ХIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошида Бухоро амирлиги шаҳар ва қишлоқларида тўқимачилик, заргарлик, мисгарлик, темирчилик, чўянгарлик, чармгарлик, этикдўзлик, маҳсидўзлик, кавушдўзлик, кулолчилик, бешиксозлик, сандиқсозлик каби юзга яқин ҳунармандчилик соҳалари бўлган. Уларда минглаб уста ҳунармандлар аҳолининг кундалик турмушида зарур бўлган турли-туман маҳсулотларни тайёрлаб, халқимизнинг турмуш даражасини юксалишига, Бухоро амирлигининг жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлишига беқиёс ҳисса қўшишган.
Бухорода ҳунармандчиликнинг ип-газлама соҳаси кўпроқ ривожланган эди. Кўпчилик ип йигириш, тўқиш, матоларни бўяш, газлама ишлаб чиқариш соҳасида банд эди. Бухоро матолари Волга бўйи ва Сибирь ўлкаларида ҳам маълум бўлган. Шойи матолар ишлаб чиқариш ҳам ривожланган эди. Пилла қурти амирликнинг деярли кўпчилик ерларида етиштирилган. Атлас, адрас, парча, беқасам Бухоронинг энг машҳур матолари ҳисобланар эди. Шунингдек, жун мато тўқиш соҳаси, қоракўл етиштириб, ундан маҳсулот тикиш, тери ошлаш, мўйна моллари соҳаси ҳам анча ривожланган эди. Бухорода ҳунармандчилик хўжалиги асосий ўрин тутиб, оддий тўқув дастгоҳлари кенг тарқалган эди. Бухоронинг машҳур ганч, ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, дурадгорлик, кулолчилик соҳалари билан ҳам асосан маҳаллий ҳунармандлар банд бўлган. Бутун Туркистонда эса Самарқанд ва Бухорода ишлаб чиқарилган қоғозлар машҳур бўлган. Зардўзлик, гиламдўзлик ҳам бошқа хонликларга нисбатан Бухоро амирлигида анча тараққий этган соҳа ҳисобланган[4:186]. Ҳунармандларнинг иши оғир бўлиб, деярли барчаси қўл меҳнатига асосланган эди.
XVII аср охиридан бошлаб ҳунармандчиликнинг ривожланиши савдо иқтисодий муносабатларнинг ривожига ҳам катта ҳисса қўшди, ички савдо ривожланди. Ички савдода кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотлари, ип-газлама моллари, қоракўл ва пахта асосий ўрин эгаллаган. Амирлик пойтахтидан ташқари Самарқанд ва Қарши ҳам ички савдонинг йирик марказларидан бўлган. Жанубдан келадиган аксарият савдогарлар Бухоро тилла тангаларини сотиб олиб, амирликдан бошқа маҳсулот олмасдан, сотиб олинган қиймати юқори тилла тангаларни ўз юртларида сотиб, ундан катта фойда кўришган[3:82-83].
XIX асрда Бухоро амирлигидаги олтин, кумуш ва мис чақа пуллар муомалада бўлиб, улар фақатгина сарой яқинидаги зарбхонада зарб қилинган. Маълумотларга кўра 1 Бухоро олтин пул бирлиги Россиянинг 6 рублига, Бухоро 1 кумуш тангаси 34 Россия копейкасига, 1 Бухоро мис чақаси 1,5 рус копейкасига тенг бўлган[4:196]. Тилла пул бирлиги 22 кумуш тангадан, 1 кумуш танга 50 мис пул бирлигидан (чақа) иборат бўлган[9:105]. Юқорида таъкидланганидек, амирликнинг қиймати юқори пуллари, жумладан, тилла тангалари хорижий савдо аҳли томонидан жуда қадрланган.
Бухоро қадимдан минтақадаги йирик ҳунармандчилик марказларидан бири бўлиб келган. Бу даврга келиб шаҳарда 250 та косибчилик ва фабрика матолари сотиладиган ёйма дўконлар, 100 та чой, 70 га яқин чинни ҳамда 50 дан ортиқ саррофлар дўкони бўлган. Шунингдек, алоҳида мисгарлар, темирчилар, қассоблар, қандолатчилар расталари бўлган. Озиқ-овқатлар, яъни ун, сабзавот, ғалла, қуруқ мевалар катта омборларда сақланган. Булардан ташқари ўтин, ёғоч, пахта бозорлари фаолият юритган. Қоракўл савдоси мавсумида тери савдоси жуда қизғин кечган[5:126].
Амирликда энг кўп тарқалган ҳунарлардан бири тўқимачилик бўлиб, пахта толасидан чит, дока, адрас, беқасам, дурўя, якрўя матолари, ипак толасидан эса атлас, хонатлас, шоҳи каби матолар тайёрланиб, четга чиқарилган. Тўқимачилик саноатида бўёқчилик (рангрезлик) катта ўрин эгаллаган. Рангрезлар бўёқ тайёрлашда табиий минерал ва ўсимликлардан фойдаланишган.
Бухоро шаҳри амирликнинг йирик тўқимачилик маркази ҳисобланган, бу ерда мавжуд тўқимачилик корхоналарига нафақат шаҳардан, балки узоқ-яқин қишлоқлардан ҳам пахта ва пилладан тайёрланган калава-ип келтирилган. Бухоро шаҳрида ХХ аср бошида 46 та тўқувчилик устахонаси бўлган[13:201].
XIX аср охирига келиб, бухоролик тўқувчилар ипак ва ярим ипак матолар ишлаб чиқаришга ўта бошлади. Бухоролик усталар тайёрлаган ипак матолар жуда харидоргир эди. ХХ аср бошига келиб шаҳарда 30 га яқин ипак тўқиш устахоналари бўлиб, уларда бир неча ўндан юзтагача тўқувчи ишлаган. Айниқса, шаҳарнинг жануби-ғарбида тўқимачилик кенг тарқалган. Шаҳар ва унинг атрофида жами 12000 та тўқувчилик дастгоҳи бўлган. Кейинчалик ипак йигириш устахоналарининг сони 46 тага етади, уларнинг ҳар бирида 200 тагача ишчилар ишлар эди.
Амирлик аҳолиси ўртасида бўз, қалами, чит каби пахта матолар тарқалган бўлиб, улардан кийим-кечак, кўрпа-тўшак тайёрланган.
ХХ аср бошида рус фабрикантлари бухоролик усталар қўллайдиган нақшларни ўзлаштириб олиб, ўз фабрикалари читларини чиқаради, бу эса мамлакат бозорида ўша нусхадаги маҳаллий читгарликка қаттиқ зарба берди.
Россия империяси XIX асрнинг 70-йилларида ташкил қилган “Москва-Тошкент ширкати” Туркистон генерал-губернаторлиги, Бухоро, Хива хонликлари ҳудудларида ипакчилик корхоналарини ташкил қилиб, кўплаб миқдорда сифатли ипак ва ипак матоларни Россия бозорларига етказиб берган[15:3]. ХХ аср бошида амирлик маркази Бухорода 46 та, Қарши шаҳрида 19 та ипакчилик корхонаси бўлган[6:6].
Бухоро адраси нафақат минтақа шаҳарлари, балки Шарқий Туркистон ва Афғонистонга ҳам катта миқдорда чиқарилган.
XIX асрнинг иккинчи ярмида Бухоро шаҳри Марказий Осиёдаги ягона зардўзлик маркази эди. Бу даврда мамлакат ҳукмдорлари зардўзлик санъатига алоҳида эътибор қаратган. Саройдаги ва хусусий зардўз усталар томонидан амир ва унинг оила аъзолари, амалдорлар, юқори табақа вакиллари буюртмасига биноан зардўзи кийим-кечак тайёрланган. Амирликнинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида зардўзлик корхоналари мавжуд бўлмаган. 1894 йилда амир Абдулаҳаднинг Карманага бутунлай кўчиб ўтиши билан аркдаги зардўзлик корхонаси Карманадаги Чорбоғгул саройига кўчирилиб, унда тажрибали зардўзлар фаолият кўрсатган. Сарой устахоналаридан ташқари Бухоро шаҳрида 20 га яқин хусусий зардўзлик устахоналари бўлиб, уларда асосан майда буюмлар дўппи, белбоғ, қопчиқча, пешонабанд, болалар тўни ва этиги тайёрланган. Зардўзлар асосан Мир Дўстим ва Зардўзон гузарларида яшашган.
Мамлакатда маҳаллий кийим-кечак тикиш катта малака талаб қилувчи ҳунар даражасига кўтарилган бўлиб, бу соҳада дўппидўзлик, телпакдўзлик, тўн тикиш алоҳида ўрин тутган. Мамлакат шаҳар ва қишлоқларида бу ҳунарлар жуда кенг тарқалган.
Телпакдўзлик энг кенг тарқалган ҳунар соҳаларидан бири бўлиб, ҳатто Бухоро шаҳрида алоҳида телпакдўзлар растаси (тоқи Телпакфурушон) бўлган. ХХ аср бошида шаҳарда мавжуд бўлган 34 та телпакдўзлик дўконидан 13 таси тоқи Телпакфурушонда жойлашган. Телпак асосан қоракўл тери, қўй, тулки, қундуз терилари ва бахмал матодан тикилган[7: 85].
Бухоро амирлигида тўн тикиш билан қадимдан аёллар шуғулланиб келган бўлса, ХIX аср охирларида Бухоро бозорларида Зингер тикув машиналари пайдо бўлгач, бу иш билан эркаклар ҳам шуғуллана бошлаган. Бухоро шаҳрида чопонфурушларнинг 70 га яқин дўкони бўлиб, улар Ҳовузи Лесак бўйида икки қатор раста бўлиб жойлашган эди. Бу ерда 20 га яқин анча йирик дўконлар бўлган ва уларда 2 мингдан 3 мингтагача тўн сақланган [11:58-59].
XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошида амирликда металлни қайта ишлаш соҳалари – темирчилик, чўянгарлик, заргарлик, мисгарлик, рехтагарлик каби соҳалар кенг ривожланган. Шу даврда Бухоро шаҳрида 150 та темирчи фаолият кўрсатиб, шундан 50 таси ўроқсозлик, 30 таси кетмонсозлик билан машғул бўлган[8:51]. Қолган усталар занжир, зулфин, мих каби майда буюмлар, дурадгор, тоштарош, ер қазувчилар учун асбоб-ускуналар тайёрлаб берар эди.
Бухоро шаҳри ўша даврдаги йирик заргарлик маркази бўлиб, бу ерда 400 га яқин заргар фаолият кўрсатган. Улар тайёрлаган тақинчоқ ва буюмлар 40 та дўконда сотилган. Заргарлик буюмлари билан савдо қилувчи Тоқи Заргарон растаси бутун минтақада машҳур эди. Заргарлар турли тақинчоқларни тайёрлашда тилла, кумуш, мис ҳамда қимматбаҳо тошлар – қизил ёқут, лаъл, зумрад, феруза, ложувард, дур, маржон, садафдан фойдаланишган. Заргарликда Россиядан келтирилган янги материаллар асосида ишлаб чиқариш техникаси нисбатан янгиланиши сабабли маҳсулотлар арзонлашган. Бухоро аркида саройга қарашли “Заргархона”да 20 га яқин заргар усталар фаолият кўрсатиб, улар нафақат кумуш, тилла тақинчоқлар, балки танга зарб қиладиган дастгоҳларда кумуш, тилла пуллар ҳам тайёрлаган. Шаҳар яқинидаги Ғурбун қишлоғида эса мис танга зарб қилинган.
Қарши беклиги ўзининг пичоқ тайёрловчи усталари билан машҳур бўлган. Пўлатдан ясалиб, дастасига олтин ёки кумуш қопланган Қарши пичоқлари бозорда жуда юқори баҳоланган. Темирчиликнинг яна бир соҳаси қурол-яроғсозлик бўлиб, уруш пайтларида қуролсоз усталар ҳукуматдан жуда катта буюртмалар олишган. Тинчлик даврида эса улар пичоқ, сувлуқ, тақа каби майда буюмлар ясаш билан кун кечиришган.
Амирликнинг Ҳисор, Қоратегин, Бойсун, Шаҳрисабз бекликларида, Ғиждувон, Вобкент, Қоракўл тумани ва Бухоро шаҳрида кўплаб чўян қуйиш корхоналари бўлган. Бухоро шаҳри ва унинг теварак-атрофидаги қишлоқларда 40 га яқин чўян қуйиш корхонаси бўлиб, уларда ўнлаб усталар фаолият кўрсатган. Чўянгарлар асосан омоч тиши, қозон, чироқ, манқал, панжара, кўза, чойнак, арава ғилдираги ҳалқаси, ўғирча, ёғлоғи ва бошқа буюмлар тайёрлашган.
Амирликнинг барча йирик шаҳарларида мисгарлик дўконлари фаолият кўрсатиб, биргина Бухоро шаҳрида уларнинг сони 200 га яқин бўлган. Амирликнинг мисга бўлган эҳтиёжи асосан Россиядан олиб келинган мис ҳисобидан қопланган[10:42]. Мисгарлар аҳолининг кундалик турмушида кенг қўлланиладиган рўзғор буюмларини юксак дид билан тайёрлаган. Мис идишларга турли нақш ва гуллар тасвирини тушириш кандакор томонидан бажарилган. Кандакорлар буюмларга 14 хил пўлат қалам ёрдамида юзга яқин нақш турларини тушириб безашган.
Бухоро амирлиги ҳудудида катта миқдорда чорва моллари (от, туя, йирик ва майда шохли ҳайвонлар)нинг боқилганлиги ҳамда амирликнинг тоғли ва даштли ҳудудларида кўплаб ёввойи ҳайвонлар (бўри, тулки, олқор, ёввойи мушук, Бухоро буғуси, кийиклар)нинг мавжудлиги кўнчиликнинг кенг ривожланишига сабаб бўлган.
ХIX асрнинг иккинчи ярмида биргина Бухоро шаҳрида 150-200 га яқин кўнчи бўлган. Экологик мақсадларда, яъни терини ошлаш жараёнида чиқадиган бадбўй ҳид аҳолини безовта қилмаслиги ҳамда катта миқдорда сув ва майдон керак бўлганлиги сабабли кўнчилар ўз корхоналарини шаҳар ташқарисида қуришган, ўзлари эса, шаҳарнинг Эшони пир, Арабон, Мир Маъсуд, Пўстиндўзон, Чармгарон, Кемухтгарон маҳаллаларида истиқомат қилган. Кўнчилар тайёрлаган турли-туман чармдан пойабзал, рўзғор буюмлари, эгар-жабдуқ, китоб муқовалари, камар, дўмбира тайёрланган.
Бухорога Россиядан кўнчилик заводларида тайёрланган турли хилдаги чарм катта миқдорда олиб келинган, шу билан бирга рус чармидан ўз сифати билан қолишмайдиган маҳаллий чарм маҳсулотлари Россия ва Европа бозорларига чиқарилган. Россия ва Европа шаҳарларида турли йилларда ўтказилган кўргазмаларда маҳаллий чарм маҳсулотлари намойиш қилинган[16:81].
Аммо амирлик маъмурияти томонидан кўнчилик ишлаб чиқариши умуман қўллаб-қувватланмаганлиги ва маҳаллий бозорлар рус чарми маҳсулотлари билан тўлиб бориши маҳаллий кўнчиларни касодга учрата бошлаган.
Амирликнинг йирик шаҳарларида меҳнат қилган косибларнинг катта қисмини этикдўзлар ташкил қилган. Улар фақат шаҳар аҳолиси учунгина эмас, балки қишлоқ ва чорвадор аҳоли учун ҳам турли-туман этиклар тайёрлаган. XIX аср охирига келиб Бухоро шаҳрида 20 га яқин йирикроқ пойабзалчилик корхоналари бўлиб, уларда 10 дан ортиқ усталар ёлланиб меҳнат қилган. Барча турдаги пойабзал тикувчи косиблар (маҳсидўз, этикдўз ва ҳ.з.) етарли маблағ ва хомашёга эга бўлишса, йил давомида узлуксиз меҳнат қилишган. Этикдўзлар бир йилда 700-800 сўмлик, кавушдўзлар 1500-1800 сўмлик маҳсулот тайёрлаб, шундан 15 фоиз соф даромад олган[17:21].
Мамлакатда кулолчилик кенг ривожланган бўлиб, кулоллар сополдан аҳоли учун рўзғор буюмлар, тандир, қувур, болалар ўйинчоқлари тайёрлаган. Асосий хомашё ҳисобланган сариқ-қизғиш тусли махсус тупроқни чўл-биёбонлардан қазиб олиб келишган. Кулоллар буюмларни 200 хил гул, нақш, мураккаб ва оддий ҳуснихат билан безаганлар.
Тегирмончилик амирлик аҳолиси ҳаётида катта ўрин тутган. Бухорода тегирмон тошини айлантириш учун сув етарли бўлмаганлиги сабабли тегирмон тошлари от ёки ҳўкиз кучи билан айлантириларди. Бундан ташқари ҳар бир оилада қўл тегирмони бўлиб, рўзғор эҳтиёжини қондирган.
Қоғоз тайёрлашда Бухоро шаҳри Самарқанд, Қўқондан кейинги ўринда турса-да, бу ерда тайёрланган ёзув қоғозларининг шуҳрати нафақат Туркистонга, балки унга қўшни мамлакатларга ҳам таралган. Бу қоғозлар ипакдан тайёрланган бўлиб, ўзининг силлиқлиги, юпқалиги билан араб ёзуви учун жуда қулай бўлган[2:211]. ХIХ асрнинг охирларида Бухорога келган рус маҳкамаси ходимларининг қайд этишича, шаҳардаги Қоғоз бозорида нафақат қоғоз, балки қалам ва қўлёзма китоблар ҳам сотилган[3:57]. Н.Ф. Ситняковский маълумотига қараганда, Вобкент туманида Жувози қоғоз канали мавжуд бўлган. Шоҳруд каналидан чиқарилган Жувоз ариғи бўйидаги Жувози қоғоз қишлоғи бўлиб, унда 30 та хонадон истиқомат қилган[12:259].
Архив манбаларига қараганда, ХХ аср бошида Бухорода қоғоз тайёрлаш корхонаси шаҳар атрофидаги Галаосиё ва Ғурбун қишлоқларида жойлашган. Ғурбун қишлоғидаги қоғозбозлик корхонасида 46 киши меҳнат қилган бўлса, Галаосиё қишлоғидаги корхонада 51 киши меҳнат қилган[14:15-36]. Бухоро қоғози Самарқанд қоғози билан сифат жиҳатидан рақобатлаша олмаса-да, аммо фойдаланилган асосий маҳсулотлари билан ажралиб турган. ХIХ аср ўрталарида Самарқанд, Қўқонда қоғозни тайёрлашда эски пахта, латталардан, Бухорода эса, биринчи навли пахтадан фойдаланилган[14:23].
Қоғозбозлар томонидан тайёрланган ипакдек силлиқ ва юмшоқ, узоқ йилларга чидамли, турли муҳитларга дош бера оладиган, нам тортмайдиган турли-туман қоғозлар қоғозбозларнинг бу соҳада юқори малакага эга бўлганидан далолат беради.
Амирликнинг Бойсун, Қоратегин, Ҳисор бекликлари темир рудасига бой ҳудудлар ҳисобланган. Масалан, ХХ аср бошида Бойсун беклигида 25 та руда эритиш печлари бўлиб, уларда 50 киши фаолият кўрсатган. Дарвоз, Қоратегин, Ҳисор бекликларида 1910 йилда 3000-4000 пуд темир ва яна шунча чўян эритилган. Лекин қазиб чиқариладиган руда амирлик аҳолиси эҳтиёжини тўла қондира олмаган. Шу сабабли Россиядан келтириладиган металлга эҳтиёж катта бўлган. Россия метали ўз таркибининг мустаҳкамлиги ва сифати билан ажралиб турган ва юқори баҳоланган. Масалан, Бойсун беклигида қазиб олинган темирнинг 1 пуди 91 тийиндан сотилса, Россия металлининг 1 пуди 7-8 сўм бўлган[8:56].
Ҳар бир ҳунармандчилик соҳаси вакиллари ўз касб уюшмалари ва рисолаларига эга бўлган. Рисолада тегишли ҳунарга оид урф-одат ва анъаналар, иш жойи ва шахсий покизалик, ҳалоллик, иймон-эътиқод, харидор билан муомала одоби, маҳсулот сифати, инсоний фазилатлар, уста ва шогирд муносабатлари баён этилган.
Ҳар бир ҳунармандчилик соҳалари уюшмаларга ажралган бўлиб, уларни ҳунармандлар орасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган моҳир уста бобо бошқарган. Бобо ҳунармандларнинг рисолада кўрсатилган қонун-қоидалар амалиётини, касбий маҳорат, маҳсулот сифати, ҳунарманд одобини назорат қилиб, йўл-йўриқ кўрсатиб турган.
ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошида маҳаллий бозорлар рус завод-фабрикаларининг арзон маҳсулотлари билан эгаллаб олингач, улар билан рақобатга бардош бера олмаган маҳаллий ҳунармандларнинг бир қисми ишлаб чиқариш ҳажмларини кескин камайтиришга мажбур бўлса, маълум қисми касодга учради.
Ҳунармандчилик дастгоҳлари техник жиҳатдан жуда орқада қолганлиги ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга тўсқинлик қилар эди. Фақат қўл меҳнатига асосланган бундай ишлаб чиқариш усулида тайёрланадиган маҳсулот табиийки завод-фабрика маҳсулотларидан қимматроқ бўлар ва бу ўз навбатида ҳунармандларнинг касодга учрашига олиб келар эди.
Шаҳарларда ҳунармандларнинг иш ҳақи қишлоқ ҳунармандларига қараганда юқори бўлса ҳам, уларнинг иқтисодий аҳволи енгил бўлмаган. Бухоро шаҳрида ҳунармандлар Туркистон ўлкасининг бошқа шаҳарлари ҳунармандларига қараганда кўпроқ имтиёзга эга бўлган. В.В.Бартольднинг ёзишича, амир Шоҳмурод даврида Бухоро шаҳрида яшаб фаолият кўрсатувчи барча ҳунар соҳиблари шаҳар аҳолиси қаторида турли солиқ, йиғим ва ҳашарлардан озод этилган. Бу ҳақда махсус тархон ёрлиғи чиқарилиб, ушбу ёрлиқ 1920 йилга қадар ўз кучини сақлаб келган[1:108]. Ушбу ёрлиққа кўра, шаҳар ҳунармандлари закот ва тагжойдан бошқа бирор-бир солиқ тўламаган, ҳашарларда иштирок этмаган. Тарихий манбалардаги маълумотларга кўра, ушбу қоидалар амир Шоҳмурод даврида махсус қонун ҳужжати билан тартибга солинган. Қишлоқ ҳунармандлари аҳолининг бошқа барча табақалари қаторида солиқ, турли йиғимларни тўлашга ҳамда ҳашарларда иштирок этиши ёки мардикор маблағини бериши лозим бўлган. Ҳунарманд ўз маҳсулотини бозорда сотишга имконияти ва вақти ҳам йўқлиги туфайли олиб сотарлар хизматидан фойдаланган. “Вофуруш” ёки “хомтамачи” деб ном олган олиб сотарлар кўп ҳолларда маблағи йўқ ҳунармандларга олдиндан пул бериб қўйиб, маҳсулотни бозор нархидан 25-30 фоиз арзонга олиб сотишган. Кўп ҳолларда олиб сотарлар ҳунармандга керакли хом-ашёни етказиб берганлар ва бунинг эвазига тайёр маҳсулот олишга келишган.
Устакорлар деб аталган, йирик ҳунармандчилик дўконига эга бўлган ҳунармандларнинг бозорларда ўз савдо расталари бўлган.
ХIХ аср охирларида келиб ҳунармандчилик соҳаларида ёлланма меҳнатдан кенг фойдаланила бошланган. Ёлланма ҳунармандлар “нимкор” деб аталиб, уларни иш берувчилар турли муддатга ёллашган. Бу ҳолат кўп ишчи кучи талаб этадиган кўнчилик, чўянгарлик соҳаларида кенг тарқалган эди.
ХХ асрга қадар ҳунармандлар бобо, оқсоқол бошчилигидаги цех назоратида бўлиб, оғир аҳволга тушиб қолган ҳунармандларга цех аъзолари томонидан ёрдам бериб келинган. ХХ аср бошига келиб асрлар давомида ҳукм суриб келган цех уюшмаси ўрнига устакорлар бошқарган йирик корхоналар юзага келган. Устакорлар эндигина шаклланиб келаётган маҳаллий йирик саноат эгаларига, уста, халфа, шогирд эса, ёлланма ишчиларга айланиб борганлар.
Ўрганилган маълумотлар таҳлили асосида хулосалар касб ва ҳунар эгаларининг ўз давридан келиб чиқиб, йиллар давомида зарурият ва даромад келтиришига қараб ўз фаолиятини олиб боришгани маълум бўлади. Косиблар уюшмаси уюшма аъзоларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилгани ҳам соҳаларнинг ривожланишига сабаб бўлган. Касб ва ҳунарларнинг аҳолига салбий таъсири бўлмаслиги учун давлат тарафидан ҳунармандлар учун қулай ва аҳолига зарар бермайдиган ҳудудлар таклиф қилинган. Давлат ҳам ҳунарманд ва косибларнинг фаолияти иқтисодий ривожланиш омили эканлигини эътиборга олиб, ушбу соҳалар ривожига бефарқ бўлмаган, доимо ҳунармандлар ва косиблар уюшмаси оқсоқоли тарафидан ёзилган шикоят аризаларини ижобий ҳал қилишга уринган. Иккинчи тарафдан, аҳолининг иш билан таъминланган қатламининг розилиги давлат сиёсатида катта аҳамиятга эга бўлган.
-
Бартольд В.В. История культурной жизни Туркестана. – М., 1963.
-
Вамбери А. Путешествие по Средней Азии. – Санкт-Петербург, 1885.
-
Записки о Бухарском ханстве (Отчеты П.И. Демезона и И.В. Виткевича). – М., 1983.
-
История Узбекистана. Том III (XVI — первая половина XIX века). – Т.: Фан, 1993.
-
История Узбекской ССР. – Т.: 1968.
-
Қиличев Р. Бухоро шаҳрида ҳунармандчилик. – Т.: 1996.
-
Қиличев Р. ХIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бошида Бухоро шаҳрида ҳунармандчилик. номзодлик… дисс. автореф. – Т., 1997.
-
Массон М.Е. К истории черной металлургии Узбекистана. – Т., 1947.
-
Мухаммаджонов А.Р., Неъматов Т. Бухоро ва Хиванинг Россия билан муносабатлари тарихига доир баъзи манбалар (XIX асрнинг 20-50 йиллари). – Т., 1957.
-
Ремез И.А. Внешняя торговля Бухары до мировой войны. Опыт историко-статистического обзора внешней торговли ханства вне сферы таможенного объединения его с Российской империей. – Т., 1922.
-
Ремпель Л.И. Далёкое и близкое. Страницы жизни, быта, строительного дела, ремесла и искусства Старой Бухары. – Т., 1981.
-
Ситняковский Н.Ф. Заметки о Бухарской части долины Зеравшана // Известия тюркологического отдела ИРГО. Выпуск 2. – Т., 1900.
-
Сухарева О.А. Бухара XIX – начала XX в. (позднефеодальный город и его население). – М., 1966.
-
Ўзбекистон Миллий архиви. 53-жамғарма. 2-рўйхат. 20-йиғма жилд.
-
Ўзбекистон Миллий архиви. И-1 жамғарма. 16-рўйхат. 2280-йиғма жилд.
-
Ўзбекистон Миллий архиви. И-72 жамғарма. 1-рўйхат. 9-йиғма жилд.
-
Шишов А. Таджики / Средняя Азия. № 6. – Т., 1910.