Home / МАҚОЛА / ИХТИЛОФ ФОЙДАЛИ НАРСАМИ?

ИХТИЛОФ ФОЙДАЛИ НАРСАМИ?

Ихтилоф луғатда “ҳар хиллик” деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса мужтаҳидларнинг бирор фиқҳий масалада ҳар хил қарашлари тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни назарда тутиб: “Олимларнинг ихтилофи умматим учун раҳматдир”, деганлар.

 Ислом оламида мазҳаб (барча фиқҳий масалаларнинг ечими жамлаган дастур)лар тўрттадан ошмайди. Улар ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларидир. Мана шу тўртлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, мусулмон уммати учун раҳматдир. Чунки бу мазҳаблар асосчилари исломни ҳар хил бидъат-хурофотлардан ҳимоя қилиш ва унинг асл моҳиятини умматга тўғри етказиб беришга катта ҳисса қўшган.

Олимларнинг ихтилофи уммат учун раҳмат эканига келсак, бу ўринда раҳмат “енгиллик” маъносида тушунилади. Яъни мужтаҳидларнинг бир масалада ҳар хил ёндашишлари халққа енгилликни тақдим этади. Масалан, Имом Шофеъий мазҳабида эркак кишининг таҳорати аёл кишини оддий ушлаши билан бузилади. У хоҳ ўзининг аёли бўлсин, хоҳ бегона аёл бўлсин, фарқи йўқ. Имом Абу Ҳанифа мазҳабида эса аёл кишини оддий ушлаш таҳоратни бузмайди. Мана шу ихтилоф шофеъий мазҳабидагилар учун раҳмат ҳисобланади. Чунки улар Байтни тавоф қилаётганда аёллар билан масофа сақлаш имкониятига эга бўлмайди. У издиҳом бўлгани учун одамлар бир-бирига тегиб кетиши табиий ҳолат. Таҳоратсиз қилинган тавоф қабул бўлмагани учун шофеъийлар ҳанафий мазҳаби бўйича тавофни амалга оширади. Акс ҳолда улар ҳеч қачон тавоф амалини бажара олмайди. Натижада ҳаж ҳам қабул бўлмайди. Чунки тавоф ҳажнинг фарзларидандир. Олимлар ана шундай иложсиз ҳолатлардагина бошқа мазҳабга кўра амал қилишга рухсат берган. Ҳар ким ўзи хоҳлаганича, мазҳабдан мазҳабга кўчиб юришига асло рухсат йўқ. Чунки бу иш мазҳабларнинг қадру қимматини йўқотиш ва бемазҳабликни ёйишга хизмат қилади. Бемазҳабликнинг авж олиши эса авомларнинг ихтилофига сабаб бўлади. Авомларнинг ихтилофи жуда зарарли бўлиб, у мусулмонлар ўртасида кўплаб низоларни келтириб чиқаради. Масалан, бир киши ҳанафий мазҳаби бўйича намоз ўқиладиган масжидда оёғини у билан бир сафда турган икки ёнидаги одамларнинг оёғига тираб, уларни беҳузур қилиши натижасида низо чиқиши муқаррар. Ёки “Амин”ни жаҳрий айтиб, бошқаларнинг хаёлини бузиш ҳам ўртада низо чиқариши аниқ. Ақлу фаросатли киши бундай нохуш ҳолатларни келтириб чиқаришдан узоқ бўлиши ва ҳар бир диёрда амал қилинаётган мазҳабга амал қилиши керак.

 Имом Шофеъийнинг бу борада қилган ишлари кўп асрлардан буён тилларда достон бўлиб келаётган улуғ хулқлардандир. У киши Абу Ҳанифанинг вафотидан анча кейин Кўфага боради ва одамларга имом бўлиб бомдод намозини ўқийди. Аммо у намозни Абу Ҳанифанинг мазҳаби бўйича адо этади. Намоздан кейин одамлар: “Эй Имом! Ўзингиз айтган фатвога амал қилмаганингиз боиси не?” деб сўрайди. Шунда Имом Шофеъий Абу Ҳанифани назарда тутиб: “Устозимдан ҳаё қилиб, одоб сақладим”, деб жавоб беради. Бу гапи билан Имом Шофеъий Абу Ҳанифанинг фатволари тўғри эканига ишора қилган. Акс ҳолда, хатолиги аниқ бўлган ишни қилиш мужтаҳиднинг шаънига асло тўғри келмайди.

Аллоҳ таоло зарарли ихтилофлардан қайтариб: “Аллоҳнинг арқонини биргаликда тутинг ва фирқаларга бўлинманг!” (Оли Имрон сураси, 103-оят) деган Бошқа бир оятда: “Аллоҳ ва Расулига итоат этинг ва низолашманг, сустлашасиз ва куч-қудратингиз кетади”, (Анфол сураси, 46-оят) деган.

Аллоҳ таоло мазкур оятларда бўлиниш ва низолашишдан қайтармоқда. Битта диёрда бир мазҳаб бўйича тоат-ибодатларини бажариб, низолашмай юрган мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиб, қайтарганидан қайтган содиқ инсонлардир. Чунки бир диёрда яшайдиганларнинг ҳаммаси битта мазҳабда бўлиши бирдамликдан бошқа нарса эмас. Ана шу ҳақиқатларни тушуниб етган дин душманлари мазҳабларни йўқотиш учун ҳар хил ҳийла-найрангларни ўйлаб топиш билан машғул. Уларнинг даъволаридан бири “Ихтилоф табиий нарса. Уни ман қилмаслик керак. Аксинча, уни одамларга тўғри тушунтириб, унга йўл очиб бериш керак” деган сафсатадир. Минг афсуски, ана шу сафсаталарга учаётганлар ҳам бор. Аллоҳ кимни адаштирса, уни ҳеч ким ҳидоят қила олмас экан. Ўша сафсаталарга учаётганларга айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларига назар солинг! У зотнинг ҳаётликларида саҳобалар ўзаро ихтилоф қилар эдими? Агар омманинг ўзаро ихтилофи фойдали бўлса, нима учун у зот бунга йўл очиб бермаганлар?

Хулоса шуки, мужтаҳид олимларнинг ихтилофи фойдали, оддий одамларнинг ихтилофи эса зарарли ва қайтарилган ишдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўғилларига насиҳат қилиб: “Усули динни яхши ўрган. Аммо бу илмда биров билан баҳслашма! Чунки бизнинг давримизда бу борада баҳслашилса, ҳамма бошига қуш қўнгандек сокин ўтирар эди. Ҳозир эса одамлар бир-бирини мулзам қилишни хоҳлайди. Ким шу ниятда баҳслашса, диндан чиқади”, деган.

Обид ХУРСАНДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …