Home / МАҚОЛАЛАР / САУДИЯ АРАБИСТОНИНИНГ ДИНИЙ ВА МАФКУРАВИЙ СИЁСАТИ, ҲОЗИРГИ ТEНДEНЦИЯ ВА ИСТИҚБОЛЛАР

САУДИЯ АРАБИСТОНИНИНГ ДИНИЙ ВА МАФКУРАВИЙ СИЁСАТИ, ҲОЗИРГИ ТEНДEНЦИЯ ВА ИСТИҚБОЛЛАР

XVIII – XIX асрларда дин давлатдан ажратилмаган эди. Шунинг учун давлат закот йиғиб, уни ижтимоий дастурларга сарфлаган. 1843 йилдан Саудия бирлашишни бошлаган. Абдулазиз ибн Сауд давлатни бошқарса ҳам имом лавозимида эди. 1921 йилдагина султон, Ҳижозни забт этгандан кейин эса Қирол титулини олади. Одамлар халифалик сулолавий қиролликка айланди деб ўйлаганда, Абдулазиз ёнида ислом уламолари борлигини ва бундай  эмаслигини айтади. Қирол ихвонларни ташкил қилади. 1912 йилга келиб, 200 та ихван қишлоқлари пайдо бўлади. Абдулазиз ихванлар орқали ҳокимиятни эгаллади. Ихванларнинг бир қисми телевизор ва радио каби янгиликларни киритиб, қиролга қарши чиққан эди. Қирол ислом уламоларидан ўзига қарши чиққанлар хавориж экани тўғрисида фатво чиқаришини сўрайди ва бу ҳужжат чиққандан кейин уларнинг қўзғолонини бостиради. Уларнинг хавориж экани тўғрисида фатво чиққани учун қирол легитимлиги сақлаб қолинади.

Абдулазиз «Мажлисул шуаро» ва «Мажлисул хос» каби диний-сиёсий институтларни ташкил қилиш орқали уламолар фаолиятини назоратга олди. Абдулазиз ўғилларини Ғарбга жўнатаётгани ва давлат ғайридинлар технологияларидан фойдаланаётгани аҳолининг бир қисмини ташвишга солади.

Консерватив уламолар ижтиҳод эшиклари ёпилганини даъво қилиб, янги масалаларга изоҳ беришдан чекланади. Саудлар эса модернист уламоларни қўллайди, чунки уларнинг фаолияти Саудияда нефть топилгандан кейинги олиб борилган замонавий ислоҳотларга мос келади. Телевизор ва телефонга рухсат берувчи фатво ҳам айнан модернист уламолардан чиққан эди.

1965 йилги ислом саммити ва 1972 йилдаги мусулмон давлатлари ташкилоти Файсал томонидан панисломизмни ёювчи советларга қарши тузилган халқаро тузилма бўлди. Файсал Арабистонни халқаро муносабатларда дин ҳимоячисига айлантирди. Лекин давлат ичида уламоларни сиёсий институтларга жалб қилди. Давлатни ривожлантириш ва ислом динининг сиёсатга аралашувини чеклаш учун секуляр таълимни жорий қилиб, ғарбни қўллаб-қувватлаган одамларга вазир лавозимини берди. Диний конференцияларда сиёсий мавзулар цензурага учради.

Оппозиция фаолияти чекланди. 1953 йили Даммам қўзғолони бостирилди ва иштирокчилар Арабистондан депортация қилинди. 1962 йили Ямандаги носирийларга ўтмоқчи бўлган 9 та учувчи самолёт тўхтатилди ва бу ишга алоқаси бор кўплаб шахслар қамалди.

Муҳаммад Утаиби ва Абдуллоҳ ал-Қаҳтани 1979 йили Макка шаҳрини қўлга олди. Ал-Қаҳтани ўзини Имом Маҳди деб эълон қилганида уламолар унга қарши фатво берди. Абдулазиз бин Баз ҳам уларга қарши «Ҳарамда уришиш мумкин, чунки урушни улар биринчи бошлади» деган мазмунда фатво чиқаради. Аскарлар у ерга кирганда барча жиҳозларини симпатия туфайли маҳдичиларга ташлаб кетди. Шунинг учун кейинги сафар Франция қўшинлари Маккага кириб, тозалаб берди. Давлат ҳам уламолардан фойдаланган ҳолда аҳоли орасида обрўсини тиклади. Бу ишлар қирол Холид обрўсини тушириб юбориши керак эди, лекин Утаибининг давлатга қўйган талаблари фақат сиёсий бўлгани туфайли, уламолар унга осонгина раддия берди ва аҳоли тинчланди. Лекин бу ҳолат халқ орасида «Жуҳайман ўлди, лекин ғоялари тирик», деган гапнинг тарқалишига сабаб бўлди. Ҳарамнинг 1979 йилдаги эгалланиши ғарблаштиришга қарши ҳаракат сифатида баҳоланди. Шундан кейин ғарблаштириш анчагина секинлашади. Бин Салмон 2017 йилда «Биз 1979 йилга қадар замонавий бўлганмиз, ислом мўътадил дин, биз асл исломга, яъни 1979 йилдан олдинги исломга қайтишимиз керак», деган гаплар билан ўзининг «Висион-2030» лойиҳасини эълон қилди.

Эрон-Ироқ урушида ҳам АҚШнинг Саудияга жойлашиши учун Бин Баз «Ёвга қарши динни ва ерни ҳимоя қилиш учун ҳатто мусулмон бўлмаганлардан ҳам ёрдам сўраш мумкин», деган фатво чиқаради. Бошқа уламо эса фатвони тасдиқлаб, Саддам Ҳусайнни «Ироқдаги мусулмонлар қонини тўкаётган кофир», деб атайди. Шундай қилиб, АҚШнинг Саудияни ҳимоя қилиши учун шароит яратилади.

Бин Баз қирол Фаҳд даврида Ироққа қарши жиҳод эълон қилади ва ҳатто АҚШ билан бирлашган ҳолда урушга кириш учун фатво беради. 1991-1992 йилларда иккита петиция аҳоли томонидан имзоланади. Имзолаганлар либерал оппозиция ва профессор-ўқитувчилар эди. Петиция унчалик кескин бўлмаган Шуаро мажлисини тузиш ва коррупцияни тугатишни талаб қилган «Битта одам фатво бера олмайди» деган диний кўринишдаги ғоя эди. Шундай бўлсада, бу асосан сиёсий вазиятни ислоҳ қилишга қаратилган. Баъзи кишилар АҚШнинг Саудиядаги мавжудлигини ҳам танқид қилаётган эди. Қирол бу ҳолатни ўз фойдасига ҳал қилишга ҳаракат қилди. Мажлис тузилди ва оппозициядан бирон киши мажлис вакили бўла олмади. Фақатгина бир нафар шиа вакили аъзо бўлиб, қолганлари қиролликка яқин вакиллар эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳам ўзгариш бўлди. Таъқиб ва цензура туфайли қамаш ноқонуний, деб ҳисобланди. Бу ҳолат ислом полицияси (мутава) фаолиятини кескин чеклади ва уларнинг обрўсини тушириб юборди. Зиёрат туризми ва исломий фонд вазирликларини ташкил қилиш орқали эса диний вазиятни назорат қилиш имконияти пайдо бўлди.

Лекин Фаҳднинг қаттиқ куч сиёсати ҳам йўқолмади. Оппозициянинг мажлисларда хутба ўқиши чекланди, университетлардан ҳам ҳайдалди. Диний йиғинларни Ички ишлар вазирлигининг рухсатисиз ташкил этиш тақиқланди. Шундай қилиб, оппозициянинг имконияти чекланди. Ҳукумат тарафидаги уламоларга ер олиши учун маблағ ва солиқлардан катта субсидиялар ажратилди.

1993 йили Бин Баз Исроил билан тинчлик шартномасини тузиш бўйича фатво чиқаради. Аёллар автомобиль ҳайдаши учун ҳам узоқ вақт фатво чиқмаган эди, лекин бу ҳам амалга ошди.

«Араб баҳори» пайтида қиролга қарши қўзғолон қилиш ҳаромлиги ва бу фитнага олиб келиши ҳақида фатво чиқарилди. Лекин Сурияда золим подшоҳга қарши курашиш кераклиги ҳақидаги фатвони ҳам Араб уламолар кенгаши чиқарган эди.

Саудия Арабистони ўзининг диний сиёсатидан жамият нормалари ва хатти-ҳаракатларини шакллантириш, исломий қадриятларга мувофиқликни таъминлаш, жамоат ва шахсий ҳаётда диний амалиётларга риоя қилишни рағбатлантириш учун фойдаланади. Мамлакат исломни мўътадил талқин қилишни тарғиб қилиш, асосий ислом таълимотидан четга чиққан экстремистик мафкураларга қарши туриш орқали радикаллашув ва экстремизмга қарши курашади. Бунинг учун диний стратегиялардан фойдаланади. Диний сиёсат бундай тамойилларни жамият ҳаётига татбиқ этишга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва давлат бошқарувига интеграциялашган ҳолда жамиятда бирдамлик, барқарорлик ва ҳукмрон монархияга содиқликни сақлашга қаратилган. Саудия Арабистони ўзининг диний сиёсатини глобал таъсир ва юмшоқ куч воситаси сифатида ишлатади. Ўзини мусулмон дунёсида етакчи сифатида кўрсатади ва халқаро миқёсдаги диний ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Диний сиёсат консерватив ижтимоий меъёрларни, жумладан, гендер ажратиш, камтарона кийиниш қоидалари ва ислом таълимотига зид деб ҳисобланган хатти-ҳаракатларга чекловни қўллайди. Шариат қонунларининг амалга оширилиши Саудия Арабистони ҳаётининг турли жабҳаларини, жумладан, оилавий масалалар, жиноий судлов, бошқарув ва жамоат хатти-ҳаракатларини тартибга солади. Диний сиёсат аҳолига исломий қадриятларни сингдириш учун масжид, мактаб ва таълим муассасаларида диний таълимни тарғиб қилади ва кенгайтиради.

Катта уламолар қўмитаси диний матнларни шарҳлаш, фатво бериш, бошқарув ва жамиятда ислом тамойилларини қўллашда раҳбарлик қилишда муҳим роль ўйнайди.

Эзгуликни тарғиб қилиш ва ёмонликнинг олдини олиш қўмитаси жамоат жойларида ахлоқий хулқ-атвор, диний қоида ва исломий урф-одатларга риоя қилишни таъминлайди ва исломга зид деб топилган хатти-ҳаракатлардан сақлайди.

Диний сиёсат суд тизими ишлашига таъсир қилади. Ислом қонунлари ҳуқуқий тартиб-қоидалар, суд қарорлари ва ҳуқуқий низоларни шариат тамойилларига мувофиқ ҳал қилишда асосий манба ҳисобланади.

Саудия Арабистони исломий қоидаларни қўллаб-қувватлаш, чет элда ислом институтларини қуриш ва ўзини мусулмон дунёсида етакчи сифатида кўрсатиш орқали глобал миқёсда таъсир ўтказади. Бунинг учун диний сиёсатдан фойдаланади.

Уламолар кенгаши – ушбу кенгаш орқали фатво чиқарилади. Шунингдек, ундан бошқарув жараёнида ҳукумат ҳаракатларини ҳуқуқий асослаш учун фатво беришда фойдаланилади.

Шаръий судлар – ҳозирда бундай судлардан фойдаланиш бир маънода чекланаётган бўлса ҳам, асосан улар орқали давлат ҳуқуқий тизими фаолият юритади. Охирги пайтда янги чиқаётган юридик ҳужжатлар Қуръон ва суннатга қарши чиқмасада, унга иқтибос бермай қўйди. Янги қурилаётган НEОМ шаҳрида ҳам халқаро қонунлардан фойдаланиш ва ҳаттоки алкоголь ичишга рухсат берилган.

Янги авлод ҳокимиятга келгандан сўнг миллий идентиклик масаласига катта эътибор берила бошланди.

Жаҳон Мусулмонлар Лигаси Саудиянинг четдаги диний сиёсатини амалга оширувчи асосий механизм ҳисобланади.

Саудия Дин ишлари бўйича вазирлигининг ташқи алоқалар бўлими Жаҳон мусулмонлар лигаси ўрнини босмоқда. Булар икки хил ташкилот бўлса ҳам, бошида дин ишлари вазирлиги ташқи тарғиботни молиялаштирган.

Ислом ишлари вазирлиги режимнинг сиёсий ислом ва экстремизмга қарши кураш ишларига ёрдам бериш учун қуйидаги тадбирларни амалга оширмоқда:

– масжидлар, ваъз ва диний дарсларни назорат қилиш;

– хайрия уюшмаларини назорат қилиш;

– Қуръон ва диний қўлланмаларни чоп этиш жараёнини назорат қилиш;

– Ҳаж зиёрати учун қиролнинг махсус меҳмонлари рўйхатини шакллантириш;

– халқаро ислом ҳамкорлигига раҳбарлик қилиш, маҳаллий ва халқаро оммавий тадбирларни ташкил этиш.

Саудия Арабистонида сўнгги пайтларда рўй берган энг асосий ўзгариш – бу расман эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш қўмитаси, деб юритилувчи диний полициянинг жамоат ҳаётидан деярли йўқ бўлиб кетишидир. Бу ташкилот шу пайтгача жамият ҳаётида қатъий диний қоидаларнинг бажарилишини назорат қилган. Ҳозирда қўмита фақатгина қидирув ишларини амалга оширувчи муассасага айланган ҳолда мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.

Саудия таълим вазирлиги эса либерал Аҳмад ал-Исса бошчилигида мактаб дастурини ваҳҳобийлик таълимотидан тозалашга киришди. 2018 йил июль ойида эса исломий огоҳлик фани дастурдан олиб ташланди. Умуман олганда, вазирлик ўқувчиларда танқидий фикрлаш лаёқатини шакллантириш лозимлигини айтиб, диний фанларга ажратилган соатларни икки баробарга қисқартирди ва фалсафа фанини ҳам ўқув дастурига киритди. Бу йўналишдаги муваффақиятни IMPACT-se нодавлат ташкилотининг Саудия мактаб дарсликларининг 2022-2023 ўқув йили нашрини мониторинг қилган ҳолда, ўз ҳисоботида дарсликларда экстремистик контент сезиларли даражада камайганидан кўриш мумкин.

Саудияда давлатнинг диний соҳа молиясини тартибга солиши қиролликнинг мамлакат диний соҳасини стандартлаштириш сиёсатининг ажралмас қисмидир. Ҳукумат мазкур маблағларни иқтисодиёт ва қиролликнинг халқаро имиджини тубдан ўзгартиришга оид давлат лойиҳалари билан боғлайди. Исломий йиғимлар фақатгина диний бурч эмас, балки улар «Vision-2030» лойиҳаси учун сарфланиши кўзда тутилган маблағдир. 2016 ва 2021 йиллардаги Олий фармонларга мувофиқ диний йиғим ва нефтдан бўлмаган тушумларни самарали бошқариш алоҳида назоратга олинган.

1962 йилда ташкил этилган Жаҳон мусулмонлари лигаси эса аввалгидек ваҳҳобийликни чет элда тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашдан воз кечиб, Янги Саудиянинг имиджи тарғиботчисига айланган. Ушбу фаолиятда 2008 йилда ташкил этилган G20 динлараро форуми ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлган платформага айланди. Юқоридаги икки ташкилот Саудия Арабистонининг янги толерант жамиятга айланаётганини тарғиб қилмоқда.

2011 йилда ўша пайтда Ар-Риёд ҳокими бўлган Муҳаммад бин Салмон томонидан ташкил этилган MISK фонди (Саудия ёшларини таълим ва тадбиркорлик бўйича қўллаб-қувватлашга мўлжалланган) давлатнинг ахборот ва коммуникация стратегияси билан шуғулланишида катта рўл ўйнамоқда. У «Янги Арабистон» қадриятларини кенг ёймоқда. Ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиш эса Этидал – экстремистик идеологиялар билан курашиш глобал маркази вазифасига киритилган.

Юқоридаги давлат ва нодавлат ташкилотларидан ташқари, Оиз ал-Қарний ва Муҳаммад ал-Арифий каби тизимдан ташқарида, аммо унга хайрихоҳ уламолар қўлловидан ҳам фойдаланилмоқда. Бир неча миллионлик аудиторияга эга мазкур уламолар жамиятнинг диндор қисмида ислоҳотларга хайрихоҳлик кайфиятини шакллантиришда катта ҳисса қўшмоқда.

Саудия Арабистони ҳозирда амалга ошираётган диний ислоҳотлардан мамлакатнинг динлараро бағрикенгликни қўллаб-қувватловчи толерант жамият ва экстремизм билан аёвсиз курашувчи давлат сифатидаги имиджини шакллантириш мақсад қилинган. Шуни таъкидлаш керакки, бу аллақачон иш бера бошлаган. Жумладан, 2018 йил ноябрда христиан евангелия ва Америка яҳудий жамияти вакилларининг Саудия Арабистонида Муҳаммад бин Салмон ҳамда ўша пайтдаги Жаҳон мусулмонлари лигаси бош котиби Муҳаммад Ал-Исса томонидан кутиб олиниши мисли кўрилмаган ҳодиса эди. Юқоридаги икки ташкилот вакиллари 2019 йилда ҳам аналогик ташрифни амалга оширди. 2020 йилда эса Саудия уламолари делегацияси Муҳаммад Ал-Исса бошчилигида Полшадаги Освенсим концлагерига Америка яҳудийлари жамияти ҳамроҳлигида ташриф буюрди. 2021 йилда эса Муҳаммад Ал-Исса Ватиканда Папа Франсиск қабулида бўлди. Юқоридаги хатти-ҳаракатлар ўзига хос «диний бағрикенглик юмшоқ кучи»ни шакллантиришга уринишлар сифатида қаралиши мумкин. Бир вақтнинг ўзида Саудия расмийлари катта таъсирга эга халқаро субъектлар билан ҳам муносабатларни шакллантирмоқда.

Ар-Риёднинг «мўътадил ислом»дан фойдаланишига кўп қутбли дунёнинг шаклланишида яна бир инструмент бўлиб ҳам хизмат қилмоқда. Буни биз Саудия Арабистони, Хитой ва Россия ўртасидаги муносабатларда кўришимиз мумкин. Диний ислоҳотлар Ар-Риёдга ўсиб бораётган иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги муносабатларни моҳиятан янги босқичга олиб чиқиш йўлида инструмент сифатида хизмат қилмоқда. Россия ва Хитой Саудия Арабистонидек давлат томонидан бошқарилувчи ва унга хайрихоҳ диний дискурсни шакллантириш ҳаракатидадир. Шу сабабли мазкур уч давлат ўртасидаги диний соҳадаги ҳамкорлик сезиларли даражада ўсди.

Ар-Риёд Пекиннинг Уйғур мусулмонлари билан бўлган муносабатини танқид қилишдан тийилди. Расмий Москвага содиқ бўлган Рамзан Қодиров билан яқин муносабати Кремль билан алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам берди. Шу ўринда 2019 йилда Муҳаммад бин Салмон Пекинга ташрифи чоғида Хитойнинг ўз миллий манфаатлари доирасида анти-терроризм ва дерадикаллаштириш чораларини кўришга тўлақонли ҳақли эканини таъкидлади. Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ҳам Хитойни «Мусулмон фуқароларига ғамхўрлик қилаётгани учун» олқишлади.

Умуман олганда, Саудия Арабистони ваҳҳобийликни қўллаб-қувватлашдан воз кечиш орқали Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларида янги ютуқларга эриша бошлади. Буни биз 2023 йил июль ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Форс кўрфази Араб давлатлари саммити мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Умуман олганда, мазкур янги стратегия ўрта истиқболда қиролликнинг ташқи сиёсатида кўп векторликни шакллантириши кутилмоқда. Бу эса Саудиянинг иқтисодий тараққиётига ҳам ижобий таъсир қилади.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошчилигида мамлакат диний ҳаётида инқилобий ўзгаришларни амалга оширмоқда. Қирол Абдулазиз томонидан бошланган, аммо Қирол Файсал ва Холид даврида ортга қайтган ваҳҳобийларнинг мамлакатдаги таъсирини Муҳаммад бин Салмон сусайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозиргача консерватив уламолардан шаҳзодага тўғридан тўғри қарши чиққанлари тазйиққа учради, қолганлари эса ислоҳотларга хайрихоҳ эканини билдирди. Ваҳҳобийликни чет элда ёйишга бўлган ҳаракатлар ҳам тўхтатилди. Оммавий ахборот воситаларида мазкур жараён реформация ва ўзлигини мустаҳкамлаш томон ташланган дадил қадамлар деб баҳоланмоқда. Диний полициянинг ваколати чекланиши ҳам экспертлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Мазкур диний  ислоҳотлар ёш маҳаллий аҳоли томонидан кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда. Маълумот учун, Саудия Арабистони аҳолисининг қарийб учдан икки қисмини 35 ёшдан кичик ёшлар ташкил этади.

Бейкер институтига кўра, Муҳаммад бин Салмон сулола томонидан назорат қилинадиган тузилмаларни тубдан ўзгартирмасдан, Саудия Арабистонининг халқаро обрўсини оширишдан манфаатдор. Яъни ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад давлат структурасида Саудлар ҳокимиятини янада кучайтиришдир. Баъзи экспертлар мазкур муносабатни ваҳҳобий исломчиларнинг чуқур консерватив табиати билан боғлиқ деб таъкидлайди.

«Ислоҳотлар умуман олганда ҳайратланарли», дейди сиёсатшунос профессор Нейтан Браун, Карнеги жамғармасининг Яқин Шарқ дастурининг катта илмий ходими. Шу билан бирга, «Ваҳҳобийлик ҳаракат сифатида тугатилди, деб айтишга ҳали эрта. Аммо ваҳҳобийлик ва Саудия миллий ўзига хослигида диннинг ролига камроқ эътибор қаратилмоқда», дейди Браун.

Иқтисодий, спорт ва кўнгилочар соҳалардаги янгиликлар билан бирга, алоҳида аҳамиятга эга бўлган диний соҳадаги ушбу ҳаракатлар ўрта истиқболда, Муҳаммад бин Салмон ҳокимияти консолидациясини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, эҳтиёткорлик билан юритилаётган ташқи сиёсат мамлакат ичидаги ультра-консерватив кучлар ва қолаверса, шиаларнинг мамлакат ташқарисидан ёрдам олиши эҳтимолини минималлаштиришга қаратилган.

«Сакина» сўзи арабча «тинчлик», «сокинлик» деган маънога эга бўлиб, ушбу дастур жамиятда виртуал радикаллашувнинг олдини олишга қаратилган. Лойиҳа 11 сентябрь хуружлари ва Ар-Риёд терактларидан кейин экстремистик мафкура ва зўравонлик тарқалишидан хавотирда бўлган саудиялик бир гуруҳ диний уламо ва фаоллар томонидан 2003 йили бошланган. Қуйидаги хусусиятлар мазкур лойиҳани одатий тарғибот ёхуд репрессив амалиётлардан ажратиб туради. Жумладан:

–  дастур доирасида ислом уламолари фаолият юритади. Улар интернетни кузатади ва радикаллашув белгилари ёки экстремистик мафкурага қизиқиш билдирувчи фойдаланувчилар билан мулоқот ўрнатади;

–  уламолар диний аргумент ва далиллардан фойдаланиб, исломни мўътадилроқ талқин қилишга ҳаракат қилади;

–  Улар фойдаланувчиларга психологик ва ижтимоий ёрдам таклиф қилади ва агар керак бўлса, уларни бошқа дастур ёки органларга юборади;

Булар онлайн чора-тадбирлар деб аталади.

Мазкур дастур доирасида онлайн радикаллашув ва экстремизм сабаблари, тенденция ва қонуниятлари бўйича тадқиқот ва таҳлил олиб борилади. Шунингдек, онлайн фаолият ва бошқа тадбирлар самарадорлиги назорат қилинади ва баҳоланади. Махсус хулосалар асосида ҳисобот ва тавсиялар эълон қилинади. Ушбу чора-тадбирлар тадқиқот ва баҳолаш деб аталади.

Лойиҳа доирасида дин олимлари, ўқитувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, хавфсизлик ходимлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари каби турли манфаатдор томонлар учун семинар,  конференция ва тренинглар ташкил қилинади. Лойиҳа онлайн радикаллашув ва экстремизмнинг олдини олиш, унга қарши кураш бўйича огоҳликни ошириш, шунингдек, зарур кўникмаларни шакллантиришга қаратилган. Бундан ташқари, лойиҳа бошқа маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик қилади. Ушбу чора-тадбирлар салоҳиятни ошириш ва тармоқ яратиш деб аталади.

2008 йили «Сакина» Саудия Арабистони ислом ишлари вазирлиги томонидан расман тан олинган ва қўллаб-қувватланган мустақил, нодавлат ташкилотга айланди. Ўша йили ахборот хавфсизлиги тўғрисидаги янги қонун қабул қилинди. Унда экстремистик ёки радикал материалларни интернетда тарқатишда иштирок этган ҳар бир киши учун қаттиқ жазо белгиланди.

2011 йилда эса «Сакина» дастури мактаб, масжид ва қамоқхоналарга ташриф буюриш каби оффлайн тадбирларни ўз ичига олган ҳолда ўз фаолиятини кенгайтирди. Шунингдек, кўнгиллилар ва олимларни радикал оқимларга қарши курашишга жалб этиш, шунингдек, мутаассибликка мойил шахсларга психологик ва ижтимоий ёрдам бериш учун семинар, тренинг ва конференциялар ташкил этилди.

2014 йилда  «Сакина» илоҳиёт, фиқҳ, тарих ва ахлоқ каби ислом билан боғлиқ турли мавзулар бўйича маълумот ва манбалар тақдим этувчи веб-сайт ишлаб чиқди. Веб-сайтда зўравонликдан воз кечган ва тинч-тотув яшашни қўллаб-қувватлаган собиқ экстремистларнинг гувоҳликлари мавжуд. Веб-сайтнинг асосий эътибори кенгроқ аудиторияни қамраб олишга,  конструктив мулоқот ва мунозаралар учун платформа таклиф қилишга қаратилган.

Шунингдек, лойиҳа билан собиқ экстремистик эътиқодидан воз кечган кўнгиллилар ҳам ишлайди. Бу шахсларнинг аксарияти экстремистлар эмас, балки исломда нималар жоиз экани ҳақида саволлари бор ва уларга соҳа мутахассисларидан жавоб олишни истаган одамлар эди.

Тармоқда дастлабки мулоқот ўрнатилгандан сўнг «Сакина» ходими одатда уларга шахсий чат хонасига кўчиб ўтишни таклиф қилади. Ушбу онлайн суҳбатлар ҳам реал вақтда, ҳам постлар шаклида бўлиб ўтади. Иккинчи ҳолатда, одатда суҳбатдош савол беради, кейин эса «Сакина» ходими жавоб беради. Ушбу суҳбатлар бир неча соат давом этиши мумкин. Аммо баъзи фойдаланувчилар ушбу хизматга бир неча ой давомида давомли мурожаат қилади. Мулоқот стенограммаси кейин бошқалар ўқиши учун интернетга жойлаштирилади. Бу дастурнинг қамров имкониятини оширади.

Натижалар. Радикаллашув ва сиёсий зўравонликни ўрганиш бўйича халқаро марказ ҳисоботига кўра, «Сакина» лойиҳаси экстремистик қараш ёки шунга ўхшаш ғояларга ҳамфикрлигини билдирган шахслар билан 3000 дан ортиқ онлайн мулоқот ўтказган ва улардан 1500 нафарини террорчилар сафига қўшилишдан қайтарган.

Дастур амалга татбиқ этилганидан кўп ўтмай умидли натижалар бера бошлади. Саудия расмийлари муваффақият даражаси 80 дан 90 фоизгача бўлганини даъво қилмоқда. Бундан ташқари, 2007 йил ноябрь ойида шаҳзода Муҳаммад бин Наиф атиги 35 та такрорий жиноят содир этиш ҳолатлари қайд этилганини таъкидлади. Бу икки фоиздан кам кўрсаткичга тенг. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқаролар фикрини ўзгартириш ва такрорий жиноят содир этишининг олдини олиш мураккаб вазифа экани ҳисобга олинса, юқоридаги натижа дастур муваффақиятидан дарак беради.

Виртуал суҳбат хоналаридаги сессиялар одамларни ўз эътиқоди ҳақида мунозараларга жалб қилиш орқали ёлғонларни кўрсатиш ва интернет фойдаланувчиларга ислом ҳақидаги «нотўғри» тушунчалардан воз кечишга ёрдам беради. 

2015 йилдан кейин Салмон ибн Абдулазиз тахтга келгач, де-факто ҳукмдорга айланган Муҳаммад бин Салмон нефть қарамлигидан қутулиб, кўп тармоқли иқтисодиётга ўтиш чораларини бошлади. Бунда у барча мақсадларини «Висион-2030» га қаратди. Кўп тармоқли бўлиш учун ҳудудга инсон капитали келиши лозим. Бунинг учун эса Саудия жозибадор бўлиши керак. Лекин 1989 йилдан кейинги уламоларга берилган эркинлик натижасида қабул қилинган фатволар жамиятни ҳар қандай янгиликдан чеклади. Бу қоидалар шариат полицияси томонидан назоратга олинди. Муҳаммад бин Салмон дунё аҳолисини жалб қилиш ва ўз халқига бўлаётган диний ўзгаришларни тушунтириш учун ваҳҳобийлик натижасида ўзгарган исломни асл ҳолига қайтарамиз деб қилаётган ишларини оқламоқда.

Дастлабки иш аёллардан бошланди. Бунда аёлларга 2017 йилдан автомобиль ҳайдашга рухсат этилди, 2018 йилдан эса ҳижоб кийиш мажбурийлиги қонундан олиб ташланди. Шу туфайли ҳозирда аёлларнинг ишлайдиган қатлам ичидаги кўрсаткичи 36 фоизга чиқди. Сўровнома натижаларига кўра, 60 фоиз аҳолисини 30 ёшдан кичиклар ташкил этадиган Саудиядаги бу ислоҳотлардан аҳолининг 64 фоизи мамнун. 

Сиёсий элита деганда Саудияда фақатгина Муҳаммад бин Салмоннинг якка ўзи кўз олдимизга келади. У берган интервьюлардан бирида: «Биз ваҳҳобийлик билан 30 йиллаб курашмаймиз, уни бугуноқ йўқ қиламиз», деган эди. Шунга кўра, саудиялик уламоларга уч йўл қолдирилди. Биринчиси, диний ислоҳотларда давлат позициясини ёқлаб фатволарини ўзгартириш. Иккинчиси, сукут сақлаб, даъватдан воз кечиш. Учинчи йўл – ўлим.

Ваҳҳобийликда сиёсий раҳбарга фитна кўпайиб кетиб, қатл кўпаймаслиги учун раҳбарга бўйсуниш талаб қилинади. Шунга кўра, диний раҳнамоларнинг маълум бир қисми 10 йил олдинги «Аёлларга автомобиль бошқариш мумкин эмас» ва шу каби фатволарини ҳозирда ўзгартириб фатво берди. Лекин баъзи уламолар бунга рози бўлмади ва ўртача ҳар йили 140 та ўлимга ҳукм қилинганлар сафига тушди. Улар ичида  твиттерда катта аудиторияси бўлган Салмон ал-Одаҳ, Авад ал-Қорни ва Али ал-Умарийлар бор. Бу билан ультра-консерватив кучлар йўқ қилиниб, барча катта аудиторияга эга таъсир қилувчилар йўқ қилинмоқда.

