Home / АЛЛОМАЛАР / Нақшбандия машойихлари. Хожайи Хожагон, Юсуф Ал-Ҳамадоний (Қоддасаллоҳу сирроҳу)

Нақшбандия машойихлари. Хожайи Хожагон, Юсуф Ал-Ҳамадоний (Қоддасаллоҳу сирроҳу)

Силсилаи Саодат Нақшбандиянинг саккизинчи ҳалқаси Юсуф бин Яъқуб ал Ҳамадонийдир. Имом Аъзам ҳазратларининг наслидандир. Ҳижрий 440 (милодий 1048) йилда Ҳамадонда туғилди. Ҳижрий 535 (милодий 1140) йилда Ҳиротдан Марвга кетар экан, йўлда вафот этди.

Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари ўрта бўйли, буғдойранг, қумранг соқолли, ориқ бир зот эди.

У ўн саккиз ёшида Бағдодга келиб, фикҳ илмини Абу Исҳоқ Шерозийдан ўрган эди. Ёши кичик бўлишига қарамасдан, ҳанафий мазҳабида фикҳ ва мунозара олими бўлди. Исфаҳон ва Самарқандда машҳур ҳадис олимларидан ҳадис илмини ўрган эди.

Тасаввуфни Абу Али Фармадий ҳазратларидан ўрганиб, унинг суҳбатларини тинглади.

Абдуллоҳ Гувайний, Ҳасан Симноний ва бошқа буюк зотлар билан суҳбат этди. Улардан илм ўрганди. Пиёда юриб 37 марта ҳаж қилди. Қуръони Каримни кўп марта ҳатм қилди.

Тунги намозларида ҳар ракатда бир жузъ ўқир эди.

Тафсир, ҳадис, калом, фикҳ илмидан етти юз жузни ёдлаб олди. Икки юз ўн уч муршиддан истифода қилди. Етти минг кофирнинг иймонга келишига сабаб бўлди.

Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари Имом Аъзам ҳазратларига жуда боғлиқ эди. Унга нисбатан буюк бир муҳаббати бор эди. Олтмиш йил иршод вазифаси билан машғул бўлди. Юзларча талаба ундан дарс олди.

Хожа Абдуллоҳ Барақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдулҳолиқ Ғиждувоний каби буюк валиларни у етиштирди.

Булардан Аҳмад Яссавий Туркистон тарафида инсонларга буюк хизматлар қилди.

Юсуф Ҳамадоний Хуросон, Мовароуннаҳр минтақаларининг турли шаҳарларида халққа саодат йўлини тушунтириш билан машғул бўлди. Илми, фазилати ва кароматлари билан танилиб, ислом дунёсида буюк муҳаббатга мазҳар бўлди.

Қўлига нима тушса, муҳтожларга берарди. Бировдан бир нарса олмас эди. Ҳар кимга илтифот ва марҳамат билан, юмшоқ муносабат кўрсатарди.

Йўлда кетар экан, Қуръони Карим ўқиш билан машғул бўларди. Хушду деган ердан масжидга келгунча Қуръон ўқирди. Масжид эшигидан Ҳасан Андоқий ва Аҳмад Яссавий хонасига боргунча “Бақара” сураси миқдорича ўқир эди.

Қайтиб келаётганда “Оли Имрон” сураси миқдорича ўқирди. Баъзан юзини Ҳамадонга буриб, кўп йиғларди. Салмон Форсийнинг асо ва салласи унда эди.

Ҳар ой бошида Самарқанд олимларини чақириб, улар билан суҳбат этарди. Бошқа тарафдан қишлоқдан келган оддий одамларга дин илмини ўргатар ва бу ишлар билан машғул бўлишдан зерикмас эди.

Яна касалларнинг, яраланганларнинг дардига даво топиб, дори ва малҳамлар тайёрларди. У жисмоний ва маънавий хасталикларнинг мутахассиси эди.

Юраги бутун маҳлуқотга нисбатан теран бир севги билан тўла эди. Ғайримуслимларнинг уйига бориб, уларга исломни танитарди.  Ҳар нарсага сабр этар, ҳар кимга муҳаббат кўрсатар эди.

Фақирларга бойларга нисбатан кўпроқ эътибор қиларди. Зуҳд соҳиби эди. Дунёга аҳамият бермас эди. Хонасида ҳосир қумғон ва икки ёстиқдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди.

***

Нажибуддин Шерозий ҳазратлари шундай хотирлайди: “Бир марта машойиҳлар камолоти ҳақида бир китобни ўқиб, анча таъсирландим. Кимнинг таснифи эканини ва бу зотнинг бошқа асарлари бўлган-бўлмагани билан қизиқа бошладим. Бир кечаси тушимда бир нуроний пирни кўрдим, устига икки ҳирқа кийган эди, оқ ва яшил рангдаги икки гўзал ҳирқа. Изидан бордим. У кийган ҳирқаларини ечиб, менга берди ва таҳорат олди. Таҳорат олиб бўлгандан сўнгра:

– Бу икки ҳирқадан бирини сенга бераман, қайсини истасанг ол, – деди.

– Бериш ва танлаш сизнинг қўлингиздадир, – дедим мен.

Нуроний инсон яшил ҳирқани ўз қўли билан менга кийдирди. Ва: “Мени танийсанми?” деб сўради. Мен: “Йўқ”, дедим.

Муштоқий бўлган бўлсангиз, у жузларнинг мусаннифи менман. Номим Юсуф Ҳамадонийдир. Сен ўқиган Китобимнинг номи “Зайнатул ҳаёт” дир.

“Минозилус-Соликин ва Манзилус-Соирин” каби бошқа таснифлари ҳам бор, – деди ул нуроний зот. Уйғонганимда, жуда севиндим.

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти талабаси
Мухаммадюсуф Ахмаджонов

Манба

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …