Home / МАҚОЛАЛАР / МИРЗО УЛУҒБEКНИНГ «ТЎРТ УЛУС ТАРИХИ» АСАРИ ТАРИХИЙ-ФАЛСАФИЙ МEРОС СИФАТИДА

МИРЗО УЛУҒБEКНИНГ «ТЎРТ УЛУС ТАРИХИ» АСАРИ ТАРИХИЙ-ФАЛСАФИЙ МEРОС СИФАТИДА

Ушбу мақолада темурийлар сулоласининг етук намояндаси, давлат арбоби ва йирик олим Мирзо Улуғбекнинг аниқ ва гуманитар фанлар ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилади. Хусусан, алломанинг жаҳонда кенг эътироф этилгани, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётини бошқариш билан бир қаторда илмий фаолият билан шуғуллангани, илмий-фалсафий тафаккурни ривожлантиргани, шунингдек, фалсафа, тарих, мантиқ, астрономия, математика ва табиатшунослик фанлари билан шуғулланиб, асар ёзгани баён қилинади. Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек буюк аждодлардан қолган маънавий мерос ва ижтимоий-фалсафий қарашлардан ўз илмий фаолиятида фойдалангани, унинг фалсафий  қарашларида, табиат ва жамиятни билиш, тушуниш, мулоҳаза қилиш ва хулоса чиқаришда рационал ва эмпирик билимлар марказий ўринни эгаллагани таъкидланади.

Темурийлар даври тафаккур тарихи қай даражада ривожланганини Мирзо Улуғбек ва унинг илмий мероси орқали баҳолаш мумкин. Мирзо Улуғбек илмий мероси жаҳонда ва мамалакатимизда кўплаб олимлар томонидан ўрганилган. Ж.Гривз, Т.Хайд , Ф.Бейли , Л.Седиё, Ф.Бейли, В.В.Бартолд, В.Л.Вяткин, Э.Кнобл, Т.Н. Қори-Ниёзов, Б.Аҳмедов [2:11,17] ва А.Аҳмедов [3:40] томонидан ўрганилган. Аммо Мирзо Улуғбек ва унинг илмий-фалсафий, тарихий мероси ҳақидаги билимимиз ҳануз этарли эмас. Ўрта асрларга оид турли манбаларда Мирзо Улуғбек аниқ фанлар билан бирга, фалсафа, тарих, адабиёт, мусиқа ва тилшунослик илмини ҳам чуқур эгаллаган серқирра олим сифатида тасвирланади. Жумладан, мўғуллар давлати тарихига оид «Тарихи арба улус»  (Тўрт улус)  ёки «Улуси арбаи Чингизий» (Чингизхоннинг тўрт улуси) асарини ёзади. Бу асар олимга улкан шуҳрат олиб келди ва Ўрта асрларнинг кўплаб тарихчилари унга мурожаат қилди. Бироқ олимнинг ижодий фаолиятига нисбатан тадқиқотчиларнинг турли мулоҳазалари мавжуд. Мирзо Улуғбек илмий мероси ХВИИ асрдан жаҳон олимлари эътиборини ўзига жалб қилиб келди.

Мирзо Улуғбекнинг «Тарихи арба улус» асари 1425 йилда ёзиб тугалланган. Ушбу асарнинг ёзилишида Мирзо Улуғбекнинг илмий, тарихий ва фалсафий қарашлари муҳим ўрин тутади. Масалан, китобнинг инглиз тилига қисқартирилган таржимасини ўрганган инглиз шарқшунос олими Майлс асарни «Шажрат ат-атрак» (Турклар шажараси) [10:182], деб танқидий баҳолаган. Кейинчалик асар олим ва тадқиқотчилар томонидан чуқур ўрганилган. Натижада, унинг фақат Ёфас Ўғлон, ўғли Туркхон ва фарзандлари, татар-мўғул турк табақалари,  шунингдек, уларнинг подшоларигина «Шажаратул атроқ» асосида ёзилгани маълум бўлди. Чунки таржима қилинган асарнинг охирги саҳифасида у: «Бу қўлёзма – «Улуси арбайи Чингизи»дир деб таъкидлайди. Шунингдек, у ушбу рисолада турк ҳукмдорлари бўлган Турк хоқони ибн Ёфас, ибн Нуҳ исмини келтиради ва улар Туркистон заминида ҳукмронлик қилганини айтиб ўтади.

Асарнинг асосий қисми «Тарихи арба улус» деб аталади. Унда Чингизхон ва унинг авлодлари, жумладан, Чиғатой ҳукмронлиги тарихи ҳақида маълумот берилган. Юқоридагилардан билиш мумкинки, «Шажаратул атроқ» билан «Тарихи арба улус» бошқа бошқа асарлардир. Демак, асарни ўрганиш жараёнидаги қайдлардан Мирзо Улуғбек «Тарихи арба улус» асарини ёзишда «Шажаратул атроқ» асаридан фойдаланганини билиш мумкин.

Мирзо Улуғбекнинг ушбу асаридан қатор олим ва тадқиқотчилар ўзининг бир қатор тарихий, ижтимоий ва фалсафий асарини ёзишда фойдаланган. Жумладан, В.Бартолд «Туркистон мўғуллар истилоси даврида», «Улуғбек ва унинг даври» каби асарларини ёзишда фойдаланган. В.Бартолднинг таъкидлашига кўра, муаллиф асарда кўпроқ мўғул хонлари номини қайд этган. Аммо мамлакат ва халқларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаёти ҳақида маълумот бермасдан, уларнинг номини келтириш билан чекланган [4:105]. В.Бартолд ушбу асар адабий ёдгорлик ва тарихий танқид учун манба сифатида маълум даражада қизиқиш уйғотиши, шунингдек, мўғуллар мамлакати парчаланиши натижасида пайдо бўлган давлатлар тарихи ҳақидаги маълумотларни сезиларли даражада бойитиши [5:142] мумкин, деб таъкидлайди. Чунки бугунги кунгача асрнинг қисқартирилган шакли сақланиб қолган ва унинг тўлиқ нусхаси топилмаган. Мирзо Улуғбекнинг ушбу асаридан Ўрта асрларнинг кўплаб муаррихлари ўз асарини ёзишда фойдаланган. Мисол тариқасида, «Хуласотул-ахбор»,  «Ҳабибус сияр», «Таворихи гузидайи нусратнома» [8:10-11], «Баҳрул асрор» [6:166] ва «Тарихи Рашидий» [7:727] асарлари шулар жумласидандир.

Темурийлар даври машҳур тарихчиларидан бири Хондамир ўзининг «Хулосатул ахбор» ва «Ҳабибус сияр» асарларида «Тарихи арба улус»дан ишончли манба сифатида кенг фойдаланган. Жумладан, «Ҳабибус сияр»нинг Чингизхон авлодлари тарихига бағишланган биринчи ва учинчи бўлими тўла равишда «Тарихи арба улусга» асосланганини кўриш мумкин. ХВИ аср муаррихи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Мирзо Улуғбекнинг тарих илми соҳасида ҳам самарали меҳнат қилганини айтади. Демак, Мирзо Улуғбек «Тарихи арба улус»ни ёзишда кўплаб манбалардан фойдаланганини кўриш мумкин. Муаллиф асарни ёзишда бир қатор тарихий  манбалар ва маноқибларга эътибор қаратган. Аммо кўп ҳолатда фойдаланган манбаларини аниқ кўрсатмайди. Мирзо Улуғбек ҳадис китобларда келтирилган ривоятлардан ҳам фойдаланганини айтган. Баъзи ҳолда ўзи фойдаланган айрим асарлар ва уларнинг муаллифини тилга олади. Жумладан, астроном олим Абу Машар Балхий, йирик олим, шоир Рашиддудин Вотвот, тарихчи Аллоудин Отамалик Жувайний Рашидуддин, Фазуллулоҳ Ҳамадоний, Ҳамдуллоҳ Мустовфийи Казбиний ва бошқалар номи ва фаолиятининг айрим жиҳатларини тилга олади. «Тарихи арба улус»нинг қисқартирилган қўлёзмасидан тўрт нусхаси мавжуд бўлиб, улар Англиядаги «Индия оффис» кутубхонаси,  Британия музейи, Ҳиндистоннинг Банкипур кутубхонаси ва АҚШнинг Гарвард университети марказий кутубхоналарида сақланади [1:11,12]. Муаллиф «Тарихи арба улус» асарида бутун туркларнинг афсонавий аждоди Ўғузхон ва унинг авлодлари билан боғлиқ воқеаларни, Чигизхоннинг тахтга ўтирганидан то сўнгги кунларгача бўлган тарихини, шунингдек, унинг вафотидан сўнг авлодлари ҳукмронлиги остида Эрон, Ироқ, Мовароуннаҳр, Шарқий Туркистон, Дашти Қипчоқ ва Мўғилистон ҳудудларида вужудга келган тўртта давлат тарихини тасвирлайди. Бундан ташқари, асарда Чингизхон ўлимидан сўнг мўғуллар умумий салтанатида ҳукмронлик қилган йигирма бир ҳукмдордан ўн еттитаси ҳақида, Жўжи авлодларидан Олтин Ўрдада ҳукмронлик қилган ўттиз тўққиз хон ҳақида, Чиғатой давлатидаги йигирма саккизта хон ҳақида ҳикоя қилинади. Асарда Жувайний ва Рашидиддин китобларида учрамайдиган қимматли маълумотлар мавжуд.

Масалан, Хоразмшоҳ Муҳаммаднинг мўғуллар истилоси даврида Самарқанддаги мудофаа ишлари ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган [11:136,141]. Биз учун асарнинг муҳим томонларидан бири «Ўзбек» атамасининг этноним ва топоним сифатида келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбек» атамасининг келиб чиқиши бўйича бир қанча қарашлар мавжуд [2:11,17]. Жумладан, олимлардан Н.А.Аристов, А.Ю.Якубовский, П.П.Иванов, М.А.Чапличка ва Х.Ҳукемнинг фикрича, бу атама Олтин Ўрда ҳукмдори «Ўзбек» хондан келиб чиққан. В.В.Григорев ва А.А.Семенов фикрича, Олтин Ўрданинг шарқий қисмидаги турк-мўғул қабилалари ўзбеклар деб аталган. Ҳ.Вамбери, Ховорс ва Пеллио каби олимлар бошқа нуқтаи назарга эга бўлиб, Дашти Қипчоқдаги турк-мўғул қабилалари «эркин» яшагани учун шундай номланган, деган фикрни илгари суради. Аммо бу борада Мирзо Улуғбек тақдим этган маълумотларга кўра, Ўзбекхон ўзбеклар улусида 1312-1341 йиллар оралиғида подшо бўлган. Сўнгра Саййид ота ҳаракати билан Дашти Қипчоқ аҳолиси ислом динини қабул қилди. Исломни қабул қилганлар ўзбек, қабул қилмаганлар эса қалмоқлар деб атала бошланди. Айниқса, ўзбеклар деб аталган халқ жануб томонга, яъни Туркистонга бориб жойлашгани ҳақидаги маълумотлар диққатга сазовордир. Бундай маълумотлардан иккита хулоса келиб чиқади.

Биринчидан, бу ҳудуд, яъни Дашти Қипчоқнинг шарқий қисми Ўзбекхонга қадар ҳам ўзбеклар улуси деб аталган бўлса, иккинчидан, Ўзбекхон ўз улуси аҳолисини ислом динига киритган.

Мовароуннаҳр, Қашқар ва Еттисувнинг Чингизхон ҳукмронлидан то Амир Темур ҳокимиятга келгунга қадар бўлган ижтимоий-сиёсий тарихи Ўрта аср манбаларида жуда кам учрайди. Шунинг учун Мирзо Улуғбек томонидан Чиғатойдан Туғлуқ Темургача юз берган тарихий жараёнлар, шунингдек, Амир Темур давридаги қўғирчоқ хонлар Суюрғатмиш ва Султон Маҳмудхон ҳукмронлиги даврида содир бўлган воқеаларнинг тасвирланиши ниҳоятда муҳимдир [9:351].

Хулоса сифатида, Мирзо Улуғбек мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётини бошқариш билан бирга, илмий фаолият билан шуғулланган ва илмий-фалсафий тафаккурни ривожлантирган. У ўз фаолиятида фалсафа, тарих, мантиқ, астрономия, математика, табиатшунослик ва ҳуқуқ соҳаси билан шуғулланиб асарлар ёзган. Юнон олимларидан Афлотун, Арасту ва Птоломейнинг рационал ва эмпирик қарашлари билан танишган. Шунингдек, Мирзо Улуғбек буюк аждодлардан қолган маънавий мерос, ижтимоий-фалсафий қарашлардан ўз илмий фаолиятида фойдаланган.

Унинг жамиятни англашдаги фалсафий қарашларида, босқинчилик, бойлик орттириш эмас, балки адолат билан мамлакатни бошқариш ва илм-фанни ривожлантириш марказий ўринни эгаллайди. Темурийлар даврини, хусусан, Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги йилларини тарих фалсафаси ва фалсафа тарихини уйғун тарзда ёзиш орқали нисбатан тўғри ифодалаш мумкин. Жаҳон тарихий тафаккурида, Мирзо Улуғбек каби илм-фан, маданият ва адабиётни ривожлантириб, жаҳон илм-фан ва илмий тафаккурига ҳисса қўшган шахслар саноқлидир. Бугунги кунда мамлакатимиз ёшлари Мирзо Улуғбек сингари олим ва ҳукмдор авлодлари эканидан фахрланади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Afshar I. Nusxaxayi xatti farsi dar kitabxanayi Danishgaxi Xarvard nashrmyzyi kitabxanayn markaziy-Yai Danpshgaxi Texran dar barayi nusxaxayi xatti. T. IV. – Tehron, 1951. –B.1-12.
  2. Ахмедов Б.А. Улугбек и политическая жизнь Мавераннахра первой половины ХВ в. // Из истории эпохи Улугбека. – Т.: Фан, 1965. – C.5-66; Ахмедов Б.А. Государство кочевых узбеков. – М., 1965. – С. 11-17.
  3. Ашраф Ахмад. Улуғбек Муҳаммад Тарағай (1394-1449). – Т.: Халқ мероси, 1994.
  4. Бартольд В.В. Туркестан в эпоху монгольского нашествия //Соч. Т. И. – М., 1963.
  5. Бартольд В. В. Улугбек и его время//Соч. Т. ИИ. Ч. 2. – М., 1964.
  6. Махмуд Ибн Вали. Море тайн относительно доблестей благородных (география). Введение, перевод, примечания и указатели Б.А.Ахмедова. – Т.: Фан, 1977.
  7. Мирза Мухаммад Хайдар Дуглат. Тарихи Рашиди. Введение, перевод с перс. А.Урунбаева, Р.П. Джалиловой, Л.М.Епифановой. – Т.: Фан, 1996.
  8. Таварихи гузида Нусратнаме: Исследование, крити­ческий текст, аннотированное оглавление А.М.Акрауюва. – Т., 1967.
  9. Тарих-и арбаъ улус. Қаранг: Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи // Б.Аҳмедов, Н.Норқулов, М.Ҳасанов. – Т., 1994. – Б.352.
  10. The Shajarat ul-Atrak or genealogical tree of the turks and tatars/Transl. and abrid. by Glonel Milles. – London., 1832. – P.182a. https://books.google.com.pa/books?id=qw1eAAAAcAAJ&printsec=frontcover#v=onepage&q&f=false.
  11. Шишкин В.А. Калъаи Афрасиаб//Афрасиаб. Вып. И. – Т., 1969.
ИСЛОМ ҲАМДАМОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти, PhD

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …