Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат делегациянинг Туркия Республикасига ташрифи давом этмоқда.
Ташрифнинг навбатдаги куни делегация аъзолари Туркия қўлёзма асарлар бош бошқармаси Китоб шифохонаси ва архив ишлари бошқармасида бўлди. Бош бошқарма бошлиғи Жўшқин Йилмаз ва Китоб шифохонаси раҳбари Нил Байдар хоним билан учрашиб, Сулаймония кутубхонаси ва бошқарма фаолияти билан яқиндан танишди. Ўзбекистонлик олимлар қўлёзмаларни сақлаш, рақамлаштириш ва катологлаштириш жараёнларини кўздан кечирди. Мулоқотлар давомида Ўзбекистондаги илмий марказлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Истанбулнинг энг катта китоб хазинаси – Рами кутубхонасига ташриф буюрди.
Бир вақтнинг ўзига 4200 кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланган бу масканда кўплаб бўлимлар ва ихтисослаштирилган турли кутубхоналар фаолият юритади. Кутубхона инвентарида рўйхатга олинган қўлёзмалар ва нодир босма асарлар “Шифахане” (қайта тиклаш бўлими)да сақланади. Лабораторик тадқиқотлар натижасида жилд ва китобларнинг эскирганлик даражаси аниқланиб, мутахассислар томонидан қайта тиклаш ишлари олиб борилади. Ўзбекистон делегацияси у ердаги нодир қўлёзма асарлар реставрацияси, шунингдек, консервация ва таъмирлаш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг айни кунларда шу йўналишда малака ошираётган ходимлар иши делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Марказ илмий ходимларининг кўплаб китоблар, айниқса, “Саҳиҳул Бухорий” асари қўлёзма нусхасини реставрация қилиш бўйича эришган натижалари меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.