Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИДА ТИЛ ВА ДИЛ БИРЛИГИ ЗИКР ВОСИТАСИ СИФАТИДА

ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИДА ТИЛ ВА ДИЛ БИРЛИГИ ЗИКР ВОСИТАСИ СИФАТИДА

Тасаввуф тарихидан маълумки, барча йирик мутасаввиф мутафаккирлар илмни тил ва дил илмига ажратиб талқин қилиши билан бирга, уларга бир –бирини тўлдирувчи ва комиллик сари етакловчи асосий воситалар сифатида қараган.

Тасаввуф таълимотида ҳар бир солиҳ ва солиҳа ўз тилига подшоҳ бўлиши лозимлиги уқтирилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Ким тилига подшоҳ бўлса, Аллоҳ унинг уят ишларини беркитади” деганлар [1:388].

Тариқат намоёндалари тилни эҳтиёт қилмаслик фалокат воситасига айланишини уқтирганлар: йигит тилининг тойилишидан ўлади, оёғининг хатосидан эмас. Тили билан бўлган хатоси уни боши билан улоқтиради. Оёғи билан бўлган хатоси аста-секин тузалади [1:192].

Тариқат намоёндалари ҳар доим тилни ёмон сўзлардан, ҳақоратлардан эҳтиёт қилиш кераклигини уқтирган. Чунки улар пайғамбаримизнинг одамларнинг юзи билан дўзахга тушишига сабаб тили ёмонлигидандир, деган ҳадисларига доимо амал қилган.

Шу билан бирга, тариқат намоёндалари сўзни ўйлаб, кам гапириш савобдир деган ғояга ҳам эътиқод қилган. Шу ўринда Ҳасан Басрийнинг “Кимнинг сўзи кўпайса, хатоси кўпаяди деган” ривоятига суянган.

Абу Лайс Самарқандий ўзининг “Танбеҳул Ғофилин” асарида шундай ёзади: Қатода (р.а.) ривоят қилди: Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Тўрт нарса кимга берилган бўлса, дунё ва охират яхшилиги берилибди: зикр қилувчи тил, шукур этувчи қалб, сабрли бадан ва мўмина солиҳа хотин” [1:380].

Тасаввуф аҳли тил илмига соликнинг зоҳири ва ботинини боғловчи зикр воситаси сифатида қараган. Зикр тасаввуфда дил, фикр ва туйғуни Аллоҳга йўналтириб, У билан бевосита ришта боғлаш, исмларини зикр қилиш орқали Унинг чексиз қудрати, буюк гўзаллигини идрок этишни билдиради. Ҳатто, зикр орифнинг таоми деб ҳам таъкидланади. Аллоҳнинг исмлари зикр қилинаверса, охири Аллоҳ зокир, яъни сўфийнинг ўзини зикр этади. Солик зикр асносида шуни ҳис қилади, мушоҳада этади.

Зикр фақат Аллоҳни ёд айлаш, унинг гўзал исмларини эслаш эмас, балки дил, фикр ва туйғуни Аллоҳга йўналтиришдир. Зикрнинг хусусияти ҳақида Нажмиддин Кубро ҳам ўзининг “Тасаввуфий ҳаёт” асарида қуйидагича таъкидлаган: “Зикрни сени қандоқ зикр этаётганингни кўриш учун зикр этма. Чунки у зокир эмас, мазкурдир. Инсон мудом Ҳақ мазкури эрур. Аммо Аллоҳ билан ўзи орасидаги қоронғуликлар ва кашф пардалари монеълик қилгани боис, у буни эшитиб, ҳис қилишдан мосуводир” [12:169].

Устоз  шайх, мутасаввиф назарида шогирд зикрни равон ва тушунарли тил билан баён қилиши зарур. Ҳеч бир зикр қоидаси тил орқали бузилмаслиги лозим. Шунинг учун Нажмиддин Кубро ҳам Яъқуб Чархий ҳам ҳар қандай ибодатдан мақсад зикрдир. Зикр жон бўлса, ибодат қалбдир. Ҳар қандай ибодатда ҳам Унинг ҳазратидан ғофил бўлса, чандон фойда бермас” деб ёзади [11].

