Жамият маънавий ҳаёти мураккаб, ранг-баранг омиллар таъсирида шаклланади ва бу жараён узлуксиз ривожланиб боради. Тараққиётнинг динамик хусусияти аслида маънавий ҳаётнинг ўзгариш ва янгиланишлари таъсирида акс этади. Шунинг учун жамият маънавий ҳаёти, ундаги ўзгариш ва янгиланишларни маълум меъёр, ўлчов ва кўрсатгичларга солиш ҳар доим муайян қийинчилик туғдирган. Айниқса, диний мероснинг жамият маънавий ҳаётига таъсири ва ундаги ўзгаришларни аниқлаш осон бўлмаган. Жамиятнинг маънавий янгиланиши жараёнида диний мерос ҳамда миллий ўзликни англашда анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлигини эътиборга олиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда дунёвий давлат тамойилига амал қилиш бошланди. Дунёвий давлатда динга ва диний меросга муносабат ҳам ўзига хос хусусиятга эга бўлади. Жумладан, бунда қуйидагилар эътиборга олинади: 1) Диннинг давлатдан ажратилиши унинг фаолият соҳалари чекланишини билдирмайди; 2) Дунёвий давлат диндорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлиги, ишонч ва эътиқодига халал бермайди; 3) Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат бўлиб, ҳеч қайси динга мажбурланмайди; 4) Диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ва қонун олдида тенг ҳисобланади [6:492]. Бундай қоида дин ва диний меросга нисбатан янгича ёндашув сифатида анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлигини таъминлашга шароит яратади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» [4:8] – деб белгилаб қўйилган.
Мустақиллик диний мерос ва қадриятларни қайта тиклаш, анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлигини таъминлаш, улардан жамиятни маънавий янгилаш жараёнларида фойдаланиш имконини берди. Айниқса, исломий мерос ва қадриятлардан кенг фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Исломий меросни англаш ва қайта тиклашда Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий», Имом Термизийнинг «Саҳиҳи Термизий», «Шамоили Муҳаммадия», Абу Лайс Самарқандийнинг «Бўстонул орифин», Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Алининг «Баҳоуддин Балогардан», Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Қалблар кашфиёти», «Тафаккур», «Кимёи саодат», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя», Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Бурҳониддин Рабғузийнинг «Қисаси Рабғузий», Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар», Муҳаммад ибн Абубакрнинг «Ҳадиси Усфурий», Сайфур Зафар Навбаҳорийнинг «Дуррул мажолис», Муҳаммад Закариёнинг «Фазоилул аъмол», Хўжаназар Ҳувайдонинг «Роҳати дил», Кайковуснинг «Қобуснома», Фаридиддин Атторнинг «Илоҳийнома», Низомулмулкнинг «Сиёсатнома», Хожа Самандар Термизийнинг «Дастурул мулук», Розииддин ибн Фаруддиннинг «Насийҳат» каби асарларининг ўрни беқиёсдир. Шунингдек, мустақиллик йилларида улуғ аждодларимиз ҳақида чоп этилган Нажмиддин Комиловнинг «Кубро», Ҳамидхон Исломийнинг «Ипор ҳид ила туғилган ориф», Садриддин Салим Бухорийнинг «Табаррук зиёратгоҳлар», Ботир Валихўжаевнинг «Хожа Аҳрор тарихи», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ислом тарихи», Убайдулла Уватовнинг «Буюк юрт алломалари» каби асарлари диний мерос ва қадриятлар асосида миллий ўзлигимизни англашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, одамларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган ғоялар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб диний мерос ва миллий ўзликни англашда анъанавий негизни замон билан боғлаган ҳолда янгилашга катта эътибор берилди. Аждодларимиз диний мероси ва қадриятларига ҳам, миллий ўзликни англаш негизи ривожига ҳам шароит яратилди. Динни бузиб талқин қилишга қарши ишлар амалга оширилди. Маърифий ислом, миллий ўзликни англаш ва диний бағрикенглик ривожи учун кенг имконият яратилди. Жумладан, Ислом конференциясининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳри 2007 йилда «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилинди. 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди.
Мустақиллик туфайли Рамазон ва Қурбон ҳайити Республика Президенти Фармонига биноан байрам деб эълон қилинди ва бу кунлар дам олиш куни деб белгиланди. Бу эса, жамият маънавий янгиланиши, анъанавий диний меросимизга ҳурмат, анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлигини таъминлашнинг амалдаги натижасидир.
Жамиятнинг маънавий янгиланиши шароитида диннинг тарбиявий аҳамиятини тўғри тушуниб етишга аҳамият берилмоқда. Дин аҳлининг мустақиллик шароитида одамларни ҳамжиҳатлик, биродарлик, самимият ва покликка ундаши жамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ҳақда Президентимиз қайд этганидек, «имом-хатиблар кенг жамоатчилик орасида мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай барқарор ва осойишта муҳит осмондан тушмаётганини тарғиб этиш, ота-боболаримиз минг йиллардан буён пок сақлаб келаётган ислом дини ҳар қандай зўравонликка, бузғунчиликка, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишга мутлақо қарши эканини оят ва ҳадислар асосида, жонли мисоллар ёрдамида таъсирчан етказиб беришлари зарур» [1:485]. Шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, диннинг ижтимоий ҳодиса сифатида одамлар тотувлиги, тинчлиги ва одоби учун олиб бораётган илғор фаолиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда одамларнинг дунёвий тасаввурлари ҳаққониятини ҳам унутиб қўймаслигимиз лозим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, «Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилди. Жумладан, муқаддас динимиз, миллий қадриятларимиз, буюк азиз-авлиёларимизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича жуда кўп иш қилинди ва қилинмоқда» [1:466]. Жумладан, 2021 йилда янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди, Алпомишнинг 1000 йиллиги, Авестонинг 2700 йиллиги, Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги, Имом Термизийнинг 1200 йиллиги, Имом Мотрудийнинг 1130 йиллиги, Бурҳониддин Марғинонийнинг 910 йиллиги нишонланди, қадамжолари обод қилинди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, вилоятларда ҳадис, калом илми, фиқҳ, ақоид, тасаввуф мактабларининг ташкил этилиши ҳам бой илмий-тарихий-диний меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, юзлаб масжидлар, мадрасалар қайтадан таъмирланиб, янгилари анъанавий ва замонавий меъморчилик анъаналари асосида қурилмоқда. Улар халқимиз ўртасида диний-маърифий тарғибот ишларини амалга ошириш ва ислом маърифатини кенг ёйишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бунда анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қуръони каримнинг «Ал-Исро» сураси 23-оятида мусулмонларга ёлғиз Аллоҳга итоат қилишдан кейин ота-онага яхшилик қилиш, улар ҳузурида таъзимда туриш, айтганларини чин дилдан бажариш буюрилади. «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси кексалик ёшига етсалар, уларга «уф»! дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» [5:284]. Инсон камолоти, эзгу ишларига даъват этувчи ғоялар ҳадисларда ҳам ўз ифодасини топган. Имом Термизий асарида: «Одамларга эзгулик қилувчилар – Аллоҳнинг энг яқин дўстларидир. Қўшниларига яхшилик қилувчилар – Аллоҳнинг назарида энг яхши қўшнилардир» [2:79], деб келтирилган. Унда эзгулик ва яхшилик мусулмон ахлоқи сифатида умуминсоний қадриятлар асосини ташкил этишига эътибор қаратилади. Ушбу ҳадисларда ислом динининг эзгуликка даъват этувчи анъанавий ғоялари ўз ифодасини топган бўлиб, у бугунги кунда жамиятда барқарорликни таъминлашда анъанавийлик ва замонавийликнинг уйғунлигини таъминлашга хизмат қилади.
Халқимиз маънавий ҳаётида диннинг ўрни, миллийлик ва динийлик муносабати масаласида баҳсли фикрлар мавжуд эди. Жамиятнинг маънавий янгиланиши шароитида динийлик ва дунёвийликни уйғун ҳолда ўрганиш керак. Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғатида «Дунёвийлик – инсоннинг маънавий мезонларни дунёга нисбатан ўлчаб яшашини англатадиган тушунча» [3:145], деб таъриф берилган. Ҳадисдаги «Сизларнинг яхшиларингиз дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни унутмаганларингиз» деган ҳикматнинг моҳиятини англаш, уни ҳаётга татбиқ этиш, дунё ва охират ишини уйғунлаштириш, дунё охират экинзори, охират учун амалиёт манбаи эканини тушуниш – бу мўътадил йўлдир. Даҳрийлик – «худосизлик» худони инкор этиш маъносини англатиб, даҳрийликни (атеизм) мутлақлаштирилиши (шўролар ҳукмронлиги даврида) давлат ва жамият тараққиётида маънавий йўқотиш, дин ва диний меросни инкор қилишга олиб келган. Замонавий демократик жамиятларда, жумладан, Ўзбекистонда мустақиллик туфайли фуқаролар учун ҳақиқий виждон эркинлиги ҳуқуқи, яъни ҳар қандай динни эркин танлаб олиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик конституциявий асосда кафолатланган. «Дунёвийлик – даҳрийлик эмас» деган тамойилга амал қилинмоқда. Улуғ аждодларимиз азалдан дунё ва охиратни ўзаро муштарак ҳолда тасаввур этган. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг «Дил ба Ёру даст ба кор» (Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин) шиорида ҳам дунё ва охират ишини бирга олиб бориш лозим экани таъкидланади. Даҳрийлик – бу Худонинг борлигига шак келтириш, ишонмасликдир. Дунёвийлик эса Аллоҳга имон келтирган ҳолда, уни қалбда сақлаб, яратган инъом этган ақл-заковат, билим ва тажрибани ишга солиш, эл-юртни обод қилишга муносиб ҳисса қўшиш ва бошқа жиҳатларни ўз ичига олади. Бунда анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлиги муҳим роль ўйнайди.
Юқоридаги фикрлар шундан далолат берадики, биринчидан, ўзбек халқи тарихида, унинг ўзлигини англашда ислом омили, урф-одат ва маросимлари муҳим бўлиб, секин-аста халқ турмуш тарзидан мустаҳкам ўрин эгаллаб, урф-одат ва маросимлари анъаналарига сингиб борган. Иккинчидан, Ўзбекистон мустақиллиги ва жамият маънавий янгиланиши туфайли бугунги кунда ислом билан боғлиқ маданий меросимизнинг тикланиши ва буюк сиймоларга мансуб қадриятларимизнинг рўёбга чиқиши ўзбек халқи миллий ўзлигини янада теранроқ англашига кўмаклашади. Бунда анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлигининг намоён бўлаётганини кўрамиз.
Юқоридаги барча фикрларни таҳлил қилиш асосида қуйидаги хулосаларни бериш мумкин:
- Мустақиллик туфайли жамиятнинг маънавий янгиланишида диний мерос ва миллий ўзликни англашда анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлигининг ижобий ечимга эга бўлиши, муайян меъёр тамойилларини тақозо этади;
- Демократик тамойилларга таянган ҳолда диний мерос ва миллий ўзликни англаш негизларини уйғун ҳолда олиб бориш мумкинлигини Ўзбекистон тажрибаси тасдиқлаган. Ижтимоий-маданий ҳаётда диний мерос ва миллий ўзликни англашда анъанавийлик ва замонавийликдан ажралиб қолиши, вақт ва макон ўзгаришларини эътиборга олмасликка сабаб бўлиши мумкин. Бу эса динда ҳам, миллий ўзликни англашда ҳам «ҳаддан ошишга» олиб келиши мумкин. Динда ҳаддан ошиш мутаассиблик ва экстремизмга олиб келса, миллий ўзликни англашда анъанавийликка асосланиши ўзга халқлар маданиятини инкор этиш, беписандлик билан қараш, «миллий биқиқликка» олиб келиши мумкин;
- Миллий ва диний қадриятлар ривожида ўзга миллат вакиллари ва қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлинса, турли миллатларнинг диний мероси ва ўзлигини ифодаловчи умумбашарий қадриятлар ривожланиб бораверади;
- Дунёвий давлатда анъанавийлик ва замонавийликнинг уйғун ҳолда ривожланишига шарт-шароит яратиш диний мерос ва миллий ўзликни англашнинг ривожланишига имконият яратади;
- Жамиятни маънавий янгилаш, ижтимоий ҳаётда диний мерос ва қадриятларни эътироф этиш, шунингдек, миллий-маънавий қадриятларни ҳисобга олишда «Ўзбек модели» ўзига хос асос бўла олади. Кўп конфессиялик шароитида ижтимоий ҳаётда турли динга эътиқод қилувчиларнинг виждон эркинлигини таъминланиши муҳим аҳамиятга эга;
- Ўзбек халқининг маънавий маданияти, маросим ва урф-одатларининг шаклланиши ва ривожланишида ислом омилининг роли ниҳоятда каттадир. Лекин бу жараённи фақат ислом динига, унинг ақидаларига боғлаб қўйиш бир ёқламалик бўлиб қолади. Бунда исломгача бўлган умумбашарий маданий мерос ва бошқа динлар таъсирини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим;
- Ўзбекистонда диний мерос ва миллий ўзликни англашда анъанавийлик ва замонавийлик муносабатида бир томонлама «инкор этиш» йўлидан борилмади. Анъанавий диний мероснинг ижобий жиҳатларидан амалиётда фойдаланилди;
- Жамиятнинг маънавий янгиланиши шароитида Ўзбекистонда диний мерос ва қадриятларни қайта тиклаш, диний-маънавий меросга янгича муносабатни шакллантириш, шунингдек, маънавий-ахлоқий тарбияда маърифий исломдан кенг фойдаланиш имконияти яратилди;
- Жамиятнинг янгиланиши жараёнида диний мерос ва миллий ўзликни англаш негизлари миллий-маданий мерос билан боғлиқ экани ҳисобга олинди ва унга таянилди. Бу жараёнда анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлигига эътибор қаратилди.
-
Юридический словарь. Сост., предис, прилож. А.Ф.Никитина. – Москва: ОЛМА-ПРЕСС. Оброзование. 2004.
-
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2023.
-
Мирзиёев Ш. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. Асарлар. И-жилд. – Т.: Ўзбекистон, 2017.
-
Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири // таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: Шарқ, 2004.
-
Бабахонов Ш.З. Великие мухаддисы о мире и дружбе между народами. – Т.: Издательство народного наследия им.А.Кадири, 1988.
-
Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати. Қайта ишланган янги нашр. – Т.: Ғафур Ғулом, 2016.