17 октябрь куни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида бошланган халқаро илмий анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Шукурилло Умаров “Марказий Осиёнинг машҳур муҳаддислари” мавзусидаги маъруза билан қатнашди.
Маърузачи Мовароуннаҳр дунёга кўплаб буюк уламоларни, жумладан, муҳаддислар, муфассирлар ва фақиҳларни етиштириб бергани, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳонуддин Марғиноний, Имом Доримий, Имом Муслим каби алломалар маънавий мероси нафақат ислом олами, балки бутун инсоният учун катта аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Хусусан, VIII-IX асрларда Мовароуннаҳрда ҳадис илми кенг ривожланган. Самарқанд, Шош, Кеш, Бухоро ва Насаф шаҳарлари ислом дунёсининг нуфузли илм марказлари бўлган. 3000 дан зиёд муҳаддис фаолият кўрсатган.
Бу даврда Абдулҳамид Кеший ва Абдуллоҳ ибн Муборак каби машҳур муҳаддислар ҳадис илми ривожида муҳим ўрин тутган. Имом Бухорий ва бошқа машҳур муҳаддисларнинг ўзаро илмий ҳамкорлиги илмий анъаналарнинг устоз-шогирд муносабатлари орқали ривож топган.
Самарқанд ва бошқа шаҳарларда кўплаб ҳадис мактаблари фаолият кўрсатган, Мовароуннаҳрга бутун дунёдан талабалар келиб, илм ўрганган. Бу мактаблар тарихда ҳадис илмининг ривожланишига муҳим ҳисса қўшган.
Марказий Осиёдан етишиб чиққан олимлар нафақат ҳадис, балки ислом тарихи, араб тили ва бошқа фанлар бўйича ҳам катта илмий мерос қолдирган. Улар орасида Имом Бухорий, Абдулҳамид Кеший ва Маҳмуд Замахшарий каби алломаларни алоҳида эътироф этиш лозим. Уларнинг илмий мероси ва маънавий аҳамияти бугунги кун учун ҳам долзарб бўлиб, дунё мусулмонлар ҳамжамияти учун кучли маърифий таъсир доирасини мудом йўқотмайди.
Анжуман иштирокчилари Марказий Осиё мусулмон алломалари тарихини ўрганиш ва уларнинг бой меросини кенг жамоатчиликка етказиш борасида Ўзбекистон тажрибасини олқишлаб, диний-маърифий ислоҳотлар самарасига юксак баҳо берди.