Ҳар йили 1 октябрь арафасида узтоз-мураббийларни табриклаймиз, қўлига топширадиган ёш авлод таълим-тарбиясидаги ғоят муҳим ўрни ҳақида кўп алқовларни айтамиз.
Бу яхши.
Лекин бир-икки кун ўтганидан кейин ўқитувчиларни яна чўққидан ерга тушириб қўямиз. «Ҳа, нима, вазифаси шу бўлгандан кейин қилсин-да», «Аслида ҳамма айб ўқитувчиларда», «Онаси (отаси) ўқитувчи эканми, шуни олдинроқ айтмайсизми, йўқ, бўлмайди» каби ўрганиб қолган жумлаларимиз жонлана бошлайди. Яна директорларнинг ғийбатини қилишга киришамиз. Давлат ойлигини ошириб қўйса ҳам мактабларда пул йиғиш ва ҳоказо «найранглар» тўхтамаётганидан нолиймиз.
Инсон бошига тушмагунча ҳеч бир воқеа-ҳодисанинг лаззату изтиробини билмайди. Ҳамма нарсани бошқаларга осон тутаверамиз. Ваҳоланки, фарзандимизга битта гапни уқтиргунча қанча эсимиз кетишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз, лекин 30-40 бола билан ишлайдиган ўқитувчи устига бемалол мағзава тўкамиз.
Мана, бир вазиятни олайлик. “Китоб ўқи” деган гап ҳаммага ҳам ёқавермайди. Бундай гапларни “пардалаб” айтиш керак. Буни ота-она ҳам эплаши мумкин. Лекин ҳар доим ҳам эмас ва фақат оила доирасида, холос. Умумий китобхонлик маданиятини эса фақат ўқитувчи ривожлантира олади. У боланинг миясига педагогик усуллар билан таълим ва унга иштиёқни шундай сингдирадики, тарбияланувчи ўзи билмаган ҳолда муаллимга эргашади. Бу борада Ойбек домланинг хотираларида маҳалланинг чироғи ҳақида ёзилган гап яхши ўгит бўлади. Болалар чироқни синдираверади, “бундай қилма”, деган гапни тушунмайди. Кунлардан бир кун улуғ ёшли бир одам қоронғу тушганда чироқ остига йиғилган болаларнинг олдига келади-да, “Фалон одам қиш чилласи тунда уйига қайтаётиб, эшагининг оёғи тойиб, мана бу ариққа тушиб, вафот этган эди. Агар чироқ бутун бўлиб турганида, шундай бўлмас эди”, дейди. Ўшандан кейин маҳалланинг чироғи сира ҳам синдирилмаган экан.
«Баланд сўзлар» ишлатилганда, кўпчилик бурнини жийиради. Шундай эса-да, ўқитувчилик энг шарафли касб эканини фақат сўзда эмас, қалбда ҳам тан олиб, машаққати ҳақида фикр юритиб турайлик энди!
Фақат байрамолди кунлари эмас, ҳар куни, дейлик, мактабдан қайтган фарзандни кўрган лаҳзаларда!
Ахир, инсониятни бугунги тараққиёт даражасига таълим, илм, муаллим етказди-ку. Бу таъкид замирида жуда катта меҳнат борлигини кўпчилигимиз яхши биламиз.
Таълим олаётган инсон тановулдан қорни тўйган одамдан фарқли бўлади. Илм “ейилмайди”, илм машаққат билан ўрганилади ва уқилади. Бизга ҳеч ким китоб ўқиб бермайди, ўқиб берган тақдирда ҳам уқтириб бермайди. Фақат ўқитувчи жон куйдиради.
Муаллимнинг иши дунёдаги энг оғир (энг шарафли бўлса ҳам) касб эканини ҳамма билади. Ҳаётнинг оқу қорасини идрок эта олмайдиган болага илм ўргатиш, ўзи учун мутлақо нотаниш нарсалар тўғрисида унга билим беришнинг мураккаблиги ва машаққатини эътироф этишдан бош тортадиган одамни топиб бўлмаса керак.
Шу боис ҳам ўқитувчининг фақат маошини эмас, жамиятдаги мавқеини оширишимиз зарур. Дунё тажрибасида бу хусусда ўрнак оларли жиҳатлар кўп. Масалан, Италияда учта касб эгаси тирбанд йўлда қолиб кетмаслиги лозим – шифокор, ўт ўчирувчи ва ўқитувчи. Франциянинг бадавлат одамлари обрў-эътиборини янада ошириш учун ўқитувчилар яшайдиган ҳудуддан уй олишга интилади. Англияликлар нутқида: «Бу бола даҳо, у ўқитувчидек фикрлайди!» деган ибора бор. Японлар соясини босиб олмаслик учун ўқитувчидан етти қадам ортда юради. Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель ойлик камлигидан норозилик билдирган фуқароларга мурожаат қилиб: «Маошингиз сизни ўқитган ўқитувчиларнинг иш ҳақидан юқори бўлишини кутмаслигингиз керак», деган эди.
Ўқитувчи таълим бериш воситасида келажакни белгилайди. ХХ асрнинг энг нуфузли сиёсатчиларидан бири Уинстон Черчилль бежиз «мактаб ўқитувчилари шундай қудратга эга бўладики, бош вазирлар буни орзу қилади, холос», демаган.
Бизда қўлида заррача ҳокимият бўлган одам ўқитувчига ёпишади – танқид қилади, бевосита вазифаси бўлмаган ишларни юклайди. Ҳамёни сал қаппайганлар ўқитувчига хизматкордек қарайдиган бўлиб қолади.
Уларнинг юмушини енгиллатишни ҳам ўйлайлик энди!
Ишининг аҳамияти ё илмий айтганда, фойдали иш коэффициенти ўқитувчиникининг ярим фоизига ҳам тенг келмайдиган «зўр»ларга хизмат машинаси берамиз, алоҳида тиббий хизмат кўрсатамиз, давраларда «келинг-келинг» қиламиз. Ҳар куни дарслар ва «ғужу-ғужу»дан асаби ўн баробар кўп чарчайдиган ўқитувчилар (асосан аёллар) ишга пиёда ё «йўл мошин» (тирбанд автобусда) билан бориб-келади. Касал бўлса, ўқувчилар хурсанд бўлади («Бугун дарс бўлмас экан!»).
Майли хизмат машинаси бермайлик, алоҳида тиббий хизмат билан ҳам таъминламайлик. Лекин жилла қурса, сал қадрлайлик-да энди!
Ўқитувчининг ҳисоботлари, зиммасига юклаб қўйилган бошқа қоғозбозлик ташвишлари ва «ижтимоий бурчлари» – алоҳида масала. Қуйидаги қисқа диалогда бунинг зардобини ўқитувчининг ўз оғзидан билиб оламиз.
Ўқитувчининг сочини олаётган сартарош сўрабди:
– Нега таълим тизимимиз борган сари ёмонлашиб кетмоқда?
Ўқитувчи бироз ўйланиб айтибди:
– Тасаввур қилинг, соч оладиган иш қуролингизнинг қўлланишини туман, шаҳар ва вилоят миқёсида кимларгадир ёзма равишда асослаб, тушунтириб беришингиз керак бўлади. Ҳар бир мижознинг сочини олиш бўйича кунлик, ҳафталик, ойлик, чораклик, йиллик, 3 йиллик, 5 йиллик истиқболли режалар тузасиз, кейин ҳисоботини ёзасиз. Соч ювиш тартибини, шампунь ва бошқа косметик моддаларни изоҳлаб, ёзма маълумот тайёрлашингиз сўралади. Ҳа айтганча, ўзингиз хоҳлаган ўткир қайчидан фойдаланиш тақиқланади. Бундан ташқари, ойда икки-уч марта комиссия келади. Ҳар бир мижоз билан «аввалги ва кейинги ҳолат» бўйича селфи қилиб, ҳисоботга қўшасиз. Кейин бунинг ҳақиқат эканини оғзаки суҳбатда ўзингиз ёки сартарошхона раҳбари билан бирга исботлаб берасиз. Баъзида мижозларингизнинг уйига бориб, сочлари қандай ўсаётганини, муаммолари бор-йўқлигини, қандай психологик ёрдам кераклигини сўраб туришингиз керак. Шундай шароитда ишлай олармидингиз?!
Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ойлиги босқичма-бочқич ошиб боряпти. Лекин бошқа соҳа вакилларининг даромадига нисбатан олиб қараганда, ҳали барибир кишини хотиржам қиладиган даражада эмас. Интернет саҳифаларида энг кўп ва энг кам маош оладиганлар эълон қилиниб туради. Шулардан бирида айтилишича, илғорлик банк, суғурта, лизинг, кредит ва IT соҳалари ходимларида экан. Энг кам маош эса ўқитувчи ва шифокорларники бўлиб чиқди.
Аслида мамлакат тараққиётига хизмат қилишини ҳисобга олиб, энг кўп ойликни ўқитувчиларга тўлашимиз керак эмасми?!
Фақат баландпарвоз гаплар билан чекланаётганга ўхшаб қоляпмиз. Бу оддийгина пафос. Ўйлаб кўрсак, бошқа гаплар сийқаси чиққанидан кейин одамнинг энсасини қотирса, пафос аввалбошданоқ ҳеч кимга ёқмайди. Негаки, пафосда моҳият, асос бўлмайди. Чунки, амалда ҳаммаси зўр бўлса, пафосга зарурат қолмасди – буни ҳамма яхши билади. Одамлар яна шуни аниқ биладики, яхши нарса алқовга муҳтож бўлмайди. Пафос эса – қуруқ нарса. Шундан келиб чиқиб, иш тутайлик-да.
Бизга яхши, ақлли, маърифатли ўқитувчилар қанчалар керак эканини ҳамма билади, барчамиз бу ҳақда бонг уришга тайёрмиз. Лекин амалда ҳамма ўзгалардан ҳаракат кутади. Уч кунлик фарзандини дониш тарбиясига олиб борган ота “уч кун кечикибсиз” деган танбеҳ эшитгани тўғрисидаги ҳикоят кўпчилигимизга яхши таниш. Шундай экан, келажакни қўш қўллаб топширадиганимиз ёшларга таълим-тарбия берадиган одам учун бировнинг қўлига қарамайдиган, тамагирлик қилмайдиган бошқача шарт-шароит керак. Бунга эса, имкон қадар тезроқ киришиш зарур. Уч кунлик гўдак тарбияга кеч қолган бўлса, биринчи синф боласи қанчалар ортда эканини ўйлаб кўриш вақти аллақачон келган. Яъни, биз ҳозирнинг ўзидаёқ анча кеч қолган мақомдамиз. Халқнинг маърифати яхшиланмаса, эртага давлат барбод бўлишини англаб етган ҳолда ҳаракат қилайлик-да. Мамлакат маорифсиз худди мўрт ғиштдан қурилган уйдек бўлиб қолади, ахир!
Ўқитувчи энг бообрў одам, чор-атрофдаги маҳалла-қасабанинг виждони бўлсин. “Қора меҳнат эгаси” бўлиб, мактабга мажбурий меҳнатга юборилган одамнинг кайфияти билан бормасин. Биз фарзандимизга дакки бергани учун қасос ўтида ёниб, ҳар турли қўполликларга бормасдан, ўқитувчи келаётганини кўриб, сал четга чиқишга, тавозе билан ўтказиб юборишга одатланайлик. Шунда ёш авлод бу зотни ҳурмат қилишни ўрганади. Мансабга минган, лекин таълимни яхшилаш учун қайғурмасдан, фақат ҳужжатбозлик ва ҳисоботталаблик билан шуғулланувчи кимсалар ҳам. Аҳамиятини бир-икки китоблик сўз билан айтиб бўлмайдиган даражадаги муҳим ишни қилаётган одамни қадрлаш – келажак учун жон куйдириш.
Ўқитувчилар Швейцарияда – 6200, Германияда – 4400 евро, АҚШ ва Финляндияда 3900 доллар ойлик олади. Францияда ҳафтасига 19 соатлик дарс учун 3300 евро тўланади. Россияда 800 доллар, қўшни Қозоғистонда эса малакасига қараб 1000 долларгача маош берилади.
Япония ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси ва депутатнинг дахлсизлиги берилгани боис бугун шундай даражага етгандир балки. Бу давлатда ўқитувчига 4000 доллар тўланади ва мактабларда бир бўш ўринга 20 номзод бўлади.
Юқорида айтилганидек, Ўзбекистонда ўқитувчилар ойлиги 5-6 йил олдингига қараганда бирмунча юқори. 2017 йилда ўртача 1,1 миллион сўм берилган бўлса, 2021 йилда 2,3 миллионга сўмга етди. Ҳозир 6-7 миллион оладиганлар ҳам бор. Лекин бунча ойлик олиш учун икки сменада ишлаш, зиммага қўшимча юкламалар ва бошқа ташвишларни олиш керак.
Бошқалардан каттароқ ойлик билан таъминламасак, ҳеч бўлмаса енгилликлар берайлик. Дейлик, ўрнакка лойиқ ўқитувчиларни рағбат тариқасида санаторийга юборайлик. Бепул! Ёки арзон уй-жой билан таъминлайлик, коммунал тўловларини қисқартирайлик, арзон кредит берайлик, жамоат транспортида бепул юрсин. Бошқа ўқитувчилар уларга тенглашишга интилади, малака ва маҳоратини оширади, ўқийди, изланади, ўрганади.
Давлат келажаги таълим-тарбияга боғлиқ экан, ўқитувчиларни рози қилиб, ҳурматини жойига қўяйлик-да энди!