекин бу ғуссани нимадир ёритиб туради. Ёрқин хотирот бу, ёрқин таассурот. Самарқанддек шоҳ асарни ўқигандагина шундай ёрқин таассурот қолади кишида. Бу таассурот қеч қачон хиралашмайди Зотан, Самарқанд буюк бир халқ яратган буюк шоҳ асардир.

18 октябрь – Самарқанд шаҳри кунига бағишланади
Таниқли таржимон, драматург, публицист ва шоир, самарқандлик ижодкор, марҳум Машраб Бобоев ижодидан

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …