Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳадисларни тўғри англашнинг ўзига хос усули

Ҳадисларни тўғри англашнинг ўзига хос усули

29 август куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари ҳамда Туркия ва Германиядан тадқиқотчилар қатнашди.

Семинарда Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндори, Туркиядаги Ушак университети доценти Ҳикмет Гултегин “Ҳадисларнинг батафсил баёни (Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ Гулободий асарлари мисолида)” мавзусида маъруза қилди.

Олим даставвал ҳадис илми бўйича ёзилган барча китобларнинг асл мақсадини баён қилди. Бу ҳадиснинг саҳиҳ, ғайрисаҳиҳ ё бошқа таснифда эканини тўғри аниқлаш ва алоҳида олинган ҳар бир ривоятда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан нималарни назарда тутганларини тўғри англаб етишдир. Олимлар бу икки мақсад йўлида ўлмас асарлар битиб, турли услубларни ишлаб чиққан.

Стипендиат масалага ўзи ишлаб чиққан “Ҳадис ҳикояси” усули орқали ёндашиб, ҳадисларни шарҳлашда Гулободий тутган йўлни асос қилиб олганини айтди. Унинг фикрича, ҳадисни тўғри идрок этишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёти ва Қуръонни яхши билиш, улар ўртасидаги боғлиқликнинг изчил таҳлили муҳим аҳамиятга эга.

Ўтмишда жамият учун маъқул ва мақбул бўлган айрим амаллар бугунги турмуш тарзига мос келмаслиги мумкинлигини инобатга олиб, ҳадис, ривоят ё хабарни ўша даврлар ва ҳозирги замон шарт-шароити билан қиёслаган ҳолда иш тутиш керак. Акс ҳолда баъзиларда ҳадисни нотўғри тушунишга мойиллик туғилади. Бу масала ҳатто Қуръони каримда рухсат берилган баъзи амалларга ҳам тааллуқли. Бунга кўп хотинлилик, қуллик, аёлларнинг гувоҳлиги каби масалалар мисол бўла олади. Айрим амалларга изн берилганини рўкач қилиб, бундан фойдаланишга уриниш турли англашилмовчилик, келишмовчилик ва зиддиятларга олиб келиши мумкин.

Туркиялик тадқиқотчи қадимда бир аср давомида содир бўлган ижтимоий ўзгаришларни эндиликда ўн-йигирма йилда бошдан кечириш мумкинлигидан келиб чиқиб, ҳадисларни замонавий эквивалентлар (мезонлар) асосида ижтимоий ҳаётга мослаштириб талқин қилиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада Гулободий қарашлари билан бирга аллома асарларининг моҳиятига ҳам батафсил тўхталди. Масалан, аллома воқеа-ҳодисаларни англамоқ, тагига етмоқ усуллари ҳақидаги “Ат-Таарруф” асарини суфийлар орасида тарқалган бидъатлар ва бузуқ салафийликка раддия сифатида ёзган. Сохта зоҳидларни кескин қоралаган. Тасаввуф тушунчаси Аллоҳ амрига итоат, гўзал ахлоқ, эзгу амаллар, ўз-ўзини тарбиялаш, ҳалоллик, сабр, ихлос, ризолик, муҳаббат каби фазилат ва туйғулар билан зийнатланган бўлиши кераклигини таъкидлаган. Мутафаккир таълимоти одамлар орасида ихтилофга сабаб бўладиган масала ва муаммоларни ривоятлар ёрдамида тафсир қилиб, ҳаётга некбинлик билан қарашга ўргатади. “Ҳадис ҳикояси”нинг моҳияти ҳам шу.

Ҳикмет Гултегин ҳадисларни тўғри англаш ва талқин этишга тўсқинлик қиладиган бир қанча бошқа ҳолатларни ҳам ёритиб бериб, уларга оид ҳаётий мисоллар келтирди.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …