Home / МАҚОЛАЛАР / ҚАДИМИЙ ВА НАВҚИРОН КEШ – ШАҲРИСАБЗНИНГ САВДО-ИҚТИСОДИЙ БОЗОРЛАРИ ТОПОГРАФИК МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ХРОНОЛОГИК ТАҲЛИЛИ

ҚАДИМИЙ ВА НАВҚИРОН КEШ – ШАҲРИСАБЗНИНГ САВДО-ИҚТИСОДИЙ БОЗОРЛАРИ ТОПОГРАФИК МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ХРОНОЛОГИК ТАҲЛИЛИ

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, IX-X асрларда Ўрта Осиё шаҳарларида бозор иқтисодий ихтисослашиб, профессионал машғулотга айланган ва XV асрнинг охири XVI асрлар орасида янада ривожланган. 

Аввало шуни таъкидлаш жоизки, ўзбекларда бозорга бориб савдо-сотиқ қилишни «бозор-ўчар қилиш» дейилади. Шу ўринда савол туғилади: бозор дегани савдо қилинадиган жой эканлиги маълум, лекин ўчар дегани қандай маънони англатади? Бозор сўзининг эроний тиллардаги қадимий шакли вазар, илк даврларда вачар, ватсал, суғдий матнларда ватсар бўлган бўлиб, маъноси – бозор, савдо қиладиган жойдир [1]. Ўзбек тилида бозор-ўчар жуфт сўз, синоним ва бир оғзакдан ҳосил бўлган. Ўчар вачар сўзининг адаптация шакли, суғд тилидан ўзгартириб қабул қилинган. Вачар қадимий эроний тиллардан форс-тожик тилига бозор шаклида ўтган. Демак, ўзаро алоқалар маркази бўлган бозор сўзининг ясалишида турли халқларнинг ўзаро маданий алоқалари акс этган.

Ўрта Осиё шаҳарсозлик маданиятининг қадимдан ривожланган вилоятларидан бири бўлган Қашқадарё воҳаси савдо-иқтисодий муносабатлари В.С. Расторгуева, Й.К. Молчанова,   А.Сагдуллаев, П. Равшанов, С. Кораев, Б. Бобожонов, О.А. Сухарева тадқиқотларида таҳлил қилинган.

Шаҳарларнинг йирик савдо марказларига айланишида  бозорларнинг аҳамияти беқиёс эди. Одатда шаҳарларнинг мавжудлигини кўрсатувчи белгилардан бири – бозорларга доимо алоҳида аҳамият берилган. Бозорларнинг катта-кичиклиги, бойлиги ва бошқа жиҳатлари шаҳарларнинг мамлакатда тутган ўрни ва у ердаги сиёсий вазият билан чамбарчас боғлиқ бўлган[2]. Агар мамлакатда иқтисодий таназзул кечаётган бўлса, бозорларнинг аҳволи оғирлашган, аксинча бўлса, бозорлар гуллаб-яшнаганлигини кузатиш мумкин.

Шарқ бозорлари Ғарб дунёсидаги савдо манзилларидан кўплаб ўзига хос  хусусиятлари билан ажралиб турган. Жумладан, Ўрта Осиё шаҳарларида шаҳарнинг маркази, яни юраги бозорлар ҳисобланган ва айнан шу боис ҳукмдор саройи ёки қасри эмас, балки айнан бозорларгина кўплаб Шарқ шаҳарларининг топографик маркази бўлган. Шунингдек, Ўрта Осиё шаҳарларида жамиятнинг турли вакиллари: мансабдор шахслар, ҳунармандлар, савдогарлар, зиёлилар билан бир қаторда йирик ер эгалари ҳам яшар эди. Бу эса бевосита Ўрта Осиё шаҳарлари тарихий тараққиётининг айрим даврларида Ғарбий Европа шаҳарларидан ажратиб турувчи хусусиятларидан биридир[3].

Шаҳар аҳолисининг асосий қисми ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан машғул бўлган. Бу ерда кўнчилик, кулолчилик, тўқимачилик, тикувчилик, каштачилик, зардўзлик, темирчилик, дегрезлик, мисгарлик, заргарлик ва бошқа ҳунармандчилик турлари ривож топган. Шаҳрисабз илк ўрта асрларда Китоб шаҳри ўрнида жойлашган. КАТE келтирган маълумотлар, хусусан, Ш. С. Камолиддинов ёзишича, вақт ўтиши билан шаҳар маркази ҳозирги Шаҳрисабз атрофига кўчган.[4] Жумладан, эски шаҳар ташқарисида янги иншоотлар қурилган бўлиб, шаҳар ҳукмдори саройи ва бозор ҳам шу ерда жойлашган. Кейинчалик шаҳарнинг мудофаа девори билан ўраб олиниши ва мустаҳкамланиши Амир Темур фаолияти билан боғлиқ. Аммо XVII асрнинг иккинчи яримига келиб иқтисодий инқироз сабабли Шаҳрисабз ҳам оғир аҳволда қолган. Бу ҳол XIX аср бошларигача давом этган[5].

Шаҳрисабз шаҳри ҳам уч қисм – ўртақўрғон, қалъа ва рабоддан иборат бўлган. Бек қўрғони шаҳарнинг шимоли-шарқий бурчагида жойлашган ҳамда у халқ орасида Шаҳрисабз Афросиёби номи билан аталган. Қўрғоннинг иккита дарвозаси бўлиб, Шарқий дарвоза Тўпхона, жанубий дарвоза Кўк дарвоза деб номланган. Қўрғон олдида шаҳарнинг асосий майдони – Регистон жойлашган. Шаҳар марказида жойлашган айланма гумбазли Чорсудан шаҳарнинг тўрт томонига кўчалар кетган ва бу кўчалар орқали шаҳар дарвозаларига борилган[6]. Шаҳарни ташқи муҳитдан ажратиб турувчи қалъа деворининг 6 та дарвозаси бўлган. Шимолий дарвоза – Китоб, шарқий дарвоза – Кунчиқар, ғарбий дарвоза – Кушхона, жанубий дарвоза – Чармгар деб аталган. Бундан ташқари, жануби-шарқий бурчакда иккинчи даражали Қалмиқ дарвоза ва Симхона дарвозалари ҳам бўлган. Шаҳарда 7 та карвонсарой ва 2 та ҳаммом бўлган.

Шаҳар гузарларга бўлинган ва ҳар бир гузар ўз масжидига эга бўлган.  А.Л.Кун[7] келтирган маълумотларга кўра, XIX асрнинг иккинчи ярмида шаҳарда 14 та гузар мавжуд эди, ХХ аср бошига келиб эса гузарларнинг сони 53 тага етган. 

 Шаҳар аҳолисининг асосий қисми ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан машғул бўлган. Бу ерда кўнчилик, кулолчилик, тўқимачилик, тикувчилик, каштачилик, зардўзлик, темирчилик, дегрезлик, мисгарлик, заргарлик ва бошқа ҳунармандчилик турлари ривож топган.

  Шаҳар аҳлининг яна бир қисми ҳунармандчилик буюмлари савдоси билан шуғулланган. Улар Шаҳрисабз бозорларида ўзларининг алоҳида расталарига эга бўлган. Йирик савдогарлар шаҳарлараро савдо-сотиқ билан шуғулланган. Жумладан, Шаҳрисабз беги ҳам савдо учун махсус маблағ сақлаган. Савдогарларнинг асосий қисми шаҳар бозорларига яқин гузарларда истиқомат қилишган. Шаҳрисабзнинг марказий бозори Чорсу бек ўрдасидан жанубда жойлашган. XV асрнинг охири – XVI аср бошларида бунёд этилган ушбу Чорсу бозори ҳозиргача яхши сақланиб қолган. Унинг вужудга келишини XV аср охири – XVI аср бошларига мансуб деб ҳисобланади. Чорсу тими XVIII асрнинг 80 йилларига оид, Ниёзбек номи билан боғлиқ, қабилидаги қарашлар ҳам мавжуд. Ёдгорлик 1598-1602 йил санаси билан рўйхатга олинган. 

Ўрта Осиё бозорлари қурилиши жиҳатидан бир қанча умумий хусусиятларга эга бўлган. Одатда бозорлар одамлар гавжум бўладиган шаҳарнинг марказий қисмида, катта кўчалар кесишган ерларда ва кўчалар бўйлаб вужудга келган. Йирик шаҳарларда тижорий ишлаб чиқаришни ўзида акс эттирадиган битта асосий бозор бўлган. Бундай бозор кўпинча асосий кўчалар кесишадиган жойларда ўрнашган бўлиб, «чорсу», «чохарсу» деб юритиларди. «Чорсу» сўзи дастлаб зардуштийларнинг муқаддас Авесто китобида човрусук (тўрт томонлама) шаклида учрайди ва «бозор» маъносини англатган. Кейинчалик бу сўз чаҳарсу ва ниҳоят чорсу шаклини олган[8]. Чорсулар асосан усти ёпиқ гумбазли бозорлар бўлиб, уларнинг майда  бўлимларида маълум моллар сотилар эди. Бундан ташқари, форс тилида ёзилган манбаларда чаҳарбозор (чорбозор) деган сўз ҳам учрайди. Ўрта Осиёда қадимдан Чорсу билан бирга раста деб юритиладиган махсус жойлар, ҳамда тим ва ток деб аталадиган қубба кўринишидаги бозорлар ҳам бўлган.

Тим сўзи жуда қадимий сўз бўлиб, бир неча маъноларни англатган. Ҳозирги ўзбек адабий тилида усти ёпиқ бозор ёки раста томи тим дейилади, бозор қоровули тимбон дейилган. Араблар келмасдан илгари Ўрта Осиёда тим деганда ҳар қандай бозор тушинилган ва бу сўзнинг «бозор» маъноси сўнгги вақтларгача сақланиб қолган. Тим сўзи Тожикистоннинг Муғ тоғидан топилган қадимги (VIII аср) суғд ёзувларида ва араб тилида ёзилган манбаларда учрайди. Суғд тилида ҳам тим  «дўкон», «савдо биноси» маъноларини англатган.

Тимлар архитектура жиҳатдан узунчоқроқ шаклда, ғиштдан қурилган бўлиб, усти ёпиқ савдо иншоотини ташкил қилган. Унда турли расталар жойлашган. 

Шаҳарда ҳар куни савдо бўладиган ушбу бозордан ташқари бир қанча майда бозорлар мавжуд бўлган. Жумладан, шаҳарнинг ғарбий қисмида жойлашган сомон бозорида чорва моллари савдоси олиб борилган. Шаҳарда ҳунармандчилик гузарлари, бозорлар, карвонсаройлар билан биргаликда кўплаб масжид, мадрасалар, ҳаммом ва бошқа жамоатчилик бинолари ҳам қад кўтарган. Умуман, Шаҳрисабз шаҳри нафақат ҳунармандчилик, балки йирик савдо  маркази ҳам эди[9].

1875 йилда «Туркистон хабарлари» газетасининг муҳаррири Н.А.Маев Шаҳрисабзга ташрифи ҳақида ёзиб, жумладан, бек ўрдаси яқинида, қалъа девори қаршисидаги кенг майдондан одамлар билан лиқ тўла бозор бошланиб кетганлигини қайд этади[10]. Уни маҳаллий амлокдорлар шаҳар бозори ва бутун шаҳар бўйлаб олиб юришганини хотирлайди. Бундан ташқари, Чорсу бозорида кундуз кунлари савдо-сотиқ бўлса, кечалари ўйинчи болаларнинг томоша кўрсатишлигига эътибор қаратади.

Шаҳрисабз воҳасида жуда қадимдан ҳунармандчилик марказлари ривожланган бўлиб, улар асосан маълум бир соҳа билан боғлиқ бўлган гузарларга бўлинган.

 Шаҳрисабзда бир-бирига боғлиқ ҳунармандчилик турлари билан шуғулланувчи аҳоли ёнма-ён гузарларда яшаганини кузатиш мумкин. Масалан, Шаҳрисабзда кўнчилик билан боғлиқ бўлган совунгарлик ва елимгарлик билан шуғулланувчи аҳоли шаҳарнинг жанубий шарқида жойлашган Катта чармгар, Кичик чармгар, Мешгар ҳамда Ёйилма гузарларида яшаган. Шунингдек, пойабзал тикиш билан шуғулланувчи ҳунармандлар, хусусан, кавушдўзлар Наматон гузарида, юқори табақа аҳли учун яшил теридан нозик ва юқори сифатли ковуш тикувчилар китоб гузари, этикдўзлар Хўжа Мирҳамид ва Қалқон гузарида, яхдондўзлар ва қамчиндўзлар Чуйтон гузарида, совунгарлар Кундузак гузарида, телпакдўзлар ва пўстиндўзлар Телпакдўз гузарида кўпчиликни ташкил этган. Кулолчилик ва Ҳазрати шайх гузарида асосан кулоллар яшаган, кулоллик гузарининг бир қисми чархчилик деб номланган. Бу ерда темирчилар яшаган. Шаҳрисабз дегрезлари асосан Дегрез ва Чуйи хайтак гузарида, мисгарлар Ҳовузи Мардонда, заргарлар эса Балаховуз, Ҳовузи Мардон ҳамда Кундузак гузарларида истиқомат қилган[11].

Қишлоқ хўжалиги ва чорва бозорлари шаҳар четида ёки ташқарисида жойлашган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, баъзида чорва бозори сотилаётган ҳайвон турига қараб «от бозор», «қўй бозор», «мол бозор»га бўлинган. Бу бозорлар атрофида ўз навбатида чорва учун зарур бўлган пичан ва ем-хашак бозорлари бўлган. Биз бундай манзарани, Шаҳрисабз бозорларининг кўринишида ҳам кузатишимиз мумкин. Жумладан, Шаҳрисабзда ҳам Сомон бозори шаҳарнинг чекка қисмида ёки мол бозори шаҳардан ташқарида жойлашган. Бозорлар нафақат шаҳарлардаги, балки унинг атрофидаги иқтисодий ҳаётнинг ривожланишига ҳам ижобий туртки бўлган. Шаҳар атрофи ва қишлоқларда етиштирилган маҳсулотлар – пахта, зигир, ғалла, шоли, тамаки, чорвачилик маҳсулотлари ва бошқа кўпгина  маҳсулот турларига шаҳарларда талаб катта бўлган. Бу маҳсулотларнинг айримлари шаҳар ҳунармандлари учун хом-ашё ҳисобланган. Бу эса кўплаб ҳунар турларининг, хусусан, қишлоқ эҳтиёжларини қондиришга ихтисослашган соҳаларнинг ривожланишига самарали таъсир кўрсатган. Шу тариқа шаҳар иқтисодиётининг етакчи соҳаси-ҳунармандчилик билан қишлоқлар ўртасида вужудга келган ўзаро алоқадорлик бир томондан, қишлоқлардаги иқтисодий тараққиётни, иккинчи томондан эса шаҳар хўжалигини, шу жумладан, шаҳар бозорларининг ривожланишида асосий омил бўлган. Шаҳрисабзнинг савдо аҳамияти шаҳар аҳолисида савдогарларнинг салмоқли қатламининг ривожланишига ёрдам берди. Шаҳрисабз бозорининг кенг қаторларида маълум товарлар савдосига ихтисослашган кўплаб майда савдогарлар бўлган. Бошқа шаҳарлар билан савдо қилувчи йирик савдогарлар кўп бўлган. Улар орасида карвон учун туя боқадиган Шаҳрисабз беклиги ҳам бўлиб, туялар чўлга жойлаштирилган[12].

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Шаҳрисабзда энг қадимги даврлардан бошлаб маҳаллий аҳоли томонидан яратилган ва қолаверса бошқа юртлардан олиб келинган турли-туман маҳсулотларни сотиш ички ва ташқи савдони, бозор, дўкон, карвонсаройлар тизими ривожланишига олиб келган. Ўз навбатида бозорлар ва савдо алоқалари урбанизацион жараёнларда доимо муҳим мавқе ва ўринга эга бўлган.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Расторгуева В.С., Молчанова Й.К. Среднеперсидский язык// Основы иранского языкознания Й. Среднеиранские языки. – М., 1081. – С. 55
  2. Агзамова Г. Сўнгги ўрта асрлар Ўрта Осиё шаҳарларида ҳунармандчилик ва савдо. 2000. – Б.39.
  3. Мукминова Р. Г. Социальная дифференциация населения городов Узбекистана в X-XVII вв. – Т., 1985. – С. 130
  4. А. Сагдуллаев ва бошқалар. Қадимги Кеш-Шаҳрисабз тарихидан лавҳалар. –Т., 1998.
  5. П. Равшанов. Нахшаб ва Кеш тарихи манбалари. – Қарши, 2005.
  6. Равшанов П. Хушвақов Н. Қашқадарё тарихига саёҳат. – Т., 2020.
  7. Подробно об этом см. А. Кун. Очеркы Шахрисабзского бекства, СПб, 1880, отделный оттиск из ЗИРГО по отделению этнографии, т. 6
  8. Кораев С. Географик номлар маъноси. – Т., 1978. – Б.150.
  9. Бобожонов Беҳруз Баҳодир ўғли. Кеш–Шаҳрисабз воҳасининг тарихий гузарлари. – ҚарДУ хабарлари. 2022.
  10. Сухарева О.А. К истории городов Бухарского ханства. Т., АН УзCCР.
  11. Н.А.Маев. Бухоро хонлиги очерклари. 2012. – Б.24.
  12. Сухарева О.А. К истории городов Бухарского ханства. – Т., АН УзCCР.
Бeҳруз БОБОЖОНОВ,
Шаҳрисабз давлат педогогика институти ўқитувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …