Home / АЛЛОМАЛАР / САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] экани айтилган. Бунга бугунги кунда ҳам мавжуд тариқат силсилалари асос бўла олади. Жумладан, Нақшбандия тариқати силсиласи Абу Бакр Сиддиқ ва Али ибн Абу Толиб(р.а.)га боғланишини мисол келтириш мумкин. Бироқ Пайғамбар (а.с.) замонларида «тасаввуф», «сўфий», «тариқат» тушунчалари бўлмаган. Ўзини руҳий тарбият этишга, Ҳақ йўлида унга восил бўлишга интилиб, умрини тақво билан ўтказган, қалбини поклаган, нафсини тарбиялаб, Ҳақ муҳаббатига эришишни мақсад қилиб яшаган кишиларни шу тоифага мансуб деб билганлар. Бу даврда унинг назарий ёки амалий жиҳатлари ажратилмаган. Тасаввуф ва сўфийлик хусусида Қуръон ёки ҳадисларда ҳам бирор маълумот учрамайди. У даврларда Пирга ёки валий зотларга эҳтиёж бўлмаган. Бунга Пайғамбар (а.с) Ҳақ йўлини кўрсатувчи, ҳар қандай масала жавобини у кишидан тўғридан тўғри олиш мумкин бўлган расул эканликлари кифоя қилган. Саҳобалар ва тобеинлар даврида руҳий тарбия, тақво ва солиҳ амаллар қилиш муҳим  вазифаларидан ҳисобланган. Тафсир, ҳадис, фиқҳ ва наҳв илмлари ривожлана борган. Пайғамбар (а.с.) вафотидан кейин вужудга келган турли ихтилофлар натижасида, ислом илмларига зарурат юзага келди. Улар Ислом илмлари қаторида ўзига хос хусусиятлари билан дастлаб зоҳидлик кўринишида вужудга келгани тадқиқотларда [9:29] қайд қилинади. Бу давр тасаввуфшунос олимлар қарашларига кўра «зуҳд»[1] даври, деб аталади. Азизиддин Насафий [8:20] ўзининг «Баён ат-Танзил» асарида тасаввуф илк даврларда «зуҳд» ва «парҳезкорлик» шаклида  вужудга келганини таъкидлайди. Унинг фикрига кўра, Ҳасан Басрий ва Фузайл Иёз «Ҳузн» «маҳзунлик»ликни зуҳдга қўшди. Робия Адавия ва Зуннун Мисрий «муҳаббат» ни омухта қилди. Шақиқи Балхий ва унинг шогирдлари «таваккул» ни илгари сурди. Мазкур қараш, ғояларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда турли тортишув ва баҳсларга сабаб бўлган эди. Робия ал-Адавийя ҳақида Олмон олимаси Аннемариэ Шиммел: «Робия сўфийликка ягона Аллоҳни севиш тушунчасини олиб кирган. Шунинг учун исломдаги сўфиёна муҳаббат тарихи шу аёл номи билан бошланади» [8:14], деб таъкидлайди.

ВИИ-ВИИИ асрлар «Зуҳд» даври ҳисобланган ва зоҳидларда намоён бўлган хислатлар – уларнинг тоат-ибодати, дунё молидан юз ўгириши ва зоҳидона турмуш тарзида Аллоҳ розилигини топиб, икки олам саодатига эришиш, азоблардан қутулиш ғоясига эга бўлиши муҳим саналган. Аллоҳни таниш, билиш ва унинг дийдорига эришиш тушунчалари бўлмагани билан тасаввуфнинг бошқа босқичларидан ажралиб турган. Зоҳидлар ҳаётида устувор бўлган туйғу ва тушунчалар асосан қўрқув ва умид эди. Бу даврдаги зоҳидларда аввал «қўрқув»га таянган зуҳд тушунчаси ҳукмрон бўлган. Умуман, тасаввуф тўғрисидаги қарашлар хилма-хиллигини ифодаловчи ушбу маълумотлар тасаввуфни даврлар кесимида алоҳида мутасаввиф олимлар қарашлари таҳлили асосида ўрганишни тақозо этади. Ушбу мақолада Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ ибн Юнус ибн Исо ибн Абдуллоҳ ибн Рафеъ ат-Тустарий (200-283/810-896) тасаввуфий мероси, унинг «риёзат»[2], ихлос[3], одоб, шунингдек, калом ва тасаввуф илми хусусидаги қарашлари илмий-маърифий таҳлил қилинди.

Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий  «رقاىق المحبين» («Рақоиқ ал-муҳиббин»), «مواعظ العارفين» («Мавоиз ал-орифин»), «جوابات اهل اليقين» («Жавобот аҳл ал-яқин»), «الغاية لاهل العناية» («Ал-Ғоя ли-аҳли ан-ниҳоя»), «قصص الانبياء» («Қисас ал-Анбиё»), «تفسير القرآن العظيم» («Тафсир ал-Қуръон ал-азим») [12:73-74], «المعارضة و الرد على اهل الفرق  و اهل الدعاوى في الاحوال» («Ал-муъоразату вар-радду ала аҳли ал-фироқи ва аҳли аддаъава фи ал-аҳвали») [18] каби ислом илмлари, хусусан, тасаввуфга бағишланган асарлар муаллифидир.  Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарийнинг Қуръон илмлари, айниқса, «Тафсир» илмида ўз услуби бўлган. Унинг тафсири («تفسير القرآن العظيم» «Тафсир ал-Қуръан ал-азим») 2004 йили Мисрда (Тоҳо Абдурауф Саъд ва Саъд Ҳасан Муҳаммад Али) томонидан нашр  қилинган. Саҳл Тустарий қуддиса сирруҳунинг ақидаси аҳли сунна вал жамоа таълимотини ўзида жамлаган Абулқосим Ҳиббатуллоҳ ал-Лалкоийнинг «شرح أصول اعتقاد اهل السنة و الجماعة» («Шарҳ усули эътиқод аҳл ас-суннат вал жамоат») [2.170-171]  номли асарда ривоят қилинган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий Эроннинг  Хузистон вилоятига қарашли Шуштар шаҳрида туғилган. У тасаввуфнинг йирик намоёндаларидан биридир. Унинг тасаввуфга оид мероси кейинги давр тасаввуф олимлари дунёқарашига таъсир кўрсатган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий «تفسير القران العظيم»  («Тафсир ал-Қуръан ал-азим»)  китоби муқаддимасида ўзи ҳақида ёзиб қолдирган. Унинг тасаввуф олими бўлиб етишишида тоғасининг хизмати катта бўлган. Тустарий «تفسير القران العظيم» асарида келтирилишича, Тустарий уч ёшида тоғаси  Муҳаммад ибн Саввор таъсирида зикр қилиш билан шуғуллана бошлаган. Мактабни тугатгач, Тустар олимларидан бир муддат илм олган ва у ердан Басрага сафар қилган. Басрадан Абодонга бориб, Абу Ҳабиб Ҳамза ибн Абдуллоҳ Абодонийдан илм олган. Сўнг Тустарга қайтган. Очлик билан нафсини тарбиялаган Тустарий бир дирҳам пулга олинган унни нон қилдириб, бир йилга етказади. Кейинчалик Тустарий баъзи қарашлари сабабли ўша ҳудуд олимлари томонидан Басрага чиқариб юборилади [12:67-68].

Демак, Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий ёшлигидан «зикр» амалиётига машғул бўлишни ўрганган. Унинг тоғаси ҳам ислом илмлари, айниқса, ирфон илмида ўз даври билимдонларидан бўлган. Тустарий ўз нафсини кўпроқ очлик билан тарбиялашга ҳаракат қилган ва кўзлаган мақсадига интилган. Унинг илм олишга қизиқиши уни маълум муддатга илм излаб, ўша даврнинг илм аҳллари тўпланган шаҳарларга сафар қилишига сабаб бўлди.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг «طبقات الصوفية» («Табақот ас-суфия») асарида Тустарий ривоят қилган бир ҳадис келтирилган. Унда: Анас (р.а.) дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (а.с.) жангга чиқар эди ва у киши билан ансор[4] аёллари чиқиб ярадорларга сув берар ва уларни даволар эди» [14:66]. Шунингдек, ушбу рисолада Тустарий ҳақидаги кўплаб маълумотлар ўз ифодасини топган. Абу Абдураҳмон ас-Суламий Тустарийнинг ислом илмлари, хусусан, тасаввуф, тафсир ва ҳадис илмида ҳам  кучли олим бўлганини эътироф этган.

Абул Қосим Қушайрий ҳам ўзининг «الرسالة القشيرية» («Рисолат  ал-Қушайрия») асарида «Тустарий – катта  имомлардан бири ва ўз вақтида парҳезкорлик ва тақвода унинг тенги йўқ эди. Кўп кароматлар зоҳир бўлган. Ҳаж сафари асносида Маккада Зуннуни Мисрий билан учрашгани ҳамда унинг «Уч ёшлигимда Тоғам Муҳаммад ибн Савворнинг тунги ибодатларига қизиқиб қарар эдим. Тоғам менга бориб ухлашни буюрса ҳам уйқум келмас эди. Бир сафар тоғам менга: «Эй Саҳл сени яратган Аллоҳни зикр қиласанми?» деб сўради ва менга тилни қимирлатмасдан қалбим билан зикр қилишимни ўргатди. Мен зикрни аввал уч марта, сўнг етти марта ва ундан кейин ўн бир марта такрорладим ва қалбимда ҳаловат сездим. Сўнг тоғам менга шундай деди: «Мен сенга ўргатганимни эслаб қол ва қабрга кирганингча бардавом бўл [10:65-66]. Ушбу асарда Қушайрий Тустарийни ҳижрий 273 ёки 283 йилда вафот этгани хусусидаги маълумотни келтирган [10:65-66].

Дарҳақиқат, «Рисолат ал-қушайрия» асари тасаввуфга оид энг мўътабар манбалардан бири бўлгани сабабли кейинги даврларда яратилган тасаввуфга оид китоблар учун замин яратган. Ушбу манбалар таҳлили Тустарийнинг ҳаёти, унга таъсир кўрсатган муҳит ва устозлари Абу Ҳамза Абодоний ва Зуннуни Мисрийдан  таълим олиб, ўз даврининг мутасаввиф олими сифатида шаклланганини кўрсатади.

Ўрта аср тасаввуф назариётчиларидан бири Али ибн Усмон ал-Ҳужвирий ўзининг «كشف المحجوب» («Кашф ал-маҳжуб») асарида Тустарий номини тилга олиб, қуйидаги маълумотни келтирган: «Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий ўз даврининг пешвоси эди. Барча тиллар унга мадҳ айтар эди. Унинг кўп риёзати ва гўзал муомаласи бор эди. Ножўя ишлардан қайтиш ва ихлос қилиш ҳақида унинг ажойиб гаплари бор. Зоҳирий илм уламолари у зот хусусида «шариат ва ҳақиқатни бирлаштирди», деб айтган. Бу хато гапдир. Чунки ҳеч ким шариат ва ҳақиқат ўртасини ажратмаган. Аллоҳ бу иккиси ўртасини жамлаган экан, унинг авлиёлари уларни ажратиши амри маҳолдир. Бу худди «Ла илаҳа иллаллоҳ» билан «Муҳаммадун Расулуллоҳ» калималарини ажратса, имон тўғри бўлмаганига ўхшайди» [13:32]. Демак, Ал-Ҳужвирий фикридан шуни англаш мумкинки, Тустарий қарашларини ҳамма ҳам тўғри тушунмаган ва унинг айтганлари хилма-хил талқин қилинган. Ал-Ҳужвирий тасаввуф назариётчиси сифатида Тустарий қарашларини ҳимоя қилган ҳамда шариат ва ҳақиқат  аслан ажратилмаганига ишора қилган.

Шамсиддин Заҳабий ўзининг «سير اعلام النبلاء« («Сияри аълом ан-нубала») асарида Тустарийни ўн олтинчи табақада 2389-рақамда келтирган. У ўз асарида Тустарий ҳақида шундай ёзади: «Унинг гўзал насиҳатлари ва фойдали гаплари бор. Тариқат илмида мустаҳкам илмга эгадир. Тустарийдан Умар ибн Восил, Абу Муҳаммад ал-Жаририй, Аббос ибн Исом, Муҳаммад ибн ал-Мунзир ва бошқалар ривоят қилган. Заҳабий Тустарийнинг ҳадис олими Абу Довуднинг олдига бориб, «Росулуллоҳ (а.с.)нинг ҳадисларини айтган тилингни чиқар, мен бир ўпай», деган фикрини иқтибос қилиб келтирган. Шу билан бирга, Заҳабий Тустарийнинг ҳижрий 283 йилда вафот этгани ва унинг  саксон йил яшагани ҳақида маълумот берган. [11:1949-1950].

Фаридуддин Атторнинг «تذكرة الاولياء» («Тазкират ал-авлиё») асарида Тустарий ҳақида шундай маълумот келтирилади: «У тариқат дарёсининг сайёҳи, ҳақиқат дарёси дурларининг ғаввоси, улуғлар шарафи, хотиралар машраби, доҳий раҳбар, тасаввуф аҳлининг муҳташами, замонасининг мўътабари, тариқат султони, ҳақиқат бурҳони, илмда ва амалда машҳур, даврининг бутун аҳолиси унга мурожаат қилар, риёзату каромат ичра комил, муомалату ишорат ичра беназир, ҳақиқат ва дақиқ ҳоллар ичра мисли йўқ эди. Замона олимлари Саҳл Тустарий тўғрисида у шариат билан ҳақиқат орасини жам қилган эди, дер эди. Унга эътиқод қиладиганлардан бир Зуннуни Мисрий эди. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий айтади: – Аллоҳ руҳимга: «Аё, мен Раббингиз эмасманми?» дегани ҳануз менинг эсимда бор. Мен: «Раббимизсан!» деб жавоб бердим»[5] [4:32]. Фаридуддин Аттор маълумотларида унинг мийсоқ кунини, яъни «руҳим Аллоҳга ваъда берган кунни эслайман», деган гапи бошқа манбаларда учрамади. Атторнинг Тустарий ҳақида келтирган мақтовлари унинг тасаввуф аҳли орасида катта ўрин ва ҳурмат эгаси бўлганини тасдиқлайди. Бундан ташқари, Абдулваҳҳоб аш-Шаъронийнинг «طبقات الكبرى» («Табақот ал-кубро») [15:89], Абдураҳмон Жомий ўзининг «نفحات الانس من حضرات القدس» («Нафаҳот ал-унс мин ҳазарот ал-қудс»)  ва Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарида туркий тилдаги маълумотлар келтирилган [15:89]. Алишер Навоий Тустарийни  ўз  даврининг йирик уламоларидан ва тасаввуф билимдонларидан бўлганини эътироф этган [3:32].

Фахриддин Али Сафийнинг «رشحات عين الحياة» («Рашаҳот айн ал-ҳаёт») асаридаги Тустарий ҳақида берилган маълумотда: Айтур эрдилар: «Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий қуддиса сирруҳу муддати мадид риёзат шоққа тортди ва давоми зикрга иштиғол кўргузди, бамартабаэким, бир кун димоғидин қон равон бўлди, ҳар қатраэким ерга томди, лафзи мубораги «Аллоҳ»нинг нақшида бўлди. Бу тариқа мушкулликлар еткондин сўнг они пири ёддоштлиқға амр этди» [5:341]. Демак, Тустарий кўп риёзат ва машаққатлар тортиб пир, яъни муршидлик даражасига чиққани ҳақида маълумот берилган. Бу маълумот шуни кўрсатадики, Тустарийдан кейин келган барча тасаввуф олимлари меросига Тустарий қарашлари сингиб кетган.

Закариё ибн Муҳаммад Ансорий ўзининг «Рисолат ал-қушайрия» асарига ёзган шарҳида «نتاىج الافكار» («Натаиж ал-афкар») ҳам Тустарий ҳақида шундай ёзади: «Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий насиҳатгўй, ишончли шайх, машҳур шайхларнинг энг улуғларидан, сўфийлик тариқатини фойда маржонлари билан безади, замонининг ягонаси, бир неча табақа улуғлари ундан илм олди,  ер юзида ҳақиқат илмларини кўпайтирди. Бу ишларидан унга ҳасад қилган шаҳарнинг фуқаҳолари уни катта гуноҳ қилганликда айблади. Бунга сабаб эса Тустарийнинг: «Бандага тавба ҳар нафасда фарздир» деган гапи эди. Натижада Тустарий ва унинг жамоасини Тустардан чиқариб юбордилар. Тустарий қолган умрини Басрада ўтказди ва ўша ерда вафот этди. У ўн ёшлигида зуҳд, ибодат, тақво каби ирфоний саволларга мукаммал жавоб берар эди. Унинг бир йиллик таомига бир дирҳам кумуш танга етар эди. Тустарий ўттиз ва қирқ кунлаб ҳеч нарса емас эди. Агар оч қолса қувватга тўлар эди ва тўйиб овқатланса заифлашиб қолар эди.  «Бу очлик ёки парҳезкорликка Тустарийдан ташқари Муҳаммад ибн Амр  ал-Мағрибий, Иброҳим ат-Таймий, Ҳажжож ибн Қурофаса, Сулаймон ал-Хосс, Иброҳим ал-Хосс каби олимлар ҳам эришган. Баъзиларнинг айтишича, ким қирқ кун очлик қилса, унга ғайбий[6] сирлар кашф[7] бўлади» [16:167]. Замонавий тиббиёт ҳам очликнинг мўъжизаларини кашф қилишда давом этмоқда.

Ушбу асарда Ибн Арабийнинг Тустарий ҳақида фикри келтирилган: «Тустарий тасаввуф йўлига кирган дастлабки даврида унинг қалби сажда қилди. Қанча катта шайхлар бу дунёдан ўтиб кетди, лекин қалби сажда қилмади. Агар қалб сажда қилса, ҳеч қачон саждадан кўтарилмайди. Тустарий мустаҳкам бир қадам соҳибидир ва бошқа қадамлар ундан тарқалади. Қалб сўзи арабча (تقلب القلب) («тақоллуб ал-қалб») «ўзгариш» ўзагидан олинган, шу сабаб бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўзгариб туради. Аммо кимнинг қалби сажда қилган бўлса, унда бу ўзгариш бўлмайди. Тустарий дастлабки тасаввуфга кирган вақтида қалби сажда қилди. У эса қалби саждадан кўтарилишини кутди, лекин қалби саждадан бош кўтармади, сўнг у ҳайрат денгизида ғарқ бўлди. Шайхлардан ўз ҳоли ҳақида сўради, улар жавоб беролмадилар. Қалб шифосини Абодонга бориб бир шайх ҳузуридан топди ва унинг хизматини лозим тутди» [16:167]. Демак, тасаввуф фалсафасида ўзига хос мавқега эга бўлган  Шайхул Акбар Ибн Арабийнинг Тустарий хусусидаги фикри унинг йирик шайхлар томонидан ҳам тан олинганини англатади.

Умар Ризо Каҳола ўзининг «معجم المؤلفين» («Мўъжам ал-муаллифин») асарида Тустарий ҳақида 5950-тазкирада маълумот келтириб, уни тасаввуф олими экани ва ёзган асарлари ҳақида баён қилган [17:32].

 Ислом энциклопедиясида Тустарий ҳақида маълумот берилган ва унинг тажаллий масаласидаги қарашлари ёритилган. Унга кўра, тажаллий уч қисмга бўлинади; а) тажаллий аз-зот, б) тажаллий сифат аз-зот, c) тажаллий ҳукм аз-зотдан иборатдир. [6:276]. Демак, Тустарий пантеизмдан фарқли равишда борлиқда Аллоҳнинг нури мужассамлигини ифодаловичи фалсафий ғояларни илгари сурган. Шунингдек, Тустарий таълимоти маломатия таълимотининг шаклланишида муҳим роль ўйнагани таъкидланади [6:180].

Аҳмад Абдуллаев ўзининг «Тасаввуф ва унинг намояндалари» асарида тасаввуф илмида ўз таълимоти ва қарашларини ишлаб чиққан ўн икки ҳалқа ва уларнинг асосчиларини келтиради. Тустарий таълимотига тўхталиб, «Ас-саҳлия – олтинчи ҳалқанинг номи ва унинг асосчиси Саҳл бин Абдуллоҳ Тустарий – машҳур сўфий ва Жуллобийнинг ёзишича, «тасаввуф аҳлининг муҳташам ва киборларидан» бўлмиш Саҳл Тустарийдир. Бу шайхнинг тасаввуф тарихидаги мақом ва манзилати, обрў-эътибори Боязид Бистомий ва Жунайд Бағдодийга тенг. Ҳақиқатан Саҳл мазкур шайхлар каби сўфиёна ўз мазҳабига эга бўлган зот ва унинг ҳақшунослик йўлида яратган махсус таълимоти мавжуд» эканини баён қилган. [1:180].  Тустарийнинг тасаввуф илмида моҳир бўлиши билан бирга, янги таълимот ва концепция ишлаб чиқиб, ўз мактабига эга бўлганини билдиради. У ишлаб чиққан ғоялар бугунги кунда мавжуд йўналишларда ҳам ўз аксини топган. Масалан, нафсга қарши кураш ғоясини биринчи бўлиб ошкора ва умумий тарғиб қилган.

Нажмиддин Комилов ўзининг «Тасаввуф»  асарида Боязид Бастомий «сукр» яъни ишқ билан мастлик таълимотини олға сурган бўлса, Жунайд Бағдодий «саҳв» яъни, ҳушёрлик ғоясини олға суради. Тустарий эса бунга бошқача ёндашиб, ҳайрат тушунчасини олға суради [7:180]. «Шайх Тустарий  ҳайрат тушунчасини қуйидагича баён этган: «Қурб мартабалари ошган сари Аллоҳ улуғворлигининг асарлари зиёдроқ бўлади ва нодонликка қарама-қарши ўлароқ илм кўпаяверади ва тасаввуфий маърифат орта боради ва ҳайрат устига ҳайрат қўшилаверади ва: «Эй Раббий, ҳайрат оғушидаман», – деган нидо кўтарилади». Дарҳақиқат, маърифат ҳайрат натижасидир. Маърифат буюк Илоҳ оламлари бепоёнлиги, истиғноси – муҳтожсизлигини, Зоти жавҳарини қалб билан ҳис этиш ва кўнгил билан таниш демак. Шундай қилиб, маърифат – руҳ ҳодисасидир, фақру фано руҳнинг камолидан нишонадир» [7:180].

Тустарий илоҳий ишқ йўналишида сукр ва саҳвга муқобил бўлган ҳайрат тушунчасини олға сурган. Бу ҳолат сукр  каби ақлини йўқотиш ҳам эмас ва саҳв каби таъсирсиз туриш ҳам эмас, балки ақли жойида бўлиб, илоҳий тажаллийдан ҳайратга тушишдир. Қайсидир маънода иккисининг ўртасидаги энг мақбул ҳолатдир. Хулоса қилиш мумкинки, Тустарий ўзига хос Саҳлия таълимоти асосчиси, тасаввуф назариётчиларидан бири бўлган. Унинг ўз даври ва кейинги замонларда яшаган алломалар томонидан эътирофга сазовор бўлиши буни исботлайди.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий ҳижрий ИИИ асрда ва милодий ИХ асрда яшаб ижод этган тасаввуф шайхларидан биридир. У ўз ҳаётини кўп риёзат ва ибодат билан ўтказган. Айниқса, ҳар ўн беш кунда бир ифторлик қилиши нафс мужоҳадасини мукаммал даражада адо этганини билдиради. Уч ёшида тасаввуф вазифаларига киришиши ва олти ёшида Қуръонни ёд олиши ва ўн ёшида саволларга жавоб берадиган салоҳиятга эга бўлиши ҳайратланарлидир. У руҳий камолотга этиб, келажак авлодларга ўнлаб асар қолдирди. Унинг асарлари тўлиқ етиб келмаган.

Тустарийнинг тасаввуфда ўз мактабига асос солгани ва янги концепция ишлаб чиққани эътиборга лойиқ. Унинг панду насиҳатлари ҳозирги авлод учун ҳам манфаатли ва у олға сурган ахлоқий-инсоний ғоялар ўз долзарблигини сақлаб қолган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Тустарий тасаввуфга оид бошқа асарлари қатори «Тафсирул Қуръонил азим» номли асар ҳам ёзган. Бу турдаги тафсирлар ишорий (лафзлари билан эмас, балки маъно ишоралари билан қилинган тафсир бўлиб, бу турдаги тафсирлар тасаввуфий тафсир деб ҳам номланади) тафсирлар деб номланади. Баъзи ишорий тафсирлар муаллифларига олимлар томонидан эътироз ҳам билдирилган, аммо Тустарий номи биз кўрган манбаларнинг барчасида энг эътиборли олимлар сафида келтирилган. Тустарий ҳаёти билан яқиндан танишганда, унинг тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ, тасаввуф ва бошқа илмларда ҳам катта нуфузга эга бўлганини кўриш мумкин. Тустарийдан нақл қилинган ҳикматлар ҳар бир инсонни тафаккурга чорлайди ва маънавий қувват беради. Бу ҳикматларни халқимиз эътиборига ҳавола қилиш ва уларни ибрат сифатида кўрсатиш ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий етук қилиб тарбиялашда ўзига хос аҳамият касб этади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абдуллаев А. Тасаввуф ва унинг намояндалари. – Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси нашриёти, 2009.
  2. Абулқосим Ҳиббатуллоҳ ал-Лалкоий. Шарҳ усули эътиқод аҳл ас-суннат вал жамоат. 1-жилд. – Искандария (Миср): Дор ал-Басират, 2001. – Б. 170-171.; Беруний Ҳ. Саҳл Тустарий ақидаси. https://ahlisunna.uz/sahl-tustariy-aqidasi.
  3. Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат. (Илмий-танқидий матн) нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва кўрсаткичлар муаллифи Ҳ.Исломий. – Т.: Мовароуннаҳр, 2011.
  4. Фаридуддин Аттор. Тазкиратул авлиё. Абдумажид Мадраимов нашр қилган. –Т.: Ғафур Ғулом, 2012.
  5. Фаҳриддин Али Сафий. Рашаҳот айн ал-ҳаёт. Маҳмуд Ҳасаний нашрга тайёрлаган. – Тошкент: Абу Али Ибн Сино тиббиёт нашриёти, 2003.
  6. Ислом энциклопедияси. З.Ҳусниддинов таҳрири остида нашр қилинган. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2004.
  7. Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Мовароуннаҳр – Ўзбекистон, 2009.
  8. Насафий А. Баён ал-танзил. –Теҳрон, 1391.ҳ.
  9. Усмонов И. Наводирул-усул ҳикматлари. – Тошкент, 2009.
  10. ابو القاسم عبد الكريم القشيري. الرسالة القشيرية. بتحقيف الامام عبد الحليم محمود و الدكتور محمود ابن الشريف. القاهرة – مطابع مؤسسة دار الشعب. م1989- ه1409. ص. 65-66.
  11. الامام ابي عبدالله شمس الدين محمد ابن احمد الذهبي. سير اعلام النبلاء. بيت الافكار الدولية. لبنان, 2004م. ص. 1949-1950
  12. سهل ابن عبد الله التستري. تفسير القران العظيم. بتحقيق طه عبد الرؤوف سعد و سعد حسن محمد علي .
بيرت – لبنان. دارالحرم للتراث. 1425ه-2004م.ص.67-68
  1. علي ابن عثمان الهجويري. كشف المحجوب. بتحقيق دكتورة اسعاد عبد الهادي قنديل. القاهرة. م1974-ه1394. ص. 32
  2. ابو عبد الرحمن السلمي. طبقات الصوفية. بتحقيق الدكتور احمد الشرباص. كتاب الشعب. م1998-ه1419.ص. 66
  3. الشيخ عبد الوهاب الشعراني. طبقات الكبرى. بتحقيق عثمان احمد الحسيني و حسن محمد الحمد. ص. 89
  4. زكريا ابن محمد الانصاري. نتاىج الافكارفي بيان معاني شرح الرسالة القشيرية. لبنان- بيرت. دار الكتب العلمية. م2007.ص. 167
  5. عمر رضا كحالة. معجم المؤلفين. دمشق. دار االكتب الظاهرية. م1957-ه1376.ص 32
  6. سهل بن عبد الله التستري. المعارضة والرد علي اهل الفرق و اهل الدعاوى في الاحوال. بتحقيق الدكتورمحمد كمال جعفر.قاهرة – كلية دار العلوم. م1980- ه1400
[1] Зуҳд (араб.) –беэътиборлик, моддий манфаатга бефарқ бўлиш) – тарки­дунёчилик, Худонинг марҳаматига мушарраф бўлиш ва жаннатга ­тушиш учун таркидунё қилиш.
[2] Нафсни синдириш учун унга қийин амалларни юклаш.
[3] Амалларни чин кўнгилдан бажариш.
[4] Муҳаммад а.с. Мадинага кўчиб келганидан кейин унга ёрдам берган мадиналиклар.
[5] Қуръони карим. Аъроф сурасининг 72-оятига ишора қилинган.
[6] Яширин
[7] Очилади
Холмурод РАХИМОВ,
Бухоро давлат университети докторанти

Check Also

СЎҒДЛИК МУҲАДДИСЛАР ТАРИХИ

Ҳижрий илк асрлар (милодий VII аср)дан бошлаб Мовароуннаҳр, айниқса кўҳна Самарқанд ҳудудидан кўплаб олимлар етишиб …