Home / АЛЛОМАЛАР / ХОРАЗМНИНГ ИЛК РОВИЙЛАРИ

ХОРАЗМНИНГ ИЛК РОВИЙЛАРИ

Уйғониш даври тарихини ўрганиш жараёнида шу нарсага амин бўламизки, Хоразм ўлкаси VIII асрдан мусулмон дунёсига жуда кўплаб олимларни етиштириб бера бошлайди. Биргина “Хоразмий” тахаллуси билан ижод қилган олимларнинг ўзи жуда кўпчиликни ташкил қилган [8]. Хоразм олимларга бой, илм марказларининг буюги ва энг юксаги эди. Ушбу араб бўлмаган диёр исломий таълим ва ғояларда катта из қолдирган юзлаб уламо, фақиҳ, муҳаддис, муфассир ва адибларни етиштириб чиқарди. Хоразм халқи илм ва маданиятга муҳаббатли кишилар бўлиб, Мақдисий уларни “заковат, илм, истеъдод ва одоб аҳли” деб таърифлайди [4:284]. Бошқа ўринда эса “Хуросонда  хоразмлик шогирди бўлмаган фиқҳ, Қуръон ва адабиёт имомини топмаслик жуда ҳам нодир ҳолат” деган эди [9: 27].

Ҳайратланарлиси шуки, Хоразм араблар томонидан эгалланганидан кўп ўтмай, бу диёрдан кўплаб олимлар етишиб чиқа бошлайди. Айниқса, ҳадис илмида бу яққол кўзга ташланади. Ҳижрий 158 ва 159 йилларда туғилган Мужоҳид ибн Мусо ҳамда Довуд ибн Рашид Хоразмий Хоразмда ҳадис илмини ўрганишни бошлаб берганлардан ва бу ердаги илк ҳадис ровийларидандир. Шундан кейин Хоразмдан кўплаб ровий ва муҳаддислар етишиб чиқа бошлайди.

Шу пайтгача Хоразмда ҳадис илми мавзуси алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган бўлса-да, баъзи адабиётларда бу бўйича айрим маълумотлар учрайди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида олиб борилаётган тадқиқотларни, шунингдек З.Мунавваров, мисрлик тадқиқотчи Ҳинд Ҳусайн Тоҳа ва туркиялик тарихчи Г.Дурсун каби тадқиқотчилар асарларини бунга мисол қилишимиз мумкин.

Умуман олганда, Хоразм ровийлари ёки муҳаддислари мавзуси кам ўрганилгани ва бу борада адабиётлар камлиги учун мақолани ёритиш жараёнида асосан ёзма манбаларга мурожаат қилинди.

Мавзуни ёритишда муаммоли хронологик, тарихий-қиёсий, тарихий-баён ва бошқа методлардан фойдаланилди.

Ислом дини Мовароуннаҳр ва Хоразмга VIII аср бошларида кириб келган бўлса, шу асрнинг иккинчи ярмидан турли исломий илмлар ривожлана бошлади. Ҳадисшунослик энг тараққий этган соҳалардан бири бўлди. Самарқанд, Бухоро ва Насаф каби шаҳарлар қатори Хоразмдан ҳам кўплаб буюк муҳаддислар етишиб чиқди [5]. Мужоҳид ибн Мусо Хоразмий ва Довуд ибн Рашид Хоразмийни шулар қаторига қўшиш мумкин.

Мужоҳид Хоразмийнинг тўлиқ исми Абу Али Мужоҳид ибн Мусо ибн Фаррух бўлиб, уни замондошлари ҳофиз, имом ва зоҳид деб тан олган. Мужоҳид ибн Мусо 775 (ҳ. 158) йилда Хоразмда туғилиб, бошланғич таълимни шу ерда олган ва умрининг катта қисмини Бағдодда ўтказган. У ерда Суфён ибн Уяйна, Яҳё ибн Салим ат-Тоифий, Ҳошим ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Идрис, Қосим ибн Молик ал-Музаний ва бошқа муҳаддислардан таълим олган [8: 90]. У кишидан Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насаий, Ибн Можа, Абу Довуд ва бошқалар ҳадис ривоят қилган [2:292].

Барча муҳаддислар Мужоҳид ибн Мусонинг ҳадис ривоятида ишончли эканини таъкидлаган. Хоразмлик муҳаддис Абу Бакр Барқоний (948 йил туғилган) Муҳаммад ибн Аббосдан ривоят қилиб, бундай дейди: “Бизга Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Масъада Фаззорий сўзлаб берди, у Жаъфар ибн Дарставайҳдан, у Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Қосим ибн Муҳриздан сўзлади: Яҳё ибн Маъийндан Мужоҳид ибн Мусо Хоразмий ҳақида сўрадим, у: “Сиқа, ишончли”, деди” [5].

Ибн Аби Ҳотим ар-Розий (ваф.938) “Ал-Жарҳ ват-тадил” асарида отасидан Мужоҳид ибн Мусо ҳақида сўраганини ва отаси “у ишончли” деб жавоб берганини ёзади [10]. Хатиб ал-Бағдодий ҳам (ваф.1071) ўзининг “Бағдод тарихи” асарида Яҳё ибн Маъийндан хоразмлик ровий ҳақида сўраганида, машҳур муҳаддис “у ишончли одам, унда ҳеч қандай айб йўқ” деб жавоб берганини ёзади [10].

Мужоҳид ибн Мусодан кўплаб машҳур муҳаддислар ҳадис ривоят қилган. Ундан келган ҳадислар “Саҳиҳи Муслим”, тўрт “Сунан” ва бошқа ҳадис тўпламларида учрайди [5].

Имом Насаий хоразмлик ровийдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: “Бизга Мужоҳид ибн Мусо хабар қилди: “Исмоил ибн Улайя бизга Юнусдан, у Ҳасандан, у Абу Мусо Ашъаридан ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар икки мусулмон бир-бирига қилич ўқталса ва биттаси шеригини ўлдирса, ўлдиргувчи ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир”, дедилар. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, мана бу-ку қотил, ўлдирилган нима учун?” деди. У зот: “Чунки у ҳам шеригини ўлдирмоқчи эди”, дедилар” [5].

“Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” асарига мурожаат қиладиган бўлсак, қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин: “Бизга Абу Яъло хабар берди: Мужоҳид ибн Мусо бизга хабар берди: “Исҳоқ Азрақ айтди: “Закариё ибн Абу Зоида бизга Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Саъд ибн Зурорадан, у Ибн Каъб ибн Моликдан, у отасидан ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар орасига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмонроқдир”, дедилар” [5].

Имом Заҳабий (ваф.1348) “Сияру аъламин нубало” асарида ровийлардан бири Мужоҳид ибн Мусо бўлган бир ҳадисни келтиради. Унга кўра, Абдуллоҳ ибн Абу Қатода отасидан ривоят қилган: “Расулуллоҳ (с.а.в) “пешин намози (фарзи)нинг аввалги икки ракатида қироат қилардилар. Баъзида айрим оятларни бизга эшиттириб қўярдилар. Биринчи ракатни узунроқ, иккинчи ракатни қисқароқ ўқирдилар. Аср намозининг ҳам аввалги икки ракатида (шундай) қироат қилардилар” (Фотиҳадан кейин зам сура ўқилиши тўғрисидаги бу саҳиҳ ҳадисни Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган) [2:293].

Мужоҳид Хоразмий саксон олти ёшида, 858 (ҳ. 244) йил рабиул аввал ойида, жума куни вафот этган. Имом Заҳабийнинг хабар беришича, Мужоҳид ибн Мусо Аҳмад ибн Ҳанбалдан олти ёш катта бўлган [11].

Кейинги ровий Абу Фазл Довуд ибн Рашид Хоразмий ҳам асли хоразмлик бўлиб, Бағдодда яшаган. Бани Ҳошимнинг мавлоларидан бўлиб, илм талабида юрт кезган ҳадис илми соҳибидир. Хоразмлик ровийдан Муслим ибн ал-Ҳажжож, Ибн Можа, Насаий, Абу Довуд ва кўплаб муҳаддислар ҳадис ривоят қилган. Милодий 776 (ҳ. 159) йилда туғилиб, 854 (ҳ. 239) йилда вафот этган [2:188; 6:75; 8:90].

Барча уламолар Довуд ибн Рашиднинг ҳадис ривоятида ишончли эканини таъкидлаган. Хусусан, Яҳё ибн Маъийн: “Довуд ибн Рашид – сиқа”, деб айтган бўлса, Ибн Саъд (ваф.845) “Ат-табақот ал-кубро” асарида “Довуд ибн Рашид Хоразм аҳлидан, у Валид ибн Муслим, Бақий ибн Валид, Исмоил ибн Аббос ва бошқа шомликлардан ривоят қилган бўлиб, ишончли ровий”, деб хабар беради [12].

Муҳаддислар султони Имом Бухорий эса “Ат-тарих ал-кабир” асарининг “Динор боби”да хоразмлик ровий ҳақида шундай маълумот келтирган: “Абу Фазл Довуд ибн Рашид Бағдодда яшаган. Абул Малиҳ Ҳасан, Валид ибн Муслим ва бошқалардан (ҳадис) эшитган” [12]. Ибн Аби Хатим ар-Розий (ваф. 938) ҳам “Жарҳ ва таъдил” асарида Довуд ибн Рашидни “ишончли (содиқ)” ровий эканини ёзади [12].

Абу Фазл Хоразмий ривоят қилган ҳадислардан мисол келтирсак. Хатиб Бағдодий (ваф.1071) “Тарихи Бағдод” китобида бундай ҳадис келтиради: “Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Воизнинг бизга хабар беришича, у Абу Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Зиёд ал-Қаттондан, у Муҳаммад ибн ал-Мунадийдан, у Довуд ибн Рашид (Хоразмий)дан, у эса Ибн Алиядан, у Ҳажжож ибн Аби Усмондан, у Яҳё ибн Аби Касирдан, у Абу Саламадан, у эса Абу Ҳурайрадан бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Жувон аёлнинг розилиги олинмагунча, у никоҳ қилинмайди, қиздан эса бу ҳақда рухсат сўралади”. “Эй, Расулуллоҳ, унинг рухсати қандай бўлади?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ: “(унинг рухсати) сукут қилишидир”, дедилар [12].

Имом Заҳабий (ваф. 1348) ўз китобида қуйидаги ҳадисни келтиради: “Мен Абул Маъоилий Аҳмад ибн Исҳоққа ўқиб бердим. У кишига Муборак ибн Абул Жувд, у кишига зоҳид Аҳмад ибн Абу Ғолиб, у кишига Абдулазиз ибн Али, у кишига Абу Тоҳир Мухаллис, у кишига Абдуллоҳ Бағавий, у кишига Довуд ибн Рашид, у кишига Абу Исмоил Муаддиб ровий Аъмашдан, у киши Абу Солиҳдан ривоят қилади:

Абу Ҳурайра сўрайди: “Эй Расулуллоҳ, менга жаннатга киритадиган нарсани лўнда қилиб ўргатинг”. Шунда у зот: “ғазабланма” дедилар” [2:189; 12].

Имом Заҳабий асаридаги қуйидаги ажиб ҳикоя Абу Фазл Хоразмийнинг ички олами нақадар чиройли, хулқи гўзал, қалби пок эканини кўрсатади ва инсонни ўйга толдиради. Шунингдек, юртимизда яшаб ўтган ота-боболаримиз нақадар буюк бўлганини билдиради.

Бир куни Довуд ибн Рашид Хоразмий Иброҳим Ҳарбийга айтади: “Бир кеча намоз ўқиш учун турганимда кийимим юпқалигидан совқотиб, ухлаб қолибман. Тушимда: “Эй Довуд, уларни ухлатиб, сизни уйғотдик. Биз учун илтижо қилиб йиғламайсизми?” деган овозни эшитдим”. Ҳарбий: “Довуд шундан кейин ухламади, яъни тунги таҳажжудни тарк қилмади, деб ўйлайман”, деган” [2:189].

Хулоса ва таклифлар.   Аввалги эътиқоди зардуштийлик бўлган Хоразм воҳасига ислом дини кириб келиши ва ёйилиши билан бир вақтда бу ҳудудда “сон-саноқсиз” олимлар дунёга келишни бошлайди. 1203 йилда Гурганч шаҳрида бўлган эронлик адиб Муҳаммад Авфий шаҳарда илм одамларининг кўплигидан ҳайратланиб: “Бу шаҳарда илм аҳли Кўк юзидаги юлдузлар каби кўп”, деган эди [7:249].

Аксарият кишилар Хоразмдан фақат Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний каби дунёвий фан олимлари ёки Маҳмуд Замахшарий каби катта тилшунослар етишиб чиққан, деб билади. Лекин бу диёрда улуғ ровийлару муҳаддислар ҳам туғилгани, улар ривоят қилган ҳадислар буюк муҳаддисларнинг ҳадис тўпламларида келтирилгани ва бу ўлкага ҳатто Имом Бухорий ҳам ҳадис излаб келгани [3: 47] айни ҳақиқатдир.

Агар Мусулмон Ренессанси давридаги Хоразмга илм-фан томонидан қарайдиган бўлсак, у ўзида жилоланиб турган ва ҳар бир тоши алоҳида, ўзгача ёғду таратадиган мозаикани ифодалайди. Ростдан ҳам, Хоразм араблар фатҳидан бошлаб то мўғуллар истилосигача бўлган даврда илм-фаннинг деярли барча соҳаларидаги олимларни етиштириб берди, уларга бешик бўлди. Бу диёр буюк файласуфларни ҳам, математик ва астрономларни ҳам, табибу адибларни ҳам, улуғ муҳаддис ва машҳур фақиҳларни, муфассиру мутакаллимларни ҳам камолга етказди.

Биргина ҳадис илмини оладиган бўлсак, Хоразмда африғийлар ва маъмунийлар даврида қуйидаги содиқ ровий ва муҳаддислар етишиб чиққан: Довуд ибн Рашид, Мужоҳид ибн Мусо, Абдуллоҳ ибн Убай, Абу Юсуф Яъқуб ибн Жарроҳ, Абу Абдуллоҳ Солиҳ ибн Молик, Абул Ҳусайн Муҳаммад ибн Ҳусайн Ҳайёт, Абу Умар Ҳорис ибн Сурайж Наққол, Али ибн Аҳмад Васий, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Бемор, Абу Бакр Муҳаммад ибн Довуд Сафардарий, Саъид Усмон Атакий, Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳазорасбий, Абу Бакр Аҳмад ибн Иброҳим Ҳаббобий, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барқоний ва ҳок. Олимларнинг барчаси VIII-X асрларда яшаган ва  “Хоразмий” нисбаси билан танилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бир таклифни илгари суриш мумкин: қайси сабаблар ва омиллар туфайли илк Ренессанс даврида Хоразмдан ҳар хил соҳаларда кўп ва беназир олимлар етишиб чиққанини ва бу воҳанинг қайси жиҳати ташқаридаги олимлар эътиборини ўзига жалб қилганини алоҳида ўрганиш, тадқиқ қилиш керак. Бир томондан қараганда, бу ерда фақат аниқ ва табиий фан олимларини кўрсак, бошқа тарафдан диний илм вакилларини кўрамиз. Учинчи тараф ҳам борки, уларнинг бу иқлимда яшаб, ижод қилгани ақлни шошириб қўяди. Булар ақлни биринчи ўринга қўювчи мўътазилийлар. Ҳа, шундай, ўрта асрларда Хоразмнинг ўзига хос жозибаси бўлганки, у асрлар давомида олимлар эътиборини ўзига жалб этган. Балки, бу Хоразмнинг сулҳ йўли билан фатҳ қилингани [1:83] ва бунинг натижасида ислом дини бу ерда илм-маърифат орқали ёйилгани билан боғлиқдир. Бу борадаги кейинги тадқиқотлар бу фикрни ё тасдиқлайди, ёки инкор қилади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Баззозий Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Кардарий. Ал-Баззозий фатволари (араб тилида). 1-жилд. – Байрут, 2009.
  2. Заҳабий Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад. Машҳур даҳолар сийрати. – Т., 2017.
  3. Ислом энциклопедияси. 1-жилд. – Т., 2020.
  4. Мақдисий. Аҳсан ут-тақосим фий маърифатил ақолим (араб тилида). –Қоҳира, 1991.
  5. Мирзаев Б. Мужоҳид ибн Мусо – хоразмлик ишончли ровий // https://www.bukhari.uz/?p=24082
  6. Мунавваров З. Ренессанс олимлари қомуси. – Т., 2021.
  7. Orazsahedov A. Tarihte Gürgenç şehri. Doktora tezi. – Konya, 2018.
  8. Самъоний Абдулкарим. Насабнома. – Т., 2017.
  9. Ҳинд Ҳусайн Тоҳа. Хоразм иқлимида араб адабиёти (араб тилида). – Бағдод, 1976.
  10. http://hadithtransmitters.hawramani.com/?p=98478#04dea2
  11. https://www.islamweb.net/ar/library/content/60/2094
Мардон ХАСАНОВ,
УрДУ мустақил тадқиқотчиси

Check Also

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] …