Home / МАҚОЛАЛАР / МАДАНИЯТЛАР ТЎҚНАШУВИ ГЕОСИЁСИЙ ИХТИЛОФЛАРНИНГ МАРКАЗИДИР

МАДАНИЯТЛАР ТЎҚНАШУВИ ГЕОСИЁСИЙ ИХТИЛОФЛАРНИНГ МАРКАЗИДИР

XXI аср дунё геосиёсий жараёнларида диний ва кибр технологияларининг мунтазам ихтилофи юзага келмоқда. Дунёда сиёсий кучлар мувозанати ўзгарган бўлса-да, уни бўлиб олишга бўлган иштиёқ ҳамон ўзгарган эмас.  Сиёсатшунос С.Хантингтоннинг “Маданиятлар тўқнашуви” асарида  халқаро зиддиятлар эндиликда давлатлар ўртасида эмас, маданиятлар ўртасида юз бериши ҳақида қуйидаги фикрини келтиради: “Менинг тахминим шундаки, янги даврнинг зиддиятлар омили мафкуравий, иқтисодий асосларда эмас, балки маданий фарқларда намоён бўлади. Халқаро майдонда энг кучли фаолият кўрсатувчилар сифатида миллий давлатлар устуворлиги таъминланади. Шу тариқа асосий тўқнашувлар цивилизацияларга тегишли бўлган миллатлар ёки гуруҳлар ўртасида содир бўлади. Келажакда қарама-қаршиликлар цивилизациялар ўртасидаги юз беради. Цивилизациялар ўртасидаги тўқнашувлар бугунги дунёнинг можаролари эволюциясининг энг сўнгги нуқтаси сифатида намоён бўлади”.[1] Бу жараёнда у маданиятлар тўқнашуви деганда, динлар  ўртасидаги низоларни назарда тутади. Бугунги кунда “Евросиё” минтақасида яшаётган турли миллат ва элатлар ўртасида юзага келган диний низолар бунга сабаб бўлмоқда. Дарвоқе, Яқин Шарқ масаласи бунинг ёрқин мисолидир.

Тарихий манбалардан маълумки, XIV асрда “Евросиё” минтақасининг катта қисмига ҳукмронлик қилган Буюк Соҳибқирон даврида ҳам диний низолар юзага келган. “Евросиё” минтақасида кечган барча геосиёсий жараёнлар тарихан шаклланган қатъий қонуният асосида юз берган ва бу, ўз навбатида, қитъа марказига интилиш ва назорат қилишга қаратилган. Марказий Осиё ўша даврнинг энг йирик кучлари, жумладан, Мўғулистон, Олтин Ўрда, Хитой, Туркия ва Эрон каби давлатларнинг ўртасида жойлашганлиги туфайли турли манфаатлар тўқнашувининг маркази бўлиб қолган. Шу тариқа Амир Темур (1386–1404) – Олтин Ўрда, Эрон, Ироқ, Кавказ, Кичик Осиё, Миср ва Ҳиндистон ерларига  уч йиллик, беш йиллик ва етти йиллик ҳарбий юришларни амалга оширади. Бу юришлар, шубҳасиз, муросасиз ва шиддатли тарзда олиб борилган.[2]

Амир Темурнинг Турон давлати вужудга келиши арафасида унга қўшни бўлган минтақа ҳудудларида ниҳоятда мураккаб ва кескин сиёсий жараёнлар бўлиб ўтаётган эди. Ўрта ва Яқин Шарқда курдлар (Ҳирот), сарбадорлар (Сабзавор, Нишопур, Астробод, Машҳад), музаффарийлар (Форс, Кирмон, Курдистон), жалоирийлар (Ироқ, Озарбайжон, Арманистон, Ғарбий Эрон) Кавказ ва яна бир қанча вилоятларда кичик-кичик маҳаллий сулолалар ўзаро кураш олиб борган.[3] Ушбу жараёнлар диний муносабатларнинг бузилишига таъсир қилган ҳамда “Евросиё” минтақасида геосиёсий ихтилофлар юзага келишига сабаб бўлган.

Аксарият Европа манбаларида Амир Темурни меҳрсиз, қонхўр ва жаллод деб таъриф берилади. Бу важлар Ҳиндистонга қилинган ҳарбий юриш тафсилотлари манбаларини асослашга қаратилади. Амир Темур фаолиятига нисбатан танқидий назарда ижод қилган Р.Груссеи келтирган маълумотларига кўра, соҳибқирон “қирғинбарот уруш ҳолатида ҳам ҳисобли, фаросат билан инсонларни сақлаб қолишга ва уларнинг жасорати учун маълум имтиёзларни беришга қаратилган юксак маърифатини намоён қилган. Натижада, Деҳлида 100.000 асир қатл этилгани тўғрисида маълумот беради”.[4] Р.Груссе фикрига кўра, Амир Темур аслида дунёнинг энг бой қисмларидан бири бўлган Ҳиндистонни талон-торож қилиш мақсади йўқ эди. Aммо белгиланган анъанага мувофиқ, у ўз ҳаракатларига диний тус берди. Шак-шубҳасиз, Деҳли турк султонлиги асосан мусулмонлардан иборат бўлган ва кўплаб ҳукмдорлар ҳиндуларнинг ислом динини оммавий қабул қилиши учун мунтазам ҳаракат қилган. Соҳибқирон Ҳиндистон ҳукмдорларининг бутпарастликка нисбатан бағрикенглигини ҳис қилади ва Зафарномада айтганидек, бу Ҳиндистонни эгаллаб олиш учун важ бўла олади. Лекин масала Ҳиндистонда юзага келган беқарор сиёсий вазият ҳисобланади.[5] Кўплаб йирик вилоят ҳокимлари ўзини султон ҳукмронлигидан озод қилди ва мустақил мусулмон князликларига қўшилди. 

Яна бир тарихчи олим Жастин Мароцци ўз асарида шундай баён қилади: “Амир Темур ислом ва қон тўкишни бир-биридан  фарқламаган. Бугунги қонли жанги ва эртанги ибодати унга ахлоқий жавобгарлик нуқтаи назаридан мураккаблик туғдирмаган. Жумладан, Деҳлининг яксон этилганлигидан бир неча кундан сўнг Жамна дарёси соҳилидаги масжидда ғалабасини нишонлаш мақсадида Худога шукроналар келтиради. Бағдодда кесилган бошлардан кўтарилган тепалик ва оққан қон Тигр дарёсини тўлдирган бир пайтда Амир Темур VIII асрда қурилган имом Абу Ҳанифа масжидига бориб намоз ўқийди. Бундай ҳолат ҳар бир қонли ғалабадан сўнг такрорланиб келган. Шунинг учун Амир Темурнинг ташқи тақводорлиги ифодаси ўз замонаси талабларига мос келади”.[6]

Мазкур талқин атрофида Шарафиддин Али Яздий бу ҳодисани шундай изоҳлайди: “Ва қатл бўлғон кишини санаб етмиш минг бош Исфаҳонда жаъм бўлди. Ва ул бошлардин миноралар қўпордилар. Ҳақиқат бу турурким, ул жоҳиллар беоқибат, подшоҳ амриға бўйун қўймай, уч минг мусулмон кишини ноҳақ ўлтурдилар. Ул жиҳатдин бу ҳолат аларға тегди ва мундоқ воқеъа Исфаҳонда ҳаргиз воқиъ бўлмағон турур. Ва бу воқеъа душанба куни, зулқаъда ойининг олтисида бўлуб турур”.[7] Манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, мусулмонларга нисбатан қирғинбарот содир этилган ва бу ҳолат Амир Темурни ислом ҳимоячиси сифатида бефарқ қолдирмаган. Бу борада Амир Темур, масалан, Ҳиндистонга қилган юришини “дину шариатга ривож бердим ва ўша диёр бутхоналарини буздирдим”,[8] деб изоҳ берган.

Маълумотларга кўра, Ҳиндистон босиб олингач, аҳолиси улкан талончилик ва катта қирғинга дуч келади, юз минг асир қатл этилади. Ғалабадан сўнг унга бағишлаб Қуръон тиловат қилинади. “Қайси мамлакатда диндан қайтиш, худосизлик кучайса ва у диёр аҳолиси, сипоҳу раият турли маслакка кириб иттифоқи бузилса, ўша мамлакат ҳалокати яқиндир. Чинакам жаҳонгир подшоҳ бундай юртни ўз тасарруфига олиши лозим. Мисол учун мен Ироқи ажам ва Форс вилоятларини малъун динсизлар вужудидан тозаладим, золим ҳукмдорларни ағдариб, худо бандаларини уларнинг жабр-зулмидан қутқаздим”,[9] дейди.

Дунёда шу кунгача сақланиб қолган диний важлар орқали уруш келиб чиққани ҳам сир эмас. Бугун ҳам мафкуравий қутбларга бўлиниш ва ғоявий таҳдидлар кенг тарқалгандир. Дунёнинг қутбларга (мафкуравий тўқнашувлар) бўлиниши тарихнинг такрорланаётганидан дарак беради.

К.С.Гаджиев бу ҳақда шундай дейди: “Тарихдан маълумки, ҳамма даврларда барча урушлар ғоявий характерга эга бўлган. Чунки томонларнинг ҳар бири ҳаёт тарзига ва ўз душманининг қадриятларига тажовуз қилиш орқали устунликка эришган”.[10]

Амир Темур ислом динини  ёйишга бутун куч-қувватини сарфлади. Шу боисдан ҳам Соҳибқирон баъзи номусулмон давлатларга (масалан, Гуржистон, Арманистон, Ҳиндистон, Хитой) қилган юришларини, энг аввало, ўша мамлакатларга ислом динини ёйиш (жорий қилиш) ва мусулмонларга кўрсатилаётган жабр-зулмни бартараф қилгани билан изоҳлаган.[11]

В.Квинт “Тузуклар”даги “динни тарқатувчи” мақомини Амир Темурга берган эди:

 Биринчидан, ислом оламини бирлаштириш.

Иккинчидан, янги ҳудудлар аҳолисини Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматига айлантириш йўлидаги миссияси.[12] Бу эса, Амир Темур ислом дини ҳомийси, посбони ва қаҳрамони бўлганини англатади. Бундай асос моҳиятан кўп масалаларга ойдинлик киритади ва барча ҳарбий юришларининг мафкуравий негизини ташкил этади.

XIV асрда Узоқ Шарқ, Ўрта ва Марказий Осиё мамлакатларининг Ўрта Ер денгизи ва Европа мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва маданий алоқалари йўлга қўйилган эди. Марказий Осиё ҳудудига “Ер ўқи” – тортишиш кучи сифатида қаралган. Бугун XXI асрда ҳам “Евросиё” минтақаси маркази Марказий Осиёдир.