Ушбу ўзгаришлар туфайли аҳоли кескин гуруҳларга бўлиниб кетди. Диндор қатламнинг 60 фоизга яқини бу ўзгаришларни салбий баҳоламоқда. Ёшлар эса жамият ўрнатган қоидаларга қарамасдан эркинлик истаб, ижтимоий тармоқларда ўзини намойиш қилишга интилади. Лекин кўпроқ бу ўзгаришлар фақатгина шаҳар аҳолиси ўртасидагина кечмоқда. Марказий шаҳарлардан ташқарида яшаётган аҳоли ўзининг бадавий – саҳройи ҳаётида қолиб, бўлаётган ўзгаришлардан норозидир. Шу сабабли Муҳаммад бин Салмоннинг «Vision-2030» режаси бўйича аҳолини уй билан таъминлаш жадал суръатлар билан олиб борилиб, 2020 йилда 62 фоизга етказилди. Солиштириш учун 2016 йилда 49 фоиз эди.

Умумий ҳисобда 2019 йилда диний ўзгаришлардан 77 фоиз саудиялик норози эканини билдирган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилга келиб 55 фоизгача тушди.

Саудия давлати ичида ҳокимиятни марказлаштириш учун биргаликда ҳаракат қилинмоқда. Хусусан, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон эски тузилмаларни жиловлаб, тўғридан-тўғри марказ томонидан бошқариладиган янгиларини яратмоқда. Динга алоқадорликдан ҳоли миллий Саудия идентиклигини тарғиб қилиш учун ҳаракат қилинмоқда. Бунга шаҳзода Холид бин Салмон раислик қиладиган Саудиянинг характерларни бойитиш дастури каби ташаббуслар киради. Динни инкор қилмасада, Саудия идентиклигини тарғиб қилишда, айниқса, маданият вазирлиги каби муассасаларда очиқ диний мавзу ва луғатлардан чекиниш бор.

Саҳво ҳаракати ва шиа мусулмонлари каби мухолиф гуруҳлар таъқибга дуч келмоқда. Бу мухолифлар учун диний ва сиёсий майдоннинг чекланганидан далолат беради. Шиа мусулмонлари давлат органларидан узоқлаштирилмоқда ва уларга хавфсизликка таҳдид солувчи сифатида қаралмоқда. Бу ўзгаришларнинг бевосита таъсири Саудия жамиятини қайта шакллантиришда таъсирли бўлсада, узоқ муддатли оқибатлари аниқ эмас. Бунга сабаб ҳукумат кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш билан бир қаторда мавжуд тузилмаларни сақлаб қолишда давом этмоқда.

Ўзгаришларнинг тўлиқ якунига етишини ва унинг жамиятга қандай таъсир қилишини кутиш керак. Бу ислоҳотларнинг муваффақияти узоқ вақтга чўзилиши ҳали аниқ эмас.

Саудия Арабистонидаги диний етакчилар қиролнинг мамлакат раҳбари сифатидаги ҳокимиятини тан олганидан кейин унга қарши чиқиш, эътиқоди туфайли мухолиф ҳаракатларга раҳбарлик қилишдан четланади. Улар мухолифатга маслаҳат бериши мумкин бўлсада, сиёсатни тўғридан-тўғри рад этиш радикал хусусият касб этиши ва хавфли эканини билади. Шу сабабли улардан катта хавф кутилмайди.

Диний муассаса, аёлларга автомобиль ҳайдашга рухсат бериш каби қарорларни маъқуллашидан хулоса қилиш мумкинки, улар давлат сиёсатига мослашмоқда. Давлат мақсадлари учунгина фаолият юритадиган дин вакиллари ўз мартабасида кўтарилмоқда. Давлат тузилмаларида мана шундай диний етакчилар кўпайгани бунинг далилидир. Кўпгина ислоҳотлар узоқ стратегиянинг бир бўлаги бўлмай, балки иш жараёнида қабул қилинаётгани сабабли, улар катта эҳтимол билан бекор қилиниши мумкин. Эзгуликни тарғиб қилиш ҳамда иллатларнинг олдини олиш қўмитаси каби институтлар яна обрў қозониши ва ваҳҳобийликнинг турли унсурлари тикланиши мумкин. Очиқ қарама-қаршиликнинг йўқлиги марказлашувнинг кучайиши туфайли элита хоҳишига кўра ислоҳотлар яна эски ҳолатига қайтиши мумкин.

Барқарор ислоҳотлар мамлакат ичида ва халқаро миқёсда кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Халқаро миқёсда қироллик диний фаолияти ортидаги сиёсий мотивлар туфайли ислом оламида юмшоқ кучини йўқотиши мумкин. Мамлакатда турли гуруҳлар, жумладан, санъаткор ва диний арбоблар ўртасида кескин бўлиниш, яъни жамиятдан ажралиб қолиш кузатилиши мумкин. Бу эса кам бўлсада, ҳукуматдан норозиликка ёки расмий диний таълимотдан узоқлашишга олиб келади.

Сиёсий ислоҳотларсиз либераллаштириш кескинликни кел­тириб чиқариши мумкин. Чунки баъзи гуруҳлар ўзини чет­лаштирилгандек ҳис қилиши ва давлат манфаатларидан кўра, ғарб манфаатларини устувор билиши мумкин. Ушбу қарама-қарши мақсаддаги тоифаларни бошқариш ҳозирда раҳбариятдан кўпроқ нозик сиёсий бошқарувни талаб қилади.

1992 йилда қабул қилинган Бош қонунда шариат қиролликнинг асоси экани белгилаб қўйилган. Мамлакат ички ва ташқи сиёсатида, шунингдек, расмий мафкураси шаклланишида узоқ йиллар диний уламолар роли ва таъсири юқори бўлиб келган. Диний уламолар роли 1979 йил Масжидул Ҳарамда юз берган теракт ва Эрондаги исломий инқилобдан сўнг айниқса кучайган. Сўнгги йилларда Саудия Арабистонининг мафкуравий сиёсатида трансформация кузатилмоқда. Бу, биринчи навбатда, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошлаган ислоҳотлар билан боғлиқ. Мамлакатда асосий мафкура сифатида саудий ўзлигини илгари суриш, ташқи сиёсатда «Саудия биринчи» тамойили ва миллиятчилик ғояси устуворлиги кучайганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Саудияда уламолар кенгаши мамлакатнинг энг обрўли диний етакчиларидан иборат бўлиб, у мамлакатнинг нафақат ижтимоий, балки сиёсий ҳаётида ҳам муҳим роль ўйнаб келган. 2005 йилда Қирол Абдуллоҳ бин Абдулазиз бошлаган ўзгаришлар орқали уламолар роли камайтириб борилди. Уламолар кенгаши қиролликнинг расмий мафкураси шаклланишида ҳам муҳим ўрин тутган. Кенгаш аъзолари ва Саудия бош муфтийси асосан қирол оиласидан кейинги энг нуфузли оила – Оли Шайхга мансуб шахслардан тайинланган. Бу оила Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг авлодлари бўлиб, мамлакатнинг нафақат диний, балки сиёсий ҳаётида ҳам муҳим лавозимларни эгаллаб келган.

2015 йилдан мамлакатда олиб борилган ислоҳотлар натижасида сиёсий институтлар, бошқарувдаги кадрлар ва суд тизими ҳам эврилишга юз тутган. Муҳаммад бин Салмон даврида консерватив қарашдаги бир қанча амалдор ва уламолар лавозимидан четлаштирилди. Бугунги кунда бошқа институтлар қатори уламолар кенгаши ваколатлари ва таъсири камайтирилди.

Мамлакат мафкуравий сиёсатини шакллантиришда бир қатор сиёсий институт ва диний тузилмалар роль ўйнайди. Булар жумласига Уламолар кенгаши, Ислом ишлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Амру маъруф ва наҳйи мункар қўмитаси (диний полиция), Таълим вазирлиги ва Жаҳон мусулмонлар лигасини киритиш мумкин. Жаҳон мусулмонлар лигаси қироллик хонадони билан яқин алоқаси туфайли қарорларга таъсир даражаси кучлидир.

Ҳукумат бошлаган либераллаштириш сиёсатига диний уламолар қаршилигининг олдини олиш ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида Муҳаммад бин Салмон даврида бир қатор янгиликлар амалга оширилди. Ислом ишлари вазирлиги жума мавъизалари, уламолар маърузалари ва дарслари, расмий ва норасмий таълим муассасаларидаги диний дарслар, нодавлат диний ва хайрия ташкилотлари фаолияти, диний китоблар ва Қуръони карим нашрларини назоратга олди.

Ислом шариатига асосланган мафкуранинг амал қилишида Саудия суд тизимининг ҳам роли юқори даражада. Сўнгги йилларда суд тизими ҳам трансформацияга учради. Гарчи ҳукмларни асослашда шариат асосий манба ҳисоблансада, ислоҳот суд тизимини ҳам четлаб ўтмаганини кўриш мумкин. Диний полиция ҳам трансформацияга учради. Энг муҳим тартибот органларидан ҳисобланган тузилманинг таъсири сезиларли даражада пасайди.

Таълим вазирлиги мамлакатнинг мафкуравий сиёсатини амалга оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Мактаб дарсликлари қайта ёзилиб, мазмуни мафкуравий эврилишга учради. Унда мамлакатнинг ташкил топишида ваҳҳобийликнинг роли камайтириб кўрсатилди. Мактаб ўқувчиларига миллий мафкурани етказишда мусулмон ўзлигидан кўра, миллийликка, саудийлик ўзлигига урғу берилмоқда. Саудия жамиятида Мусулмон биродарлар ғояси таъсирини камайтириш учун таълим муассасаларида ислом биродарлиги ғоясига асосланган китоблар тақиқланди, маслак тарафдорлари бўлган ўқитувчилар ишдан четлатилди. Диний университетлар раҳбарлигига диний уламо бўлмаган шахслар тайинлана бошланди.

Саудия Арабистони ислом олами маркази сифатида мусулмон дунёсида ўз таъсирига эга. Мамлакат узоқ йиллар теократик бошқарувда бўлгани ва уламолар юқори таъсирга эга бўлганидан дунё мусулмонларида идеал давлат ўлароқ ҳавас уйғотиб келган.

Сўнгги йилларда Саудия давлат мафкурасида юз бераётган трансформациянинг Ўзбекистонга таъсирини ижобий дейиш мумкин. Саудияда ваҳҳобийликни ёйишдан воз кечиб, мўътадил ислом ҳақида олий даражаларда баёнот берила бошлангани, сиёсий қарорлар қабул қилишда уламолар роли камайтирилгани, диний таълим ва маърузалар устидан назорат ўрнатилиши, миллий мафкура сифатида саудийлик ўзлигига алоҳида урғу берилиши мамлакатда секуляризмга мойиллик кучайиб бораётганидан дарак беради.

Фарход КАРИМОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, сиёсий фанлар доктори
Беҳзод СОИПОВ,
Тошкент шарқшунослик университети тадқиқотчиси

Check Also

ИСЛОМ МУТААССИБЛИККА ҚАРШИ

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган …