Россия империяси Ўрта Осиё хонликларини босиб олгач, бу ерда ўзининг бошқарув усулини жорий этди. Туркистондаги рус ҳукумати қарор ва буйруқларини халқга етказиш мақсадида ўлкада газета чоп эта бошлади. Мана шундай дастлабки газета 1870 йилда чоп этилган «Туркистанские ведомости» эди [10:8]. Газета дастлаб ҳукуматнинг қарор ва буйруқларини эълон қилиш билан шуғулланган бўлсада, у ўлкада матбуотнинг ривожланишига асос бўлди.
Газеталар дастлаб Тошкентда, генерал-губернаторлик марказида чоп этилган бўлса, кейинчалик вилоятлар ва ўлканинг йирик шаҳарларида ҳам чоп этила бошланди. Бу ўринда, албатта, жадидлар ва ўлкадаги маҳаллий сармоядорлар хизматини таъкидлаш жоиз. Уларнинг саъй-ҳаракати эвазига 1906 йилда миллий тилда «Тараққий» газетаси чоп этила бошланди [5]. Бу омил ўлкада миллий тилдаги газеталарнинг чоп этилишида муҳим роль ўйнади. 1876 йилда Қўқон хонлиги тугатилиб, ўрнида Фарғона вилояти ташкил этилгач, вилоят маркази сифатида Қўқон эмас балки Скобелев (Янги Марғилон) белгиланди. Аммо Қўқон шаҳри хонлик маркази сифатида ўз салоҳиятини йўқотмаган эди. Бу ердаги сармоядорларнинг рус буржуазияси билан ҳамкорлиги ҳудудда янги маданиятнинг ҳам шаклланишига олиб келди. Булар қаторига даврий матбуотни ҳам қўшиш мумкин.
Мавзуга оид адабиётларни таҳлил қилсак, уларни уч гуруҳга бўлиш мумкин:
Биринчи гуруҳга шу давр муаллифлари томонидан даврий матбуот таҳлил этилган мақолаларни кўрсатиб ўтиш мумкин [3].
Иккинчи гуруҳга совет даврида чоп этилган илмий адабиётларни киритиш мумкин [4]. Ушбу адабиётларда миллий матбуотдан кўра совет матбуотига, матбуотнинг юзага келишида Октабр инқилобинг аҳамиятига кўпроқ урғу берилган.
Учинчи гуруҳга мустақиллик йилларида чоп этилган тадқиқотларни киритиш мумкин [5]. Ушбу тадқиқотларда миллий матбуот тарихи ва унинг ўлкадаги тараққийпарварлик ўрни очиб берилган. Шунингдек, миллий матбуотнинг жамият тараққиётидаги ўрни кўрсатиб берилган.
«Садои Фарғона» газетаси Қўқонда чоп этилган миллий тилдаги нашрларнинг тўнғичи эди [6:44]. Ўз даврининг тараққийпарвар ва сармоядорларидан бўлган Обиджон Маҳмудов муассислигида чоп этилган ушбу газетанинг мусаҳҳиҳи (корректори) Ашурали Зоҳирий бўлган. Усмон Нурий таржимон бўлиб ишлаган. Бу газета 1914 йил 3 апрелдан 1915 йил июнь ойигача чоп этилган бўлиб, жами 123 та сони чиққан [9:159]. Газетанинг 1914 йил 3 апрель куни чиққан 1-сонида «Ҳафтада уч марта чиқадурғон илмий, фанний, сиёсий туркча газетадур» деб маълумот бериб ўтилган. «Садои Фарғона»нинг мақсади ҳақида унинг ношири ва муҳаррири Обиджон Маҳмудов газетанинг 1-сонида босилган «Мақсад ва маслак» мақоласида бундай ёзади: «Газетани нашр этишдан мақсадимиз тижорат эмас, балки халқимизга қўлимиздан келган қадар хизмат этмоқдир. Халқимизда матбуот ва жаридаи миллияга кундан-кун шавқ ва рағбат ўзгарди. Газета моддий жиҳатдан таъминланган»[7] деб такидлаб ўтган. «Садои Фарғона» газетасининг 1914 йил 17 июлдан чиқа бошлаган «Ферганское эхо» номли русча варианти ҳам бўлган [9:40-б]. Газета А-2 форматда, тўрт саҳифада, Қўқон шаҳар Ҳайдарбек маҳалласидаги Обиджон Маҳмудовнинг шахсий босмахонасида 500-600 нусхада чоп этилар эди.
Газетанинг обуна нархи Қўқон шаҳри ва Россия шаҳарлари аҳолиси учун 1 йилга 5 сўм, 6 ойга 3 сўм, 3 ойга 2 сўм, 1 ойга 60 тийин бўлган. Хорижий мамлакат фуқаролари учун эса нарх 2 баробар қиммат бўлган, яъни 1 йилга 12 сўм, 6 ойга 7 сўм, 3 ойга 4 сўм, 1 ойга бир ярим сўм бўлган [9:159].
Зиё Саид газета мухбирлари кам экани ҳақида маълумот бериб ўтган бўлсада, газета саҳифаларига назар ташласак, Ҳ.Ниёзий, Чўлпон, Тавалло (Тўлаган Ҳўжамёров), Ҳамид Саид, Саидаҳмад Васлий, Иброҳим Даврон, Мулла Абдуллабек Мусобекҳожи ўғли ва Шокирали Мухторов каби машҳур зиёлилар мақола ва материаллари билан иштирок этганини кўришимиз мумкин.
Ушбу газета аҳоли маънавиятини юксалтиришда салмоқли ўрин эгаллади. Хусусан, газетанинг фаол ходими бўлган Ашурали Зоҳирий газетанинг биринчи сонидаги «Сўз боши» номли мақоласида «Газета ҳар бир миллатнинг тилидур, газетасиз миллат тилсиздур. Зеро, тили ва адабиёти йўқ миллат миллат эмасдур» [8] деб, газета ва адабиёт ҳар бир миллатни миллат сифатида кўрсатувчи ойна эканини биринчилардан бўлиб такидлаб ўтган эди.
Нашр моддий қийинчиликлар сабабли фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.
1917 йил 2 апрелдан бошлаб Обиджон Маҳмудов «Тирик сўз» номли яна бир газетани нашр эта бошлайди [13:24]. Газета муштарийларга «ҳафтада 3 маротаба чиқадургон адабий, иқтисодий, тараққий газетадур» деб таништирилган. «Печатное дело» матбаасида чоп этилган. Газетанинг нима мақсадда ташкил қилингани ҳақида муҳаррири: «…аҳволи замонаға қараб баъзи пухта жойларда эшиткан ва билган сўзларни газет орқалик билдуриб турмоқни зарур фаҳмлаб, яъни «Тирик сўз» газетасини чиқармоқға мажбур бўлдим» деб айтиб ўтган [9:157]. Аммо бу нашр ҳам оммалаша олмай, фаолиятини тўхтатади. Ҳозирги кунда ушбу газетанинг биргина сони Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий Кутубхонасининг «Нодир нашрлар» бўлимида сақланади.
1917 йил сентябрь ойидан бошлаб Қўқонда «Ғайрат» кутубхонаси муассислигида «Эл байроғи» газетаси чоп этила бошланди. Нашр дастлаб Қўқондаги маҳаллий савдо-саноат эгаларининг фикр тарқатувчиси бўлиб чиққан бўлсада, ноябрь ойида ушбу шаҳарда «Туркистон Мухторияти» эълон қилингач, газета мазкур ҳукуматнинг нашри сифатида фаолият юрита бошлади [10].
Мухторият нашрига айлангач, унинг саҳифаларида рус истибдодининг ватанимиздаги мустамлакачилик сиёсати, унинг ўлкадаги пахта етиштириш ва уни ташиб кетиш каби бир ёқлама ишлари танқид қилинган. Жумладан, «Туркистонда етишган хом-ашё бундан сўнг четга чиқарилмайди. Туркистонда пахта ўрнига ҳабобот (ғалла) экилур» деган фикр очиқ баён этилган.
Газета муҳаррирлари Пўлат Солиев (1882 – 1938) ва Ашурали Зоҳирий эди. Газетада Абдулла Бегий, Нўшеровон Ёвушев, Исмоил Обидий, Юнусжон Оғалиқов ва бир нечта зиёлилар ўз мақолалари билан иштирок этган. Газета ҳафтада икки марта, 800-1000 та нусхада мих босмада Туркистон Муваққат ҳукумати босмахонасида чоп этилган. 1918 йил февралда Туркистон Мухторияти тугатилгач, газета ҳам ўз фаолиятини тўхтатади. Газетанинг бор-йўғи 20 та сони чоп этилган [13:24].
Абдулҳамид Чўлпоннинг маълумотига кўра, 1917 йилда Қўқонда «Равнақул ислом» номли газета ҳам чоп этилган [12:44]. Ушбу нашр «Халойиқ» жамияти муассислигида нашр қилинган. Тошмуҳаммад Нурмуҳаммад ўғли муҳаррир сифатида фаолият юритган.
Давр муаррихлари « …ушбу газета ўз даврида «демократ тарфдорларининг газетаси» сифатида ном қозонганини эътироф этган. Яъни бу даврда ўзини демократ деб атовчи қатлам томонидан чоп этилганини қайд этади.
Аммо бир-икки ой фаолият юритгандан сўнг моддий қийинчиликлар сабаб ўз фаолиятини тўхтатади. Абдулла Авлоний 1917 йилда Қўқонда Аҳмад Девишев мутасаддилигида «Халқ ғайрати» номли газета ҳам чоп этилгани ҳақида маълумот берган. Аммо у ҳам бир неча сон чиққач, ўз фаолиятини тўхтатган [10].
Туркистонда газеталар фаолияти йўлга қўйилгач, аста-секинлик билан журналлар ҳам чоп этила бошланди. Булар сирасига «Ойина», «Ал-Изоҳ», «Ал-Ислоҳ»ни мисол келтириш мумкин. Қўқонда ҳам бу даврда бир нечта журнал чоп этилган. Бундай журналлардан дастлабкиларидан бири – бу «Кенгаш»дир. У 1917 йил март ойи охирларидан бошлаб чоп этила бошланган [13:25]. Икки ҳафтада бир марта нашр этилган. Муҳаррири Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бўлган. Журнал Қўқон муаллимлари томонидан чиқарилган. Журналнинг иккинчи сонида босилган мақола бой ва уламоларга маъқул тушмагани сабабли Ҳамза журналдан четлаштирилади. Унинг ўрнига Раҳимжон Ҳожи Турсунмуҳаммад ўғли муҳаррирлик қилади. Журнал 8 бет ҳажмда, тошбосмада 400 дона босилар эди. Олтинчи сонидан сўнг ўз фаолиятини тўхтатади [14:391]. Бугунги кунда журналнинг учта сони сақланиб қолган.
Қўқонда чоп этилган навбатдаги журнал – бу «Юрт» бўлиб, у 1917 йилнинг 1 июнидан чиқа бошлаган [6:57]. Бу ўз даврининг салмоқли журналларидан бири ҳисобланган. Унинг шиори «Яшасин муҳториятли халқ жумҳурияти!» эди. Журнал икки қисмдан иборат бўлган. Биринчи қисмида адабиёт, сиёсат, ижтимоий, тарихий, ҳуқуқий, таълим-тарбия, оила масалаларига оид мақолалар ўрин олган бўлса, иккинчи қисмида қишлоқ аҳолисининг ижтимоий муаммо ва масалалари ёритилган. Бу ҳолат журналнинг оддий халқ орасида оммалашишига сабаб бўлган. Ашурали Зоҳирий журналнинг муҳаррири ва ношири бўлиб фаолият юритган. Журналда ўз даврининг зиёлиларидан Аҳмад Заки Валидий, Аҳмад Сардор, Шокирқул Мухторий, Субҳий ва бошқалар ўз мақолалари билан иштирок этган.
Журнал 16 бетлик бўлиб, мих босмада минг нусха атрофида чоп этилган. Зиё Саиднинг таъкидлашича, журнал техник жиҳатдан ўз давриннг энг кўркам журналларидан бири бўлган.
«Кенгаш» ўз фаолиятини тўхтатгандан сўнг унинг ўрнига 1917 йил август ойида «Ҳуррият» номли журнал нашр этила бошланди [13:21]. Зиё Саид Маҳмудхўжа Ризоий ушбу журналнинг бош муҳаррири сифатида фаолият юритган деб малумот берса, тадқиқотчи Б.Дўстқораев «Ҳуррият» журнали 1917 йилнинг 7 апрелидан чиқа бошлагани, дастлабки икки сонига Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий муҳаррир, ношири Ҳожи Раҳимжон Шоди бўлгани ҳақида маълумот беради [15:62-б]. Аммо журналнинг тўрт сони чиққандан сўнг ўз фаолиятини тўхтатган.
Шунингдек, бу даврда Қўқонда телеграм варақалари ҳам чоп этилган. Булар сирасига 1919 йил йилда бир сонигина чоп этилган «Октябрь варақаси», 1921 йилда нашр қилинган «Қизил ёшлар» ва «Тутқун» варақаларини мисол келтириш мумкин. «Қизил ёшлар» ва «Тутқун» варақаларини ҳам бир-икки сонигина чоп этилган [6:101].
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, Қўқон шаҳри ҳам матбуот шаклланган ҳудудлардан бири бўлган. Бу ерда чоп этилган газета ва журналлар ҳам ўлка халқларининг ижтимоий-сиёсий ҳамда маънавий ҳаётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган. Мазкур ҳолат ҳам бу даврда аҳолини маърифатли қилиш асосий масала бўлганидан далолат беради.
-
Пидаев Т, Дўстқораев Б. Тараққий газетаси. Халқ сўзи. 1993 йил 11 июнь.
-
Абдулла Авлоний. Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи // Туркистон. – 1924. – №295. Зиё Саид. Қизил ёшлар матбуоти ва унинг тарихи //Туркистон. – 1924. №294.
-
Зиё Саид. (Танланган асарлар тўплами. – Т.: Ғафур Ғулом, 1974. – Б 207) Эрназаров Т. Э. (Ўзбекистонда вақтли матбуот (1870-1924). – Т., 1959) Эрназаров Т.Э. (Акбаров А.И., История печати Туркестана (1870-1925). Уч. пособие, – Т.: Ўқитувчи, 1976;) Авшарова М.П. (Русская периодическая печать в Туркистане (1870 – 1917) Библиографический указатель литературы). Агеев А.И.Латипова М.Н. (Национальная периодическая печать Узбекистана (1917 – 1939) – Т., 1947).
-
Жалолов А., Ўзганбоев Ҳ. (Ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг тараққиётида вақтли матбуотнинг ўрни. – Т.: Фан, 1993). Ражапова Р. (Туркистон тарихи (1917-1993). – Т.: Ўқитувчи, 1994;) (Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков национальной независимости. Научный редактор Р.Я.Раджапова. – Т.: Шарк, 2000), Аъзамхўжаев С. (Туркистон мухторияти. – Т.: Фан, 1996;) Аъзамхўжаев С (Туркистон мухторияти: миллий-демократик давлатчилик қурилиши тажрибаси. – Т.: Маънавият. 2000.). Шодмонова С. (Туркистон тарихи – матбуот кўзгусида (1870–1917-йиллар). – Т.: Янги нашр, 2011), Мингноров А. (Туркистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг миллий матбуотда ёритилиши (1917–1918-йиллар). – Т.: Истиқлол нури, 2013), Тайронов Й. (Общественно- политическая деятельность Туркестанских предпринимателей в начале ХХ века. – Т., 2011).
-
Зиё Саид. Танланган асарлар. – Т.: Ғафур Ғулом, 1974.
-
Обиджон. Маслак ва мақсад. – Садои Фарғона. 1914 йил. №1.
-
Ашурали Зоҳирий. Сўзбоши. – Садои Фарғона. – 1914 йил. №1.
-
Туркистон матбуоти тарихи (1870 – 1917). Тузувчи Н. Абдуазизова. – Т.: Академия, 2000.
-
Абдулла Авлоний. Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи // Туркистон, 1924. № 295.
-
Дўстқораев Б. Фарғонада миллий даврий матбуотнинг юзага келиши ва шаклланиши тарихидан. Садои Фарғона. «Садои Фарғона» газетасининг миллий матбуот шаклланиши ва жадидчилик ҳаракатидаги ўрни» мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси материаллари. – Фарғона, 2024.
-
Чўлпон. Туркистонда матбуот. Жамият ва бошқарув. 1998. № 2. – Б.44.
-
Мингнаров А. Ижтимоий – сиёсий жараёнларнинг миллий матбуотда ёритилиши. – Т.: Истиқлол нури. 2013.
-
Ҳамза. Тўла асарлар тўплами. 5-том. – Т.: Фан, 1988. – Б.391.
-
Фарғона журналистикаси // Тузувчи ва масъул муҳаррир М.Обидов. – Т.: Шарқ, 2009.