Home / МАҚОЛАЛАР / МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг муздек суви танани яйратади. Дарахт ё сой бунинг учун ҳеч нарса талаб қилмайди. Беғараз ёрдамчилар сафига тоза ҳавони ҳам қўшиш мумкин. У ҳам инсондан ҳақ сўрамайди. Инсоннинг ота-онаси бундай кўмакдош ва елкадошларнинг энг улуғларидир. Улар фарзанддан ҳеч қандай мукофот кутмаган ҳолда доим бор куч-ғайрати билан унга яхшилик қилишга ҳаракат қилади.

Беғараз ёрдамчиларнинг ва содиқ ошноларнинг яна бири эса, китобдир. Инсон мутолаа билан ўзини ҳам, дунёни ҳам безайди. Албатта, дунё сир-синоатларининг тагига етишнинг, ҳамма нарсани билишнинг имкони йўқ. Лекин мутолаадан кейинги инсон – орттирган оз бўлса-да маърифати билан – мутолаадан олдинги худди ўша инсондан бир поғона устун бўлиши ҳақ гап. Яна шу ҳам ҳақиқатки, ўқилган китобдан олинган маълумот, билим, ахборот, қаҳрамонларнинг тажрибаси, турли вазиятларда қандай йўл тутгани каби ҳаётий воқеалар келажакда бирда бўлмаса бирда асқотиб қолади. Мисол учун, 1997 йилда суратга олинган “Ҳалокат ёқасида” (“The Edge”) фильмининг қаҳрамони – шериги билан кимсасиз ўрмонда қолиб кетган миллиардер Чарльз Морстак айнан кўп китоб ўқигани учун турли хавф-хатарларни енгиб ўтиб, омон қолади. Бу асар реал воқеаларга асосланган.

Башариятни ҳамма замонларда турли тоифаларга бўлиб таснифлашган. Китобхонлик борасида шундай қиладиган бўлсак, инсонларни мутолаани яхши кўрадиганлар ва китобга вақт ажратадиганларни тушунмайдиганларга ажратиш мумкин. Иккинчи тоифанинг назарида кўнгилхушлик учун теварак-атрофда шунча қизиқарли нарсалар турганда, китоб ўқиш билан шуғулланиш вақтни беҳуда сарфлаш бўлиб, улар бу ҳодисада мантиқ қўрмайди.

Албатта, бу катта хато. Мутолаадан воз кечганлар унинг завқидан бебаҳра қолиши билан бирга, кўплаб фойдалардан ҳам маҳрум бўлишидан бехабардир. Чунки илм-фан китобхонликнинг кўп томонлама манфаатли эканини, айниқса, инсон миясининг ҳиссий ва ақлий қобилиятларини ривожлантиришдаги ўрни беқиёслигини аллақачон исботлаб бўлган.

Баъзи китоблар ҳаётнинг турли жабҳаларидаги бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қиладиган ахборот ва маълумот “ғиштлари” бўлса, айримлари “кўнгил учун витамин” вазифасини ўтайди – турли ҳис-туйғуларни жиловлаш, руҳий таскин топиш имконини беради. Шу тариқа китобга ошно бўлган инсон дунёни яхшироқ танийди, унинг учун борлиқ қизиқарлироқ ва тушунарлироқ бўлади.

Қуръони каримнинг биринчи бўлиб нозил қилинган калимаси Алақ сурасининг 1-оятидаги бошидаги “Ўқинг!”[1] (اقْرَأْ) сўзи эди. Мутолаанинг аҳамияти тўғрисида шунинг ўзидан керакли хулоса чиқариб олиш мумкин.

Классик адабиётга мурожаат қиламиз. Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романида укалари билан болаларча ўйин ўйнайдиган, оддий, содда қиз бўлган Раъно хон саройида сармуншийликка номзоди қўйилган Анвар билан мушоирада ғолиб бўлади. Устига устак, бўлажак мирзонинг хато ҳақидаги дашномига муносиб жавоб бериб, ғалабасини яна бир карра тасдиқлайди. Эътибор беринг-а:

– Енгдинг, Раъно, енгдинг, – деди Анвар, – лекин кейинги мисраъда бир хато қилдинг…

– Масалан?

– Тибнинг айтишича, сафро эмас, қон куйса, киши жинни бўладир…

– Қоннинг бузулишиға аввало сафронинг куйиши керак, сафро куймай туриб қон бузулмайдир… Хўш, яна ёзасизми ёки енгилдингизми?

– Енгилдим…[2]

Агар Раъно ўша давр қизлари каби ўз қобиғига ўралиб, фақат уй-рўзғор ишлари, хамир қориш, нон ёпиш, овқат қилиш, супуриб сидириш, кир ювиш, бичиш-тикиш кабилар билан чекланиб қолганида, енгиш тугул, баҳснинг ўзига ҳам ярамас эди. У ўқимишли бўлгани учунгина ғолиб чиқади.

Абдулла Қодирий қаҳрамонларнинг китобхонлиги тўғрисида гапирмай туриб, уларнинг илму маърифатини кўрсатиб беради. Шу асарда Раънонинг маърифатини очиб берадиган яна бир саҳна бор. “Хайрул умури авсатуҳо” (“Ҳар бир ишнинг ўртачаси яхши”) ҳадисини кўп такрорлайдиган Солиҳ махдум ош ейишга келганда, сал очкўзлик қилади, яъни “авсат”дан ўтиб кетиб, “аъло”да иш кўради – “бир ошамни ҳам гўштсиз юбормаслиққа тиришиб” боради. “Оғзинг куймаса, аълоси ҳам дуруст”, дейди ва Раънони чипхўрлиги учун койийди. Шунда қизи “Меники адно[3] (энг қуйи)”, дейди.

Раънонинг аъло, ўртача ва қуйини – “аъло”, “авсат” ва “адно”ни билиши ва отаси кўп айтадиган ҳадисига мос тарзда жавоб бериши унинг маърифатидан далолат беради, албатта. Бу маърифатнинг замирида эса, шубҳасиз, китоб мутолааси ётади.

Бевосита аёллар орасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш мавзуига ўтишдан аввал, мутолаа тўғрисидаги инкор этиб бўлмайдиган айрим далилларни келтирсак.

Аввало, мунтазам равишда китоб ўқийдиган киши муқаррар тарзда доим янги нарсаларни ўрганиб боришини таъкидлаш керак. Бунинг устига, танадаги мушаклар ҳаракат талаб қилинганидек, мия ҳам машққа муҳтождир. Ҳаракатсиз мушак атрофияга учрайди, оёқ-қўллар увишиб қолади. Мия ҳам машқларсиз “эринчоқ” бўлиб қолади, ўз вазифасини имконият даражасида бажармай қўяди. Бунинг олдини олиш учун топишмоқлар топиш, бошқотирмалар ечиш, шахматга ўхшаган ақлий ўйинлар ўйнаш ва китоб ўқиб туриш керак. Қандайдир қимматли нарса йўқолиши, сарфланиши, эскириши, яроқсиз ҳолга келиши мумкин, китобдан олинган билим эса йўқолмайди, уни ҳеч ким тортиб ҳам ололмайди. У қачон асқотиши номаълум бўлса-да, ўз эгасини ҳаётнинг турли синовларига тайёрлаб боради.

Китоб мутолааси сўз бойлигини оширади, нутқни равон қилади. Бу кишининг ўзига ишончини мустаҳкамлайди. Ўзгалар олдида ақлий салоҳиятини намоён қилади ва шу тариқа қадр-қимматини оширади. Буюк француз адиби ва маърифатчи файласуфи Франсуа-Мари Вольтер бежиз “Яхши ёзадиган муаллифларининг асарларини ўқиб, яхши гапиришни одат қиласиз”[4], демаган.

2013 йили Эмори университетида ўтказилган тадқиқотда икки тоифа одамлар миясининг фаолияти таққосланди. Уларнинг ярми тажрибадан аввал китоб ўқиди, қолгани ўқимади. Миялар сканердан ўтказилганда, китоб мутолаа қилганлар ўзгалар учун қайғуриб, раҳм-шафқатлироқ бўлгани, ўқимаганлар эса, бу борада умуман безовталик сезмагани аниқланди. Бу шундан дарак берадики, бадиий китоблар мутолааси одамларни яхши тушунишга ёрдам бераркан. Бу оилавий ҳаётда ҳам, иш-ўқишда ҳам жуда асқотади.

Оилавий ҳаёт ҳақида гап очилган экан, китоб ўқиш “юқумли” эканини ҳам айтиб ўтиш керак. Ота-онаси китобхон бўлган, уйқудан олдин эртаклар ўқиб берадиган фарзанд ўз-ўзидан мутолаага меҳр қўяди. Чунки, “қуш уясида кўрганини қилади”.

Мушаклар машқ билан пишиганидек, китоб ўқиган кишининг мияси чархланиб боради. У ақллироқ бўлиш билан бирга, онг-тафаккури юқорироқ, мияси тиниқроқ ҳам бўлади. АҚШда ўтказилган неврологик тадқиқот натижасида мунтазам китоб ўқидиганларнинг ақлий қобилияти ривожланган, хотираси мустаҳкам бўлиши аниқланган. Атиги 6 дақиқалик мутолаа стресс (сиқилиш)ни 68 фоиз камайтириши ҳам шу тадқиқотчилар томонидан илмий тасдиқланган. Чунки, ҳар қандай яхши китоб кишини ижобий маънода ўз домига тортиб, ҳамма нарсани унуттиради, хотиржам қилади.

Хотира ҳақида сўз юритилар экан, бу масалага алоҳида тўхталиш керак. Китоб мутолааси жараёнида инсон кўплаб қаҳрамонларга дуч келади. Уларнинг феъл-атвори, орзу-ниятлари, кечинмалари, қўйингки, бутун ички ва ташқи дунёси билан танишади, бошидан ўтган воқеаларга гувоҳ бўлади. Ҳиссиётларига ҳамнафас бўлиб, бирга хурсанд бўлади ва бирга изтироб чекади. Буларнинг барчаси мияда жамланиб боради ва синапслар (нейронлар ўртасидаги алоқа нуқталари)ни мустаҳкамлаш орқали унинг фаоллигини оширади. Бу эса, хотирага бевосита ижобий таъсир кўрсатади.

Хотираси яхши бўлган одамнинг диққати ҳам жойида бўлади. Чунки, мутолаа жараёнида инсон бутун вужуди билан китобдаги воқеалар ичига шўнғиб кетиб, қайсидир маънода ҳаётдан узилади. Негаки, бутун диққат-эътибори китобдаги воқеа-ҳодисаларга қаратилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ишхонада ўз вазифасини бажаришга киришишдан аввал 15-20 дақиқа китоб ўқиган одам диққати жамланганини биринчи куниёқ аниқ ҳис қилар экан. Шу боис бўлса керак, улуғ рус адиби ва мутафаккири Лев Толстой “Ҳамма нарсани ўқиш шарт эмас, кўнгилда пайдо бўладиган саволларга жавоб берадиганини мутолаа қилиш кифоя”[5], деган. Яъни, кўнгли хотиржам кишининг диққати ҳам жам бўлади.

Шу сабабли тиббиёт соҳаси мутахассислари мутолаа ҳозир оммалашиб бораётган Альцгеймер касаллигининг олдини олишда ҳам муҳим профилактик омил бўлишини айтмоқда[6]. Доимо янги маълумот олиб турган, яъни мунтазам машқ қилиб борадиган тиниқ мия жуда фаол ишлайди ва унда хасталанишга мойиллик бўлмайди. Бундай одамларнинг турмуши сифат жиҳатидан юқори, ўзини ҳис қилиши нисбатан яхши бўлади. Китобга ошно бўлган киши ҳаётидан мамнун бўлиб яшайди, дунёга ҳушёр кўз билан қарайди, синовларга дуч келганда, ўзини йўқотиб қўймайди, янгиликларга интилади, ғоя ижодкорлигида пешқадам бўлади.

Ижодкорлиги, ташаббускорлиги юқори бўлган инсоннинг таҳлил қилиш қобилияти ҳам ўсиб боради. Чунки, бора-бора китобдаги воқеалар қандай ривожланишини – давомини ҳали ўқимай туриб – таҳлил қилиш одати шаклланади. Кўп такрорланадиган одат хулққа айланишини барчамиз яхши биламиз. Демак, китобхоннинг қобилиятлари таҳлилчилик сифати билан бойийди.

Китобхонликнинг хотин-қизлар ҳаётига таъсири, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдаги аҳамияти ҳақида сўз юритадиган бўлсак, “Меҳробдан чаён” романидан мисол келтирилган икки эпизоднинг ўзи бунинг нечоғли муҳим эканини яққол намоён этиб турибди.

Албатта, жамиятда хотин-қизларнинг фаоллигини юксалтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан. Хусусан, 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурда таъкидланганидек[7], сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, 32 фоизни ташкил этди. Хотин-қизларнинг бошқарув лавозимидаги улуши 27 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 25 фоизга, сиёсий партияларда 44 фоизга, олий таълимда 46 фоизга етди.

Бундан ташқари, ҳар йили 28 нафар иқтидорли қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланяпти. Бу мукофот лауреатларини олий таълимнинг бакалавриат ва магистратура босқичларига кириш имтиҳонларисиз, давлат гранти асосида қабул қилиш йўлга қўйилган. “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилиб, ҳозиргача 855 нафар фаол аёл ушбу кўкрак нишони билан тақдирланди.

Хўш, қизларимиз ва аёлларимизнинг парламентарий бўлиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, сиёсий партиялар фаолиятида иштирок этиши, давлатнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиши негизида нима ётади? Албатта, шахсий саъй-ҳаракат ва интилиш. Бу интилиш нимадан келиб чиқади? Уй ишлари билан ўралашиб қолиб, ора-сира “сариқ матбуот” ўқийдиган, асосан эса, фақат сериаллар билан овунадиган хотин-қизлар шундай даражага етишиши мумкинми? Табиийки, йўқ. Буларнинг негизи маърифатдир. Маърифат эса, мутолаа билан чамбарчас боғлиқ.

Оилавий ҳаёт маданияти, турмуш маданияти, тиббий маданият, ҳуқуқий маданият, миллий қадриятларни эъзозлаш фазилати ҳам маърифат билан мустаҳкамланади. Аёл шу хислатларга эга бўлса, нафақат фарзандларини жисмонан, ақлан ва руҳан соғлом қилиб вояга етказади, балки ўзи ҳам жамият ҳаётида фаол иштирок этишга интилади. Негаки, ўқимишли аёл фарзандлар келажагига, юрт тақдирига бефарқ бўлмайди.

Ўзбекистонда яратилган иқтидорли ёш хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими, “Етакчи аёллар мулоқоти” платформаси ўз қобиғига ўралиб қолганлар эмас, биринчи навбатда, маърифат йўлини танлаганлар учун фойдалидир. Бундан кўзланган бошқа мақсад ҳам бор – токи, бошқалар уларни кўриб, ўрнак-ибрат олсин, тенглашишга ҳаракат қилсин.

Давлат томонидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва мавқеини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар уй бекаларининг фаолият қамровини кенгайтиришга қаратилган. Лекин бу имкониятлардан фойдалана билиш учун барибир яна ўша маърифат ва унинг асоси бўлган мутолаа керак бўлади. Фармону қарорлар, бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан танишиш учун уларни шахсан ўқиб чиқиш керак. Маҳалла-кўйдаги миш-мишлар билан чекланиш ўзини ўзи чеклаш билан баробардир.

Шу сабабли ҳозир юртимизда хотин-қизларнинг таълим олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, илм-фан соҳасида аёлларнинг ролини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аёлларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, бугунги ҳаётнинг бирор жабҳаси йўқки, АКТ кириб бормаган бўлсин. Шу мақсадда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида иштирок этувчи хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.

Албатта, хотин-қизлар ўз иқтидор ва қобилиятини тўлиқ намоён этиши учун баъзан “эскилик қолдиқлари” тўсқинлик қиладиган ҳолатлар ҳали ҳам учраб турибди. Дейлик, таълим соҳасида қизлар ва ўғил болаларга бошқа-бошқа ёндашув бутунлай барҳам топмаган. Айримлар ўғлини ўқитишга қаттиқ бел боғлагани ҳолда, “барибир бировнинг хасми, ўқиб нима ҳам бўларди” деган хато ўйда қизини ўқитишга у қадар қаттиқ тиришмайди. Аслида қиз бола қанчалар маърифатли бўлса, келажакда она бўлганидан кейин фарзандлари ҳам шунчалар ақлли бўлиб вояга етади. Бу эса, жамият, мамлакат тақдирига бевосита таъсир қиладиган энг кучли омиллардан биридир. Лекин, таъкидланганидек, буни билиш, идрок этиш ва шу ҳақиқатга иқрор бўлиш учун яна ўша хулосадаги гапга келамиз – кўпроқ китоб ўқиш керак. Ота-она қизини, қайнота-қайнона келинини маърифатли қилиш учун қайғуриши зарур.

Ҳозир АКТ ривожланиши билан маърифатга етишиш анча осон ва қулай бўлиб қолди. Тўғри-да, масофадан туриб ишлаш имкониятлари яратилар экан, нима учун уйда ўтирган ҳолда, кутубхонага “кириш” мумкин бўлмасин! Бугун кутубхоналар, ахборот-ресурс марказлари, жаҳон китоб фондларининг катта қисми рақамлаштирилган, уларга уйда ўтириб ҳам аъзо бўлиш, керакли китобларни топиб ўқиш ҳеч қанақа қийинчилик туғдирмайди.

Шу маънода, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида қизларнинг фаол иштирокини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлардан ҳам икки асосий мақсад кўзланган. Биринчиси, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида қобилиятли қизларни кашф этиш ва салоҳиятини юзага чиқариш бўлса, иккинчиси худди шу қизлардан ўрнак-ибрат манбаларини яратишдир – токи, тенгдошлари ҳавас қилиб, уларга ўхшашга, тенглашишга интилсин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳаётдаги ютуқлар, фаровонлик, хотиржамлик каби неъматларга асосан маърифат билан эришилади. Маърифатлиликнинг бош омили эса, таъкидланганидек, китобга ошно бўлишдир. Мутолаани одат қилган, китобга меҳр қўйган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Аёллар маърифатли бўлганда эса, бунинг давлат ва жамиятга таъсири фақат яқин келажакка эмас, кўп асрлар нарига ҳам етиб боради. Ёдингизда бўлса, Ҳадис илмининг султони мақомига эришган Имом Бухорийни вақтида онаси маърифатга йўллаган. Бу алломанинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини мусулмон дунёси ҳали-ҳануз Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба ҳисоблайди.

Шу ёрқин мисолнинг ўзи хотин-қизларда ва умуман ҳаммада китобхонликка иштиёқни кучайтирмоғи, руҳлантирмоғи, илҳомлантирмоғи аниқ. Лекин бунинг учун ҳам юқоридаги сатрларни ўқиш керак!

[1] https://quranenc.com/uz/browse/uzbek_rwwad/96/1. Қуръони карим маъноларининг таржимаси – Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржимаси, мутаржим: Руввадут таржама маркази таржимонлари.
[2] https://ipkmvd.uz/media/pdf/kitoblar/Mehrobdan_chayon_Abdulla_Qodoriy.pdf. Абдулла Қодирий. Мeҳробдан чаён. Б. – 55-56.
[3] Шу манба. Б – 81.
[5] Источник: http://tolstoy-lit.ru/tolstoy/pisma/1901-1902/letter-263.htm. Толстой Л. Н. – Фельтену H. Е., 20 августа 1902 г.
[6] https://ria.ru/20130920/964584721.html. Эксперт: чтение и оптимизм защитят от болезни Альцгеймера.
[7] https://lex.uz/docs/5899498. 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур.
Дилфуза РАСУЛОВА,
“Билим” ахборот-кутубхона маркази
Ахборот-библиография хизмати раҳбари.
Камолат БАБАЕВА,
Каталоглаштириш ва ахборот фондларига ишлов бериш хизмати
етакчи мутахассиси.

© – муаллифлик ҳуқуқи асосида, мақола кўчирилганда ёки ундан иқтибос олинганда, манба ва муаллифлар кўрсатилиши шарт!

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …