Машҳур аллома, муфассир, мутакаллим, мантиқшунос, тилшунос, табиб ва файласуф Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Али Фахриддин Розий [1:5] ҳижрий 544, милодий 1148 йили Рай шаҳрида туғилган. У ўз даврида “Хатибнинг ўғли” сифатида танилган, “Дин фахри” деб эътироф этилган [2:248].
Олим дастлабки илмни отаси Зиёвуддин (Рай шаҳрининг хатиби)дан олган. Таълим олишни Хуросоннинг Мароға шаҳрида бошлаган бўлса-да, умрининг кўп қисмини илм талабида Марказий Осиё, Эрон ва бошқа ҳудудлардаги турли илм марказларида ўтказди. У ерда олим, шоир ва давлат арбоблари билан танишди. Фозил ибн Ошур “Ат-тафсир вар рижалуҳу” китобида Фахриддин Розий Хуросон, Бухоро, Самарқанд, Хоразм шаҳарларига боргани, Ироқ, Шом диёрларида бўлгани, форс ва бошқа тилларни яхши ўзлаштиргани [3:276] ҳақида ёзади. У кўпроқ Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари бўлган Бухоро, Самарқанд ва Хоразмда бўлиб, Хоразмшоҳ саройида уч йил хизмат қилган. У ўз даврининг етук олими бўлиб етишган. Ҳиротда унинг учун махсус мадраса таъсис этилиб, Фахриддин Розий у ерда “Шайхулислом” номи билан танилган ва мударрислик қилган.
Ҳамма даврларда бўлганидек, Фахриддин Розийнинг ҳам мухолифлари чиқиб, уни диний эътиқод, фиқҳ ва ақида борасида ислом асосларига путур етказиш ва динни бузишга уринганликда айблаган. Олим уларга: “اعتقادات فرق المسلمين و المشركين” (“Эътиқодот фарқи муслимини вал мушрикин”) [3:281] асарида раддия берган.
Фахриддин Розий умрининг сўнгги йилларини Ҳиротда ўтказган ва ҳижрий 606, милодий 1209 йили шу ерда вафот этган. Ибн Хулокон “وفيات الأعيان” “Вафиятул аъён” китобида: “Ривоятга кўра карромийлар томонидан заҳарланган, шунинг натижасида ўлган” [2:249] деган фикрни баён этган.
Фахриддин Розий икки юздан ортиқ асар таълиф этган [3:282]. Унинг ижодини икки босқичга бўлиш мумкин. Ибн Синонинг “Ал-ишорат вал-танбеҳот” (“Ишоралар ва танбеҳлар”) асарига шарҳ ҳисобланган “Шарҳил ишорат” асари олим ижодининг илк даврига оиддир. Фахриддин Розий илмий фаолияти, хусусан, фалсафий рисолаларида қадимги юнон олимлари Аристотель, Гераклит, Эпикур ва Демокрит, шунингдек, Шарқнинг машҳур мутафаккирлари Форобий ва Ибн Сино асарларидан кенг фойдаланиб, уларга шарҳ ёзган.
Аллома фанлар ривожи муаммоларига муносабатини юнон мутафаккирлари таълимотига таянган ҳолда асослаган. Қиндий, Форобий ва Ибн Сино каби олимлар фикри ва таълимотини янада кучайтирган. Нафақат муҳим ва долзарб саволларга жавоб топишни, балки уларни ҳақиқат билан боғлашни ҳам мақсад қилган.
Иброҳим Шамсиддин “Тафсирул кабир” асари муқаддимасида Фахриддин Розийнинг 75 та асарини [1:13-14] қайд этган. “Илм мажолиси”, “Ар-рисола ал-камолия фи ал-ҳақойиқ ал-илоҳия” (“Илоҳиёт ва метафизикага оид илмий асар”), “Шарҳил ишорат”, “Таҳсилул ҳақ” (“Ҳақиқатни англаш”), “Ниҳоятул уқул” (“Тафаккур чегаралари”), “Рисала фин-нафс” (“Нафс ҳақида рисола”), “Илмул ахлоқ” (“Ахлоқ илми”) [2:249] асарлари шулар жумласидандир.
Унинг “Мунозароту аллома Фахриддин” (“Аллома Фахриддин мунозаралари”) асарида Мовароуннаҳр олимлари билан турли масалалар бўйича қилган мунозара ва мубоҳасалари ўрин олган.
Яна метафизикага оид “Китобу маҳсулул афкори ал-мутақаддимин вал- мутааххирин” (“Олдинги ва замондош олимлар фикрлари маҳсули”) асари жамият ҳаётида алоҳида эътиборга лойиқ. Аллома ушбу асарида ёш авлодни буюк аждодлар ҳаётидан ўрнак олиб яшашга, ҳаёт сўқмоқларида тўғри қадам қўйиш учун фойдали хулоса ва сабоқ чиқаришга чақиради.
Фахриддин Розий Қуръони карим тафсири борасида ҳам бир қанча асарлар ёзган. “Китобут тафсири кабир”, “Китобут тафсири сағир” [3:282] ва 1000 та масалани ўз ичига олган “Китобут тафсири Фотиҳа” асарлари шулар жумласидандир.
Машҳур “Китобут тафсири кабир” ёки “Мафотиҳул ғайб” (“Ғайб сирларини очувчи”) асари 16 жилддан иборат бўлиб, аллома ижодининг кейинги даврида ёзилган. У бошқа тафсирлардан қуйидаги жиҳатлари билан ажралиб туради:
- Қироат турлари ва усулларини баён қилиш;
- Оятларни луғавий изоҳлар билан тафсирлаш;
- Аввалги уламолар тафсирларидан унумли фойдаланиш;
- Фиқҳий масалаларни ёритиш, оятлардан чиқарилган ҳукмлар ҳақида сўз юритиш;
- Оятларнинг нозил бўлиши ҳақидаги ривоятларни келтириш;
- Оятларни зоҳирий маънолари билан шарҳлаш;
- Муташобиҳ оятларни таъвил қилишда чуқур кетмаслик;
- Кавний (оламнинг яралиши)га доир оятларни фалсафий таҳлил қилиш.
“Мафотиҳул ғайб” асарини исломга оид дастлабки фалсафий тафсирлардан бири, дейиш мумкин. Оятларни тафсир қилишда олим Муқотил ибн Сулаймон Марвазий, Абу Исҳоқ Саълабий, Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Абу Бакр Боқилоний каби муфассирлар асарларидан унумли фойдаланган [4:12].
Аллома Фотиҳа сурасининг ўзини 300 саҳифада [4:10] тафсир қилган. Сура тафсирида қуйидаги фикрларни баён қилган: “Фотиҳа сурасида 10 та нарса жамлаган. Булар “الله” (Аллоҳ), “الرب” (Рабб), “الرحمن” (Раҳмон), “الرحيم” (Раҳим) ва “المالك” (Малик) каби 5 та раббоний ва “العبودية” (Убудият), “الاستعانة” (ёрдам сўраш), “طلب الهداية” (ҳидоят сўраш), “طلب الاستقامة” (истиқомат сўраш), “ طلب النعمة” (неъмат сўраш) каби 5 та бандага хос сифатлар.
Шунингдек, инсон 5 та унсур – “بدنه” (бадан), “نفسه الشيطنية” (шайтоний нафс)”,“نفسه الشهوانية” (шаҳвоний нафс),“نفسه الغضبية” (ғазабий нафс) ва “العقليجوحره الملكية” (ақлий малакий жавҳар)дан ташкил топган. Бу беш унсур Аллоҳ таолонинг юқоридаги 5 та исми сифати билан муолажа қилинади. “الله” (Аллоҳ) лафзи “العقليجوحره الملكية” (ақлий малакий жавҳар) руҳиятда итоат ва ибодатга шавқ ва завқ ҳосил қилади. بِذِكْرِ اللهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُأَلَا (Рад сураси, 28-оят). Шайтоний нафсни “الرب” (Рабб) исми эҳсон ва яхшиликка чақириш билан бандани гуноҳларни тарк этишга ундайди. “الرحمن” (Раҳмон) исми ғазабий нафс учун малҳам бўлади. Чунки бу исм қаҳр ва латифдан ташкил топган: الملك يَوْمَئِذٍ الحق للرحمن (Фурқон сураси, 26-оят). “الرحيم” (Раҳим) исми шаҳвоний нафсни даволайди. “مالك يوم الدين” калимаси эса жасад ва баданларни даволайди. Чунки бадан гуноҳ ишларни қилишга жуда мойил бўлган нафсдир. Уни муолажа қилишда қаттиқ туриш керак. Шундагина у итоат қилади, гуноҳ ишларни тарк этиб, ибодатга киришади”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ислом беш (нарса)га бино қилинган: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир”, деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш” (Муттафақун алайҳ). Бошқа бир ривоятда ислом 5 устун устига қурилгани айтилади: Шаҳодат калимаси (устуни)да “الله” )Аллоҳ( лафзи, намоз (устуни)да “الرب” (Рабб) лафзи, закот (устуни)да “الرحمن” (Раҳмон) лафзи, Рўза (устуни)да “الرحيم” (Раҳим), ҳаж (устуни)да эса “المالك” (Малик) лафзи.
Аллома Фотиҳа сураси тафсирида қиблани 5 тур – “Байтул мақдис”, “Каъба”, “Байтул маъмур”, “Арш” ва “Аллоҳнинг ҳузури (яъни, Аллоҳнинг улуғлиги)ни ҳис қилиб туриш”га бўлади.
Фотиҳа сурасида келган Аллоҳнинг 5 исми сифатини яна 5 калима – “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Аллоҳу акбар”, “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алиййул азим” билан боғлаб, Исро сураси “Субаҳаналлоҳ” билан (سبحان الله الذى اسرى بعبده ليلا) бошланиши, “Алҳамдулиллаҳ” калимаси билан эса 5 та сура бошланиши, “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси билан Оли Имрон сураси الم (١) اللَّهُ لا إِلَهَ إِلا هُوَ бошланишини айтиб ўтади. “Аллоҳу акбар” калимаси тасрихан (очиқ) зикр қилинмагани, фақат 2 ўринда: وَلَذِكْرُ اللهِ أَكْبَرُ (Анкабут сураси, 45-оят) ва وَرِضْوَانٌ مِنَ اللَّهِ أَكْبَرُ (Тавба сураси, 72-оят) зикр қилинганини келтиради. “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алиййул азим” калимаси эса Қуръонда сарихатан (аниқ, очиқ) зикр қилинмагани, чунки у жаннат хазинасидан бўлиб, хазина доим махфий бўлишини айтади. Шунингдек, 5 исми сифат 5 та зикр асоси бўлишини баён этади: “الله” (Аллоҳ) лафзи “Субҳаналлоҳ”, “الرب” (Рабб) лафзи “Алҳамдулиллаҳ”, “الرحمن” (Раҳмон) лафзи “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “الرحيم” (Раҳим) лафзи “Аллоҳу акбар”, “المالك” (Малик) лафзи “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алиййул ъазим”га далолат қилади, деган.
Барча оятларни муаллиф уч жиҳатдан кўриб чиққан: зоҳирий (ташқи), ботиний (ички) ва таркиб топиши (мураккаблиги). Уларнинг ҳар бири ўз ўрнида бир неча қисмга ажратилган. Айтиш жоизки, тафсир илми билан шуғулланувчи бошқа таснифчилар бу жиҳатга деярли тўхталмаган.
“Баҳрул муҳит” тафсири муаллифи Абу Ҳайён (Фахриддин Розий вафотидан 50 йил кейин туғилган): “Фахриддан Розий тафсир китобида барча нарсаларни жамлаган. Ҳатто тафсир илмига ҳожати бўлмаган нарсаларни ҳам киритган” деб ёзади [3:282]. Розийнинг тафсирини ўрганган олимлар ўртасида: “Розий тафсирини ўзи тўлиқ ёзишга улгурмаган. Балки Анбиё сурасигача ёзган. Қолганини шогирдлари ниҳоясига етказган [3:280]. Фахриддин Розийнинг тафсирини Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абул Хазм Маккий Нажмиддин Маҳзумий (вафоти ҳижрий 727 йил) тўлиқ шаклга келтирган” [2:251], деган қарашлар бор. Лекин тафсир китоби бошидан охиригача бир хил услубда ёзилган.
Имом Суютий: “Розий тафсир китобини ҳукамолар сўзи, балоғат, фасоҳат, фалсафа ва бошқа нарсалар билан тўлдирган” [3:280], деб сифатлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Фахриддин Розий асарларида инсоният доим имон-эътиқодли, ҳалол, одил, ватанпарвар, меҳнатсевар, раҳм-шафқатли, мурувватли бўлишга чорланган. Асарлари ҳозирги кунда ҳам илм-фан ва маданиятнинг ноёб дурдоналари сифатида жамият аъзоларининг маънавий юксалишига катта ҳисса қўшмоқда.
-
Иброҳим Шамсиддин, Аҳмад Шамсиддин. Тафсирул кабир. Фахриддин ар-Розий. 1-жилд. – Байрут: Дорул-кутуб, 2013.
-
Мустафо Муҳаммад Ҳусайн Заҳабий. Ат-тафсир вал муфассирун. 1-жилд. – Қоҳира: Дорул ҳадис, 2012.
-
Шомий ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад. Атлас аъломул муфассирин. – Ар-Риёд, 2022.
-
Тафсири Фахриддин Розий. – Дорул фикр, 2005.