Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз мустақиллигининг 33 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб олдик. Бугун ҳар бир гўшада байрам шукуҳи ҳукмрон. Бу айём ўзини шу Ватан фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун қадрли, азиз ва мўътабар. Чунки у бизга ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни бахш этди.
Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Президентимиз фармонларига мувофиқ турли соҳа вакиллари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Шундай фидойи юртдошларимиз қаторида уч нафар имом-хатиб “Имом Бухорий” ордени билан мукофотлангани барча диний соҳа вакилларини бениҳоя хурсанд қилди. Айтиш жоизки, яқин ўтмишда имом-хатибларга бу даражада эҳтиром кўрсатилмаган. Ушбу қувончли воқеа янги Ўзбекистонда ислом дини ва соҳа ходимларига қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Имом-хатиблар юксак мукофотларни 30 август куни Кўксарой қароргоҳида давлатимиз раҳбаридан қабул қилиб олди. Қуйида уларнинг дил сўзлари билан танишасиз.
МАЪРИФИЙ СОҲАДА ИЛМИЙ АСОС ЯРАТИЛАДИ
— Бугун мен жуда ҳам шодман. Мана шундай улуғ мукофотни шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзидан қабул қилиб олиш менга юксак шараф бўлиш билан бирга, катта масъулият ҳам юклади. Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда инсон қадри ва унинг шаънини юксалтириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг самараларини бирма-бир санаб адоғига етиш мушкул.
Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий каби буюк алломаларимизнинг бебаҳо илмий мактабини ўрганиш ва тадқиқ этиш учун илмий-тадқиқот марказлари фаолияти кенг йўлга қўйилди.
Динимизни илмий жиҳатдан ўрганишни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда шу номдаги мадрасага асос солинди. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Уларда талабалар ва ёш тадқиқотчилар буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш баробарида замонавий илмларни ҳам ўзлаштириб, етук олим бўлиб камол топади. Шулар қаторида турли ҳудудларда ҳадис, калом, тасаввуф, фиқҳни ўрганишга ихтисослашган илмий мактаблар, хусусан, бизнинг вилоятимизда ҳам тасаввуф илми мактаби фаолияти йўлга қўйилгани диний-маърифий соҳада янги давр бошланганидан дарак беради.
Қувонарлиси, мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухоро Арк қўрғони яқинида Мир Араб олий мадрасасининг янги биноси барпо этилди ва фойдаланишга топширилди. 200 ўринга мўлжалланган олий мадрасада Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллар пухта ўргатилади. Бугунги кунда 100 нафардан ортиқ талаба замонавий жиҳозланган ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси ва спорт залида малакали устозлардан таълим олмоқда.
2021-2024 йилларда вилоятимиздаги 15 та масжиднинг янгитдан қуриб фойдаланишга топширилгани, 42 та масжидда эса йирик таъмирлаш ишлари олиб борилгани мамлакатимизда муборак динимизга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг исботидир.
Мустақиллик байрами арафасида шундай улуғ эътирофга сазовор бўлиш, менга чексиз ғурур бағишлади. Келажак авлодни янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкори қилиб тарбиялаш, халқимизнинг маданий-маърифий, диний-ахлоқий дунёқарашини бойитиш йўлидаги фаолиятимда бу мукофот менга қанот бағишлайди, дея ишонч билан айта оламан.
АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ ЎЛМАС МЕРОСИ ЧУҚУР ЎРГАНИЛМОҚДА
— Бугун жуда бахтиёрман. Энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланганимдан қувончим чексиз, сўз билан таърифлашга ожизман. Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган орденга биринчилардан бўлиб лойиқ кўрилганимдан, юксак мукофотни давлат раҳбарининг қўлидан олганимдан бошим кўкка етди.
Турли соҳаларда эришилаётган барча ютуқлар ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, одилона сиёсат натижасидир. Ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ва мадрасаларни обод қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятимизда ўнлаб янги масжидлар қурилди, мавжудларида қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Мисол учун, бир вақтлар йўқ бўлиб кетиш арафасида турган Абул Муин Насафий зиёратгоҳини бутун бутун дунё сайёҳлари катта завқ ва ҳайрат билан томоша қилмоқда.
Мазкур мажмуада Абул Муин Насафий илмий меросига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияларда Туркия, Миср, Франция, Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан юзлаб олим ва каломшунос мутахассислар иштирок этиб, юртимизда эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилаётган эътиборни юксак баҳолади. Шунингдек, Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар, Китоб туманидаги Хўжа Илм Кони ва Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Вахшуворий, Қамаши туманидаги Лангар ота мажмуаларини реконструкция ва реставрация қилиш ишлари амалга оширилди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида муборак ҳаж амалини адо этишга муяссар бўлган ватандошларимиз сони бармоқ билан саноқли бўлган. Бугунги кунда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли уларнинг сони 15 мингдан ошди. Жорий йилда фақат Қашқадарё вилоятининг ўзидан 801 нафар фуқаро ҳаж амалларини бажариб келди.
Ҳаж мавсумида Президентимиз ҳожилар ҳолидан хабар олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилгани нафақат ҳаж зиёратига борганларни, уларнинг оила аъзоларини, барча мўмин-мусулмонларимизни беҳад қувонтирди.
Бундай ғамхўрликдан руҳланган ҳожиларимиз, вилоятимиздаги барча жоме масжидлар имом-хатиблари ва уларнинг ноиблари “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида хайрли амалларни бажармоқда.
ЮКСАК МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ЖАМИЯТ БАРПО ЭТИШ ЙЎЛИДА
— Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизда кўзга кўринган илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият вакиллари қаторида давлат мукофоти билан тақдирланганим менга чексиз фахру ифтихор бағишлади.
Яратганга беҳад шукрлар бўлсинки, юртимизда истиқлол байроғи остида халқимизнинг юрт равнақи йўлидаги азалий истакларини рўёбга чиқа бошлади. Бу, албатга, ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, энг аввало, инсон манфаатига қаратилган бўлиб, уларнинг негизида фаровон турмуш, илм-фан равнақи, юксак маънавий-ахлоқий, илмий-ижодий салоҳиятни янада юксалтириш ва ривожлантириш ётади.
Бугун шу мақсадда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар мақтовга лойиқ. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий меъморий мажмуаси юксак даражада ва маҳобатли шаклда бунёд этилмоқдаки, у бир неча асрлар давомида юртимиз ва дунё мўмин-мусулмонлари учун руҳий-маънавий озуқа оладиган муҳташам даргоҳга айланади. Шунингдек, келажак авлод учун бир неча юз йиллар зиё сочадиган, ёшларга илм-маърифат нурини таратадиган осори атиқа бўлади.
Давлатимиз етакчиси раҳбарлигида бунёд этилаётган ва Учинчи Ренессанс пойдевори, дея таърифланаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳам буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаларини дунё ҳамжамиятига намоён этадиган, ислом маърифатини кенг тарқатадиган ва ёшларни улуғ алломаларга муносиб авлод қилиб тарбиялайдиган маърифат кошонаси бўлиб асрлар оша хизмат қилади, иншааллоҳ.
Мана шу ўзгаришлар кўз ўнгимда рўй бераётгани ва ўзим ҳам унда иштирок этиб, улкан савобли ишларга сабабчи бўлаётганимдан фахрга тўламан. Бундан ўттиз йил олдин Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида янги қурилган жоме масжидининг имом-хатиби сифатида ўз фаолиятимни бошлаганман.
Истиқлолнинг илк даврларида вилоятимизда бор йўғи 4 масжид бор эди. Улардаги шарт-шароитлар ҳақида сўз юритишнинг ҳожати ҳам йўқ. Бугун вилоятимизда 200 дан ортиқ масжид фаолият юритяпти. Уларнинг барчаси замон талабига мос тарзда таъмирланган, бинолари янгидан бунёд этилиб, намозхонлар учун барча шароитлар ҳозирланган.
Яна бир таъкидлаш жоиз бўлган воқеа имом-хатиб ва диний соҳа ходимларининг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланди. Олдинлари фақат тўй-маъракалардагина кўриниш берадиган имомларимиз бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда, уни халққа етказишда астойдил фидойилик кўрсатмоқда. Айниқса, ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан асраб-авайлаш, ҳанафий мазҳабига хос диний тушунчаларни тарғиб қилиш, диндошларимиз тўғри йўлда юриши учун олиб борилган маънавий-маърифий ишларда бевосита иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман.
Камтарона меҳнатим юксак қадрланишидан, “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланганимдан беҳад миннатдорман. Аслида, бу мукофот нафақат менинг, балки бутун Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган барча имом-хатиб ва ноибларнинг улкан меҳнати натижаси деб ҳисоблайман.
Биз, дин пешволари бундай эътибор ва эҳтиром олдида қарздорликни мудом ҳис этамиз. Бунга жавобан юртимиз тинчлиги ва аҳоли фаровонлиги йўлида янада куч-ғайрат ва фидокорлик билан хизмат қиламиз. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар бардавом бўлишини доимо Раббимиздан сўраймиз. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман…”, деб марҳамат қилган.