Кишилик жамиятида ҳар доим сиёсий тузумнинг алмашинуви натижасида юз берган ўзгаришлар моҳиятини одамларга тушунтиришда матбуот муҳим роль ўйнаган. XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонда фаолият олиб борган жадид маърифатпарварлари фаолиятида ҳам газета ва журналлар муҳим аҳамият касб этди. Туркистонда мустамлакачи маъмурият газеталарнинг узоқ муддат фаолият олиб боришига тўсқинлик қилди. Шундай бўлсада, улар ўзбек халқи миллий онгининг уйғонишида, дунёқарашининг шаклланишида, эрк ва ҳуррият ғояларини одамлар онгига сингдиришда муҳим роль ўйнади.
Ўзбек матбуоти тарихи жадид ҳаракати ва зиёлилари номи билан боғланади. Жадидлик амалий фаолиятдаги ҳаракатдир. Жадид зиёлилари учун эски усулдаги мактабларни ислоҳ этиш, бадиий адабиётни тараққиётга узвий алоқадорлигини таъминлаш, театр саҳнасини ибратхонага айлантириш нақадар муҳим бўлса, миллий матбуотни ташкил этиш ва унинг тараққиёти ҳам шу даражада муҳим эди.
Жадидлар даврида матбуотнинг жамиятга таъсири кучли эди. Дарҳақиқат, жадидлар миллат маънавиятини ислоҳ этиш, одамларни маърифатли қилиш, оламга очиқ назар билан боқишга ўргатиш ва мудроқ тафаккурни уйғотишнинг энг асосий омили сифатида матбуотнинг қадрини баланд кўтарди [10].
Ўзбекистонда миллий матбуотнинг туғилиши, шаклланиши ва ривожланиши тарихи юз йилдан зиёдроқ вақтни ўз ичига олади. XX аср бошларида, аниқроқ айтганда, 1906 йилда дунё юзини кўрган «Тараққий» газетаси ўзбек миллий матбуотининг қалдирғочи эди. Ундан кейин 1917 йилгача 10 та газета ва журнал нашр этилди. Афсуски, бу нашрлар мустамлакачилар манфаатларига эмас, аксинча, ўзбек халқи миллий онгининг ўсишига хизмат қилгани учун подшо Россияси цензураси сиқуви остида, айрим ҳолларда иқтисодий қийинчилик туфайли узоқ яшамади. Шунга қарамай, бу нашрларнинг ҳар бири тарихчилардан махсус ўрганишни тақозо этади [5:3].
Туркистонда жадид матбуотининг шаклланишида умумтурк матбуоти муҳим роль ўйнади. Кавказ, Волгабўйи, Истанбулда ўз фаолиятини миллий асосда йўлга қўйган газета ва журналлар муҳим аҳамият касб этди. Газеталар туркий халқлар ҳаётига XIX аср 30 йилларида кириб келди. Туркияда нашр қилинган туркча «Тақвими вақое» (Воқеалар календари) нафақат мамлакатда, балки турк дунёсидаги илк расмий газета эди. 1860-1862 йиллардан кейин Туркияда газета нашр қилиш оммалашди. Озарбайжонда 1875- йилда газета чиқа бошлади. 1883 йилда Боғчасаройда нашр қилина бошлаган «Таржимон» газетаси энг машҳури бўлди. Бу газета 20 йилдан кўпроқ вақт давомида биргина Россияда эмас, балки дунёнинг барча ҳудудларида яшовчи туркий халқларнинг ижтимоий, сиёсий, маданий ва маърифий жиҳатдан бирлашишини тарғиб қилган асосий нашр бўлиб келди.
1904 йилда бошланган рус-япон урушида Россия енгилди. 1905 йилда мамлакатда юз берган ғалаёнлар натижасида подшо Николай ИИ Манифести эълон қилинди. Унда барча фуқароларнинг, шу жумладан, тобе миллатларга сўз, матбуот, виждон эркинлигини таъминлаш ваъдаси берилди. Буларнинг барчаси жадид матбуотининг юзага келишига сабаб бўлди. Россия империяси Туркистонни мустамлака қилган вақтдан бошлаб, асосий эътиборини аҳолини жисмонан маҳв этиш билан бирга, уларнинг онгини ҳам эгаллашга қаратди. Бунда асосий воситалардан бири «Туркестанские ведомости» газетаси бўлди.
Туркистонда даврий матбуот аслида жадидлардан илгарироқ, яъни 1870 йилда пайдо бўлди ва ўлкага кириб келган Россия империяси манфаатларига хизмат қилди. Унинг тарихи қуйидагича эди: 1867- йил 14 июлда Тошкентда Туркистон ҳарбий округи штаби қошида ҳарбий ҳужжатларни керакли миқдорда кўпайтириш мақсадида босмахона ташкил қилинади. 1868 йилда у ўртача ҳажмдаги китоб чиқаришга мослаштирилади. 1869 йилда ҳарбий вазир Д.А.Милютин «Туркестанские ведомости» газетасини чиқаришга рухсат беради. Шу тариқа 1870 йилнинг 28 апрели (янги ҳисобда 10 май) дан бошлаб Тошкентда рус тилида газета чиқа бошлайди [4:37]. Бу босмахона ва у ерда нашр қилинаётган газета ҳарбийлар назоратида бўлиб, уларнинг манфаатига хизмат қила бошлади. Шу йилнинг ўзида, яъни орадан икки ой ўтиб, биринчи марта ўзбек тилида «Туркестанские ведомости» чоп этила бошланди. Газета нашр қилина бошланган йилдан то 1917 йилга қадар бўлган фаолияти давомида асосан мустамлакачилар мафкурасини тарғиб қилган. Айнан ўзбек ва қирғиз тилларида чоп этилган «Туркистон вилоятининг газети» ҳам «Туркестанские ведомости»нинг ўзбекча нусхаси бўлиб, фарқи мустамлакачиларга хизмат қилаётган маҳаллий ижодкорлар томонидан тайёрланиб, нашр этилди. Бундай тарғибот ва ташвиқот мустамлакачилар манфаатларига хизмат қилган.
1881 йилнинг 20 ноябригача Шоҳимардон Иброҳимов, 1881-1883 йилларда Ҳасан Чанишев муҳаррирлик қилди. 1883- йилдан газета мустақил фаолият олиб борди ва унга Туркистон генерал-губернатори Черняев буйруғи билан Н.Остроумов муҳаррир этиб тайинланади. Газета 1917 йил февраль воқеаларига қадар фаолият олиб боради. Н.П.Остроумов Қозон диний академиясида машҳур миссионер Н.Илминский қўлида ўқиган. Шарқ тилларидан, хусусан туркий тиллардан яхшигина хабардор бўлган. Аммо у забт этилган ўлкаларни руслаштиришни ҳаётининг бош ғоясига айлантирган ашаддий шовинист эди [4:38].
Газетанинг асосий фаолияти рус илм-фани, маданияти, ғояси ва мафкурасини тарғиб қилиш, Россия шаҳарларига борган туркистонликларнинг сафар таассуротларини мунтазам ёритиб боришдан иборат эди.
Чўлпон таъбири билан айтганда, «Туркистон вилоятининг газети» истило этилган генераллар тарафидан нашр этилган, руслиғнинг шавкат ва салтанатини кўҳна мадрасаларнинг тумтароқ тили ила осмонларга чиқарган бир газета эди» [11].
Авлоний эса «Туркистон вилоятининг газети»га қуйидагича баҳо берган: «…бу газета – Туркистон ўзбеклари учун биринчи газета бўлғони каби ерлик халқни разолат, сафолатга бошлағон тарихий бир қора гуруҳ газета… Бу маориф маданиятига душмон бўлғони ҳамда табиий эл орасиға бидъат, хурофот тарқатишқа бор кучи билан киришган ва бу йўлда бир қанча муваффақиятларга учрағон эди» [11].
Шундай вазиятда бор ҳақиқатни ёзадиган, миллий кайфиятни ифодалайдиган соф ўзбекча нашрга эҳтиёж туғилаётган эди. Зеро, бу пайтга келиб, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Сўфизода ва яна кўплаб қаламкашлар матбуотда ўз сўзига эга эди. Уларнинг «Туркистон вилояти газети»га ёзганлари миссионер Остроумов томонидан «қайчиланиб» чиқарилар, баъзи пайтларда эса чоп этилмасди.
Буларнинг барчасини кўриб турган ва ўзбек халқи қарашларини ифодалайдиган миллий газетага эҳтиёж туғилганини англаган Исмоил Обидий 1906 йил 27 июндан «Тараққий» номли ўзбекча газетага асос солди. Газета Тошкентдаги В.Илиннинг хусусий босмахонасида чоп этилиб, Ўрта Осиёга тарқатилган [11].
«Тараққий» илк ўзбек миллий газетаси сифатида тарихга кирди. У нашр этилган кун Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йилдаги қарори билан Матбуот куни деб эълон қилинди.
«Элнинг энг суйиб ўқийдурғон» бу газетаси ўз даврида жуда катта шуҳрат қозонган. Исмоил Обидийни «Исмоил Тараққий» деб атаган [9]. И.Гаспринский махсус «Тараққий» номли мақола ёзиб, тошкентлик ҳамкасбларини табриклаган. «Лисони Туркистон тарафларинда мақбул турк шевасинда» эканидан, «маслаки тараққийпарвар»лигидан хурсандлик изҳор этган, ўлкада шундай газетага кўпдан эҳтиёж бўлганини таъкидлаган эди [6]. «Тараққий»дан машҳур Абдулла Тўқай ҳам хабардор эди [2:391]. Газетани ташкил қилишдан уни материаллар билан таъминлашгача Мунавварқори ва Абдулла Авлонийнинг роли катта бўлган [4:59]. Газетанинг 20-сони нашр этилгач, ҳукумат томонидан тақиқланган.
«Тараққий» газетаси фаолияти ҳақида тадқиқот олиб борган Н.Абдуазизова қуйидагиларни ёзади: «….гарчи нашр Иван Геер маблағи ҳисобидан чоп қилана бошланган бўлса ҳам, унинг ўз олдига қўйган мақсади аввалги газетадан тубдан фарқ қилган» [1:79]. «Тараққий» газетаси миллий, ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий масалаларни кўтарган. Шунингдек, муштарийларни «мамлакат хабарлари», «хорижий хабарлар», «телеграф хабарлари», «Тошкент ахбори» рукнлари остида янгиликлардан воқиф этиб турган. Газетада маърифат манбаларидан саналган китоб ва газета учун мустамлакачи маъмуриятнинг маблағ ажратмаётгани ва буни унинг ўзи ҳам билиб тургани тўғрисида шундай ўхшатиш қилинади: «Ҳозирда ижтимои, калом, матбуот учун берилган харит (харажат)лар; тўшак устида оғзига сув томизилиб турган оғир хастадек эканини тилсиз ва кўр табиблар ҳам тасдиқ этурлар» [7:1].
Мустамлакачилик тузумидан озод бўлиш ғояси ва миллатни тараққий эттириш масаласи газетанинг бош мақсади эди. «Тараққий»да жадидлар аҳолидан олинадиган солиқлар юрт ва халқ манфаати учун эмас, «золим ишга ва айш-ишратға» сарфланаётганини баён қилади [8:1].
Газетанинг 1906 йил 3-сонида пивохўрлик ва ичкиликбозликнинг кенг тарқалиб кетаётганидан хавотир билдирилган. Газета фаолияти жуда қисқа вақт давом этди. «Тараққий» газетасининг нашр этилиши бир неча ойдан сўнг тўхтатиб қўйилди. Шундан сўнг ҳам жадидлар матбуот ташкил этишни янада ривожлантирди. Масалан, Мунавварқори Абдурашидхонов муҳаррирлигида «Хуршид» газетасини чиқариш бошланди. «Хуршид» газетаси» – деб ёзади Абдулла Авлоний, «1906 йили «Тараққий» тўхтолғондан кейин ўша вақтнинг ёшлари томонидан тузилган бир ширкатнинг моддий кўмаги ва Мунаввар Қори Абдурашидхоновнинг масъул муҳаррирлигида тош босма усули билан чиқа бошлади» [3], деган.
«Хуршид» газетаси Туркистон халқлари олдида турган долзарб муаммоларни ечиб, мустамлакачиликдан озод бўлишга интилувчи мақолалар эълон қилади. Маданият ва маърифатни тиклаш унинг бош ғоясига айланади. Бу газета ҳам атиги икки ой давомида фаолият олиб борди.
Тошкентлик бойлардан бири Саидкарим Саидазимбоев 1907 йил 21 августда «Тужжор» газетасининг чиқишига муҳаррирлик қилган. У «миллий, сиёсий ва маиший газетаи исломия» эди. Манзили Петербург кўчасидаги хусусий уйда, деб кўрсатилган.
Газета муҳаррири Саидкарим Саидазимбоев рўзнома халқни ўз тили ва маданиятига эга бўлиши, дунёдан хабардор қилиши, халқни ғафлат уйқусидан ўйғотишдай эзгу ишларга қодир эканини таъкидлайди.
Хулоса қилганда, жадид маърифатпарварлари ўзи чоп этган газета – журналлар орқали халқни ижтимоий-сиёсий воқеалардан хабардор қилиб борди. Улар маҳаллий ҳукмдорларни мустамлакачилар томонидан амалга оширилаётган ноҳақликлардан огоҳлантирган. Шунингдек, илм-фан учун керакли шароит ва маблағни ажратишга даъват этган. Жадидлар томонидан матбуотда ёритилган камчиликларга ўз вақтида эътибор бермаслик миллий бирлик тамойилининг йўқолиши ва мустамлакачилик зулмининг давом этишига сабаб бўлди.