Бизга маълумки, Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий (ваф.896) тасаввуф таълимотида “нафс” масаласига илк бор алоҳида аҳамият қаратган сўфийлардан биридир [4:54]. Тасаввуф намояндалари талқинига кўра, нафс бу инсон борлиғининг муҳим қисми ҳисобланади ва шу боис ҳам сўфийлар наздида барча ёмонликлар тамали, гуноҳларнинг манбаи сифатида қаралади. Тасаввуф вакилларининг нафсга оид қарашлари учун асос Пайғамбаримизнинг “Нафсини таниган, Раббини танир”, деган ҳадислари бўлган [6:44]. Ғаззолийга кўра, нафс – балонинг боши, разолат манбаидир [1:15]. Нажмиддин Куброга кўра, “нафс бу – ўлмайдиган илондир” [5:31], Маҳмуд Асад Жўшон эътирофича, “нафс инсоннинг моддий ўзлиги “мен”лигидир” [2:13].
Абу Бакр Муҳаммад Закариё Розий ҳам ўзининг “Pуҳоний тиб” асарида нафс ва уни тарбиялаш йўллари ҳақида ўзига хос қарашларни илгари сурган. Аллома бу ҳақда қуйидагича ёзади: “Зикраш равост, ки мақсади асосии “Тибби руҳонй” иборат аз ислоҳ кардани ахлоқи нафс аст. Мо ин мавзуъро ба таври мухтасар баён мекунем” [3:47], яъни айтиш мумкинки “Pуҳоний тиб” китобининг асосий мақсади нафсни тарбиялашдир, биз бу мавзуни мухтасар баён қиламиз.
Аллома мулоҳазаларига кўра, инсон табиати ҳам ва уни фазилатли ишларни қабул қилиши ҳам турличадир. Масалан, баъзи кишиларга ёмон хулқдан воз кечиш осон бўлади, бошқаларга эса бу жуда ҳам қийиндир. Шу боис Розий ҳавойи нафс ва инсоннинг табиати вақтинчалик лаззатли бўлган ишларга баъзида инсонлар оқибатини ўйламасдан туриб берилиб кетишида, деб кўрсатади. Унинг таъкидича, нафс инсонни бу лаззатли ишларга махфий тарзда ундайди ва унга етишишга шошилтиради, лекин инсон бу лаззат баъзида аламли бўлишини билмайди. Айрим инсонларни бундай вақтинчалик роҳатлантирадиган ишлардан қайтариш қийин, гарчи улар бундай ишларни оқибатидан кўп пушаймон бўлса ҳам. Ҳавойи нафс ва инсон табиати, киши иродасининг бўшлиги сабабли уни бошқаради, дейди аллома. Унингча, бундай пайтда инсон роҳатдан бошқа нарсани ўйламайди. Озгина тааммул қилганида бу лаззатни бадали оғир эканини билар эди, деб хулоса қилади.
“…Одам агар нафсро ба ихтиёри худ вогузорад, ҳатмаи аз оқибати баду кулфат эмин намедонад. Бояд ёдовар бошем, ки зарари нафси озод монда, аллакай барвакт сар мезанад. Зарари он нисбат ба заҳмати тааммул кардану душвории пеши роҳи онро грифтан, сабр кардан борҳо зиёдтар аст. Дарр ин сурат бояд барои манъ кардани он аз содир кардани амали ношоиста кўшиши чиддй сарф намуд. Пас агарчанде қудрату тавоноии одам бо идораи нафс мукаммал гардад ҳам, дар ин ҳолат бояд онро ба тариқи лачомзада нигоҳ дошт. Чуръаи талхи нушокии ҳозираро аз чуръаи ояндааш, ки натижаи он ғолибаи пушидани заҳри қотил хоҳад шуд, алвотар донист. Хулласи калом ин, ки касро вочиб меояд, дар аксар ҳолатҳо лачоми ҳавову ҳаваси худро ба даст гирад” [3:50], яъни киши нафсни ўз ҳолига қўйса уни ҳар ёмон куйга солади. Ҳавойи нафсни зарари уни тааммул қилиб, олдини олишдан-да кўра анча мураккабдир. Нафс ёмон амал қилишидан олдин уни олдини олишга жиддий ҳаракат қилиш керак. Инсонни қудрати ва иродаси қанчалик мукаммал бўлмасин, ҳавойи нафсини доим ҳибсда сақлаши керак. Аччиқ, энди бузилаётган ичимликни заҳарга айланиб кетишдан олдин йўқ қилиш лозим. Хулоса шуки, доим инсон ҳавойи нафси билан курашсин. Нафсни қийинчиликларга қарамай солиҳ амалларга одатлантирсин. Бундай қийинчиликларга бардош бериш учун инсонга шундай кучли ирода керакки, нафсга ҳеч қачон енгилмасин.
Розийнинг юқоридаги фикрларидан шу нарса аёнлашадики, нафс инсон табиати ва хислатини ўзгаришига таъсир қилади. Баъзида бу таъсир шунчалик кучаядики, инсоннинг қаршилигига қарамай баъзи ишларни амалга оширади. Бу вазиятда агар ҳавойи нафсни олди олинмаса кишида шундай ҳолат пайдо бўладики, уни бартараф қилиш имконсиз бўлиб қолади. Шу сабабли аллома: “билишимиз керакки шаҳватпараст ва шаҳватга берилганлар бора-бора бу лаззатдан роҳат ҳам топмай қолади. Бундай шаҳват кишига ғолиб келса, уни тарк қилиш ва ундан табиий лаззатланиш маҳол бўлиб қолади. Хотинбозлик, майхўрлик, кўп мусиқа ва қўшиқ тинглашга одатланганлар худди касалга ўхшайди. Чунки улар энг кучли шаҳватга берилган. Шунинг учун бу инсонлар амалларида мўътадилликка риоя қилиб, унинг лаззатидан баҳра оладиганларга ўхшамайди. Чунки бундай мўътадил бўлмаган шаҳват инсонда одатга айланиб, уни тарк қилиш имконсиз бўлиб қолади. Бундай одат аслида баъзи-баъзида қилинадиган иш бўлиши керак, доимий қилинадиган иш эмас [3:50], деб изоҳлайди.
Демак, инсоннинг аввалги ҳолати кишига шунчалик халақит берадики, у бутун мол-дунёсини сарфлаб бўлса ҳам, ўша шаҳвоний ишини амалга оширади. Бу ҳолатда нафс инсон устидан ҳоким бўлиб, унинг ёмон ва бахтсизликка олиб борувчи ишларини саодат, ғамини хурсандчилик, дарду аламини эса лаззат қилиб кўрсатади. Буни Розий уйни иситиш учун ўтин жамлаган, лекин жамлаган ўтинига ўт тушиб уйи ва бор буди билан бирга ёниб кетган ёки ҳайвон озгина таомни деб ўз жонини хатарга қўйиб, тузоққа яқинлашиши, агар унга тушиб қолса, алданган нарсасига ҳам ета олмаслиги, ўзи ҳам ундан нажот топмаслиги каби мисоллар ёрдамида таҳлил қилган.
Розийнинг қарашларига кўра, нафсни ўз измига қўйиб бериш аянчли оқибатларга олиб келади. Бу алданган роҳатимиз оқибатида кўп дарду алам ва зарарга дучор бўламиз, дейди у. Бунинг зарари эса фойдасидан анча кўп бўлиши, бундай лаззат тузоғига тушган киши охир оқибат қаттиқ пушаймон чекишини таъкидлаб, ким бундай ҳолатни кўрса ўзига-ўзи “нафс инсонга ғолиб келмаслиги керак” деб айтади, дея изоҳлайди. “Агар он шахс аз аҳли фалосифае бошад, онгоҳ ба осонй нафсро ба ҳолати лачомзада нигоҳ медорад, зеро ки аҳли фалосифа вучуди нафсро ба зоти худ қабул надоранд” [3:51], яъни агар киши файласуфлардан бўлса, нафсини осонгина ўзига тобеъ қилади, чунки улар нафсни доим тарбиялайди. Улар айтади дейди Розий – нафс бу – жисмга ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлиб, инсонни жисми борлиги учун ҳам у бор ва у қачон бузилса, нафс ҳам албатта бузилади.
Розий қарашларига кўра, файласуфлар нафсига эргашганларни мазаммат қилиб, уларни ҳайвон билан бир қаторда қўяди. Улар ҳавойи нафсига тобе бўлган ва уни афзал кўриб, яхши кўрадиган кишиларни оқибатда қаттиқ пушаймон бўлишини билади. Бундай кишилар охир оқибат қилган иши беҳуда кетгани ва бефойда ишлар билан машғул бўлганини билади. Жасаддан нафс ажралгандан кейин узоқ пушаймонлик ва ўзини қилган ёмон амалига кўп афсус чекади. Бу борада файласуфлар инсон аъзоларига суяниб далил келтиради. Чунки аъзолар фақат лаззат ва шаҳват учун эмас, балки тафаккур қилиш учун ҳам яратилган, деб изоҳлайди.
Мутафаккирнинг қайд этишига кўра, инсон шу хислатлар билан ҳайвондан фарқ қилади. Масалан, дейди у, ҳар бир ҳайвон ейиш ва жимодан шунчалик лаззатланадики, бир гуруҳ инсон ҳам битта ҳайвончалик лаззатлана олмайди. Фикрлаш ҳиссидан узоқ бўлган ҳайвонлар ғам-ташвишни ҳис қилмасдан беташвиш яшайверади. Бундай яшаш инсонга ярашмайди. Инсон эса бундай яшашга ҳақли эмас! [3:51] Ҳайвонлар ҳаёт лаззатидан баҳраманд бўлиш борасида ниҳоят авжига чиққанки, бундаги хатарни ҳам сезмайди. Розий буни қуйидаги мисол ёрдамида тушунтиришга ҳаракат қилади. “Масалан, – дейди у, – ҳайвонни сўйиш чоғида ҳам ейиш-ичиш билан машҳур бўлади”. Файласуфлар агар шаҳватпарастлик ва инсон табиатини қондириш инсон ҳаётида керакли нарса бўлганида эди, ақлли одам буни бажарарди ва уни ҳайвоний ҳолатлардан, деб ҳисобламас эди. Лекин инсон ақл ва фаросатга эга бўлиб, ҳайвондан фарқ қилади ва шу орқали бахтли бўлади. Инсон ақли орқали ҳамма яхши нарса унинг учун эканини билади. Инсон соғлом нутқи ва фитрий истеъдоди орқали барча ишни амалга оширади.
Розий ҳақиқий фазилат ҳақида фикр юритар экан, айтадики, агар ҳақиқий фазилат, лаззат ва шаҳватни амалга оширишда бўлганда эди, ҳар бир инсон бундай фазилатга эга бўлар эди. Комил инсон ақл воситасида, бундай одам фосиқдан афзал эмаслигини билади. Бунга қўшимча ўлароқ, агар афзалликни аломати кўпроқ шаҳватни ортидан югуриш билан бўлганда эди моллар ва эшаклар албатта инсондан афзал бўлар эди.
Мутафаккир мулоҳазаларига кўра, баъзи ақл юритмайдиган инсон ва бундай фазилатларни ўйламайдиганлар ҳайвон инсонга нисбатан лаззатдан кўпроқ баҳраманд бўлади, деб ўйлайди. Аммо ҳақиқатда бундай эмас. Масалан, дейди у, ақлга сиғмайдиган босқинларни амалга оширадиган подшоҳлар душмани устидан ғолиб келгандан кейин шу даражада айш-ишратга ва зеб-зийнатга бериладики, ҳеч ким бундай қила олмайди.
Аллома фикрича, лаззатнинг камолу нуқсони эҳтиёжга қараб бўлади, уни ҳаддини ортиқча бажариш билан эмас. Ҳақиқатдан, инсоннинг эҳтиёжи миқдорича баъзи амаллари лаззатга олиб боради.
Тасаввур қилинг дейди Розий, бир инсонга минг динор керакки, у билан эҳтиёжини қондиради. Унга тўққиз юз тўқсон тўққиз динор берилса ҳам, бу пуллар унинг эҳтиёжини қондира олмайди. Шу билан бирга, кимдир бир динорга муҳтож, унга ўша пул берилса, у билан ўз эҳтиёжини қондиради ва лаззат ҳосил бўлади. Бу инсон бир динор билан камчилигини бартараф қилиб лаззатланди, лекин аввалги киши эса юз баробар кўпроқ топган бўлса ҳам эҳтиёжини қондира олмади.
