Муҳаддис олимлар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисларни ўз услубидан келиб чиқиб жамлаган. Вақт ўтгандан кейин аввалги муҳаддислар томонидан ёзилган асарларни бошқа муҳаддис янги услубда тартиблаган. Айниқса, муснад услубида таълиф этилган асарларни мавзуларга бўлган ҳолда қайта тартибга солиш бўйича кўплаб ишлар олиб борилган. Бухоролик олим Абдуллоҳ Субазмунийнинг «Муснад»и бошқа усулда қайта тартибланган китоблар жумласига киради. Олимнинг бу асарида имом Абу Ҳанифа (ваф. 150/767)нинг устозлари ривоят қилган ҳадислар жамланган. Жумладан, унда “Ма аснадаҳу ал-имом Абу Ҳанифа ан Абдулмалик ибн Умайр” [15:68], яъни “Имом Абу Ҳанифанинг Абдулмалик ибн Умайрдан иснод билан келтирган ҳадиси”, деб келтиради.
Муҳаддис олим Абдуллоҳ Субазмунийнинг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис ибн Халил Устоз Имом Ҳофиз Фақиҳ Субазмуний Ҳорисий Калобозий (258-340/872-952) бўлиб, у Бухородан ярим фарсах (1,5 км.) узоқликдаги Субазмун қишлоғида 258/872 йили таваллуд топган. Олим фақиҳ ва муҳаддис бўлиб танилган.
Абдуллоҳ Субазмуний ҳанафий мазҳабининг машҳур фақиҳларидан ҳисобланиб, манбаларда муҳаддис ва тилшунос олим бўлгани тўғрисидаги маълумотлар ҳам келтирилган. Ўз замонасида одамлар имом Субазмунийдан доимий равишда олган маслаҳатларида бирор марта хато учрамагани учун унга “Устоз” лақабини берган. Олим Ироқ, Ҳижоз ва Хуросон шаҳарларига кўплаб саёҳат қилганидан “Ал-Жаввол” (жаҳонгашта, саёҳатчи) лақабини олган, шунингдек, ҳадис ва адабиётдан дарс ҳам берган. Муҳаддис олим 340/952 йили шаввол ойининг 5-жума (4 март) кунида вафот этган. Унинг туғилган ва вафот этган йиллари хусусида ихтилоф йўқ. Қабри ўзи туғилиб ўсган Субазмун қишлоғида жойлашган [5:291] [9:82]. Шунингдек, Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорий “Тарихи Муллозода (Бухоро мозоролари)” асарининг “Субазмундаги қабрлар тўғрисида”ги бобида олимнинг мозори ҳақида “… улуғ шайх ва машҳур имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис Субазмуний қаддасаллоҳу таоло руҳаҳунинг покиза қабри ҳам ўша ердадир” [1:92], деган маълумотни келтирган. Бу фикрни муҳаддис, тарихчи, ҳанафий фақиҳи Абдулҳай Лакнавий ҳам (ваф. 1304/1887) “Ал-Фавоид ал-баҳийя” асарида тасдиқлаган [5:291]. Ҳозирда бу қабристон фаолиятини тўхтатган. Шунингдек, аниқ маълумотлар бўлмани боис олим қабрини аниқлашнинг имкони йўқ.
Абдуллоҳ Субазмуний ҳақида ёзилган манбаларда унинг бир неча асарлари бор (лаҳу тасониф) экани айтилган [3:496]. Ҳозирга қадар унинг “Муснад Аби Ҳанифа” ва “Кашф ал-осор фи маноқиб Абу Ҳанифа” (бу асар қисқача қилиб “Кашф ал-осор” дейилади – Д.М) асарлари етиб келган. Ушбу “Кашф ал-осор фи маноқиб Аби Ҳанифа” асари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 3105-рақами остида сақлаб келинмоқда. Аммо “Муснад Абу Ҳанифа” асарининг Ўзбекистондаги нусхалари ҳақида маълумот мавжуд эмас.
Шунингдек, олим “Кашф ал-осор фи маноқиб Абу Ҳанифа” асарининг Муҳаммад ибн Бишр ривоятида: “У Абу Ҳанифа орқали кўп ривоят қилган бўлиб, аксарияти ғарибдир ва уларнинг кўпини “Муснад” китобида келтириб ўтдик” [8:85a], “У ривоят қилган ҳадислар кўп бўлиб, уларни “Муснад” китобида зикр қилдик”, деб келтирган. Ушбу маълумотга таяниб, “Муснад” асари “Кашф ал-осор”дан олдин ёзилган, деган хулосага келиш мумкин. Бу каби ҳолатлар кўп такрорланса-да, бироқ Абдуллоҳ Субазмуний бошқа асари ҳақида маълумот келтирмаган.
Муҳаддиснинг “Муснад”ида Имом Абу Ҳанифанинг шайхи зикр этилиб, сўнгра у ривоят қилган ҳадислар баён қилинган. Масалан, “Абу Ҳанифа Ҳакам ибн Утайбадан ривоят қилган ҳадислар”, деб Ҳакамдан қандай ҳадислар ривоят қилган бўлса, уларни бирма-бир келтирган. Бу ҳолат одатдаги муснад ёзиш услубидан фарқ қилади[1]. Асарда, умумий ҳисобда Имом Абу Ҳанифанинг 79 та шайхи иштирок этган. Мазкур асар Абу Муҳаммад Асютий томонидан тадқиқ қилиниб, 2008 йилда нашр этилган [15:336]. Унда 915 та ҳадис жамланган бўлиб, машҳур муҳаддис Ибн Манда (ваф. 395/1005) ривояти орқали етиб келган. Шунингдек, аниқ маълумотлар бўлмагани боис олим қабрини аниқлашнинг имкони йўқ.
Абдуллоҳ Субазмунийнинг ушбу “Муснад” асари кейинчалик бошқа ҳанафий муҳаддислари томонидан қайта ишланган. Улардан бири аллома Мусо ибн Закариё ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Соид Ҳаскафий Қозий Садруддин (ваф. 650/1252)дир. У асарни мухтасар ҳолатга келтирган. Олим Ҳалабга келиб, шу ерда яшаб, фаолият юритган ва фақиҳ бўлиб танилган. Кейинчалик Қоҳирага бориб, Жаҳоркас мадрасасида фиқҳ ва бошқа фанлардан дарс берган. Шу билан бирга, Ҳалаб ва Қоҳирада ҳадис ривоят қилиш билан ҳам шуғулланган. Умрининг охирини Қоҳирада ўтказган ва ўша ерда вафот этган. Ҳаскафий Имом Ифтихоруддин Абдулмутталиб ибн Фазл Ҳошимий Абу Ҳошимдан ҳадис эшитган бўлса, Димётий каби улуғ муҳаддисга устозлик қилган [14:316].
Ҳаскафий орқали етиб келган асарда, ҳадислар бир неча бор такрор келган бўлса, қолганларида исноднинг ўзи зикр қилинган. Бу эса, бошқалар ҳам бу ҳадисни нақл қилганини билдиради. Мухтасар қилинган жойда “Қола Абу Муҳаммад…” (Абу Муҳаммад деди…), деб таъкидланган ўринлар кўп учрайди [12:176]. Булар орқали Субазмуний келтирган иснодлар ўрнини билиш мумкин. Бу эса, бир ҳадиснинг кўплаб иснодлари мавжудлигини кўрсатиш йўлидир. Чунки ҳадис илми қонуниятларига кўра, ҳадис иснодлари қанча кўп бўлса, ўша ривоят кучли ҳисобланган. Масалан, Имом Абу Ҳанифа ўз шайхидан бир ҳадис айтса, уни Абу Ҳанифанинг нечта шогирди ривоят қилган бўлса, ўшаларда ҳадис матни келтирилмаган.
Ҳаскафийдан сўнг унинг китобини шайх, аллома Муҳаммад Обид Синдий Мадиний (ваф. 1257/1839) фиқҳий масалалар тартибига кўра жойлаштирган. Синдийнинг тўлиқ исми Муҳаммад Обид ибн Аҳмад Али ибн Муҳаммад Мурод ибн Яъқуб Ҳофиз ибн Маҳмуд Ансорий Хазражий бўлиб, Синдда (Покистон) дунёга келган. Бобоси оиласини араб ерларига олиб борган ва ўша жойларда яшаб қолган. Олим аввал Ҳижозда, кейин Яманда яшаган. Ўз даврида ҳадис, фиқҳ ва ҳатто табобатни ҳам ўрганган [7:5]. Бир қатор китоблар, хусусан, “Миҳнат ал-Борий фи жамъ ривоят ал-Бухорий”, “Тартиб муснад ал-имом аш-Шофеъий”, “Ал-Мавоҳиб ал-латифа шарҳ муснад ал-имам Абу Ҳанифа” ва бошқаларни ёзган.
Синдий “Муснад”ни Абу Ҳанифа устозларини билмаган толиби илмларнинг ундан ҳадисларни осон топиши учун фиқҳий тартибда жойлаштирган [11:138]. Асар фиқҳий тартибда бўлса ҳам унда фиқҳга оид бўлмаган имон, шамойил, илм ва бошқа шу каби масалаларга ҳам ўрин ажратилган. Китоб номини “Тартиб муснад ал-имом Абу Ҳанифа би ривоят ал-Ҳаскафий” деб номлаган [7:5]. Ушбу асар Абу Баракот Ҳаққуннабий Синдий Азҳарий томонидан нашрга тайёрланган ва 2016 йили Мисрда чоп этилган.
Асардаги ўттиз уч китобда беш юз йигирма тўққиз ҳадис ўрин олган бўлиб, у “Ас-Синдий муснади” номи билан юритилган. Энг катта боб намозга оид бўлиб, унда 119 та ҳадис келтирилган. Асарда яна рақамланмаган баъзи ҳадислар бўлиб, улар 77 тани ташкил этган ва улар “ва фи риваятин”, яъни “яна бир ривоятда” деб берилган. Бу ривоятларда ўзидан юқорида бўлган ва рақамланган ҳадисларнинг мазмунига мос бошқа ҳадис келтирилган. Масалан, никоҳ китобида, Абу Ҳанифа Юнус ибн Абдуллоҳдан, у отасидан, отаси Роби ибн Сабра Жуҳанийдан, у яна отасидан ривоят қилган: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Макка фатҳи куни аёлларга вақтинча уйланишдан қайтардилар”. Бу ривоятга рақам қўйилган бўлиб, унинг ортидан “яна бир ривоятда” деб: “Ҳаж йили мутъадан қайтардилар” ва давомида “яна бир ривоятда” деб: “Расулуллоҳ (с.а.в.) фатҳ куни аёлларга вақтинча уйланишдан қайтардилар”, дейилган [7:106]. Агар буларни ҳам алоҳида ҳисобласа, китобда жами 196 та ҳадис келтирилган бўлади. Шу ўринда айтиш лозимки, бу асар ҳадис илмига оид экани учун фақат ҳадислар санаб ўтилган бўлиб, фатволар берилмаган, шарҳ ҳам қилинмаган. Асарнинг истибро ва раҳн китобларида биттадан ривоят зикр қилинган. Шу билан бирга, Синдий китобнинг кириш қисмида “Амаллар ниятга боғлиқ” ҳадисини келтирган [7:39] ва уни асосий ҳадислар қаторига қўшмаган.
Асарнинг яна бир хусусияти ҳадисларни баҳс орасида ривоят қилишдир. Жумладан, намоз китобининг 18-ҳадисида Суфён ибн Уяйна (ваф. 198/814) шундай деган: “Абу Ҳанифа ва Авзоий Маккада Дорул ҳаннотда учрашди. Авзоий Абу Ҳанифага: Сизларга нима бўлганки, намозда қўлларингизни рукудан олдин ва кейин кўтармайсизлар?” деганида, Абу Ҳанифа: “Чунки бу бўйича Росулуллоҳ (с.а.в.)дан саҳиҳ ҳадис келмаган”, деди. Авзоий: “Қандай қилиб саҳиҳ эмас, Менга Зуҳрий Солимдан, у отасидан (Абдуллоҳ ибн Умар), у Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ҳадис айтган: “У зот намоз бошлашда рукудан олдин ва кейин қўлларини кўтарар эдилар”, деди. Абу Ҳанифа унга: “Бизга Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ва Асваддан, улар Ибн Масъуддан ҳадис айтиб берган: “У зот фақат намозга киришларида қўл кўтарганлар, бу ишни қайтиб қилмаганлар”, деди. Шунда Авзоий: “Мен сенга Зуҳрийдан, Солимдан, отасидан деб ҳадис айтсам, сен Ҳаммоддан, у Иброҳимдан келган ҳадисни айтдинг!”, деди. Абу Ҳанифа: “Ҳаммод Зуҳрийдан фақиҳроқ, Иброҳим Солимдан фақиҳроқ, Алқама фиқҳда Ибн Умардан кам эмас. Ибн Умарнинг саҳобий фазилати бор. Асваднинг ҳам кўплаб фазилатлари бор. Абдуллоҳ Абдуллоҳ-да!”, деганида Авзоий сукут сақлаб қолди” [7:70].
Субазмуний ўз “Муснад”ини Имом Абу Ҳанифа устозлари асосида тузиб чиққани учун ҳам уни қайта тартиблаш жараёнида бу ҳолат сақланиб қолган. Умумий ҳисобда Имом Абу Ҳанифанинг 89 нафар шайхи – устози зирк қилинган. Ҳатто улар орасида бир нафар аёл шайхи бўлганини ҳам билиш мумкин. Шунингдек, устозлари орасида Ҳаммод, Ато ибн Абу Рабоҳ каби олимларнинг бўлиши ва улардан кўп дарс олганига ҳам ишора қилиш ҳолатлари кузатилади. Шу билан бирга, Муҳаммад Обид Синдий асарга “Ал-Маваҳиб ал-латифа фил ҳарам Маккий би шарҳ Муснад ал-имом Ҳаскафий” номи билан шарҳ ҳам ёзган. Муснадлар орасидаги энг катта шарҳ эҳтимол шу бўлиши мумкин [11:155]. Бундан ташқари, Муҳаммад Ҳасан Сунбуҳалий (ваф. 1305/1887) Синдий асарини “Тансиқ ан-низом бишарҳ Муснад ал-имом” номи билан шарҳлаган ва унинг муқаддима қисмида асардаги ровийлар ҳақида қимматли маълумотларни келтирган [11:157]. Бу асарда 521 та ҳадис шарҳланган [10:682]. Бироқ бу асарнинг қириш қисми жуда қисқа бўлиб, илмий тадқиқ қилинмаган. Шу билан бирга, бу асарга Али Қори томонидан ёзилган шарҳ Ҳиндистонда 1312/1894 йили Ҳаравий томонидан нашр этилган [11:138].
Иккинчи олим Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Масъуд Жамолуддин Қунавий Димашқий (ваф. 771/1369) ҳам Абдуллоҳ Субазмуний асарини мухтасар қилиб, “Ал-Мутамид мухтасар ал-Муснад” (“Муснаднинг мухтасарига таянч”), деб номлаган [11:143]. Аммо асарнинг қўлёзма нусхасига “Ал-Мутамид аҳодис ал-Муснад”, деб ном берилган [13:23a]. У асарни фиқҳий масалалар тартибига кўра, ўттиз уч бобга бўлиб чиққан. Сўнгра уни “Ал-Мустанид шарҳ ал-Мутамид” номи билан шарҳлаган. Бироқ бу асар ҳақида бошқа маълумот йўқ. Шу ўринда айтиш мумкинки, ушбу олим тафсир, калом, фиқҳ ва бошқа соҳаларда ҳам қалам тебратган серқирра ижод соҳибидир.
Учинчи олим эса, Зайнуддин Қосим ибн Қутлубуғо (ваф. 879/1474) бўлиб, у ҳам Ҳорисий (Субазмуний) асарини Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Хусрав Балхий (ваф. 576/1183) каби бобларга бўлган ҳолда ривоят қилган ва у “Ибн Қутлубуғо Муснади” деб юритилган [11:149]. Бошқа ўринда “Табвиб Муснад лил Ҳорисий” [4:972] номи билан зикр қилинган.
Имом Субазмунийнинг “Муснад” асари ҳанафий мазҳабида ёзилган Исфаҳоний ва бошқа олимларнинг “Муснад”ларидан ҳажман катта бўлиб, муҳаддислар ҳамда кенг халқ оммасига мўлжалланган манбалардан бири сифатида қадрлиди. Буни “Муснад”га ёзилган мухтасар ва шарҳларнинг кўплигидан ҳам билиш мумкин. Шу боис, ҳанафий олимларининг ҳадис тўпламлари орасида Имом Субазмунийнинг “Муснад” ва Хоразмийнинг “Жомеъ ал-масонид” асарлари энг кўп зикр қилинган.
Ҳанафий олимлари кейинги даврларда ўз мазҳабига нисбатан қилинган туҳмат ва турли кўринишдаги зиддиятлардан, жумладан, ҳадислар хусусидаги ихтилофлардан ўзларини ҳадис илмига оид асар ёзиш билан ҳимоя қилган. Натижада, ҳанафий олимлари томонидан яратилган ҳадис китоблари пайдо бўла бошлаган. Бу турдаги китобларда асосан Имом Абу Ҳанифадан ривоят қилинган ва ушбу мазҳабда ҳужжат сифатида ишлатиладиган ҳадислар жамланган. Мана шундай манбалардан Абдуллоҳ Субазмунийнинг “Муснад” ва “Кашф ал-осор фи маноқиб Абу Ҳанифа” асарлари ўрин олган.
Ҳанафий мазҳаби олимларидан Абу Муайяд Муваффақ ибн Аҳмад ибн Исҳоқ Маккий Хоразмий (ваф. 568/1172) Абу Ҳанифага нисбат берилган 15 та муснадлардан фиқҳий масалаларда сайланма ёзган ва улар орасида энг кўп фойдалангани Абдуллоҳ Субазмуний Бухорийнинг “Муснад”идир. Шунингдек, Абу Муайяд Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Хоразмий (ваф. 665/1266) каби олимлар ҳам ўз асарларини яратишда ундан кенг фойдаланган.
Ҳанафий муҳаддисларининг асосий эътибори ва олиб борган ишлари Имом Абу Ҳанифанинг муҳаддислик фаолиятини тўлиқроқ кўрсатишга қаратилган. Шунингдек, улар имомни “ҳадисларни яхши билмайди”, деган асоссиз гаплардан ҳимоя қилиш учун ҳам ҳадислардан ҳужжат тўплаган.
Хулоса қилиб айтганда, Абдуллоҳ Субазмунийнинг “Муснад” асари кўплаб олимлар томонидан тадқиқ этилган. Юқорида келтирилган маълумотлар Абдуллоҳ Субазмунийнинг асари устида олиб борилган изланишлар кўлами кенг эканини кўрсатади. Айни пайтда, Имом Субазмуний “Муснад”ининг минтақамиз олимлари томонидан тадқиқ қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, Синдий асаридаги ровийларни чуқур ўрганиш юртимиздан етишиб чиққан барча ҳанафий муҳаддислар ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш имконини берган.
- Бухорий Аҳмад. Тарихи муллозода дар зикри мозороти Бухоро / таржимон Раҳимов К. – Т.: Фан, 2019.
- Йўлдошев Н., Қурбонов Ҳ. Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги зиёратгоҳлар тарихи. – Бухоро: Бухоро нашриёти, 2001.
- Заҳабий. Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол. Шаҳри кўрсатилмаган. Дор иҳё ал-кутуб ал-арабийя, 1963. – Ж. 2.
- Каттоний Абдулҳай. Фиҳрас ал-фаҳорис вал асбат. – Байрут: Дор ал-Ғарб ал-исломий, 1982. – Ж. 2.
- Лакнавий Абдулҳай. Ал-Фавоид ал-баҳийя фи тарожум ал-ҳанафийя. – Байрут: Дор ал-Арқам, 1998.
- Синдий Обид. Ал-Мавоҳиб ал-латифа шарҳ муснад ал-имам Аби Ҳанифа. – Димашқ: Дор ан-наводир, 2013. – Т. 1.
- Синдий Обид. Тартиб муснад ал-имом Аби Ҳанифа би ривоят ал-Ҳаскафий. – Қоҳира: Дор ал-эҳсон, 2016.
- Субазмуний Абдуллоҳ. Кашф ал-осор фи маноқиб Аби Ҳанифа. –Тошкент: Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик институти, – Қўлёзмалар асосий фонди. – Қўлёзма № 3105. – 256 варақ.
- Сухарева О.А. Квартальная община позднефеодального города Бухары. – М.: Наука, 1976.
- Тартиб Муснад ал-Имом ал-Аъзам / Мин ривоят ал-қодий ал-имом ал-муҳаддис аллома Садр ад-дин Мусо ибн Закариё ал-Ҳаскафий рҳ. ли-Хотимат ал-Ҳофиз Муҳаммад Обид ас-Синдий ал-Ансорий рҳ. Маа шарҳ Тансиқ ан-низом фи Муснад ал-Имом ли-Муҳаммад Ҳасан ас-Сунбулий рҳ. Янги нашр. – Карачи: Мактабат ал-Бушро, 2010.
- Урказаий, Муҳаммад Амин. Масонид ал-имам Абу Ҳанифа. – Карачи: Ал-Қодир барнатак центр. 1978.
- Хаскафий Мусо. Мухтасар муснад Абу Ҳанифа. – Қоҳира: Қўлёзма. Ал-Азҳар кутубхонаси. № Инв. № 311832. – 176 варақ.
- Қунавий Маҳмуд. Ал-Мутамид аҳодис ал-Муснад. Қўлёзма / Устоз Муҳаммад ибн Туркий ат-Туркий шахсий кутубхонаси. 40 варақ. https://www.alukah.net/library/0/112140/.
- Қураший Абдулқодир. Ал-Жавоҳир ал-музийя. – Ал-Қоҳира: Ҳижр, – Т.3.
- Ҳорисий Абу Муҳаммад. Муснад Аби Ҳанифа / таҳқиқ Абу Муҳаммад Асютий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 2008.