Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги вакиллари билан учрашди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов билан Ҳаж ва умра вазирининг Жидда шаҳридаги вакили Ҳасан ибн Яҳё ўртасида музокарада бугунги кунда илмий-маънавий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда янги илмий-тадқиқот муассасалари ташкил этилгани, шу орқали улуғ аждодларимизнинг маданий меросини тиклаш ва тарғиб қилиш йўлга қўйилгани таъкидланди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан айни пайтда юртимиз делегацияси Саудия Арабистонидаги бой илмий-тарихий аҳамиятга эга музейлар, тарихий обидалар ва ислом цивилизацияси белгиларини ўзида мужассам этган масканларни ўрганаётгани қайд этилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг дўстона муносабатлари, ҳамкорлик алоқалари бугун юксак даражада ривожланаётганини таъкидлади. Хусусан, бир йил аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифи муносабатларни янги босқичга кўтаришга асос бўлаётганини қайд этди. Шунингдек, ўтган йили сентябрь ойида Ҳаж ва умра вазири Ўзбекистонга келди ва бу ташриф асносида кўплаб янги битимлар тузилди.
Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида маълумот берди.
– Давлатимиз раҳбари ушбу Марказ музейини янги мазмун билан бойитиш бўйича қатор топшириқлар берган. Шу асосда халқаро илмий жамоатчилик фикри ҳам ўрганиляпти, тегишли қарорлар қабул қилиняпти. Халқаро тажрибани ўрганиш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан Саудия Арабистонига келдик. Делегациямизга кўрсатилган иззат-икром учун мамлакатингиз ҳукуматига, вазир жаноблари ва барча масъулларга самимий миннатдорлик билдирамиз. Музейлар фаолиятини ўрганиш, тажриба билан ўртоқлашиш фойдадан холи бўлмади, – деди Фирдавс Абдухолиқов.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори вазирлик мутасаддиларини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтадиган халқаро конгрессга таклиф қилди. Ҳасан ибн Яҳё бу таклифни самимият билан қабул қилиши ва албатта, иштирок этишга тайёр эканини билдирди.
Вазирлик вакили Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар барқарор ривожланаётгани, юртимизга ташрифи чоғида Ислом цивилизацияси марказига келгани, унинг очилишини интиқлик билан кутаётгани, Марказ музейи экспозициясини янги мазмун билан бойитишда ҳар қандай кўмакка, фикр алмашишга тайёр эканини изҳор этди. Очилиш маросимида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг музейга муқаддас Каъбапўш (кисва) бўлагини туҳфа қилиш истагини алоҳида таъкидлади. У давлатларимиз ўртасидаги уч босқичли ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтди.
– Саудия Арабистони ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасида шахсий дўстона алоқалар қарор топган. Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Мусулмонлар идораси билан Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида илмий алоқалар, дўстона муносабатлар яхши йўлга қўйилган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари бошчилигидаги делегациянинг Саудия Арабистонига ташрифини икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотларнинг амалий натижаларидан биридир. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг айнан шу шакл ва мазмунда бунёд этилиши таҳсинга сазовор. Ислом маданияти, цивилизацияси билан боғлиқ барча нарсаларни бир марказда жам қилиш оқилона сиёсат самарасидир, – деди Ҳасан ибн Яҳё.
Учрашувда келгусидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди. Икки томон ҳам ҳамкорлик учун очиқ ва хайрихоҳ эканини билдирди.
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигига Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан нашр этилган китоб-альбом туҳфа этилди.
Самимий руҳда кечган учрашув ҳамкорликни босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши эътироф этилди.