Демак, ҳайвон барча табиати талаб қилган эҳтиёжни қондирса ҳам, лаззати мукаммал бўлмайди. Чунки ундан кейин лаззат пайдо бўладиган мукаммалликнинг ҳайвонга таъсири йўқ.Чунки ҳайвон олдингисини унутиб, уни ҳатто эслай олмайди ҳам. Ҳайвон, ҳайвон бўлгани учун ҳам ҳамиша лаззат ҳиссини хоҳлайди. Аммо инсон ўз мақсади ва хоҳлаган шаҳвоний нарсаларига эришиши учун охиригача ҳаракат қилмайди, чунки унинг ақли ва тафаккури бунга монелик қилади.
Розийнинг қарашларига кўра, пок инсоннинг табиатида шундай ҳолат мавжудки, у бошқа инсонлар ҳолатини ўзиникидан яхши деб ўйлайди. Унинг наздида яна шундай инсонлар тоифаси борки, улар агар ер юзининг ярмига эга бўлса ҳам, қолган ярмини ҳам хоҳлайди. Агар барча ерни эгалласа ҳам, яна доим соғлом, барҳаёт бўлишни ва еру осмон орасидаги нарсаларни ҳам эгаллашни хоҳлайди. Шу ўринда аллома қуйидаги ривоятни келтиради: Нақл қилинишича, нафсга берилган подшоҳ бир куни жаннат ва ундаги улуғ ва бепоён неъматларни эшитиб айтади: “Шундай ўйлайманки, мен каби обрўли ва мартабали киши жаннатга кирса, унинг неъматларини ёқимсиз, аччиқ деб, мен хоҳлаган нарса бу ерда кам экан, деб ўйлаб қолади”. Бундай ҳамма нарсаси бор, лекин талаб хоҳишининг охири бўлмаган кишини қандай ҳам лаззати мукаммал бўлсин?! Шундай экан, дейди аллома, ҳайвонлар ва уларга ўхшагаган кишилардан бошқа ким ҳам ўзида бор нарса билан хурсанд бўлади, деб изоҳлайди.
Розий нафсга қарши кураш ҳақида фикр юритар экан, файласуфлар масаласига алоҳида тўхталади. Унинг фикрича, файласуфлар ҳавойи нафсга гирифтор бўлишдан узоқлашади. Улар ўзини ёмон нафснинг таҳқиру таҳдидидан муҳофаза қилади. Бу дунёда яшашни энг катта масала, деб билса ҳам, озгина емак ичмак билан кифояланади. Уларнинг мол-мулки ҳам, уй- жойи ҳам йўқ. Ҳаттоки, баъзилари умидсизлик гирдобига тушиб, бечора ҳолатда қолиб, инсонлардан узоқлашган ҳолда вайроналарни маскан тутади. Улар ҳаётнинг оддий василаларини узиш билан ўзининг ёмон нафсга нисбатан эътиқодини сақламоқчи бўлади. Улар ҳеч қачон нафс домига тушмасликка ҳаракат қилади.
Розий нафс масаласини таҳлил қилар экан, юнон файласуфи, платонизм асосчиси Афлотуннинг нафс тўғрисидаги қарашларига алоҳида аҳамият қаратади. У шундай ёзади: “Файласуфларнинг шайхи ва буюги Афлотун айтади: Инсоннинг учта нафси бор. Биринчиси Нафси нотиқа. Иккинчиси Нафси ғазаб ёки ҳайвоний. Учинчиси Наботий ё рушд ё шаҳвоний нафс. Шундай эътиқоди борки, нафси наботий ва шаҳвоний нафси нотиқа хизмати учун пайдо бўлган. Нафси наботийни жисмни озуқаланиши учун яратганки, у ҳам нотиқанинг хизматчиси. Наботий нафс асбоб ё олатга ўхшайди, чунки у боқий жавҳардан яратилмаган. Шунинг учун ҳам у боқий эмас.
Ғазаб қилувчи нафси нотиқа нафс учун забт қилиш, ушлаб туриш вазифасини бажаради. У шаҳвоний нафсни тизгинини ушлайди ва уни мўътадил сақлаб туради. Шу сабабли, нафси нотиқа унга суянади. Нафси шаҳвоний ўзининг макр ҳийласи билан нафси нотиқани бутунлай мағлуб қила олмайди. Нотиқа нафс нутқларни амалга ошириб, ўзини сақлаб қолади.
Бу икки нафс Афлотун наздида – дейди аллома, ўзига хос хусусият, жавҳарга эга бўлиб, жисм фосид бўлгандан кейин, улар нафси нотиқа сифатида қолмайди.
Розий ғазаб нафси қалбни мижози билан бир хил деб тушунтиради. Шаҳвоний нафс эса жигар мижози билан бир хил. Аммо, дейди мутафаккир, Афлотун назариясида димоғ (мия) мижози шундай бир асбобдирки, нафси нотиқа уни ишлатади. Инсон жисми камолоти бўлмиш Нафси тағзия жигар моддаларига тааллуқлидир. Тана ҳарорати ва томир уриш ҳаракатлари қалб ишларидан. Ҳис қилиш, ҳаракат, ирода, фикр қилиш ва эслаш мия фаолиятидан ҳисобланади. Булар мияга хос хусусиятлар бўлиб қолмасдан, балки мияда жойлашган жавҳардир. Улар мия учун хизматда бўлиб, у эса инсоннинг энг мукаммал асбобларидандир.
Мутафаккир қарашларига кўра, Афлотун жисмоний тибга қизиқиб ўрганганини таъкидлайди. Унинг фикрича, руҳий тиб далил ҳужжатлар билан нафсни тарбиялайди ва такомиллаштиради. Шунингдек, руҳий тиб нафсни мўътадил қилиш вазифасига эга бўлиб, унинг афъолларини тартибга солиши, нотиқа нафсни камолга етказиб, ёмон ишлардан узоқлаштириши керак.
Розий мулоҳазаларига кўра, наботий нафс афъоллари ноқислиги шундан иборатки, у инсон жисмининг озуқаси ва тараққий топишида керак эмас. Аксинча, ҳар бир жисм бундай нарсага муҳтож. Ва яна Наботий нафснинг ёмонлигидан у жисмни эркин қўяди ва натижада жисм мўътадилликда ҳаддан ошиб кетади. Наботий нафс жисмни жисмлик омилларини кенг очиб озуқаланишни кўпайтиради. Натижада, жисмни қуввати ошиб, лаззат ва шаҳватга имконият яратилади.
Ғазаб қилувчи нафс нуқсони шундан иборатки – дейди аллома, бу куч қувватга эга нафс бўлса ҳам нафси шаҳвонийнинг олдини олиб, уни таҳқиру маҳрум қилмайди. Ғазаб қилувчи нафснинг вазифаси шаҳвоний нафсни шаҳватга берилишига ижозат бермаслик ва уни тўхтатишдан иборат бўлиши керак. Ғазаб нафси ўз куч-қудратини кўпайтириб, инсон ва бошқа жонзотларнинг шаҳвоний нафсини синдиришга ҳаракат қилиши керак.
Розийнинг фикрича, ҳар бир инсон агар борлиқ ҳаётидан ажабланмаса, азамати ва яралишидан ҳайратда бўлмаса, унинг ҳайвондан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Агар киши нотиқа нафсга тегишли нарсаларни ўрганишга киришмаса ва унга аҳамият бермаса, бу ҳам ҳайвонга ўхшаб қолишидан далолатдир.
Розий қарашларига кўра, нафсга мубтало кишиларнинг давоси шуки, улар нафс тизгинини қўлга олиб, уни ақл билан етаклаши лозим. Инсон ақли ва фикри уни шу даражада бошқариши лозимки, шаҳвоний нафс озуқа ва жисмга фойда бўладиган нарсадан меъёрда фойдалансин. Шунингдек, бу ҳолат инсон жисми ва миясининг саломат, барқарор бўлишига олиб келсин. Унинг фикрича, нотиқа нафс ҳам буни амалга оширишга ҳаракат қилиши керак. У тез фурсатда ҳаётни барча маъно мазмунини англаши керак.
Шуни ҳам айтиш керакки, дейди аллома – бундай ҳаракатлар жуда кўпайса инсон мижози бузилишига сабаб бўлади. Натижада, инсон васваса ва руҳий хасталикка дучор бўлади, тезда эришаман деган нарсасини буткул йўқотади. Унинг кўп вақти ҳам бесамар кетади. Шу вақтда у нотиқа нафсни ишлатиб, уни бадандан ажралгандан кейинги вазиятларини ўрганса бўлади. Бу муддат инсоннинг туғилганидан қарилик чоғигача бўладиган вақтдир. Унингча, ҳар бир ақлли кишига бу муддат етарли бўлиб, баъзи инсонлар орасида ақли пастлари ҳам мавжуддир. Улар бу муддатни беҳуда ўтказади ва бундай ақли ноқис кишилар вақтни ғанимат билмай, у дунёга ҳеч нарсасиз боради.
Розий Афлотун ҳам нафс жасаддан ажралиши аниқлигига ишонади, деб ёзади. У айтади: Нафс ўзининг азалий оламига қайтади ва қайта жасадга рағбат қилмайди. Ва бошқа ҳеч қандай жисм билан алоқада бўлмайди. У ўзининг зотига суяниб, барҳаёт, тирик, дардсиз ва ўзининг ўрнида шод-хуррам қолади. Нафснинг барҳаётлиги ва дарду аламдан йироқлиги унинг йўқ бўлмайдиган нарса экани сабабидандир. Унинг хурсандлиги эса, жисмдан ажралгани ва моддият оламидан қутулгани учундир. Жасаддан ажралган ва моддиятдан узоқлашган вақтда эса, ўзининг оламида жойлашади. Нафс ҳар доим ҳам жисмоний оламга муштоқ бўлиб, биринчи ўринда унга ўрнашишни хоҳлайди. Жасадга жойлашгандан кейин, бунинг ҳаммаси дарду аламдан иборат эканини билгач, пушаймон бўлади. Афлотун ва ундан олдинги Суқротнинг қарашлари шундан иборатдир [3:54].
Закариё Розий мулоҳазаларига кўра, бу жиҳатдан дунёда инсон фикри ҳою-ҳавас ва шаҳватларга боғланган. Бироқ инсоннинг вазифаси уларнинг тизгинини қўлга олиб, нафсни эркига қўймасликдир. Ҳавойи нафс тизгинини қўлга олиш ва уни разолатга ботишига йўл қўймаслик – бу ақлнинг иши бўлиб, барча динда вожиб амалдир.
Аллома эътирофига кўра, ҳар ким нафс тарбиясига қаттиқ киришса, оқибатда яхши лаззатларни топишга муваффақ бўлиб, саодатга эришади. Ҳавойи нафсдан устун келиш ва лаззатларга қарши курашиш бора – бора енгиллашиб бораверади ва одатланиб қолади. Хусусан, агар бу босқичма – босқич бўлса. Шунда нафс ҳам инсонни бу ишига одатланиб қолади.
Розий буларни қуйидаги тартибда қўлга киритиш мумкин, деб ҳисоблайди: нафсни энг содда шаҳватлардан тўсиш керак. Шундан кейин ақл ва фаҳм уни тарк қилиш керак деб ўйлаган катта нарсалардан ҳам бемалол тийилади. Чунки бу чоралар хулқ – атвор ва шаҳватнинг олдини олишга одатланиб қолади. Шундан кейин нафс инсоннинг нотиқа нафсига тобе бўлиб, одатланиб қолади. Кейин осонлик билан барча нафси талаб қилган нарсадан ўзини тияди ва бу ақлни фойдасига ҳал бўлади. Бундай киши яхши сиёсат ва хулққа эга бўлиб, инсонлар уни мақтайди ва феълига қизиқиб, унга ўхшашга ҳаракат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳеч ким бахтли бўлиши учун ҳавойи нафсини барча нарсадан ман қилишга имконияти йўқ. Шунинг учун биз амалларимизни лутф ва меҳрибонлик билан безатишимиз лозим. Шунингдек, амалларимизга холис кишилар кўзи билан назар ташлаб, ўзимизнинг ёмон амалларимизни кўришимиз керак. Киши ўзининг ёмон амалларини кўра олмас экан, ҳеч қачон ундан ажралмайди. Чунки ҳамма айбни тўлиқ кўра олиш имкони йўқ. Агар у айбини кўра олмаса, уни ёмонлигини ҳис қила олмайди ва ундан узоқлашишга ҳаракат қилмайди.
-
Абу Ҳомид Ғаззолий. Риёзатун – нафс (Нафс тарбияси). – Т.: Мовароуннаҳр, 2006.
-
Жўшон М.А. Тасаввуф ва нафс тарбияси. – Т.: Чўлпон, 1998.
-
Закариёи Розӣ. Мунтахаби осор. – Душанбе: Адиб, 1989.
-
Усмон Турар. Тасаввуф тарихи. – Т.: Истиқлол, 1999.
-
Ҳаққул И. Мерос ва моҳият. – Т.: Маънавият, 2008.
-
Ҳаққул И. Тасаввуф сабоқлари. – Бухоро, 1994.