Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат делегация айни кунларда амалий ташриф билан Туркияда меҳмон бўлиб турибди.
Сафар доирасида мамлакатдаги музей ва кутубхоналар фаолиятини яқиндан ўрганиш билан бирга, йирик илмий муассасаларда маънавий-маърифий ва тақдимот тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Туркиянинг Анқарада жойлашган энг йирик – Миллат кутубхонасида марказларимиз фаолияти ва чоп этилган адабиётларга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Йўлдошхон Исаев кутубхона маъмуриятига эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.
Делегация аъзолари марказлар томонидан нашр этилган янги адабиётларни тақдим этди. Кутубхонада Ўзбекистондан келтирилган диний ва дунёвий адабиётлар жамланган “Ўзбекистон бурчаги”ни кўздан кечирди.
Кейинги тадбир Анқара Давлат университетининг Илоҳиёт факультетида ўтказилди. Профессор-ўқитувчилар қатнашган анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилиши, у ердаги кутубхонага оид маълумот баён этилди, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти ва энг янги нашрлар тақдимот қилинди. Й.Исаев Марказ томонидан Имом Бухорийнинг яқинда нашрга тайёрланган “Халқу афъолил ибод” ва “Китобуз зуафоис сағир” асарлари таржимаси ва шарҳларига алоҳида тўхталди. Тақдимот якунида факультет кутубхонасига Марказнинг янги нашрлари тақдим қилинди.
Делегация аъзолари Анқара Йилдирим Боязид университетининг Илоҳиёт факультетида ҳам бўлди. Учрашувда Марказлар фаолияти ҳақида маълумотлар берилиб, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалаларига оид фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Яна бир маърифий тадбирнинг мезбони ИҲТнинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) бўлди. Бу ерда марказлар фаолиятига оид тақдимотлар ўтказилди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Бахтиёр Иботов йиғилганларга Марказ ютуқлари ва нашрлари ҳақида маъруза қилиб, буюк муҳаддиснинг илк бор ўзбек тилига таржима қилинган “Халқу афъолил ибод” ва “Китобуз зуафоис сағир” асарлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбир давомида фотокўргазма, медиа ивент (ҳамкорликка қизиқтириш ва жалб қилишга қаратилган медиа тадбир) ва “Ўзбекистон алломалари энциклопедияси” тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.