Америкалик сиёсатчи Х.Маккиндер томонидан “Hardland” назарияси илгари сурилди. Ушбу назария бугунги кунда ернинг қуруқлик қисмида жойлашган “Евросиё” минтақасини ташкил етади. “Евросиё” минтақасининг  маркази эса Марказий Осиё геомаданий минтақадир. Марказий Осиё минтақасини назорат қилиш  учун қудратли давлатлар ўртасида доимо диний, сиёсий, маданий, иқтисодий каби соҳаларда ихтилофлар юзага келмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, дунё геосиёсий харитасида мафкураларнинг ўзгариши, инсоният ривожини ва унинг тафаккури билан боғлиқ муаммоларни ўзгартирган эмас. Аксинча, муаммоларнинг янги, шиддатлироқ, глобал зиддиятларини келтириб чиқармоқда. Шу туфайли, бугунги дунёнинг глобал муаммоси умуминсоний қадриятлар моҳиятини англаб етишдаги қийинчиликда намоён бўлмоқда. Дунёнинг яхлитлиги ва унинг истиқболини фақат умуминсоний қадриятлар кафолатлаши мумкин. Масалан, миллий манфаатлар эҳтиёжини қай воситалар асосида тўлдиришга қаратилган сиёсат билан ифодаланди. Амир Темурнинг ташқи сиёсатида ғайритабиий ғалабаларни таъминлаб берган геосиёсий фаолиятни ўрганиш ҳамон катта қизиқиш ва баҳс-мунозаларга сабаб бўлиб келмоқда. Ҳолбуки, Соҳибқироннинг “Евросиё” минтақасида олиб борган юришлари айрим муаррихлар томонидан босқинчилик ва талончилик сифатида талқин этиб келинаётган бўлса, айримлар унинг тимсолини идеаллаштиришга интиладилар. Умуман, илмда бир томонлама ёндашувлар ҳеч қачон холисликка олиб келган эмас. Давлат манфаатлари хоҳ ички, хоҳ ташқи сиёсат бўлсин, ҳокимият иродаси билан таъминланади. Шу жиҳатдан ҳар қандай манфаатлар ҳимоясидаги уруш зўравонлик, босқинчилик билан кузатилиши унинг табиатида мавжуд ҳодиса. Бинобарин, инсоният тарихида маърифатли урушлар бўлмаган. Амир Темур бобомиз бу икки қутбли курашларда бошқалардан кўра ақлли, уддабурон, муваффақиятли, инсофли ва диёнатли инсон эди. У гўзал шаҳарларни, боғларни, экин-тикин қилинган ерларни яхши кўрган. Мабодо, далаларни пайҳон қилиш, шаҳарларни вайрон қилишга тўғри келган бўлса-да, бу фақат зарурат юзасидан, вазият тақозоси билан амалга оширилган. “Евросиё” минтақасида вужудга келган геосиёсий вазиятни тарихий объективлик нуқтаи назаридан эмас, муайян манфаатлар доирасида талқин этиш ва бунда Амир Темурнинг “босқинчилик” қиёфасини шакллантириш истаги сақланиб келаётганлиги мафкуравий курашларнинг ҳамон давом этиб келаётганлигидан далолат беради. Халқнинг шонли тарихи ва шавкатли шахслари қанчалик қораланса, унинг авлодларини шунчалик кўпроқ таҳқирланиши осон кечади. Шундай экан, Амир Темур ҳукмронлик қилган даврнинг бугунги замонавий урушлардан қандай фарқи бор эканлигини фаҳмлаш учун «демократия» байроғи тиғи остида бугун минглаб эмас, миллионлаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлаётгани тарихий ҳақиқатдир. Афсуски, мазкур мафкуравий талқинлар замирида, аксинча, муаммоларнинг янги, шиддатлироқ, глобал зиддиятлари ётади. У ислом дини Ғарб учун катта таҳдид солувчи йирик маданият сифатида қарайди. Бундай муносабат маданиятлар ўртасидаги мавжуд зиддиятларни чуқурлаштириш мумкинлигини писанд қилмайди. Зиддиятларнинг негизига чуқурроқ қарайдиган бўлсак, бугунги кунда муаммоларнинг инсон омили билан боғлиқ бўлган носоғлом тенденцияларнинг тобора ортиб бораётганлигини кузатиш мумкин. У халқаро миқёсдаги гегемонлик қилиш кайфияти билан бошқалардан устунлик қила олиш руҳиятини шакллантиришга қаратилган. Бундай сиёсат турли воситалар орқали муайян давлатнинг халқаро тизимдаги нуфузининг ортиб бориши, иккинчи бир давлат мавқеининг пасайиши эвазига амалга оширилади. Шу сабабдан глобал жараёнлар ўз бағрида муросасиз ихтилофларнинг яширин зиддиятларини сақлаб келади. 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Алимардонов Т.Т. Амир Темур империяси. – Т.: Янги аср авлоди, 2021. –Б.199.
  2. Болтаев Б. «Амир Темурнинг миллий давлатчилик сиёсати: тарих ва ҳозирги замон» мавзуидаги Амир Темур таваллудининг 670 йиллигига бағишланган илмий конференция материаллари. Амир Темур давлатининг хавфсизлиги ва халқаро алоқаларни кенгайтириш учун кураш. – Т.: Фан, 2006. – Б.256.
  3. Джастин Мароцци. Тамерлан: завоеватель мира. Изд. «Астрел». – С. 48.
  4. Груссе Рене. Империя степей. Атилла, Чингизхан, Тамерлан. Изд. «Санат», 2006. – С. 322–330.
  5. Гаджиев, К. С. Введение в политическую философию: учеб. пособие / К. С. Гаджиев. – М.: Логос, 2011. – С.405.
  6. Тильман Нагель.Тимур-завоеватель и исламский мир позднего средневековья. – Ростов­-на-­Дону: Феникс, 1997. – С. 395.
  7. Темур тузуклари. – Т.: Шарқ, 2005. – Б.112.
  8. Квинт В. Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: “Тузуклар” га изоҳлар. – Тошкент –Санкт-Петербург, 2021.– Б.63.
  9. Уватов У. Соҳибқирон араб муаррихлари нигоҳида. –Т.: Шарқ,1997. – Б.79.
  10. Хантингтон Сэмюэл. Столкновение цивилизации? //Экономическое обозрение. 1998. № 1. – С. 67.
  11. Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. – Т.: Шарқ, 1997. – Б.115.
  12. https://cyberleninka.ru/article/n/evraziya-v-mirovoy-politike-retrospektivnyy-i-perspektivnyy-diskursy/viewer
ДИЛНОЗА ТОҒАЕВА,
ЎзДЖТУ 2-босқич докторанти

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …