Тарих инсониятнинг илк даврларидан бугунги кунгача давом этадиган узоқ жараённи қамраб олади. Мифологик давр ривоятларга асосланган тарих баёни билан бошланиб, антик даврда тарихшунослик шаклида давом этган бу жараён Ибн Халдун (ваф. 1406) фаолияти натижасида илмий-фалсафий фаолият сифатида ўзига хос интеллектуал соҳага айланди. Ибн Халдун тарих илми ва фалсафасига оид фикрларини, хусусан, дунё тарихига оид қарашларини «Китобул ибар» деб номланган асарининг «Кириш» қисмига киритган. Ибн Халдуннинг бу асари тарихий тафаккур нуқтаи назарига асосланган. У шу мазмунда ўз даврига қадар мавжуд бўлмаган усул (умрон) илмини киритди ва уни концептуал ва услубий жиҳатдан асослаб берди. Олим тарих, инсон, жамият ва ундаги жараён ва институтларни фалсафий усул, яъни яхлит ёндашув билан тадқиқ қилди. Тадқиқотчилар уни тарихнинг биринчи файласуфи, тафаккур тарихида илк социолог сифатида тан олган.
Абдураҳмон ибн Халдун нафақат мусулмон оламида, балки бутун инсоният тарихида энг муҳим ва кўзга кўринган шахслардан биридир. Ибн Халдун ҳақида хорижда жуда кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилган. Тадқиқотчилар олимлар ҳаёти ва фаолияти борасидаги илмий тадқиқотларида унинг «Муқаддима» ва «Ат-Таъриф» асарларига таянади. «Муқаддима» асарини инглиз тилига таржима қилган олим Аллен Жамес Фромерз шундай дейди: «Мавжуд таржимайи ҳолларгина Ибн Халдуннинг ҳаёти ва ижоди, унинг босиб ўтган йўли ҳақида маълумот бера олади» [1]. Яъни бундан англашиладики, у ҳақдаги тадқиқотларни янада кўпайтириш керак ва улар барча тилларда олиб борилиши керак. Чунки Ибн Халдун ижоди жуда бой ва инсониятга унинг ижодини кўпроқ етказиб бериш керак.
Ибн Халдун шуҳрат қозонган даврда ислом оламида жуда машҳур инсонлар яшаб, ижод қилган. Шамсиддин Исфаҳоний (ваф. 1289), Шамсиддин Самарқандий (ваф. 1310), Шамсиддин Бухорий (амир Султон) (ваф. 1430), устози буюк мантиқ олими Қутбуддин Розий, Тафтазоний (ваф. 1390), Саййид Шариф Журжоний (ваф. 1413) ўша даврнинг етакчи илоҳиётчиларидандир.
Шубҳасиз, «Ат-Таъриф» замонавий исломгача бўлган адабиётдаги энг батафсил автобиографиялардан бири бўлиб, Фромерз таъкидлаганидек, Ибн Халдун ҳақида бебаҳо маълумот беради. Бу тадқиқотлар учун асосий манба ҳисобланади. Бироқ олимлар фақат шу асар билангина чекланиб қолмаслиги керак. Халдун билан бир даврда яшаган олимлар асарларини тадқиқ қилиш орқали унинг ҳаёти ҳақидаги маълумотларни янада бойитиш зарур.
Ибн Халдун Тунисда Абу Абдуллоҳ ибн Иброҳим ал-Абили (1282-1356) қўлида 3 йил фалсафа илмини ўрганган [2]. Ал-Абили унинг ўсиши ва юксак тарбия эгаси бўлишига катта ҳисса қўшган. Ибн Халдун бир қатор нуфузли устозлар қўлида Қуръонни ўрганган ва ёд олган. Шу билан бирга, у ҳадислар, шеърлар ёд олишни хуш кўрган. Шунингдек, у Х асрда яшаб ўтган араб ёзувчиси Абул Фараж Исфаҳонийнинг катта ҳажмли «Китоб алағоний» асарини тўла ёд олгани ҳақидаги маълумотлар манбаларда қайд этилган.
Яна бир устози Ибн Абдуллоҳ ал-Жайёний олимга имом Моликнинг фиқҳ илмига оид «Китоб ал-Муватто» китобидан таълим берган. Туниснинг машҳур қозиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдус-Салом эса ёш Ибн Халдун билан қизиқиб қолади ва шахсан унга қонунларни Моликийлик мазҳабида қандай қўллаш керак эканини кўрсатиб беради.
Унинг жуда кўп устоз ва яқинлари, хусусан, ота-онаси ҳам вабодан вафот этади. Бундай катта йўқотиш, албатта, Ибн Халдуннинг қаттиқ тушкунликка тушишига сабаб бўлди. Лекин кўп ўтмай у ўзини қўлга олиб, илмга шўнғиш орқали ғам-ташвишни енгишга ҳаракат қилди. У бошқа устозлардан таълим олишни тўхтатмади. Унинг энг яқин дўсти ва устози, Гранада вазири лавозимида ишлаган тарихчи Ибн Ал-Хатиб ва андалусиялик сўфий устози Маҳди Исо аз-Зайятдан турли илмлар, айниқса, тасаввуф илмидан сабоқ олди. Ибн Халдун олган энг муҳим сабоқларидан бири илм ва унинг чегараси эди [3]. Бу унинг ўзи ёзган асарларида ҳам намоён бўлган.
Ибн Халдун ҳаёти ва унинг асарларини ўрганиш хорижий давлатларда анча олдин бошланган. Америкалик олим Вольтер Ж.Фисчел Ибн Халдун ҳаёти ва ижодига қизиқа бошлаган. У дастлаб 1952 йилда Ибн Халдун ва Амир Темурнинг 1401 йилда Дамашқ шаҳридаги учрашуви ҳақида «Ибн Кҳалдун анд Тамерлане: тҳеир ҳисториc меэтинг ин Дамасcус, 1401 АД» («Ибн Халдун ва Амир Темур») номли китоб ёзган [4]. У бу китобни Ибн Халдуннинг «Ат-Таъриф» асари асосида ёзади. Шунингдек, 1967 йилда «Ибн Кҳалдун ин Эгйпт» («Ибн Халдун Мисрда») номли асар ёзган. Бу китоб ислом тарихи, олимнинг жамиятдаги ўрни ва тарихий изланишлари ҳақида батафсил ҳикоя қилади [5].
Яна бир олим Шмидт Натаниэл 1930 йилда Ибн Халдун ҳаёти ва ижоди ҳақида «Ибн Кҳалдун: ҳисториан, соcиологист анд пҳилосопҳер» номли китоб ёзган. Ушбу асар 1967 йилда Нью-Йоркда қайта нашр этилган [6]. Мазкур китобда Ибн Халдуннинг тарихчи, файласуф ва социолог сифатидаги қирралари очиб берилган.
Ибн Халдун ҳаёти ва унинг асарларини ўрганиш хорижий давлатларда анча олдин бошланган ва асосан унинг «Муқаддима» китоби турли тилларга таржима қилиниб, кўплаб тадқиқот олиб борилган. Дастлаб, профессор Франс Розентал Халдуннинг «Муқаддима» асаринининг 3 жилдлик изоҳли таржимасини чоп этишга муваффақ бўлган [7].
Турк олими Умут Ҳассан ҳам «Ибн Халдун услуби ва сиёсий назарияси» асарида олимнинг давлат ва жамият ҳақидаги ғояларини ёритган. У ўз тадқиқотида профессор Франс Розенталнинг асарларидан фойдаланган ва шу асосида бир нечта хулосалар берган. Шунингдек, Ибн Халдуннинг «Муқаддима» китобида юзага келадиган ёндашув ва муаммоларни ўрганиб, олимнинг ўзига хослигини ҳимоя қилувчи Розентал фикрларини ўз асари муқаддимасида етказади: «Ф.Розентал Ибн Халдунни асл тадқиқотчи сифатида кўради. Олимнинг ижтимоий ҳодисаларга реалистик қараши эмпирик ва кузатиш усуллари орқали амалга оширилган. Ф.Розентал Ибн Халдун ўз таълимотида ислом илмлари билан бирга дунёвий фанларни ҳам ўрганиб, давлат бошқарувининг умумий тамойилларини очиб берадиган даражага етганини ва аслида ислом тамойилларини ўз назариясининг умумий доирасига жойлаштирганини таъкидлайди. Эмпирик ёндашув ва мушоҳадаларга асосланиб, «Муқаддима»ни «цивилизация йиғиндиси» деб таърифлайди. Бундай фикрга эга бўлганига қарамай, Ибн Халдуннинг анъанавий таълим олгани унинг воқеаларга реал ёндашишига тўсқинлик қилмади» [8].
Ибн Халдуннинг ақлий билимлари ҳақидаги яна бир фикр Муҳсин Маҳдийга тегишлидир. У Ибн Халдуннинг тарих фалсафасига тўхталиб, «Ибн Халдун ёндашувининг индивидуал мақсади ва фалсафий илдизларини аниқлаш» деб номланган асари муқаддимасида олимнинг Ибн Рушд таъсирида мутафаккир бўлганини баён қилади. Ибн Халдун шариатни ҳам, фалсафани ҳам хавф остида кўрганини ва иккаласини ҳам қутқаришни мақсад қилганини билдирган. Маҳдий фикрига кўра, Ибн Халдун тарихнинг жамият ва сиёсат билан алоқасини сезган ва фалсафа тамойилларига асосланган ижтимоий фанлар бу масалага эътибор қаратиши зарурлигини билдирган. Маҳдийнинг фикрича, Ибн Халдун юнон фалсафаси издошидир [9].
Яна бир марокашлик олим Муҳаммад Обид ал-Жабрий Ибн Халдун асарларини ва айнан «Муқаддима» китобини бошқа муқаддималардан ажратиб, бу фарқни қуйидагича изоҳлайди: «… Бошқалар, одатда, мавжуд фан истиқболини мустаҳкамлаш учун ёзилган. Ибн Халдуннинг «Муқаддима»си янги илм-фанни яратиш учун ёзилган» [10]. Чунки Жабрийнинг «Янги илм яратиш учун ёзилган» деган сўзлари Ибн Халдуннинг Ибн Рушд орқали аристотелчи мутафаккир бўлганини англатмайди. Аксинча, Жабрийнинг бу сўзларидан фақат Ибн Халдун асл мутафаккир деган хулосага келиш мумкин.
2002 йилда Дортмут коллежида Ибн Халдун ҳақида бакалавр диссертациясини ёзган олим Аллен Жамес Фромҳерз 2010 йилда Халдун ҳаёти ва ижоди ҳақида “Ibn Khaldun, life and times” асарини ёзади [11]. Бу асарда муаллиф Халдун ҳаёти хронологиясини тузиб чиққан.
Яна бир муҳим манба “The Maghrib in the Mashriq” тўпламига киритилган Такао Итонинг “Writing the biography of Ibn Khaldun” номли мақоласи бўлиб, унда муаллиф Ибн Халдун ҳаётини ўрганишда олим асарларидан фойдаланади. Шу билан бирга, ўз давригача яратилган таржимайи ҳол ва у билан замондош бўлган Ибн Хатиб асарларидан фойдаланган ҳолда олимнинг автобиографиясини ёзишга ҳаракат қилган [12].
Лоуренснинг “Ibn Khaldun and islamic ideology” номли асарида ҳам Ўрта Шарқ ва ислом илмлари, социология ва антропология, ижтимоий илмлар, дин ва жамият борасидаги фикр-мулоҳазалар билдирилиб, олимнинг ўз даври илм-фанига таъсири ҳақида атрофлича маълумот берилган [13].
Халдун ижодини ўрганган яна бир олим Vaseem el-Rayes “The book of allusions: a new translation of the title to Ibn Khaldun’s Kitab al-Ibar” [14] номли мақоласида Ибн Халдуннинг ёзиш услуби ва таълимоти мазмунини очиб беришга ҳаракат қилган. Мақола «Китоб ал-Ибар»нинг умумий тузилиши ва асосий мазмуни ҳақида маълумот беришдан бошланади. Сўнгра уларнинг сарлавҳада қандай маҳорат билан тасвирланганини кўрсатиб беради. Олим бу ҳақда баҳс юритар экан, ёзув услубига эътибор бериш Ибн Халдун таълимотининг теранлигини очиб бериш учун зарур бўлган муҳим воситасидир деган фикрни билдиради. Ушбу янги таржима ва таҳлил шуни кўрсатадики, «Китоб ал-Ибар» тарихга нисбатан теран нигоҳ билан қарашга интилган. Шу билан бирга, Ибн Халдун ўзигача ёзилган сиёсат тарихига оид асарларга танқидий кўз билан қараб, билдирилган фикрларга қарши чиқишга ҳаракат қилган. У ўз асарида ҳар бир сўзини далиллар асосида ифодалашга интилган.
Юртимиздаги олимлар кўпроқ Халдунни социолог сифатида тадқиқ қилган. Сабаби, унинг «Муқаддима» асарида ижтимоий ҳаёт, инсоннинг шахс бўлиб етишиш камолоти ва ахлоқий масалалар жуда кенг ёритилган. Ушбу асар жуда кўп тилларга таржима қилинган. Шу кунга қадар ўзбек тилида Ибн Халдун ҳақида нисбатан кам сонли тадқиқот ишлари олиб борилган. Улардан бири Жасур Сулаймонов бўлиб, у «Ибн Халдун ижтимоий-фалсафий концепцияси ахлоқий-аксиологик асосларнинг герменевтик тадқиқи» мавзусидаги диссертацияни ёқлаган. Тадқиқот «Муқаддима» асари асосида ёзилган. Ибн Халдун жамият ҳақида фундаментал фикрларини давом эттиради. Мутафаккир фикрича, таассуб жамият ҳаётининг асоси, яъни пойдеворидир. «Таассуб», «асабийя» атамалари араб тилидан келиб чиққан. «Таассуб» сўзи, «таассаба» феълининг масдар шаклидан бўлиб, таржимаси «ватан, миллатга бўлган оташин муҳаббат, фанатизм» демакдир.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Абдураҳмон ибн Халдун асарлари, унинг таржимайи ҳоли кўплаб хорижий изланувчиларнинг асосий тадқиқот объекти ва предмети бўлиб келган. Лекин юртимизда олим илмий мероси нисбатан кам тадқиқ қилинган. Айниқса, унинг «Тарихи ибн Халдун» асарини кенг тадқиқ қилиниши лозим. Сабаби, бу асарда нафақат ислом тарихи, балки бутун инсоният тарихи ёритилган.
-
Allen James Fromherz. Ibn Khaldun, life and times. – Edinburgh: Edinburgh University Press Ltd, 2010. – P.39.
-
Nassif Nassar. Le Maitre d’Ibn Khaldun: Al-Abili. – Paris: Stadia Islamica journal, Brill, 1964. N.20. – P.103-114.
-
Ibn Xaldun. At-Tarif Ibn Xaldun. – Livan: Dorul-kitab, 1979. – B.20.
-
Volter J.Fischel. Ibn Khaldun and Tamerlane: their historic meeting in Damascus, 1401 AD. – California: University of California Press Berkeley and Los Angeles, 1967. – P.151.
-
Volter J.Fischel. Ibn Khaldun in Egypt. – California: University of California Press Berkeley and Los Angeles, 1967. – P.324.
-
Schmidt Nathaniel. Ibn Khaldun: historian, sociologist and philodopher. – New York: AMS Press, 1967. – P.67.
-
Frans Rozental. The Muqaddimah. – New Jersey: Princeton University Press, 1958. – P.681.
-
Umit Hassan. Ibn Haldun metodu ve Siyaset Teorisi. – Istanbul: Dogu Bati Yatinlari, 2010. – B.234.
-
Muhsin Mahdi. Ibn Khaldun’s philosophy of history. – Chicago: University of Chicago Press, 1971. – P.325.
-
Muhammed Abid al- Jabri. Felsefî Mirasımız ve Biz. – Istanbul, 2000. – S.308.
-
Allen James Fromherz. Ibn Khaldun, life and times. – Edinburgh: Edinburgh University Press Ltd, 2010. – P.191.
-
Takao Ito. Writing the biography of Ibn Khaldun. – Berlin: “The Maghrib in the Mashriq” Knowledge, travel and identify. Volume 40, CPI books GmbH, Leck, 2021. – P.513-535.
-
Lavrence. Ibn Khaldun and Islamic ideology. – Brill, 1984. –P. 136.
-
Vaseem el-Rayes. The book of allusions: a new translation of the title to ibn Khaldun’s Kitab al-Ibar // Religious studies and theology journal, Equinox Publishing Ltd. – Sheffield (England), 2013. – P.163-184.