(Бир ҳадис шарҳи)
Маънисиз тортишув ўзаро муносабатни бузади. Ёлғончилик мўмин-мусулмонга хос бўлмаган иллат. Чиройли хулқ эса инсонни дунё ва охиратда юксак даражага кўтаради. Одамлар орасида меҳр-муҳаббатни оширади. Жамиятда тинч-тотувлик ҳукм суришига сабаб бўлади.
عَنْ أَبِى أُمَامَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- أَنَا زَعِيمٌ بِبَيْتٍ فِى رَبَضِ الْجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الْمِرَاءَ وَإِنْ كَانَ مُحِقًّا وَبِبَيْتٍ فِى وَسَطِ الْجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الْكَذِبَ وَإِنْ كَانَ مَازِحًا وَبِبَيْتٍ فِى أَعْلَى الْجَنَّةِ لِمَنْ حَسَّنَ خُلُقَهُ.
Абу Умомадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳақ бўлатуриб, тортишувни тарк этган кишига жаннатнинг атрофидан бир уй, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк этган кишига жаннатнинг ўртасидан бир уй ва хулқини чиройли қилган кишига жаннатнинг энг юқорисидан бир уй берилишига кафилман”, дедилар (Абу Довуд ривоят қилган).
Жаннатнинг ҳар бир жойи, яъни атрофи, ўртаси-ю энг юқориси тотли ва чиройлидир. Дунё лаззатлари ҳеч қачон унга тенг келолмайди. Шундай бўлса ҳам жаннатнинг даражалари мавжуд. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида, баъзи амалларнинг фазилати ҳақида сўзламоқдалар. У зот ҳақ бўлса ҳам, фойдасиз бўлган нарсаларда тортишиш, мунозара қилишдан қочадиган кишига жаннатнинг атрофидан бир уй, яъни қаср берилишига кафил бўлмоқдалар. Инсонда тортишув икки турли бўлади. Бири шу тортишув ортидан ҳақиқатга, маърифатга ва тўғриликка эришиш бўлиб, шариат одобига мувофиқ келса, бунинг зарари йўқ. Чунки у насиҳат бўлади. Зеро, дин насиҳатдир, бунда шаръий мақсадга етиш бор. Масалан, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг хаворижлар билан тортишуви фақат ҳақиқатни юзага чиқариш бўлган. Уларни такфирга яъни, одамларни кофирга чиқаришдек куфрона йўлидан соф ислом ақидасига қайтариш учун тортишган. Иккинчиси эса, фақат бир-биридан афзаллигини намоён этиш, ҳавои нафсини баланд қўйиш, овоз кўтариш, ҳақорат ва сўкиш каби ҳеч кимга фойдаси тегмайдиган кўринишда бўлади. Бунда яхшилик ва ҳақиқатни юзага чиқаришни, ботилни кетказишни мақсад қилмайди. Бу ишда яхшилик, савоб ва ислоҳот йўқ. Мана шундай вақт ҳақ бўлсак ҳам тортишмаслик савоб бўлади. Дунё синовдан иборат, инсон ҳавои нафси сабаб қабиҳ ишларга мойилдир. Аллоҳ таоло бундай дейди: ﴿إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي﴾ “Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир”[1]. Кўпинча нафс одамни ёмонликка ундайди. Биз нафсга қарши бўлишга буюрилганмиз. Аллоҳ таоло макони жаннат бўладиганлар борасида: ﴿وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى﴾ “ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса”[2], яъни ёмонликка ундовчи нафсини исён қилишдан қайтарган бўлса, жойи жаннатдадир, деб таъкидлаган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк этган кишига жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафил бўлдилар. Ёлғон – бу ҳақиқатда воқе бўлган нарсанинг зиддини хабар бериш ва алдашдир. Ҳатто ҳазил қилиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаслик керак экан. Абу Ҳарайрадан ривоят қилинган бир ҳадисда, саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз бизга ҳазил қиласиз-ку?” деди. У зот: “Мен фақат ҳақиқатни сўзлайман”, дедилар (Термизий ва Аҳмад ривоят қилган). Яъни мен ҳазил қилганимда, фақат адолат ва тўғриликни гапираман, деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқини чиройли қилган кишига жаннатнинг энг юқорисидан бир қаср берилишига кафил бўлдилар. Чиройли хулқ соҳиби даражасига бутун умр тун бўйи намоз ўқиган ва кундузлари рўза тутган кишигина етиши мумкин экан. Бу ҳақда у зот: “Мўмин чиройли хулқи билан кундузлари рўза тутувчи ва тунлари қоим бўлувчининг даражасига етади”, деганлар (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган). Бу чиройли хулқнинг қадри нақадар баландлигидан далолат беради. Одамлар озор берса ҳам сабр қилиб, уларга озор бермаслик ва кишиларларга холис яхшилик қилиш ҳам чиройли хулқ аломатларидандир. Мана шулар билан инсон юқори даражага эришар экан.
Ким жаннатда қасри бўлишини истаса, мана шу уч буюк ишни лозим тутиши керак. Фойдасиз тортишувдан сақланиш, тўғрисўзлик ва чиройли хулқли бўлиш нафақат охират фаровонлиги, балки жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири эканини унутмайлик!