Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши минтақа тарихида туб бурилиш ясади. Шариат аҳкомларига асосланган араб халифалиги бошқарув тизимининг минтақага кириб келиши ўзбек давлатчилигининг кейинги даврлардаги ривожланишига катта таъсир кўрсатди. VIII-XII асрлар давомида ислом аҳкомларини ўзига сингдириб борган Марказий Осиёдаги бошқарув тизими миллий давлатчилик тарихининг муҳим сегментларидан бирига айланди. Ислом Марказий Осиёдаги бошқарув тизимининг янги шаклларда ривожланишини бошлаб берди. Бунинг натижасида вужудга келган миллий бошқарув тизими тамойиллари XX асргача ўз кучини сақлаб қолди.
IX асрнинг иккинчи ярми ислом тарихида “заиф халифалар асри”нинг бошланиши деб юритилади. Бу даврга келиб Аббосийлар халифалигида ички зиддиятларнинг кучайиши, қўзғолонларнинг кўпайиши, араблардан бўлган ҳокимларга нисбатан халифалар ишончсизлигининг ортиши, бунинг оқибатида ҳудудларга келиб чиқиши форс ва туркийлардан бўлган қўмондон ва волийларнинг тайинланиши марказий ҳокимиятнинг заифлашуви, шунингдек, ҳам ғарбий, ҳам шарқий ҳудудлар назоратининг қўлдан кетишига сабаб бўлди.
Дастлаб Хуросонда Тоҳир ибн Ҳусайн (776-822 йй.) бошчилигидаги тоҳирийлар, улардан сўнг саффорийлар ўз мустақиллигини эълон қилгач, Мовароуннаҳрда халифаларга садоқат билан хизмат қилиб келган Сомонийлар ҳам вазиятдан фойдаланган ҳолда, амалда мустақил бошқарувни ўрнатишга муваффақ бўлди.
Сомонийлар Хуросон амирлари Тоҳирийлардан мустақил бўлишга интилганлар, аммо ҳеч қачон Аббосийларга қарши чиқмаганлар ва Бағдоддан мустақил бўлишга интилмаганлар[9:196]. Бинобарин, халифа Маъмун Марвдан Бағдодга кетишдан олдин унга садоқат билдирган Сомон авлодлари Нуҳ ибн Асад (ваф. 842 й.) ва унинг укаларини ҳоким этиб тайинлашга буйруқ беради. 204/819-20 йилда Хуросон амири Ғассон ибн Аббод халифанинг кўрсатмасига биноан Нуҳ ибн Асадни Самарқандга, Аҳмадни – Фарғонага, Яҳёни – Шош ва Уструшонага, Илёсни эса – Ҳиротга ҳоким этиб тайинлайди. Ака-укалар расман бир-биридан мустақил ҳукмдор бўлган, лекин амалда улар Нуҳ ибн Асадга бўйсунганлар[4:253]. У Сомонхудотнинг тўрт набирасининг тўнғичи бўлиб, Сомонийлар сулоласининг асосчиси ҳисобланади[3:48].
Нуҳ ибн Асад бошқа диндаги туркларга қарши жиҳод урушлари олиб борган. 225/ 839-40 йилда у Исфижоб шаҳрини эгаллаб, ундаги токзорлар ва экинзорларни ўз ичига олган мудофаа деворини қурдиради[4:253]. Нуҳ ибн Асад ҳукмронлиги даврида Самарқанд, Шош ва Фарғона шаҳарларида зарб этилган тангалардаги ёзувларда халифа исмидан кейин унинг исми келтирилган. Бу эса унинг Хуросон ҳукмдорлари Тоҳирийлардан мустақил бўлганлиги ва фақатгина халифага бўйсунганини англатади[4:254].
Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарига кўра, Нуҳ ибн Асад (819-864 йй.) вафотигача Самарқандда яшайди ва биродари Аҳмад ибн Асадни ўзига ўринбосар этиб тайинлайди. Аҳмад ибн Асад олим ва порсо киши бўлиб, ўта халқпарвар ва виждонли бўлган[2:147]. Ибн ал-Асир у ҳақда қуйидаги маълумотларни келтиради: “Аҳмад ҳақида унинг ўғли Наср шундай дейди: у (Аҳмад ибн Асад) 30 йиллик ҳукмронлиги даврида ўзи ҳам, атрофидаги яқин аъёнлари ҳам пора олмаган. У вафот этганида унинг қўл остидаги хизматчилари ҳатто оч қолиб кетган” [8:66]. Сомоний ҳукмдорлар орасида ҳам араб халифалари Умар ибн Хаттоб ва Умар ибн Абдулазиз каби зоҳид ва халқпарвар амирлар ҳамда давлат хизматчилари бўлганлигини юқорида номлари келтирилган муаррихларнинг келтирган маълумотлари ҳам тасдиқлайди.
Сомонийлар ҳукмронлиги бошланганда (IX аср бошлари) Мовароуннаҳр алоҳида маъмурий бирлик эди, Х асрдан бошлаб Хуросон ҳам унга қарашли бўлган[4:142]. Сомонийлар ўзларининг ҳукмронлиги остига иккита йирик минтақани – Бухоро, Самарқанд, Уструшона, Фарғона, Шош, Исфижоб, Хоразм, Кеш, Насаф, Чағониён, Хутталонни ўз ичига олувчи Мовароуннаҳр ва Бадахшон, Балх, Тохаристон, Гуржистон, Марв, Ҳирот, Ғур, Нишопур ва Гурганчни ўз ичига олган Хуросонни бирлаштирдилар. Шунинг учун адабиётларда уларнинг мулки баъзан “Сомонийлар империяси” деб номланади[11:127].
Мовароуннаҳр тўрт вилоятдан иборат бўлган. Суғд вилоятининг иккита пойтахти бўлиб, булар Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари эди. Шунингдек, Хоразм, Фарғона, Чағониён ва Шош вилоятлари ҳам мазкур ҳудудга кирган. Сомонийлар давлатининг ғарбий қисми, яъни Хуросон ҳудуди эса, тўрт қисмдан иборат бўлиб, биринчисининг пойтахти Найсабур (Нишопур), иккинчисиники – Марв, учинчиси – Ҳирот, тўртинчиси Балх шаҳарлари эди[12:188].
Манбалар кўрсатадики, ўрта асрларда Марв шаҳрининг нуфузи жуда юқори бўлган. Аббосий халифалар ҳокимияти ҳам Марвда бошланган ва уларнинг қора рангли байроқлари илк бор шу ерда кўтарилган. Бу ерда ўн йил давомида халифа Маъмун (халифалик йиллари 813-833) ҳукм сурган. Шунинг учун одамлар уни Шоҳижон, яъни Шоҳ Жаҳоний – “Подшоҳлар қароргоҳи” деб атаганлар[4:59]. Марв – халифаликнинг шарқий қисмига ҳокимлик қилувчи ноибга (у Куфада турар эди) бевосита бўйсунувчи Хуросон ноибининг қароргоҳи эди[Ўзбекистон ССР тарихи. II том, 1970:191]. Шунга қарамай, Сомонийлар давлати пойтахти этиб Мовароуннаҳрнинг энг тараққий этган шаҳарларидан бири бўлган Бухоро шаҳри танланган.
261 – 379/875 – 892 йилларда Сомонийлар давлатининг пойтахти Самарқанд, 279 – 395/892 – 1005 йилларда эса Бухоро бўлган. Cомонийлар қонуний жиҳатдан Хуросон амирлари бўлиб, Мовароуннаҳр ва Хуросон ерлари уларга қарашли бўлган. Шунинг учун уларнинг қароргоҳи Бухоро Х асрда Мовароуннаҳр ва Хуросон пойтахти ҳисобланган. У Мовароуннаҳрдаги Хуросонга энг яқин шаҳар бўлган. Тоҳирийлар Нишопурдан туриб Хуросонни идора этган бўлсалар, Исмоил ибн Аҳмад Бухорони ўзига қароргоҳ этиб танлаган ва давлатнинг пойтахтига айлантирган. Бунинг асосий сабаби – унинг исломдан олдинги аждодлари (Эл Арслон ва Эл Тегин) Бухорода яшаганлар ва шу ерда дафн этилганлар[9:121-196]. Унинг авлодлари даврида ҳам пойтахт Бухоро бўлиб қолаверган. Унгача Мовароуннаҳр ҳукмдорлари Самарқандда, баъзан Шошда, баъзида эса Фарғонада яшаганлар[2:159].
Сомонийлар сулоласи Мовароуннаҳрдаги араб бўлмаган биринчи мусулмон ҳукмдорлар бўлиб, юз йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган. Бу даврдаги бошқарув тизими моҳиятини ҳокимиятнинг отадан болага мерос бўлиб ўтиши тамойили ташкил қилган. Сомонийларнинг Мовароуннаҳрда исломнинг ёйилишида кўрсатган хизматларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунинг натижасида мазкур сулола Марказий Осиёда ислом дини кўрсатмалари асосидаги бошқарув тизимининг қарор топишида алоҳида роль ўйнади. Унинг тажрибаси кейинги сулолалар бошқаруви учун намуна – эталон вазифасини ўтади.
Марказий Осиёда IX–XII асрларда ҳукм сурган Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар давлатлари бошқарув тизимини сомонийлардан ўзлаштирган ҳолда ўзларининг маҳаллий анъаналарига содиқ қолган ҳолда бошқарувга маълум даражада янгиликлар олиб киришган. Бунинг ёрқин далили сифатида пардадор, довотдор, таштдор, жашнигир, қутвол, салор, сарҳанг, сипоҳсолор, бирук, ағичи, қушчи, човуш, хайлбоши каби расмий лавозимлар жорий этилганлигида намоён бўлади. Бундан келиб чиқадики, Марказий Осиёда вужудга келган мустақил мусулмон сулолалари бошқарув тизимини араб халифалигидан ўзлаштирган бўлсалар-да, у миллий анъаналар асосида ривожланган.
Сомонийлар аббосийлар каби суннийлик мазҳабини маҳкам тутганлар ва унга хизмат қилганлар. Хутбани аббосийлар номига ўқитиб, пулларини ҳам уларнинг номи билан зарб қилдирганлар. Ўз навбатида, аббосийлар ҳам сомонийларни қадрлаб, ўзларига яқин тутганлар. Сомонийлар аббосийларга Саффорийлар[1] ва Зайдийлар[2] каби уларга қарши чиққан давлатларни маҳв этишга ёрдам берганлар. Айниқса, Исмоил Сомонийнинг Хуросонни эгаллаши ва ўз давлатига қўшиб олиши, шиа оқимидаги Саффорийлар давлатининг тугатилишида муҳим роль ўйнади[12:187].
Хуросон бошқаруви саффорийлар қўлидан кетгач, Сомонийлар халифаликнинг “Девон ал-Машриқ” деб аталувчи шарқий вилоятларидан бири бўлган Хуросоннинг волийлари сифатида амир унвонига эга бўлганлар. Бундан ташқари, бошқа вилоятларнинг волийлари сингари, “мауло амир ал-мўъминин”, яъни “мўминлар амирининг мавлоси” деб аталганлар[9:119]. Сомонийлар шаръан Аббосий халифаларнинг Хуросондаги амирлари ёки волийлари, яъни бошқарувчилари ҳисобланган[4:123].
Наршахийга кўра, Сомонийларнинг Мансур ибн Нуҳгача (ҳукмронлик йиллари 961-976) бўлган ҳукмдорлари амир, Мансур ибн Нуҳ ва ундан кейингилари малик, деб аталган[2:163]. Исмоил ибн Аҳмад (849-907 йй.) ўзини “Мовароуннаҳр ҳукмдори” деб атаган. Наршахий Сомоний ҳукмдорларга таъриф берганда, уларнинг ҳокимиятини “иморат” (амирлик) деб атаган ва фақатгина Абдулмалик ибн Нуҳ ҳукмронлигидан бошлаб (343-350/954-961) “мулк” деган атама ишлатилган. Бошқа манбаларга кўра, Абдулмалик ибн Нуҳ тангасида у “ал-Амир ал-Муаййид” ёки “ал-Малик ал-Муаййид” деб номланган. “Ал-Муаййид” сўзи араб тилидан таржима қилинганда, “қўллаб-қувватловчи, раҳмли” деган маъноларни англатади[11:156].
Аббосийларга садоқат билан хизмат қилган амалдорлар ва ҳукмдорларни тақдирлаш мақсадида халифалар уларга “сулола дўсти”, “сулола таянчи” каби унвонлар беришган. “Адуд ад-давла”, “Тож ал-милла”, “Баҳо ад-давла” ва бошқалар шулар жумласидандир. “Адуд ад-давла” деб аталган обрўли унвон Х аср иккинчи ярмидан бошлаб халифаликнинг шимолда Сомонийлардан тортиб, шарқда Фотимийлар давлатигача бўлган барча ерларида урфга кирган эди[11:161].
Сарой одоби (этикети) бўйича халифага мурожаат қилишда унга бўйсунувчиларнинг барчаси унга “мавлоно” – “бизнинг хўжайин” ёки “амир ал-мўминин” – “мўминларнинг амири” деб мурожаат қилиши шарт эди. Сомоний ҳукмдорлар араб халифалигининг бир қисми бўлган Хуросон ноиблари сифатида “амир” унвонини олишган. Бошқа сулола вакилларидан фарқли ўлароқ, улар ўзларининг кунялари билан хотирланган. Масалан, Исмоил ибн Аҳмад “амир ал-адл” (адолатли амир) куняси билан, Наср ибн Аҳмад “ал-амир ас-саъид” (бахтли амир), Нуҳ ибн Наср “ал-амир ал-ҳамид” (атоқли амир), Абдул Малик ан-Нуҳ “ал-амир-ал-муайяд” (содиқ амир), Мансур ибн Нуҳ эса “ал-амир ас-садид” (муваффақиятли амир), Нуҳ ибн Мансур “ал-амир ар-ризо” (ризоликка (яхшиликка) мойил амир) ва “ал-амир ар-рашид” (зукко амир) кунялари билан аталган[11:156]. Исмоил Сомоний вафотидан сўнг “амири мозий”, яъни “дунёдан ўтган амир” деб аталган[2:159].
Сомонийлар бошқарув тизимида мамлакатнинг асосий таянчи – бу кучли, марказлашган қўшин эди. Бу қўшиннинг асосини жасорати, мардлиги ва қўрқмаслиги билан манбаларда тилга олинадиган туркий халқлар ташкил этган. Халифа ал-Муътасим (794-842 йй.) ҳукмронлигидан бошлаб (833 й.) турк ғуломлари ҳатто халифа шахсий гвардиясининг таянчига айлана бошлаган[1:20].
Сомонийлар даврида Мовароуннаҳрдаги ижтимоий-сиёсий вазият, давлатнинг ҳарбий қудрати, қўшини ва унинг аскарлари ҳақида Ибн Ҳавқал ўзининг “Китоб сурат ал-ард” асарида қуйидаги маълумотларни келтиради: “Уларнинг куч-қудратига келсак, ислом мамлакатлари ичида жиҳод урушларини олиб боришда улардан ўтадиган ўлка йўқдир. Чунки Мовароуннаҳрнинг барча чегаралари кофирлар мамлакатига яқин жойлашган. Уларнинг қўшинлари барча халқлар ичида қатъияти, шижоати, журъати ва матонати билан бошқа халқлардан устун туради. Мовароуннаҳрлик деҳқонлар ўзларининг хизматдаги хушфеъллиги, чиройли кийиниши, шоҳона кўриниши ва итоаткорлиги билан халифаларнинг лашкарбошилари, яқинлари ва содиқ хизматкорлари бўлдилар, ҳатто, халифаларнинг энг хос одамлари ва аскарларига айландилар. Улардан қўшинларга фарғоналиклар ва турклар бошчилик қилиб, халифаларнинг энг ишончли қўриқчилари бўлдилар. Улар орасида ўзининг шижоати ва жасорати билан устунлик қилган турклар уструшоналик Афшин[3] ва Ибн Абу-с-Сож, самарқандлик Ихшод ва суғдлик Марзубон ибн Туркаш, суғдлик Ужайф ибн Анбаса, Бухорхудот ва бошқалар халифаларнинг амирлари, қўмондонлари ва аскарлари эдилар” [9:20-21].
Туркий халқлар қўшини бошқа кўчманчи давлатлар қўшини каби уруғ тизими бўйича эмас, балки ҳарбий-маъмурий бирликларга (минглик, юзлик, ўнлик) бўлинган. Туркийлар катта юришларда иштирок этиб, кўпинча, ўз юртидан олисда бўлишган. Шунинг учун туркларнинг алоҳида уруғлари Қримдан Олтойгача ва Сибирдан Эронгача бўлган ҳудудларга бўлиниб кетган. Бу эса қадимдан ушбу ҳудудларда яшаб келган туркийзабон қабилаларнинг қариндош эканлигини англатади. Шунинг учун исломнинг илк асрида Марказий Осиёнинг туркийзабон аҳолиси барча туркларни қардош халқлар деб билиб, араб ва форсларни эса бегоналар деб ҳисоблашган[11:138].
IX-X аср бошларида Сомонийлар Аббосийларнинг ислом динини Марказий Осиёнинг маҳаллий аҳолисига сингдириш сиёсатини амалга ошириб, Сирдарёнинг юқори оқими, Шарқий Туркистон ҳудудларида яшовчи ғайридин туркларга қарши ғазовот урушларини фаол олиб борганлар[4:73].
Халифалардан биринчи бўлиб Аббосий халифа Мансур (ҳукмронлик йиллари 754-774) Марказий Осиёлик бир неча аслзодаларни Бағдодга таклиф қилган ва юқори ҳарбий лавозимларга тайинлаган. Улар орасида Афшин ислом қўшинларига бошчилик қилиб, Озарбайжондаги маздакий Бобак бошчилигида арабларга қарши хуррамийлар қўзғолонини бостиришга муваффақ бўлган[9:229].
Турк хоқонлигида бўлгани каби, Сомонийлар давлатида ҳам қўшин таркибида чокарларнинг салмоғи юқори эди. Чокарлар хожасига садоқатли бўлиб, улар учун жонларини беришга тайёр бўлганлар. Қутайба ибн Муслимнинг туркий ва суғдий аслзодалардан иборат 10 минглик қўшини бўлиб, улар камондан ўқ отишга моҳир бўлган. Улар Қутайбага умрининг охиригача садоқат билан хизмат қилиб, ҳатто ўзининг оиласи ундан юз ўгирганда ҳам уни тарк этмаганлар. Кейинчалик чокарлар тизими араб халифалигида ҳам кенг тарқалиб, мамлук ғуломлар тизими деб атала бошланган. Аббосий халифалардан Маъмун биринчи бўлиб чокарларни ўзининг қўриқчилик хизматига олган. Унинг укаси Муътасимнинг онаси турк бўлган, шу боис унинг қўшини Суғд, Уструшона, Фарғона ва Шошдан олиб келинган чокарлардан иборат бўлган. Сомонийлар давлати ҳарбий кучларининг асосий қисмини туркийлар ташкил этган.
Исмоил Сомоний биринчи бўлиб турк ғуломлари, деҳқонлар ва ёлланма аскарлардан ташкил топган мунтазам қўшин тузган[9:113]. Унинг ҳукмронлиги даврида Бухоро шаҳрини туркийлар ҳужумидан мудофаа қилиш мақсадида қурилган ва мунтазам равишда таъмирлаб туриладиган, жуда катта сарф-харажат талаб қиладиган “Кампирак девори”[4]ни аҳолини машаққатга қўйиб қайта-қайта таъмирлаш ишлари тугатилди. Амир Исмоил «то мен тирик эканман, Бухоро вилоятининг девори мен бўламан» деган ва жангларда доимо ўзи қатнашган[2:112]. Марказий бошқарувни мустаҳкамлаш ва кучли қўшин ташкил этиш Исмоилга қалъа бунёд этиш ва кўчманчиларга қарши деворларни мустаҳкамлашдан воз кечиш имконини берди[10:91].
Сомонийлар даврида ислом динининг ёйилиши йўлида кўнгилли равишда қўшин сафига қўшилиб жанг қилувчи ғозийлар ҳам бўлган. Хусусан, IX асрда Шош ва Фарғонанинг чегара ерларидаги работларда ғозийларнинг қўшинлари жойлашган бўлиб, улар турли мамлакатлардан кўнгилли равишда тўхтовсиз келиб турган мусулмонлардан таркиб топган. Самарқанд ҳам ғозийлар тўпланадиган марказ бўлиб, улар шаҳар атрофларидаги работларда жойлашган. Бу қўшинлардаги аскарларлар сони 40 мингга етган ва уларга уламолар раҳнамолик қилган. Сомоний ҳукмдорлар улар билан яқин муносабатда бўлганлар ва уларга ҳомийлик қилганлар. Ҳалок бўлган ғозийларнинг жанозаси, кўпинча, амирнинг ўзи томонидан ўқилган[4:73].
Сомонийлар ҳукмронлиги даврида туркийларнинг обрўси Хуросон ва Мовароуннаҳрда жуда кўтарилиб кетди. IХ асрда улар Сомонийлар марказий маъмурий бошқарув тизимидаги амалдорларнинг катта қисмини ташкил қилган. Вилоятларда ҳам шундай бўлган. Сомонийлар томонидан лавозимга тайинланган вилоят ҳокимларининг катта қисми улардан бўлган. Вилоят мудофааси ва қонунлар устуворлигини ҳам турклар назорат қилган. Сомонийлар қўшинининг бир қисмини кўчманчи турклар, бошқа бир қисмини эса озод турклар, яъни ўтроқ турмуш тарзини кечирувчи турклар ташкил этган[11:132].
Айтилганидек, Сомонийлардан биринчи бўлиб Исмоил ибн Аҳмад ўзига бўйсунувчи содиқ қуллар – мамлук-ғуломларидан ташкил топган мунтазам қўшин тузади. Унгача бўлган қўшинлар деҳқонлар ва руҳонийларга бўйсунган. Ҳарбий хизмат учун танлаб олинган мамлук-ғуломларининг мавқеи баланд бўлиб, оддий хизматкорлар ва оддий фуқаролардан фарқ қилган. Улар яхши кийинган, қуролланган ва олий ҳукмдор ҳузурига бемалол кира оладиган ишончли одамлар ҳисобланган. Катта лавозимларни эгаллаб, ҳукмдорларга хос ҳашаматли ҳаёт кечирган[9:127].
280/893 йилда Исмоил Сомоний Сирдарё ортидаги чўлларда яшовчи қарлуқларга қарши ҳужум уюштириб, уларнинг пойтахти Таласни эгаллайди. Бу билан Марказий Осиё орқали ўтадиган карвон йўллари устидан назорат ўрнатиш баробарида мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлайдилар[6:80].
Сомонийлар давлатида шаҳардаги тартибни сақлаш билан “шиҳнат ал-булдон”, яъни “шаҳар миршаблари” лавозими ҳам бўлган. Улар ҳам мамлук ғуломлари каби ўта садоқат билан хизмат қилганлар. Бу ҳақда Ибн Ҳавқал қуйидаги маълумотларни келтиради: “Улар яхши олиб борилган сиёсатнинг тўғри бошқарувидан озиқланадилар, ҳокимият улар сафардалик пайтида оилалари ҳақида ғамхўрлик қилади. Агар у хайрли иш қилса, унинг бу яхшилиги йўқолиб кетмайди. Агар у жиноят содир этса, қилган гуноҳи ва жинояти учун жазосини олади. Агар бирор қариндош ёки яқин одамга қасос ёки хун олиш зарурати бўлса, бу иш Аллоҳнинг марҳаматига топширилади. Агар бегона одамга ҳукм ёки бирор нарса ундириш керак бўлса, у билан Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларидан қайтмаган ҳолда иш кўрилади” [9:26]. Кўриниб турибдики, Сомонийлар давлатидаги бошқарув ислом шариатига асосланган ижтимоий адолат, қўл остидагиларга ғамхўрлик руҳида амалга оширилган. Суд-ҳуқуқ тизими ҳам шу асосда ташкил этилган.
Сомонийлар бошқарув тизими Аббосийлардан ўзлаштирилган бўлиб, ўз навбатида, Аббосийлар бошқаруви Сосонийлар империясидан қолган анъаналар асосида шаклланган эди. Исмоил Сомоний биринчилардан бўлиб Мовароуннаҳрда марказлашган бошқарув тизимини жорий этишга муваффақ бўлди. Бу тизим асосини олий ҳукмдор даргоҳи (саройи) ва девонлар (вазирликлар) мажмуи ташкил этган[5:94].
Сўнгги тадқиқотларга кўра, Сомонийлар давлатининг ҳуқуқий асослари ислом шариатига асосланган бўлиб, араблар томонидан бўйсундирилган бошқа халқлар ҳам халифаликнинг давлат қурилишида иштирок этишган. Уларнинг исломдан аввалги урф-одатлари давлат бошқарувида кенг қўлланган. Араб халифалигининг ҳарбий ва давлат бошқарувида таянадиган асосий кучи хуросонликлар, уларнинг асосий қисми Марказий Осиё туркларидан бўлган. Исломнинг дастлабки асрларида “Қобуснома”, “Калила ва Димна” каби асарларнинг араб тилига таржима қилиниши асосида давлат бошқаруви асосларини ўз ичига олган “Сиёсатнома” жанридаги дастлабки асарлар ёзилган.
Сомонийлардан биринчи бўлиб Наср ибн Аҳмад (864-875 йй. – Самарқанд амири, 875-892 йй. – Мовароуннаҳр амири) 875 йилда халифа Муътамиддан (844-892 йй.) Мовароуннаҳрни бошқариш ҳуқуқини берувчи ёрлиқ олган. 892 йили Наср вафотидан кейин унинг укаси Исмоил ибн Аҳмад бутун Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлди ва орадан бир йил ўтгач, 893 йил халифа Муътазиддан (халифалик йиллари 892-902 йй.) ёрлиқ олади. Сомонийлар халифага совға-саломлар юбориб туришган, лекин мамлакатдан йиғилган барча солиқларни ўзларида сақлаб қолишган[1:22].
Ш.Камолиддиннинг фикрича, “Сомонийларнинг бошқарув тизими ўша даврнинг барча аниқ ва мукаммал тизимларини ўзида бирлаштирган. Бироқ давлатчилик ҳуқуқий атама бўлгани боис унинг сифати ҳам ҳуқуқий нормаларга асосланган бўлиши керак. Қонунчилик нуқтаи назаридан, бизнингча, Сомонийларнинг бошқарув тизими ва бошқаруви ҳам мустақил давлат сифатида кўрилиши мумкин эмас. Ўрта аср ислом жамиятида биринчи ўринда доим дин, сўнг давлат ва кейин маданият турган. Исломда давлат асосини Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг фатволарига асосланган шариат қонунлари ташкил этади. Дин ва ҳукумат исломда ажралмас ҳисобланади. Халифаликка қарашли вилоятларни бошқарувчи маҳаллий сулолалардан чиққан барча амирлар, хусусан, Сомонийлар ҳам расман мустақил бўлсалар-да, барибир, Бағдод халифаларининг олий ҳокимиятини тан олишган. Қонун бўйича ҳуқуқий нормалар шариат томонидан белгиланган. Шунинг учун Бувайҳийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар ва Қорахоний ҳукмдорлар ўзларини “мауло амирул мўминин” ёки “волий амир ал-мўминин” деб васф этишган” [11:139].
Сомонийлар даврида Мовароуннаҳрда исломдан олдинги айрим қонун-қоидалар ва тартибларга ҳам риоя қилинган. Сомонийлар ислом динига ва араб халифаларига содиқ бўлсалар-да, баъзи ўринларда ота-боболарининг дини ва урф-одатларини ҳам ҳурмат қилишган. Жумладан, Сомонийларнинг Бухородаги оилавий мақбарасининг деворларида, шунингдек, улар зарб эттирган айрим тангаларда буддавийлик ва монийликка оид рамзлар тасвирланган. Мансур I ибн Нуҳ (ҳукмронлик йиллари 961-976) томонидан 968 йилда Бухорода зарб этилган кумуш дирҳам шаклидаги медальоннинг олд тарафида ўнг томонга қараб турган ҳукмдорнинг сурати, унинг икки тарафида паҳлавий ёзувлар туширилган[9:127].
IХ асрда Сомонийлар давлат бошқарув тизимида етакчилик араблар ва форсларга тегишли бўлиб, туркларнинг ўрни унча сезилмаган бўлса, Х аср бошларидан турклар давлатдаги барча муҳим вазифаларни эгаллашга муваффақ бўлишган. Бунинг учун турклар араб тилини чуқур ўрганган. IХ асрнинг биринчи ярмида, кенг омма орасида ислом дини чуқур илдиз отиб бўлган эди. Жумладан, бошқарувга оид ишлар ҳам асосан араб тилида амалга оширилган. Лекин IХ асрнинг ўрталаридан бошлаб, сомонийлар давлатининг изчил сиёсати туфайли форс тили давлат тилига айланди. Араб тили эса, фан тили сифатида ўз аҳамиятини сақлаб қолди.
Сомонийлар бошқарув тизимида асосан маҳаллий деҳқонлар, мулкдорлар ва дин арбоблари хизмат қилар эдилар. Бунинг учун улар араб ва форс тилларини билиши, шунингдек, диний ва дунёвий билимларга эга бўлиши керак эди. Бундай илмларга эга бўлган одамлар “аҳл ал-қалам” (яъни, қалам аҳли) деб аталган[10:6].
Сомонийлар давлатидаги марказий бошқарув асосан ўнта девондан[5] иборат бўлган. Наршахий бу девонларнинг номини ўзининг “Бухоро тарихи” асарида келтириб ўтади. Наср II ҳукмронлиги даврида (914 – 943) Регистон майдонида улар учун алоҳида бино ва маҳкама қурилади. Вилоятларда ҳам асосан ўнта девон бўлиб, улар маҳаллий ҳокимга ёки вазирга бўйсунган. Шаҳар бошқаруви раиснинг қўлида бўлган ва у ҳукмдор томонидан лавозимга тайинланган. Уламоларнинг таъсири мамлакат ҳаётида кучли бўлган. Уларнинг етакчиси – устод, кейинчалик – шайхул-ислом, деб аталган.
Хуросон саркардаси “сипоҳсолар” бўлган ва давлат бошқарув ишларига ўзининг катта таъсирини ўтказиб турган. Даргоҳ ҳамда бошқа қатор муҳим давлат идораларининг хавфсизлигини амалга ошириш хизматини бош ҳожиб ва унинг ходимлари олиб борган.
“Бухоро тарихи”да келтирилишича, Бухоро Ҳисорининг ғарбий дарвозасидан то Маъбад дарвозасигача бўлган масофа Регистон деб аталган. Исмоил Сомоний Регистонда бир сарой қуришни буюрган. Шу сарой дарвозаси олдида амалдорлари учун бино бунёд эттирган. Ҳар бир амалдорнинг подшоҳ саройи дарвозаси олдида қурилган ўз маконида алоҳида девони бўлган[2:106]. Вазир девонига қўшимча равишда яна ўнта девон мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида бинода жойлашган ва маълум бир вазифани бажарган.
Сомонийлар давлати ижроия ҳокимиятининг асосий вазифаларига қуйидагилар кирган:
Вазир девони ёки хўжаи бузруг – ижро ҳокимиятининг барча тармоқларини бошқарган ва бошқа девонлар унга бўйсунган. Айни пайтда у ҳарбий вазир вазифасини ҳам бажарган ва барча қўшинлар бош қўмондони ҳисобланган. Бош вазирлик лавозимига жайҳонийлар[6], балъамийлар[7], утбийлар[8] сулолалари орасидан чиққан шахсларгина тайинланган.
Девони муставфий – молия вазирлиги вазифасини бажарган. Молия вазири давлатнинг кирим-чиқимлари ҳисобини олиб борган. Муставфийнинг қўли остида хазинадор хизмат қилган. Давлатнинг молия ишларини тизимга солиб турган.
Девони амид (Девони расоил ёки девони иншо) – махсус марказий вазирлик бўлиб, расмий ҳужжатлар билан шуғулланган. У орқали давлатнинг барча муҳим ҳужжатлари ўтган. Бундан ташқари, ушбу девон бошқа мамлакатлар билан дипломатик муносабатларни олиб борган. Нафақат Сомонийларда, балки Ғазнавийларда ҳам “девон ар-расоил” давлатнинг сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаган.
Девони соҳиби шурат – Сомонийлар гвардиясини бошқарган. Ушбу девон қўшиннинг тайёргарлиги, тартиб-интизоми, озиқ-овқати, хўжалик таъминоти ва маош масалалари билан шуғулланган. Давлат хизматчиларига маош бир йилда тўрт марта – ҳар уч ойда тўлаб борилган.
Девони барид (почта хизмати) – Сомонийлар даврида давлат эҳтиёжлари учун хизмат қилувчи вазирлик бўлган. Почта хизмати бошлиғи – соҳиби барид ихтиёрида алоҳида шаҳарларда почта амалдорлари, ўзларининг хизматчилари отлари билан хизматда бўлишган. Почта амалдорлари алоҳида вилоятлардаги маҳаллий ҳокимларга эмас, фақат марказий бошқарув органига бўйсунишган.
Девони муҳтасиб – муҳтасибнинг асосий вазифаси бозорлардаги тош-тарозу ва оғирлик ўлчовларини назорат қилиш бўлган. Бундан ташқари, муҳтасиб ва унинг ёрдамчилари шаҳарларда уста-ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар миқдорининг аниқ бўлишини ҳам назорат қилишган. Муҳтасиб яхши сифатга эга бўлмаган маҳсулотларни бозорга чиқишидан тўсиш, гўшт, нон ва шу каби истеъмолда муҳим ўрин тутган маҳсулотлар нархининг ошиб кетишини тақиқлаш ҳуқуқига ҳам эга бўлган.
Девони мушриф – давлат харажатлари устидан умумий назоратни ўрнатган амалдор мушриф, деб аталган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, феодал жамият шароитида давлат хазинасини ҳукмдор хазинасидан ажратиш, умуман олганда, сарой амалдорларига давлат хазинасидан маблағ ажратилишини назорат қилиш мушриф ихтиёрида бўлган. Бундай масъулиятли вазифага кўпчиликнинг эътиборини қозонган, ҳаммага бирдек адолатда турадиган кишилар тайинланган.
Девони қози – бош қози томонидан бошқариладиган девон асосан ҳуқуқий масалалар билан шуғулланган.
Девони зиё – мадрасадаги ўқиш жараёнларини назорат қилувчи девонлик бўлган.
Девони мулк – давлат ерлари, мулклари ва хазинага келувчи фойданинг устидан назорат қилувчи ва уни бошқарувчи вазирлик бўлган. Бундай ерлар жуда катта ҳудудларни ўз ичига олган бўлиб, уларда деҳқонлар жамоа бўлиб яшашган.
Девони вақф – мусулмон муассасаларига ҳадя қилинадиган мулкларнинг кирим-чиқимларини назорат қилувчи вазирлик. Вақф ерлари – мусулмон муассасаларига вақтинчалик ёки умрбод фойдаланиш учун бериладиган ерлар.
Девони ариз (девони ҳарб) – ариз Сомонийлар қўшинига бериладиган маошни назорат қилувчи вазирлик бўлган. Бундай маош бир йилда тўрт марта, ҳар уч ойда бир берилган. Бундан ташқари, бу вазирлик ҳарбий интизом, қўшин таъминоти ва қурол-яроғларнинг созлигига ҳам жавобгар бўлган.
Зикр этилган девонларнинг ҳудудларда ҳам вакилликлари бўлиб, улар марказдаги девонлардан ташқари, маҳаллий ҳокимларга ҳам бўйсунган ҳолда маҳаллий идоралар билан ҳамкорликда фаолият олиб борган. Бундан хат-хабарлар хизмати девони мустасно бўлиб, уларнинг маҳаллий бўлимлари ҳам фақат марказга ҳисобот берган. Улар маҳаллий ҳокимлар, мансабдорлар устидан ҳам пинҳона назорат олиб борганлар.
Сомонийлар давлатида давлат хизматчиларига бериладиган маош аҳолидан йиғиб олинадиган хирож солиғидан тўланган. Ибн Ҳавқал маълумотига кўра, “Сомонийлар давлатида аҳолидан олинадиган солиқлар ва хирожлар миқдори кам, ғазналарида пул кўп бўлмаган. Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг Абу Солиҳ Нуҳ ибн Мансурга берадиган солиғи бир йилда икки марта, ҳар олти ойда йигирма минг дирҳамдан йиғилар эди. Агар шароит хирожнинг икки ҳисса олинишини тақозо этса, у қирқ минг дирҳамни ташкил этган. Давлат хизматчиларига маош бир йилда тўрт марта мунтазам ва кечиктирмай берилишига гувоҳ бўлдим. Ҳар сафар нафақа ҳар тўқсон куннинг бошида, энг аввал ғуломларга, сарой ходимларига ва ҳарбий қўмондонларга, сўнг бошқа хизматчиларга берилади. Ҳар сафар тарқатиладиган нафақанинг йиғиндиси беш минг дирҳамни ташкил этади, тўрт марта тарқатиладиган нафақалар йиғиндиси, бир марта йиғиладиган хирожга тенг бўлади. Одамлар солиқни очиқ кўнгил ва хурсандчилик билан, ўзларига нисбатан адолатли муносабатдан тўла мамнун ҳолда тўлайдилар. Бунга раиятга нисбатан адолат, оддий халққа нисбатан ҳаққонийлик ва ҳокимлар қўлидаги катта масъулият сабаблидир. Вилоятларда қозилар, текширувчилар, назоратчилар ва бошқарувчилар кўп бўлиб, уларнинг маошлари бир-бирига тенг, мажбуриятлари ҳам деярли бир хилдир” [9:22-23].
Айтиш жоизки, маошларнинг тўланиши муддатларига оғишмай риоя қилинган, акс ҳолда катта норозиликлар келиб чиққан ва улар хунрезликкача етиб борган. Масалан, Нуҳ ибн Насрнинг вазири Абу-л-Фазл 946 йили маоши вақтидан кечиктирилган аскарлар томонидан қатл қилинган[2:166].
Маоши тайинланган ҳарбийлардан иборат мунтазам қўшиндан ташқари маҳаллий ер эгаларидан ташкил топган ғозийлар қўшини ҳам бўлган. Ҳукумат томонидан уларга иқто мулки сифатида ер ажратилган бўлиб, ундан келган даромад уларнинг барча харажатлари, шу жумладан оилаларини боқиш, қурол-яроғлари ва от-уловларига кетадиган харажатларни қоплаш учун ишлатилган. Шунингдек, бу даромад ҳисобидан улар савдо билан ҳам шуғулланганлар, камбағалларга хайр-эҳсонлар қилганлар. Бунинг эвазига ҳукумат чақириғига биноан ўзларининг ҳарбий асбоб-ускуналари ва қурол-яроғлари билан работларга тўпланиб, душманларга қарши жанг олиб борганлар[4:73].
Сомонийлар араб халифалиги солиқ тизимини ҳам ўзлаштирганлар. “Гезит” (жон солиғи) ва “хараг” (ер солиғи) каби атамалар араб тилидаги жизя ва хирож билан синоним ҳисобланган. Ерга эгалик қилишда асосан иқто тизимидан фойдаланилган[11:128].
Давлат ерларидан олинадиган асосий солиқ хирож бўлиб, солиқнинг ушбу тури Марказий Осиёда XIX аср охиригача амалда бўлиб келган. Бу солиқ араб халифалигидан ўзлаштирилган бўлиб, араблар фатҳ этилган мамлакатлар аҳолисидан олинадиган ҳар қандай солиқларни шундай номлаганлар. Олинадиган хирожнинг миқдори ҳосилнинг 1/3 қисмини ташкил этган, баъзан эса 2/5 қисмигача қисқартирилган. Хирож мол билан ҳам, пул билан ҳам олинган. Мол билан олинадиган хирож ҳосил терими вақтида, пул билан олинадиган хирож эса ҳар уч ойда, баъзан эса ҳар ойда олинган[9:122].
Илк ислом даврида араблар Марказий Осиёдаги катта-кичик шаҳар ва вилоятларнинг маҳаллий ҳукмдорларини ҳам “деҳқон” деб атаганлар. Уларнинг баъзилари анча қудратли бўлиб, ҳатто подшоҳни ҳам меҳмонга чақиришлари мумкин бўлган. Сомонийлар даврида деҳқонларнинг мавқеи ва мақоми бироз пасайган бўлса ҳам, улар ҳамон Марказий Осиёнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётида муҳим ўринда бўлиб қолаверган[4:148].
Сомонийлар марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиёдаги деҳқонлар, яъни катта ер эгаларига қарши қаттиқ сиёсат олиб бориб, ҳатто уларнинг кўшк ва қалъаларини буздириб ташлашган. Натижада сомонийларга қарши вилоятлар аҳолиси томонидан тез-тез қўзғолонлар бўлиб турган. Сомонийлар ҳукмронлиги даврида деҳқон институти ҳалокатга учраган бўлса-да, лекин, барибир, деҳқонларнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги роли ҳали анчагина сезиларли эди.
Сомонийлар сулоласи араб бўлмаган биринчи мусулмон сулоласи бўлиб, юз йилдан ошиқ ҳукмронлик қилган ва ҳокимият отадан болага мерос қолдирилган. Сомонийлар ислом динининг ёйилишида ҳам фаол иштирок этганлар. Мазкур сулола ҳукмронлиги даврида (IX-X асрлар) ислом дини Сирдарё соҳилларига ва унинг шимолидаги вилоятлар– Еттисув ва Шарқий Туркистонгача тарқалади. IX асрнинг биринчи ярмида Тошкент воҳаси аҳолиси ҳам ислом динини қабул қилади[13:272].
– Сомонийлар Мовароуннаҳрдаги илк маҳаллий мусулмон сулола бўлиб, ташқи сиёсатда халифага бўйсунган ҳолда ички бошқарувда тўлиқ мустақил бўлган. Сомоний ҳукмдорларнинг ўз номларидан танга зарб қилдиргани ҳамда жума хутбасида халифанинг номидан кейин ўзларини зикр эттиргани бунинг исботларидир.
– Сомонийлар ва улардан кейинги мустақил турк-мусулмон сулолалари узоқ давр тарқоқ ҳолда ривожланган Марказий Осиё минтақасини марказлашган яхлит давлатга айлантирди. Мовароуннаҳрда марказлашган бошқарувнинг қарор топиши натижасида ички низолар қирқилиб, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, деҳқончилик, боғдорчилик ривожланди, турмуш фаровонлиги ошди.
– Энг йирик икки туркий қабила – қарлуқлар ва ўғузлар сомонийлар саъй-ҳаракатлари эвазига исломни қабул қилди; Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Усмонийлар, Тулунийлар каби ислом таълимотидан озиқланган кучли бошқарувга эга марказлашган мусулмон давлатларига асос солишди, шунингдек, кейинги даврлар давлат бошқаруви учун андоза сифатида хизмат қилди.
– Сомонийлар томонидан биринчи бўлиб ташкил этилган турк ва суғд чокарларидан иборат мунтазам қўшин тури кейинчалик араб халифалигида ҳам кенг тарқалиб, тарихга мамлук ғуломлари тизими деган ном билан кирди. Унинг ҳаётий кучини таъминлаган омиллардан бири ислом таълимотига асосланган марказлашга бошқарув бўлди.
Якуний сўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Cомонийлар Марказий Осиёда ислом дини кўрсатмалари асосидаги бошқарув тизимининг қарор топишида ўзига хос ўрин тутган.
Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2011. – Б.398.