Home / МАҚОЛАЛАР / XIII–XIV АСРЛАРДА МОВАРОУННАҲРДА АРХИТЕКТУРА ИНШООТЛАРИ

XIII–XIV АСРЛАРДА МОВАРОУННАҲРДА АРХИТЕКТУРА ИНШООТЛАРИ

XIII–XIV асрнинг ўрталарида Турон меъморчилик ва ҳунармандчилигида аста-секин қайта тикланиш жараёни бошланди, бироқ бу ҳолат Элхонийлар Эронидаги каби кенг миқёсли эмас эди. Бу даврда меъморчиликда шоҳона амбициялар мавжуд эмас эди ва шу сабабли маҳобатли бинолар қурилгани кузатилмайди. Бу темурийлардан аввалги ўзига хос давр бўлиб, ёрқин намоён бўлмаган. Бироқ маълум даражада меъморчилик ва санъатда темурийлар услуби шаклланишига замин ҳозирлаган.

Вақт ўтиши билан, Турон ҳудудида ўрнашган баъзи мўғул хонлари турли сабаблар туфайли исломни қабул қила бошлади. Бироқ улар деярли шаҳарсозлик ривожланишига ва масжиду мадраслар қурилишига ҳисса қўшмади.

Туронда мўғулларга қарамлик даврига оид ёзма манбалар деярли мавжуд эмас. Ёзма манбалар озлиги туфайли бу давр меъморчилигини ёритишда асосан археологик ва кейинги давр ёзма манбалари ва замонавий тадқиқотчилар ишларидан фойдаланиш мумкин. Хусусан, ушбу мавзуни ёритишда Ибн Баттутанинг «Сайёҳатнома» [3] ва Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг «Тарихи Рашидий» асарлари [5], шунингдек, тадқиқотчилардан Бобожон Ғафуров [6], Ўмирқул Қараев [4], Лобар Асророва [1], хорижликлардан Бернард ЎКейннинг [2] илмий тадқиқотларидан фойдаланилди.

Чиғатой улуси даврига оид меъморий иншоотлар озчиликни ташкил этади. Буни уларнинг кўчманчилик анъанасига содиқ қолишга уриниши дейиш мумкин. Бу ҳолат Олтин Ўрдада ҳам кузатилади [2:277-287]. Ўтроқ аҳоли асосан Туроннинг ғарбида, жумладан, Урганч, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, уларнинг кўпчилиги мусулмон эди. Бугунги кунгача сақланиб қолган меъморий обидаларнинг аксарияти ўша ерларда жойлашганини таъкидлаш жоиз.

XIII аср ўрталарида, хусусан, XIV асрда амалга оширилган қурилиш ишларининг кенгайиши Турон ҳудудида шаҳар ҳаёти ва иқтисодиётнинг нисбатан ўсганини кўрсатади [6:466]. Қурилиш харажатлари диний уламо ва зодагонлар, ҳатто, мўғулларнинг ҳукмрон табақаси алоҳида вакиллари томонидан ҳам молиялаштирилган. Бироқ қурувчилар маҳаллий усталар эди. Турон меъморлари ва турли амалий санъат усталари ўз ишланмаларини ривожлантирган.

Бу даврга оид бир қанча меъморий ёдгорликлар сақланиб қолган бўлиб, улар асосан мақбаралардан иборат. Бироқ XIII–XIV асрлардаги қурилиш фақат ушбу турдаги бинолар бўлган деб ҳам бўлмайди. Ёзма манбалардан маълумки, бу даврда мадраса ва кўшклар ҳам қурилган. XIII аср ўрталарида Бухорода иккита йирик мадраса, хусусан, мўғул хони Кебекхон Насаф яқинида масжид ҳам қурдирган. Қўҳна Урганчдаги баландлиги 62 метрли минора XIII аср архитектурасининг ноёб ёдгорлиги ҳисобланади. Яна бир шунга ўхшаш минора XX асрда бошларида қулаб тушган. Бу икки минора масжиднинг бир қисми саналган. Бу даврнинг сақланиб қолган энг қадимий биноси шайхул олам Сайфиддин Бохарзий мақбараси ҳисобланади. У XIV асрда тўлиқ таъмирланган, кейинчалик мақбаранинг қадимий биноси ёнида майда нақш ва циркор кошинлар билан безатилган зиёратхона ва кичик хилхона қурилган. Мақбаранинг энг охирида таъмирланган қисми зиёратгоҳнинг кириш қисми ҳисобланади. Бу қадимий ёдгорлик содда тарзда қурилган бўлиб, меъморчиликнинг рустика[1] услубида барпо этилган [1:23], бироқ у муҳташам бино ҳисобланади. Мақбаранинг ўзи кичикроқ гумбаз, зиёратхона эса каттароқ гумбаз билан ёпилган. 1333 йилда Ибн Баттута бу ерга келиб, уни ўз «Саёҳатнома»сида хотирлайди [3:66]. Шайхнинг бизгача етиб келган Бухоро яқинида жойлашган мақбарасида хонақоҳ мавжуд эмас [6:470].

Шунингдек, Бухоро шаҳрида бунёд этилган Баёнқулихон мақбараси айни шу даврга хос ёдгорликлардан бўлиб, Сайфиддин Бохарзий қабри яқинида қурилган. Мақбара биноси майда нақш ва циркор кошинлар билан безалган зиёратхона ва кичик хилхонадан иборат. Баёнқулихоннинг қабр тоши лондонлик коллекционер қўлида сақланади. Сайфиддин Бохарзий мақбараси ҳам шу давр ёдгорликларидан бири ҳисобланади. XIII аср охири – XIV аср бошларига келиб, Хоразм шаҳарлари ҳам қайта тиклана бошлаган. Айни шу даврга келиб, бу ерда Шайх Мухтор Валий мақбараси қурилган. 1287 йилда тасаввуфнинг йирик намояндаси Шайх Мухтор Валий вафот этган ва шундан кейин бу мақбара қурилиши бошланган. Қабр устига гумбазли даҳма қурилиб, кейинчалик ҳужрали хонақоҳ билан кенгайтирилган. Мақбара турли ўлчамдаги ғиштлардан қурилган бўлиб, ёғоч ўймакорлиги билан нафис безатилган тўрт эшик бугунги кунгача сақланиб қолган [1:23].

Кейинги давр манбаларида Туроннинг шарқий қисмидаги қурилишлар ҳақида алоҳида маълумотлар бор. XIV–XVI асрларда Ашпар, Тароз, Алабур, Отбош ва Иссиқкўл шаҳрида турли қалъалар, Олмалиқ яқинидаги Туғлуқ Темур мақбараси, Талас водийсида Тиктурмас, Манас гумбази ва бошқалар қурилган. Мўғулистон хони Муҳаммадхон (1408–1416) томонидан ҳам иншоотлар қурилган. Бу ҳақда Муҳаммад Ҳайдар Мирзо шундай ёзади: «Муҳаммадхон Чотиркўлнинг шимолий қирғоғида тошдан работ қурдирди… Ўша работнинг олти эшиги, баландлиги йигирма газ[2] бўлган. Дарвозасидан кирсангиз, ўнг томонида ўттиз газга яқин йўлак… Унинг ғарбий чеккасида (работ) ўн беш газли масжид қурилган. Ҳар томондан йигирмадан ортиқ эшиклар бор. Бу иншоотларнинг ҳаммаси  бутунлай тошдан (қурилган)» [4:148].

Чиғатой улусининг пойтахтларидан бўлган Олмалиқдаги кошиндан ишланган Туғлуқ Темур мақбараси чиндан ҳам ўзига хос жозибага эга. Туғлуқ Темур мақбараси фақат арк ва гумбазлардан барпо қилингани билан Бухоро ва ундан ғарбдаги мақбараларга ўхшайди. Шуни таъкидлаш жоизки, Бухородаги Баёнқулихон мақбарасидан фарқли ўлароқ, Туғлуқ Темур мақбараси ислом меъморчилиги билан шуғулланувчи тарихчилар эътиборидан четда қолмоқда. Туғлуқ Темур мақбараси ҳозирги кунда Хитойнинг Шинжон Уйғур провинцияси шимолий қисмида, Қозоғистон билан чегарадош Ҳуочен шаҳрида жойлашган. Бу ерлар қадимда Олмалиқ шаҳри деб аталиб, Чиғатойхон даврида ёзги қароргоҳ (яйлоқ) вазифасини ўтаган. Кейинчалик Чиғатой улусининг шарқий қисми пойтахтига айланган. Ўша шаҳарда жойлашган мақбара афтидан 1363 йилда Чиғатойхоннинг сўнгги авлоди Туғлуқ Темурхон (1359–1363) вафотидан кейин қурилган [2:278].

Мақбара ҳақида тарихий манбаларда ҳам маълумот берилган. Хусусан, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг «Тарихи Рашиди» асарида мақбара 760/1358–1359 йилда асли ироқлик уста Шаърбоф[3] томонидан бунёд этилгани айтиб ўтилган [5:508]. Бироқ бу жумла ҳозирда сақланиб қолмаган [2:280]. Шуни таъкидлаш жоизки, Муҳаммад Ҳайдар мирзо мақбарага нисбатан форсча «боргоҳ» атамасини қўллаган. Бу атама суд (ярғу), суд ўтказиладиган чодир маъносини англатган.

Ғиштдан қурилган мақбаранинг эни ўн бир метр, бўйи ўн олти метрга яқин бўлиб, кириш қисмида монументал арк жойлашган. Мақбаранинг ўртасидан шифтгача ўн тўрт метрни ташкил қилиб, ташқи кўриниши оқ сувоқли ғиштли гумбаздан ишланган. Ичкарида Туғлуқ Темур ва унинг фарзандлари қабри жойлашган.

Оқланган деворлардан ташқари асосан кўк ва оқ кошинлар ҳам ишлатилган. Пештоғи яшил, кўк, бинафша, жигарранг, қора ва оқ ранглардан ташкил топган ўзаро боғланган юлдузлар ва гулсимон нақшлари кошинлар билан безалган. Аркасида кўк ва оқ кошинлар билан куфий хатида «Аллоҳ» сўзи битилган. Ёғоч эшик атрофидаги бежирим ишланган кошинлар ҳозирги кунгача сақланган бўлиб, пастки қисми ҳам худди шундай жимжимадор қилиб безатилган. Бироқ ички қисми безатилмаган.

Бино режасида гумбаз остида жойлашган асосий марказий хонадан ташқари бир қанча кичик қўшимча хоначалар кўзда тутилган. Пастки қисмида тўртта юқори қават, яъни кириш эшиги қаршисида қўшимча яна учта хонача бор. Бу хоналардан ташқари, сўфийлар ибодати учун мўлжалланган чиллахона ҳам барпо этилган. Улар доимо марҳум Туғлуқ Темурга атаб дуои фотиҳа қилган [2:281].

Мақбара ёнида ўзига ўхшаш, бироқ кичикроқ бино бўлиб, оддийгина ғиштли карниз билан безатилган. Бу ёрдамчи бинода Туғлуқ Темур қизининг қабри борлиги айтилади [2:283].

Бинонинг хаттотлик намунаси ХИВ аср Чиғатой меъморчилиги хаттотлигига хос бўлсада, ғайриоддий хусусиятга эга. Яъни أ «алиф» пастки қисмининг чап томонидаги эгрилик туфайли ل «лом» ёки бошқа кейинги ҳарфга қўшилиб кетади. Бунинг бошқа мисолларини Шоҳи Зиндадаги Қусам ибн Аббос зиёратгоҳи ва Баёнқулихон мақбарасида ҳам кўриш мумкин. Яна бир ўзига хос жиҳати «дол»нинг кичрайтирилган шакли бўлиб, бу ўхшашлик оз бўлсада, 1361 йилга оид Шоҳи Зиндадаги Қутлуғ оға мақбарасида ҳам учрайди [2:286].

Манбаларда келтирилишича, Туроннинг шарқий қисмида яна кўплаб меъморий обидалар бўлган. Буларга мисол қилиб 711/1311–1312 йилга тааллуқли Имом Муҳаммад фақиҳ Болосоғуний мақбараси, Мавлоно Сирожиддин Абу Яъқуб Юсуф Саккокий дахмасини санаб ўтиш жоиз [5:508-509].

Юқоридагилардан ташқари, Нажмиддин Кубро, Тўрабекхоним, Муҳаммад Башар мақбаралари XIV асрнинг нодир меъморий ёдгорликлари сирасига киради. Бу даврда мақбаралар билан бирга масжид, мадраса ва саройлар ҳам қурилган. Кўҳна Урганчда қурилган қўш минорали масжиднинг биргина минораси сақланиб қолган.

ХИВ асрнинг 60 йилларида, яъни мўғуллар ҳукмронлигининг охирларида Самарқандда бир неча йирик меъморий иншоотлар қурилган. Улардан бири 1360–1361 йилларда қурилган Қутлуғ Оқо мақбарасидир. Ўзига хос услубда қурилган ушбу ёдгорлик баъзи манбаларда Амир Темурнинг хотинларидан бири Қутлуғ Оқо номи билан боғлиқ экани айтилади.

Пештоқдаги ёзув парчаларида мақбара қурилган вақти 762/1361 йил деб кўрсатилган. Бу ёзувлардан шуни англаш мумкинки, иншоот аслзодалар учун қурилган. Дахмада ёш боланинг қабри ҳам бор. Мақбаранинг пештоқи ва ичкариси зийнати ўймакор сирли кошин билан ишланган бўлиб, уни ҳам Ҳожи Аҳмад мақбараси меъмори қурган.

Бундан ташқари, XIV аср 30 йилларига келиб, Қусам ибн Аббос мажмуасининг зиёратхона қисми қайтадан қурилади. Асли XI асрга оид бўлган бинонинг гумбази янгидан қурилиб, сирли кошин билан қопланган. Деворий гумбаз қўйилган саккиз устунли қисмининг жануби-ғарбий томонидан ислимий нақшда ҳижрий «753»[4] санаси жимжимадор қилиб ёзилган.

XIV асрга оид кўплаб, яъни Шоҳизинда мажмуасидаги бир қанча мақбаралар (Қуссам ибн Аббос мақбараси ёнидаги зиёратгоҳ, 1360 йилги мақбара, Хожа Аҳмад мақбараси ва бошқалар), Нажмиддин ва Тўрабекхоним мақбаралари бор. Панжикентдаги Муҳаммад Башоро мақбараси, Хўжанддаги ҳозир вайрон бўлган Дувахон (Туванбек) мақбараси ва бошқалар шулар жумласидандир. Аксарият мақбаралар ташқи кўриниши ва меъморчилиги жиҳатдан икки гуруҳга бўлинади: нисбатан кўп бўлган гуруҳи бир гумбазли, иккинчи гуруҳи эса Сайфиддин Бохарзий мақбараси каби икки гумбазли зиёратгоҳдан иборат мақбаралардир. Бу даврда гумбазсимон пештоқ асосида бир қанча янги лойиҳада мақбаралар қурилган. Шунингдек, бу даврда қўш ва ҳатто уч қаватли мақбаралар қурилгани кўзга ташланади.

Чиғатой хонадони вакилларидан Кебекхон Қарши яқинида «Кебекхон мақбараси» номи билан танилган мақбара қурдирган. Бу мақбара бугунги кунгача сақланиб қолмаган.

Бу даврнинг меъморий безаклари жуда мураккаб ва ранг-баранг бўлиб, амалий касбларнинг янада ривожланганидан далолат беради. Гил ва сирланган кошиндаги гул тасвирлари биноларни безашда кенг қўлланилган. Баъзан пишиқ ғиштга  ўйилган нақшлар кўк ёки осмон тусидаги ялтироқ ранглар билан қопланган, бошқа ҳолларда фақат ёзув кўзга ташланади, иккинчи даражали ички нақшлар эса ўймакорлик услубида ишланган ғиштлар остига қолдирилган. Биноларни безашда сирланган кошинлар жуда кўп ишлатилган. Баъзан улар сирланган юзани олтин ёки рангли тасвирлар билан безаган. Деворлари оддий, аммо оқланган тарзда, тенг оралиқларда вертикал равишда ўрнатилган сирланган ғиштлар билан безатилган. Деворларнинг сувалган юзаси баъзан жуда чиройли нақшлар билан қопланган. Бинони безашнинг анъанавий усули сақланиб қолган. Масалан, XI–XII асрларга оид ўймакор (сирли кошинсиз) нақшлар ХИВ аср меъморлик амалиётида ҳам учрайди.

Энг мураккаб ўсимликсимон ва геометрик (ислимий) тасвирлар гўзаллиги ва ранг-баранглиги, пишиқ ғиштга ишланган нақшлар, сирланган кошин ва девор расмлари киши эътиборини тортади. Бу ажойиб намуналарни яратган туронлик кулоллар ёхуд ўймакорлар зукколиги ҳақиқатдан ҳам кишини ҳайратга солади.

Шунингдек, муҳташам меъморий ёдгорликларда хаттотлик санъати намуналари ҳам бор бўлиб, ўзининг аввалги юксак савиясини сақлаб қолганини ҳам айтиш жоиз. Уларнинг бирида форс тилида буни ясаган устанинг исми ва иншоот қурилган сана бор: «Амали Усто Абдурраҳмон; соли ҳафтсаду бисту як» (милодий 1321 йил) [3:470].

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш керакки, мўғуллар босқини Турон меъморчилигига ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмади. Босқиннинг илк чоғларида шаҳар тараққиёти бир муддат тўхтаб қолди. Бироқ аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ва қурилиш соҳасидаги бой тажрибаси натижасида анъанавий меъморчилик билан бирга, янгича ёндашув асосида меъморий иншоотларни қуриш ишлари аста-секинлик билан ривожлана борди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кўчманчи мўғулларнинг ҳам ўтовлар қуриш бўйича ўзига хос анъанаси бор эди. Мўғулларнинг ўтроқликка ўтиши натижасида улар Туронда мавжуд меъморий анъаналарни қабул қилган ҳолда янги-янги бинолар қуриш ишларига бош-қош бўла бошлади. XIV асрда Туронда иқтисодиётнинг нисбатан ўсиши қурилиш ишларининг кенгайишига олиб келди. Натижада, бу ҳолат қандайдир маънода темурийлар даври меъморчилиги ва санъатига замин ҳозирлади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Асророва Л.Қ. Алоуддин Бухорий «Ҳайратул фуқаҳо» асарининг ислом манбашунослигида тутган ўрни. Тарих фан. бўйича фалсафа доктори диссертацияси. – Т., 2019.
  2. Бернард ЎКане. Чагҳатаи Арчитеcтуре анд тҳе томб оф Тугҳлуқ Темüр ат Алмалиқ. Брилл. Муқарнас. Вол. 21. Эссайс ин Ҳонор оф Ж.М.Рогерс. 2004.
  3. Иброҳимов Н. Ибн Баттута ва унинг Ўрта Осиёга саёҳати. – Т., 1993.
  4. Караев О.К. Чагатайский улус. Государство Хайду. Могулистан. Образование кыргызского народа. – Бишкек, 1995.
  5. Муҳаммад Ҳайдар Мирзо. Тарихи Рашидий. – Т.: Шарқ, 2010.
  6. Ғафуров Б.Ғ. Тоҷикон. – Душанбе: Дониш, 2008.
[1] Рустика – лотинча, рустиcус оддий, дағал қилиб терилган девор тури.
[2] 1 газ 105 сантиметрни ташкил этади.
[3] Шаърбоф – Ироқ томонларда тўқувчини шундай аташганлигини Муҳаммад Ҳайдар мирзо ўз асарида таъкидлаган.
[4] Милодий 1352 йил.
Зафар ШАМСИДДИНОВ,
ЎзР ФА Тарих институти кичик илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …