Ўзбекистон мустақилликка эришгач, алломалар илмий меросини ўрганиш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» номи билан машҳур асари бутун мусулмонлар учун Қуръони каримдан кейинги муҳим манбадир. Асарда келтирилган ҳадислар инсонларнинг маънавий онги, одоб-ахлоқи, маданияти ва комил инсон тарбияси учун хизмат қилгани боис, уни ҳар жиҳатдан пухта ўрганиш зарур.
Имом Бухорийнинг ушбу асари борасида олиб борилган тадқиқотлар, аввало, унинг қўлёзма нусхаларига бевосита боғлиқ. Зеро, асарга боғлиқ барча илмий ва фаразий тахминларда унинг илк аср ва кейинги даврларда кўчирилган нусхалари муҳим аҳамият касб этади. Бу борада турк тадқиқотчиси Д.Фуад Сезгин (1342-1439/1964-2018) ўзининг «Тарих ат-турос ал-арабий» («Ислом илмлари тарихи») номли асарида «Саҳиҳул Бухорий» асари қўлёзма нусхалари бўлимида қуйидагиларни келтиради: «Саҳиҳул Бухорий» асари қўлёзма нусхалари араб оламидаги деярли барча кутубхоналарда учрайди. Нусхалар орасида биз билган энг қадимий қўлёзма – 370-390/980-999 йилларда Марвазий ривоятига кўра кўчирилган «Минжана» нусхаси ҳам бор. Мазкур нусха 1936 йил Кембриж университетига олиб кетилган» [2:228].
Асарни ўрганиш даставвал хаттотлар томонидан кўчиришдан бошланган. Жумладан, Қуддусда яшаган Абу Наср ал-Мўътаман ас-Сожий милодий 1053-1113 йилларда асарни олти марта тўлиқ кўчирган. Ушбу асар ислом оламида ўта аҳамиятли бўлгани боис, ёзиб тугалланганидан ҳозирга қадар унга шарҳ ва ҳошиялар битилиб, тадқиқотлар олиб борилмоқда. Асар ҳадис илмига оид бўлишига қарамай уни турли аспектларда ўрганиш мумкин. Жумладан, жарҳ ва таъдил, ровийлар исми, ҳадисларнинг саҳиҳ ёки заиф эканини англаш ва яна шу каби мавзуларни ўз ичига қамраб олади. Ҳадис илми, сўзларнинг ишлатилишига кўра уларнинг турли маъноларда қўллашга оид – балоғат илми, араб тилидаги сўзларнинг синтактик ва грамматик жиҳатидан тўлақонли ўрганувчи – наҳв ва сарф илмлари шулар жумласидандир. Бундан ташқари, яна бошқа соҳаларда ҳам «Саҳиҳул Бухорий» асарини ўрганиш ҳалигача давом этмоқда.
Умуман олганда, асарнинг исломшуносликда ўрганилиши бошқа соҳаларга қараганда кўпроқ сонни ташкил этади. Шундай бўлса-да, ҳозирга қадар асарнинг 150 га яқин шарҳлари бор экани аниқланган. Ҳиндистонлик машҳур олим Абдуссалом Мубарокфурийнинг (1289-1342/1872-1924) «Сийрот ал-Имом ал-Бухорий саййид ал-фуқаҳо ва имом ал-муҳаддисин» («Фақиҳлар пешвоси ва муҳаддислар етакчиси Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли») номли китобида «Саҳиҳул Бухорий»га ёзилган 142 та шарҳни санаб, улар ҳақида қисқача маълумот келтирган [1:452]. Бу борада олим китобининг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асарига ёзилган шарҳ ва изоҳлар» деб номланган тўртинчи бобида бундай дейди: «Асарнинг улуғворлиги ва қадри буюк эканига исбот сифатида унга ёзилган шарҳ ва изоҳларни келтириш мумкин. «Саҳиҳул Бухорий» тўпламига шарҳ ёзган олимлар қайси мазҳаб ва йўналишда бўлишидан қатъи назар, асар ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шарҳ битганларнинг баъзилари асарнинг умумий ҳолатига шарҳ ёзган бўлса, бошқаси ҳадис ривоят қилган инсонлар китобда келтирилган фиқҳ илмига оид мавзуларни ўрганиб, тадқиқ қилган. Шориҳлар – шарҳ ёзганлардан баъзилари ўз шарҳини муфассал ёзган бўлса, баъзиси умумлаштириб, яна баъзилари ўзидан олдин ёзилган шарҳларни мухтасар – ихчам ҳолатга келтириб, жамлаган. «Саҳиҳул Бухорий»га оид шарҳларнинг ҳаммасини ёки у ҳақда ёзилган китобларни тадқиқ қилиш жуда қийин иш. Аммо қўлимдан келганича, ўша изоҳ ва мулоҳазаларни ҳурматли ўқувчига ҳавола этаман. Ҳадис олимлари ўз асарида ишора қилган баъзи шарҳлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш имкони йўқ бўлгани боис, уларнинг номи ёки тафсилотини келтирмасдан, батафсил маълумот бера олмаганимиздан чуқур афсусдаман» [1:Ж 1: 363]. Аллома Муборакфурий сўзларидан «Саҳиҳул Бухорий» асарининг нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини англаш мумкин.
Асарнинг илк шарҳи сифатида Хаттобий номи билан машҳур Имом Абу Сулаймон Ҳамд ибн Муҳаммаднинг (ваф. 388/988) «Аълом ас-сунан» китобини келтириш мумкин. Бу китоб ҳақида машҳур тарихчи олим Ҳожи Ҳалифа (ваф. 1068/1657) қуйидагиларни айтиб ўтади: «Аълом ас-сунан» асари ўта нодир шарҳ бўлиб, асар «Неъматларни беминнат тортиқ қилувчи Аллоҳга ҳамд бўлсин» деб бошланади. Хаттобий «Маолим ас-сунан» китобини тугатганидан сўнг, ушбу асарни бир жилдда ёзиб қолдирди. Асар Балх аҳли илтимосига биноан ёзилган» [3:545]. Ҳожи Халифа юқорида айтиб ўтган Хаттобийнинг «Маолим ас-сунна» китоби олтита энг тўғри ҳадис асарлари ичидаги Имом Абу Довуднинг (202-275/889-817 й.) «Сунан»ига ёзилган шарҳдир.
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» асарига илк шарҳ деб қараладиган «Аълом ас-сунан» асари номи борасида бир қанча қараш бор. Яъни асар номи аслида «Аълом ас-сунан» бўлганми ёки бошқами деган савол тадқиқотчилар орасида учрайди. Чунки унинг бир қанча қўлёзма нусхаларида «Аълом ас-сунан» номидан ташқари «Ал-Иълом ас-сунан», «Ал-Иълом ал-Бухорий» каби ўнга яқин кўринишларни учратиш мумкин. Асар устида тадқиқот олиб борган Д.Муҳаммад ибн Саъд сўнги хулоса ўрнида унинг номини «Аълом ас-сунан» эканини тўғри деб қайд этган [7:67]. Имом Бухорий ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот келтириб, унинг «Саҳиҳул Бухорий» асарига ёзилган шарҳларни келтирган олим У.Увватов ҳам ўзининг «Мовароуннаҳр ва Хуросон олимларининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни: Бухорий, Муслим, Термизий» номли китобида Хаттобий шарҳини «Ал-Иълом» деб келтириб, муаллиф номини ҳам хато тарзда «Ал-Хитобий» деб қайд этган [6:75].
Хаттобий шарҳидан сўнг Имом Аҳмад ибн Наср Аздийнинг (ваф. 402/1012) «Ан-Насиҳату фи шарҳ ал-Бухорий» номли асарни келтириш мумкин. Ушбу шарҳ борасида тафсир, қироат ва ҳадис илми олими Юсуфзода Афанди (1127-1085/1674-1754) ўзининг «Саҳиҳул Бухорий» асарига изоҳ сифатида ёзган «Нажоҳ ал-қорий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий» номли шарҳида қуйидагиларни айтиб ўтган: «Имом Аҳмад ибн Наср Аздийнинг «Ан-Насиҳату фи шарҳ ал-Бухорий» номли асарида Хаттобийнинг «Аълом ас-сунан» китобида урғу бериб ўтилган эслатмаларга тўлдириш киритилиб, у келтирмаган қайдларни учратиш мумкин» [8:36]. Аммо Юсуфзода Афандининг ушбу шарҳи ҳозиргача тўлиқ китоб шаклида чоп қилинмаган.
Кейинги шарҳ сифатида тилшунос олим Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жаъфар Таймий ал-Қаззознинг (ваф. 412/1002 й.) «Шарҳ ғориб ал-Жомеъ» номли асарини келтириш мумкин. Абу Абдуллоҳ Муҳаммаднинг ушбу шарҳи Имом Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» га ёзилган олдинги шарҳлардан тилшуносликка оид масалаларни ёритиб бериши билан характерлидир. Бунинг исботи сифатида Юсуфзода Афанди «Нажоҳ ал-қорий шарҳ саҳиҳ ал-Бухорий» шарҳида [8:36] Абу Абдуллоҳ Муҳаммаднинг шарҳидан фойдаланганини айтиб ўтганини кўриш мумкин. Келтирилган масалаларнинг аксари араб тилидаги сўзларнинг этимологик тарихи ва турли талаффуз қилинишига оид қарашларни ўз ичига олади.
Андалусиялик машҳур муҳаддис олим Муҳаллаб ибн Абу Суфро Аздийнинг (ваф. 435/1044) ҳам «Саҳиҳул Бухорий» асарига ёзган шарҳи ушбу асарларнинг илк ёзилганларидан биридир. Муаллиф ушбу асарни қисқартириб, «Ал-Мухтасар ан-насиҳ фиҳзиб ал-китаб ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» деб номланган бошқа бир асар ҳам ёзган. Муҳаллаб Аздийнинг бир асарга иккита китоб ёзиши олимлар орасида кам учрайдиган ҳолат бўлгани боис, муаллиф буни қуйидагича изоҳлайди: «Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» асарида баъзи ҳадислар такрор келгани боис, ундаги ҳадисларни қисқартириб беришга, моҳиятини тушунтиришга ва ёдлаш учун осон бўлишига катта қизиқиш билдирган инсонлар таклифига кўра ушбу асар ёзилди» [4:105]. Муҳаллаб Аздийнинг мазкур қисқартмаси муаллиф айтганидек, такрор ҳадисларни яна қайта келтирмай, қаерда бир ҳадис такрор келиши мумкин бўлса, шу мавзунинг ўзидаёқ, ушбу ҳадис шу мавзуда ҳам келтирилган деб айтиб ўтилади.
Юқоридагиларга мисол сифатида Муҳаллаб Аздий Имом Бухорий «Саҳиҳул Бухорий» асарининг «Илм китоби»даги «Сўзга машғуллигида илмдан сўралса, сўзини тамомлаб, кейин сўровчига жавоб бериш ҳақида» деб номланган боб остида қуйидаги ҳадисни изоҳлаб, ушбу ҳадис бошқа бобда ҳам такрор келганига ишора қилади:
عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: بَيْنَمَا النَّبِيُّ ﷺ فِي مَجْلِسٍ يُحَدِّثُ الْقَوْمَ جَاءَهُ أَعْرَابِيٌّ، فَقَالَ: مَتَى السَّاعَةُ؟ فَمَضَى رَسُولُ الله ﷺ فَقَالَ: بَعْضُ الْقَوْمِ سَمِعَ مَا قَالَ فَكَرِهَ مَا قَالَ، وَقَالَ بَعْضُهُمْ: بَلْ لَمْ يَسْمَعْ، حَتَّى إِذَا قَضَى حَدِيثَهُ، قَالَ: «أَيْنَ السَّائِلُ عَنْ السَّاعَةِ»، قَالَ: هَا أَنَاذا يَا رَسُولَ الله، قَالَ: «إِذَا ضُيِّعَتْ الأَمَانَةُ فَانْتَظِرْ السَّاعَةَ»، قَالَ: كَيْفَ إِضَاعَتُهَا؟ قَالَ: «إِذَا وُسِّدَ الأَمْرُ إِلَى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرْ السَّاعَةَ»
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мажлисда одамларга ҳадис айтаётганларида бир аъробий келиб: «Соат (Қиёмат) қачон?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларида давом этавердилар. Баъзи одамлар: «У зот унинг гапирганини эшитдилару, гапини ёқтирмадилар», дейишди, баъзилари эса: «Йўқ, эшитмадилар», дейишди. У зот сўзларини тугатгач: «Қиёмат ҳақида сўраган қани?» дедилар. «Мана мен, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. «Қачон омонат зое қилинса, қиёматни кутавер!» дедилар. «Уни зое қилиш қандай бўлади?» деди. «Қачон иш ўз аҳлидан бошқасига топширилса, қиёматни кутавер!» дедилар» [5:498].
Муҳаллаб Аздий ҳадис остидан: «Имом Бухорий бу ҳадисни «Омонатнинг кўтарилиши» номли бобда ҳам келтириб ўтган», деб изоҳлайди [4:206]. Шу каби аллома Муҳаллаб ўзидан олдинги олимлар қилмаган янгича ёндашув орқали Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» асаридаги барча такрор ҳадисларни яна қайси мавзуларда қайта келтирилганини бирма-бир санаб ўтган. Бу эса ўз навбатида «Саҳиҳул Бухорий»ни ўрганиб, уни ёдловчи учун енгиллик келтиради.
Кейинги шарҳ сифатида «Ибн Абдулбар» номи билан машҳур Ҳофиз Жамолуддин Абу Умар Юсуф ибн Абдуллоҳнинг (328-423/978-1071 й.) «Ал-Ажвиба аън ал-масаил ал-мустағроба мик китаб ал-Бухорий» номли асарини келтириш мумкин. Ҳофиз Жамолуддин томонидан мазкур шарҳ ҳадислардаги исломшунослик соҳасига оид фиқҳ, ақида, усул ал-фиқҳ илмига оид масалаларни қамраб олгани билан характерлидир. Бундан ташқари, шарҳда асарнинг тўлиқ изоҳи эмас, балки Ҳофиз Жамолуддиндан «Саҳиҳул Бухорий» китобидаги баъзи ҳадисларнинг тушуниш қийин бўлган ўринлари ёритиб берилган. Мазкур асар илк бор 2001 йили Жазоир университети, «Исломшунослик» кафедраси, «Усул ал-фиқҳ» («Фиқҳ асослари») йўналиши магистранти Абдулхолиқ ибн Муҳаммад Мози томонидан тадқиқ этилган. Сўнгра 2004 йили китоб ҳолида нашр этилган.
Юқорида саналган асарлар «Саҳиҳул Бухорий»га Имом Бухорий вафотидан бир аср ўтар-ўтмас битилган илк шарҳлар ҳисобланиб, уларнинг тадқиқ этилиши ва китоб ҳолида чоп этилиши олимнинг асари нечоғлик улкан эътиборга молик эканини кўрсатади.
-
Абдуссалом Мубарокфурий. Сийрот ал-Имом ал-Бухорий саййид ал-фуқаҳо ва имом ал-муҳаддисин. – Макка: Дор олим ал-фавоид, 2001. – Б. 452.
-
Д. Фуад Сезгин. Тарих ат-турос ал-арабий. – Саудия Арабистони: Имом Муҳаммад ибн Сауд университети, 1991. – Ж. 1. – Б. 228.
-
Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун аън асама ал-кутуб ва ал-фунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос, 1941. – Ж. 1. – Б. 545.
-
Муҳаллаб ибн Абу Суфро Аздий. ал-Мухтасар ан-насиҳ фи таҳзиб ал-китаб ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. – Риёд: Дор аҳли сунна, 2009. – Ж. 1. – Б. 105.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва бошқалар. Олтин силсила. Саҳиҳи Бухорий. – Т.: Ҳилол-нашр, 2016. – Ж. 1. – Б. 498.
-
Увватов У. Мовароуннаҳр ва Хуросон олимларининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни. Ал-Бухорий, Муслим, Ат-Термизий. – Т.: Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2020. – Б. 75.
-
Хаттобий. Аълом ас-сунан // Муҳаммад ибн Саъди таҳқиқи. – Макка: Умму ал-Қуро университети, 1988. – Ж. 1. – Б. 67.
-
Юсуфзода Афанди. Нажоҳ ал-қорий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий // Шокир Муҳаммад Маҳмуд таҳқиқи. – Қоҳира: Куллият дор ал-улум, 2015. – Ж. 1. – Б. 36.