Ҳазрат Алишер Навоий ҳам “Насойимул муҳаббат” асарида комил инсоннинг  илоҳий ва башарий сифатлари ҳақида гапира туриб, “чучук тилли бўлиш”ни комилликнинг еттинчи шарти сифатида айтиб ўтган [6:141]. Юқорида таъкидлаганимиздек, Алишер Навоий тасаввуфда пантеистик йўналишнинг йирик вакили сифатида тил илмининг зикр жараёнидаги ролига жуда юқори баҳо берган. Тил дилнинг изҳори сифатида талқин қилинган.

Тасаввуфий билиш жараёни ҳам рационал ва иррационал билим тана ва руҳ каби ажралмас ва бир – бирини билиш жараёнида тўлдириб боради. Шунинг учун ҳам тасаввуф илми ҳақида гапирилганда, бирламчи билим “куллий” билим бўлиб, у инсон руҳиятидаги ижодкорлик кучини англатади. Иккиламчи илм “тил илми” бўлиб, у Одам болалари устида Аллоҳнинг ҳужжатидир”. Умидимиз борки, сенга илми ботиндан бир насиба этсин. “Ва яна айтдиларки, “Ҳадисда” Аҳли сидқ билан ўтирсангиз, садоқатли бўлиб ўтирингки, улар қалб жосусидир. Қалбингизга киради ва ҳимматингизга назар қилади”[3:6].

Мутасаввифлар тариқат илмида тилнинг ўрни ниҳоятда улуғ эканини таъкидлаб келган. Абу Лайс Самарқандий юқорида келтирилган асарида шундай ёзади: Ҳакимларнинг баъзилари айтди:” Инсон жасади уч бўлакдир; бир бўлаги – қалби, иккинчиси – тили, учинчиси – аъзолари. Аллоҳ таоло ҳар бир бўлакни каромат билан икром қилди. Қалбини ўзини таниш ва тавҳид билан икром қилди. Тилини “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва китоб тиловат қилиш билан икром қилди. Аъзоларини намоз, рўза ва бошқа ибодатлар билан икром қилди. Ҳар бирига кузатувчи ва сақловчини вакил қилиб қўйди. Қалбини сақлашга Аллоҳ ўзи эга бўлди. Унинг ичида нима борлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Тилига фаришталарни вакил қилди. Аллоҳ таоло
айтди: “У бирон сўзни талаффуз қилмас, агар талаффуз қилса, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи фаришта у сўзни ёзиб олур” [7]. Аъзоларга буйруқ ва қайтаришни бошқарувчи қилиб қўйди. Кейин ҳар бўлакка вафо қилишни хоҳлади. Қалбнинг вафоси – имонда собит бўлиш ва ҳасад, хиёнат ҳамда макр-хийла қилмаслик, тилнинг вафоси – ғийбат қилмаслик, аъзолар вафоси Аллоҳга гуноҳ қилмаслик ва мусулмонлардан ҳеч кимга азият бермасликдир. Ким қалбдан кетса, мунофиқ, тилдан кетса, кофир, аъзолардан кетса осий бўлади [1:193].

Тил илми тасаввуф таълимотида комил инсонни тарбиялашнинг асосий воситаларидан  бири ҳисобланади. Чунки тил инсонни ҳайвонот оламидан жудо қилган бўлса, кейинчалик у инсоннинг ўзини англаши орқали Аллоҳни англашга кенг йўл очиб берди. Чунки тасаввуф таълимотида тилга тафаккурни ифодалаш воситаси сифатида қаралади. Шу билан бирга, тил ва дил ажралмас, бир-бирисиз мавжуд бўлмаган ҳодиса сифатида талқин қилинади.

Зикр Аллоҳни ёдлаш, тасаввуфда Аллоҳни тилга олиш ва бутун фикру таважжуҳини Унга қаратишдир. Тасаввуф аҳли зикрни Ҳаққа етишмоқчи бўлган кишининг руҳий камолотида фикрий қувватларини бошқариш, нафсни тақлил этиш, шунингдек, тафаккурни камолот даражасига юксалтиришда энг яхши йўллардан деб билади. Бу амал Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг “Мени ёд қил, Мен ҳам сизни ёд қилурман”, деган оятига асосланиб бажарилади. Тасаввуф аҳли зикр қилишни уч даражада деб билади: биринчиси тил зикри – кўпчиликка тааллуқли бўлиб, омма зикридир. Бу даражадан ўтиб, юксала бошлаган киши ғафлат майдонидан чиқиб, мушоҳада майдонига парвоз эта бошлайди. Иккинчиси ихлос – кишиларнинг зикри – қалб зикри. Бу даражада зокирнинг қалб кўзи очила бошлайди. У ақл доирасини кесиб ўтади ва Аллоҳни нафақат қалбида ёд этади, балки идрок этади. Учинчиси махсус зикр – бу даражада зокир фано ҳолатига етади бу тариқатда энг сўнгги олий зикр ҳисобланади. Чунки тариқатда фано топмоқ ишнинг интиҳосидир.

Хожа  шайх Муҳаммад Порсо ўзининг “Рисолаи қудсия” асарида солиҳларга зикр айтишни ўргатиш, яъни “Талқини зикр” масаласини кўтарган. Унинг фикрича, “талқини зикр” бировнинг қўлига чақмоқтош бериш билан баробардир. Рушнолик ҳосил қилиш уни амалда ишга солиш толибга боғлиқ. Комил инсон “Талқини зикр”ни мукаммал пиридан таълим олиш керак. То таъсири билинсин ва натижаси ҳосил бўлсин. Ўқни султон ўқдонидан олмоқ керак, токи ҳимоя қилишга арзисин. Биз “талқини зикр”ни бузруквор шайх Хожа Муҳаммад Бобои Самосийдан олганмиз” деб ёзган [9:129].

Яъқуби Чархий илм аҳлининг зикрга бўлган муносабати ҳақида қуйидаги фикрни келтиради: “Олимнинг уйқуси ҳам ибодатдир” [13:12] дейилгани уйқуга ишоратдир. Яъни уйқуга кетгунича зикр билан машғул бўлсин. Уйқудан бедор бўлса, яна уйқуга кетгунча зикр қилсин. Демак, инсон жисми уйқуга кетса ҳам, унинг руҳи, ботини, қалби, зикрда бўлиши, асл билан боғланишда экани назарга олинмоқда.

Мутахассислар фикрича, зикр ирфоний билиш жараёнида муҳим хусусиятга эга бўлиб, қуйидаги тамо-
йилга асосланади: намоз танани, кундалик вирд (вазифа)ларни бошқариш учун, зикр қалбни, фикр (тафаккур) онгни тозалаш учун, амал фано даражасига етиш учундир. Инсон бу тамойилни амалиётга қўллаш орқали камолотга эришади [4:91]. Бизнинг назаримизда, тасаввуфда тил илми зикр, фикр ва қалбни бирлаштирувчи восита бўлиб майдонга чиқади.

Буюк мутасаввиф мутафаккир Жалолиддин Румий фалсафасининг инсон концепциясида ҳам  тил илми масаласи марказий ўринлардан бирини эгаллайди. Чунки Жалолиддин Румий инсоннинг тил ва қалбини бирлаштирувчи теургия масаласини юқори даражада мадҳ этади. Чунки теургия инсон вужудининг унинг руҳи билан бирлашиб кетишига ёрдам берувчи ижодий ҳаракатдир, деб талқин қилади.

Тасаввуф таълимотида тил илмининг намоён бўлишида намоз ва рўза назарда тутилади. Буюк шайх Яъқуби Чархий таъкидлаганидек: “Бу намозни нафйи ҳавотир билан, яъни фикрни тозалаб, зоҳиру ботини билан таважжуҳ қилган ҳолда ўқисин” [13:13].

Кўриниб турибдики, тасаввуф таълимотида зикр хоҳ жаҳрий бўладими, хоҳ ботиний, барибир зикр тил орқали дилга дўнади. Шунинг учун, Баҳоуддин Валад таъкидлаганидек, инсон дили ва тилида Аллоҳни зикр этаркан, шу онда унинг шуурида Яратувчи ҳамда яратилмиш ўртасида инсон онги идрок эта олмайдиган, фақатгина қалбан ҳис қилиш мумкин бўлган руҳий кечинмалар рўй беради [3:69].

Яъқуби Чархий таъкидлаганидек: “Бизнинг хожамиз бу намозни ўқиганда барча аркон ва азкорга ўзини машғул қилган ҳолда, таважжуҳ билан ўқиш лозим дейдилар. Булар мубтадийлар – тариқатга кирувчилар учундир” [3:9].

Кўриниб турибдики, мутасаввифлар Аллоҳни зикр қилиш равон тил орқали дилга кўчиш керак. Айниқса, бу тариқатга киришга бел боғлаган соликлар учун жуда муҳимдир.

Аҳмад ибн Музаффар Розий ҳам “Латоифул Қуръон” асарида Қуръони каримда йигирма олтита ўринда намозни баркамол ўқиш ҳақида буюрилганини таъкидлайди [2:179].

Мустамлий Бухорий таърифига кўра, зикр икки турга: тил зикри ва сир зикрига бўлинади. Унинг назарида тил зикри зикрнинг биринчи ва бошланғич босқичи бўлиб, шариат ҳукмида бўлади ва намоз, рўза каби ҳар замонда амалга ошади. Сир зикри эса зикрнинг охирги босқичи бўлиб, ҳақиқат ҳукмида бўлади. Мутасаввиф таърифига кўра, тил зикри Аллоҳ йўлидан бораётган мурид ёки толибнинг ишидир, сир ёки қалб зикри эса Аллоҳга етишган мурид қиёфасидир. Яъни Уни сирда кўраётган сўфийнинг мақомидир. Тил илми тариқатнинг кўпроқ жаҳрия йўналиши намояндалари учун жуда ҳам зарур бўлган. Зикр жамоат ҳолидаги, яъни самоъ ҳолидаги зикр ҳамда ўз тил, қалб ва сир зикри деб аталадиган якка зикр турларига ҳам бўлинади.  Зикр турли тариқатларда турлича кўриниш касб этган. Масалан: мавлавия тариқатида жаҳрий ошкора зикрнинг самоъ, ойин ва ҳазрат деган турлардан иборат бўлган.

Тасаввуфшунос турк олими Усмон Турар ўзининг “Тасаввуф тарихи” асарида таъкидлаганидек, жаҳрий зикр қилувчи тариқатларнинг силсилалари асосан ҳазрати Алига бориб тақалади. Чунки жаҳрияни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Алини тиз чўктириб, кўзларини юмдирган ҳолда уч марта “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деганлар. Шу жумладан Ҳазрати Алига ҳам уч марта такрорлашни буюрганлар. Шу тариқа жаҳрия шиалар зикрига айланган [10:43].

Нақшбандийликда эса ошкора зикр, хуфий яширинча зикр, абадий саноқли зикр ва қалб зикри мавжуд бўлган. Улар ўзини тасаввуф аҳли эканини сир сақлаган ва ҳеч кимни воқиф қилмаган. Чунки нақшбандия тариқатига мансуб соликлар риёкорликдан йироқ бўлган ва ҳатто кароматини ҳам ошкор қилмаган. Улар фақат халқ манфаати ва ислом равнақи учунгина каромат кўрсатган. Баҳоуддин Нақшбанд зикри жаҳрийни  бекор қилган ва хуфия зикрни фаол қўллаб-қувватлаган.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, мутасаввифлар тил илми намоён бўлишининг иккинчи воситаси зикрдир, деб ҳам талқин қилган. Бунинг маъноси зикр – сўзлаш, баён қилиш, ёд олиш, хотирадагини унутмаслик маъноларини ангалатадиган арабча калимадир. Тасаввуфда бу калима ғафлат ва нисён – эсдан чиқаришнинг зидди ўрнида талқин қилинган. Зикр тасаввуф таълимотида барча қоида, усул ва одобнинг бошидир. Буюк шайхлар зикрни шайтонга қарши энг улуғ яроғдир, деб башорат қилган. Зикр қалбдан ғам, қайғу ва ғуссаларни ҳайдаб, дилга қувонч, фараҳ ва кенглик бағишлар; тафаккур маърифатнинг юксалишини таъминлайди, ҳар қандай ёмонликнинг илдизини қуритади, хато ва гуноҳларнинг олдини олади.

Муҳаммад Порсо зикрнинг турлари ҳақида ҳам тўхталиб, қуйидагича ёзади: “Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг бандани зикр қилиши “Сизларни ҳам зикр қиламан” ояти ва унга зикрнинг барча мартабаларида, яъни тил зикри, дил зикри, руҳ зикри, сир зикри ва хуфия зикрларда тавфиқ бериб ёдлаганидир [8:35].

Тил илми инсон қалбининг эгаси бўлган Аллоҳни инсон қандай тил билан қандай зикр қила олишини ифодалайди. Аслида тил ўз хусусияти билан Аллоҳни тўлалигича ифодалай олмайди. Шунда дил унинг ижроси бўлиб хизмат қилади. Ана шунда номутаносиб ҳаракатлар оғушида инсон дили муносабат қилишга чоғланади ва “дил ба ёр” илтижоси содир бўлади ҳамда орадаги номутаносибликка барҳам беради. Шунинг учун нақшбандийликда дил билан қилинадиган муносабат энг олий муносабат сифатида улуғланади.

Абу Лайс Самарқандий юқорида зикр этилган китобида ҳазрати Довуд (а.с)нинг дуоларидан бири ҳам шундай бўлганини келтиради: “Эй, Парвардигор, мен Сендан тўрт нарсани сўрайман ва тўрт нарсадан паноҳ тилайман. Сўрайдиганларим: зикр қилувчи тил, шукур қилувчи қалб, сабрли бадан ва дунё охиратимда ёрдам берадиган солиҳа хотин. Аммо менга хўжайинлик қиладиган фарзанддан, сочим оқаришни бошламасдан оқ туширадиган хотиндан, менга азоб берадиган молдан ва менинг яхшилигимни яширадиган ҳамда ёмонлигимни ошкор қиладиган қўшнидан паноҳ тилайман” [1:381].

Имом Ғаззолий ўзининг “Иҳё улумид дин” асарида таъкидлаганидек, “фойдали бўладиган зикр – авомли ва қалб ҳузури ила бўладиган зикрдир. Зикрнинг ниҳоясида эса, унс ва муҳаббат туғилур. Киши зикр этилажак Аллоҳ ила унсият пайдо этиб, кўнглида Аллоҳ муҳаббати ҳосил бўлгунга қадар бир оз заҳмат чекар. Сўнгра эса Аллоҳни хотирламаса тура олмайдиган ҳолга келар” [5:54].

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсоннинг руҳий камолот воситаси бўлган тил ва дил илми чамбарчас боғлиқдир. Бу эса, тасаввуф таълимотидаги комил инсон концепциясининг асосини ташкил этади. Тил илми солиҳнинг зоҳирий илмини такомиллаштирса, дил илми унинг ботиний илмини мукаммаллаштирган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Лайс Самарқандий. Танбеҳул Ғофилин.
  2. Аҳмад Ибн Музаффар Розий. Латоифул Қуръон. Қуръони каримдаги нозик иборалар. – Т.: Зилол булоқ, 2022.
  3. Бердияев. Н. Опыт парадоксальной этики. – М.: Аст. 2003.
  4. Зоиров Э. Яъқуби Чархийнинг тасаввуфий ирфоний қарашлари. – Бухоро: Дурдона, 2023.
  5. Имом Ғаззолий. Иҳё улмид дин.
  6. Каримов С. Инсон қалбини покловчи таълимот. Монография.
  7. Қоф сураси. 18-оят.
  8. Муҳаммад Порсо. Рисолаи қудсия. –Т.: Мовароуннаҳр. 2020.
  9. Порсо. Рисолаи қудсия.
  10. Усмон Турар. Тасаввуф тарихи.
  11. Шайх Нажмиддин Кубро. Тасаввуфий ҳаёт. – Б.170; Яъқуб Чархий. Рисолаи унсия. –Б.13.
  12. Шайх Нажмиддин Кубро. Тасаввуфий ҳаёт.
  13. Яъқуб Чархий. Рисолаи унсия.
СОҲИБНАЗАР КАРИМОВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори,
фалсафа фанлари доктори

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …