Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ВА УЛАРНИНГ НАТИЖАЛАРИ (2016-2023 йй)

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ВА УЛАРНИНГ НАТИЖАЛАРИ (2016-2023 йй)

Маълумки, Ўзбекистон 2016 йилдан ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Мазкур даврда барча соҳалар қатори диний бағрикенгликни таъминлаш, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди, диний маърифат бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Натижада, салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Шу билан бирга, амалга оширилиши лозим бўлган айрим жиҳатлар мавжуд бўлиб, шу сабабдан диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган тадбирларнинг натижаларини таҳлил этиш долзарб илмий масалалардан бири ҳисобланади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лан­тиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшнилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида ўрин берилди [1:25-28].

Бу борадаги тадбирларни халқаро миқёсда ҳал этиш бўйича ҳам ҳукумат томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус асосида мазкур ташкилотнинг олий органи 2018 йилнинг 12 декабрь ойида ўтказган ялпи мажлисда «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди [3:1].

Бу пайтга келиб диний-маърифий соҳа фаолиятини янги босқичга кўтариш давр тақозосига айланди. Шу сабабдан, мазкур соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Мазкур Фармон Ўзбекистонда диний таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, бошланғич босқичдан олий ва ундан кейинги диний таълимгача жараёнларни қамраб олди [2:1,4].

Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарорга мувофиқ Қўмита ҳузурида фаолият юритадиган жамоатчилик-маслаҳат органи ҳисобланган Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Кенгаш таркиби 9 тадан 17 та аъзога – Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига кенгайтирилди [5:145-147].

Мазкур даврда қорилар мусобақасини ўтказиш ишлари ҳам йўлга қўйилди. Жумладан, 2018 йилнинг январь апрель ойларида Республика миқёсида бир неча босқичдан иборат (туман, шаҳар, вилоят, республика) Қуръони карим тиловати бўйича қорилар очиқ мусобақаси ташкил этилиб, унда 5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Шу билан бирга, мазкур даврда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди, вилоятларда эса калом, ҳадис, фиқҳ, ақида илми ва тасаввуфни ўрганишга ихтисослашган бешта илмий мактаб очилди [9].

Бундан ташқари, мамлакатда экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор аҳоли ўртасида профилактика ва тушунтириш ишларига қаратилди. Ушбу соҳада амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар «Жаҳолатга қарши маърифат» деган эзгу ғояга асосланди. 2018 йилнинг сентябрь ойида эса террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳларга адашиб аъзо бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби тасдиқланди [9].

Жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳисобга олиниб, бу борада ҳам талай ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди [4:95-98]. Мазкур Қарор асосида жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлашни назарда тутувчи янги тизим жорий этилди. Шу билан бирга, Дин ишлари бўйича қўмита таркибида аёллар билан ишлаш бўлими ташкил этилди. Бу эса ўз навбатида ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларнинг самарали бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бу пайтда диний-маърифий таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Хусусан, Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилди [8]. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида Академия таркибидаги малака ошириш Маркази ҳудудий филиаллари ташкил этилди. Амалга оширилган мазкур тадбирлар диний таълим ривожида муҳим аҳамият касб этди.

Аждодларимизнинг меросини кенг тарғиб қилиш билан бир қаторда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, инсонпарварлик тамойиллари ҳамда диний-маънавий ҳаётда содир бўлаётган янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни таъминлаш йўлида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу мақсадда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузурида «Зиё» медиа-маркази ташкил этилди [10]. Ушбу марказ бу борадаги янгиликларни оммага тез ва холис етказишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Масжидлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва шу каби бошқа объектларнинг реконструкциясини молиялаштириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда ушбу соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди [2:1,4].

Бу борадаги ишлар кейинги йилларда ҳам амалга оширилди. Жумладан, 2021 йилнинг 5 июль куни янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди [6:4-22]. Мазкур Қонунда бир қанча янгиликлар назарда тутилди. Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди [11].

Бундан ташқари, Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди. Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди ва ҳокахо [6:4-22].

Мазкур соҳадаги ўзгаришларни қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 2017-2020 йиллар давомида миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида 50 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ва 40 га яқин қарорлар қабул қилинди. Бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти фуқароларнинг дини ва миллатидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, шу жумладан, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятини оширишга қаратилди [7].

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида диний бағрикенгликни, конфессиялараро муносабатларда барқарорликни таъминлаш борасида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда. Соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди, шунингдек, мунтазам равишда турли диний ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. Бу даврда ислом дини таълимотини чуқур ўрганиш, уни илмий тадқиқ этишга йўналтирилган халқаро илмий тадқиқот марказлари ўз фаолиятини бошлади. Шу ва бошқа омиллар юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг таъминланиши ва унинг янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ–4947-сон Фармони// Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами 2017 йил 13 февраль, 6-сон (766).
  2. «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони// Халқ сўзи газетаси, 2018 йил, 17 апрель, № 75(7033).
  3. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди// Халқ сўзи газетаси, 2018 йил, 14 декабрь, № 259 (7217).
  4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори//Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами 2019 йил 16 сентябрь, 37-сон (901).
  5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори. Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами 2018 йил 23 апрель, 16-сон.
  6. Янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни// Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами. 2021 йил июль, 27-сон (995).
  7. https://isrs.uz/uz/maqolalar/millatlararo-totuvlik-va-dinlararo-bagrikenglik-uksalis-pojdevori
  8. https://lex.uz/docs/3791929
  9. https://strategy.uz/index.php?news=1014
  10. https://www.gazeta.uz/uz/2018/04/17/farmon/
  11. https://www.gazeta.uz/uz/2021/07/06/law/
Жонибек ЖУМАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, PhD

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …