1921 йилда Туркистон маориф комиссарлиги қошидаги «Билим» илмий ҳайъати ўз таркибида Шокиржон Раҳимий, Булат Солиев, Абдурауф Фитрат, Ғулом Зафарий, Абдусаттор Мўминий бўлган гуруҳ билан бирга Бухоро ҳудудида илмий текшириш ишларини олиб бориш учун ижодий сафар уюштиради. Бу сафарнинг айнан Бухоро вилояти ва шаҳрига уюштирилишида адиб Фитратнинг таъсири бор деб тахмин қилинади. Чунки Тошкентда яшаётган Фитратни Бухоронинг инқилобдан кейинги аҳволи қизиқтирарди. Зеро, сафардан кўзланган мақсадлардан бири, Бухоро амирининг бой кутубхонасини ўрганиш бўлган. Аммо инқилоб пайтида шаҳарни бомбалаш натижасида иморат ва турар жойлар қатори, кутубхона ҳам ёниб, кул бўлган эди. Ушбу сафар чоғида Бухоро ҳукумати қарамоғидаги кутубхона ва хусусий кишилар қўлида сақланиб қолган илмий-бадий адабиётлар йиғилиб, бой материаллар тўпланади. Бу ҳақда Ш.Раҳимий ва А.Мўминовнинг мақолалари матбуотда эълон қилинади. Бироқ ўша илмий сафар чоғида қандай адабиётлар тўплангани ва қайси муассасага топширилгани номаълум эди. Атоқли тарихчи Б.Солиев томонидан «Инқилоб» (32, 1922 йил, 1 март 20,21,22,23 бетлар) журналида эълон қилинган қуйидаги мақола шу масалага ойдинлик киритади ва янги илмий асарларни топишга хизмат қилади, деб умид қиламиз.
«1921 йилда Туркистон Маориф комиссариати Бухороға бир илмий ҳайъат юборғон эди. Мақсад эса Бухорода эски асарларни текширув тарих ва бошқа фанларга оид ҳам бўлғон қўлёзмаларни тафтиш этиш эди.
Бухоро ўтган вақтлар хизмат маркази бўлиб, хизмат этганлигидан ўз асрида замонига мувофиқ асарлар майдонға келтирилган, ҳар фанда, вақти билан, бир қадар тадқиқот ишлагандир. Фақат бу асарлар зоеъ бўлғонлар, муҳораба вақтида ёнғин ва талонлар ўтган асрнинг қийматли асарларини йўқотғонлар. Қолғонларини ҳам оврўпаликлар ўз ўлкаларига ташиғонлар, бу кунда эса Ўрта Осиё мусулмонлари ул вақтнинг асарларидан ғофиллар, нафис Бухоронинг ўзидагина ёзилғон, ҳар турли фанга оид асарлар майдондан йўқолғондирлар. Бизлар ҳукумат ҳам хусусий кишиларнинг кутубхоналарини излаб, ҳам текшира бошлағондан кейин тубандаги асарлар(ни) учра(т)диқ.
1) «Шайбонийнома». Бу китоб наср билан чиғатой тилида болиб, ўзбекларнинг раҳбарларидан бўлғон машҳур Шайбонийхон воқеан ёзадир. Ўзбеклар Муҳаммад Шайбонийхон қўли остида ХВИ асрнинг бошларида Туркистон ва Мовароуннаҳрни истило қиладирлар. Муҳаммад Шайбонийхон Марв атрофида Эрон шоҳи тарафидан енгилиб ўлдириладир. «Шайбонийнома»да Муҳаммад Шайбонийхоннинг бобоси Абулҳайрхон ва унинг болалари, Шайбонийнинг қозоқ бўлиб юрган замонлари зикр этиладир.
2) Шарқий чиғатой элининг хонларидан Эсон Буғо вақтида Чув йилғаси бўйига келиб ўрнашғон қозоқларнинг раҳбарлари бўлғон Герой ва Жонибекболлари ва улар билан Шайбонийнинг муносабатлари бордир. Герой ва Жонибеклар ҳақида «Қишки сен Туркистонға Геройхон ёғий бўлиб келиб турса Муҳаммад Мазид этибдурким, сизларни мен мунда олиб туролмасман, юқори Самарқандга боринглар, деб узатиб юбориб турса, Алайка Султон Саброн қўрғонида Жонибек хоннинг ўғли Иранчихон келиб босиб, Алайка Султонни шаҳид қилиб турса, булар Динмуҳаммад Шайбоний, Қосим Султон, Ибак Султон бошлиқ султонларни тукали бир келиб Ҳамзабек бошлиқ барчани уч ой қамаб, ҳар кунда келиб уруш қилиб кўп кишилари зоеъ бўлиб ҳеч иш қила олмай ёниб кетиб турурлар» дейдир. Самарқанд хони Султон Аҳмад Мирзо Шайбонийхонни чиғатойлар бирлан урушишга чақирадир. Чиғатойларға бўлғон сафаринда Шайбонийхоннинг ёрдамлашувин сўрайдир, тўй қилиб чақирадир. Лекин бу даъвонинг самимий бўлмағонлиғин, Аҳмад Мирзонинг кўнглида душманлиқ борлиғин Шайбонийга хабар берадирлар. Чақиришга келган кишига Шайбонийнинг сўйлаган сўзларин шундай ёзадир: «Эндовға келган бекка хон этиб дурурким, мен сизларнинг фикрингизни билиб турур мен, сизлар сиғинмангизким мен «сарт»лардек сизларға бўюнсуниб турғайман. Бу фикрларингизни қўйиб, бизнинг бирга бурунғидек яхшилиқ устинда бўлсангиз, бориб боғларингизни ёғийлайман ва сизлар бирла бўлайин. Йўқ, агар бу сўзингизни қўймасангизлар тўйинғизға бормайман ва агар борсам кўпингизни қирарман, деб айтиб турадир».
Бу «Шайбонийнома»нинг боши йўқдир, охири Шайбонийнинг вафоти бирлан тамом бўладир. Кимнинг таълифи эканлиги ҳам маълум эмасдир. Кўчириб ёзувчи киши Мадмурод Анабой ўғли Бухорода Мадрасайи Мир Арабда, «Мир Ҳайдархон» вақтида ёзғондир.
2) «Дили-ғаройиб». Чиғатойча наср билан ёзилғон. Бу китобда Туркистоннинг ўрта аср жўғрофиясига оид муҳим ўринлар бор. Мовароуннаҳрда ўрта асрда бўлғон шаҳарлар ва буларнинг фарсаҳ ҳисоби бирлан йироқлиқ-яқинлиқлари туркийча ва исмлари ва бошқа нарсаларга оид маълумотлар кўпдир. Хоразм ҳақида: «Балади Хоразми зиёда, кенг вилоятдурки, атрофининг бир тарафини Сайхунға еткурурлар, бир тарафини Оққўрғонким, ҳала Боқурғонға машҳурдур ва қир ва яна бир тарафи ўнгузким фридуннинг оқатурғон сувининг шимолиндадур, ва бир тарафи Сарой султон. Ва бу ҳудудларнинг орасинда улуғ ва кичик қалъалар ва кентлар кўп бўлғон ва жанубийси Қизилқумким орасинда ўтун кўп бўладир. Қадимда қирқ ва эллик дарвозали шаҳарлари бор эркан, бирисига Журжония ва яна бирисига Урганч дерлар. Журжониянинг суви Сирдарёдан келур эркан ва бу шаҳарнинг мақомини бундоқ таъйин қилурларким, шарқийси Боғлон ва шимолини Ақча тенгизи ва ғарбияси Кирон ва жанубийси Қиёт дерлар ва мунинг ҳароблиғини сувдан кўрурлар. Сув зироатға етмас. Учун Амударё сувиким, Унгузнинг жанубидан ўтиб эркан уч қирни тушиб ўтиб бир ёқ сув олиб зовурлар сув йўлини улайибдур. Бундан ортқони Журжониянинг жануби бирлан ўтказилиб Урганч шаҳрининг ёни бирла Абвонхон тоғининг кун туғарини қириб қабиласиға кечуб кун ботишиға чиқиб ўғурча бориб Мозандарон денгизига қуйдириб зовурлар ва атрофи ҳамма қалға ва экин ва боғлиқдир бўлғон ва бу қалъани бу сув босиб ҳароб қилғон ва ундан бир ҳароб минора боқий қолғондир. Ва бу минорани Бобиназар сўфи деган бир киши янгидан масжид бино қилғон ва ҳали ҳам тоши қалъада бор. Ва сўфи мазкурнинг мозори матбаракаси шу миноранинг ўрнида воқеъдур. Мозори олия ва Бобоюмилдиқ азиз ҳам андадурлар ва шул атрофнинг саксондан ўтган боболар бундоқ эшитган ва кўрганким, минорани ёққонда бир хат чиқибдур. Ўқибдурларким, уч юз етмиш сотунли масжиднинг иккинчи минорасидур. Бу сўзнинг мазмуни буким, ҳутбаға азон айтадурғоннинг бўлгон. Баландлиги ўттиз қарн эрмиш ва оламға тараннум қиладурғон миноранинг баландлигин юздан зиёда ва ўттуз Қуръон қориси ва имом ва муаззин ва фаррошнинг ижроси уч юз ақчадан таъйин бўлунғон бир масжиднинг атрофида юз эллик мадраса ва бозор ва сарой бор эркан. Ҳаммаси сувға ғарқ бўлубдур». Бундан ташқари, Хоразмнинг бошқа шаҳарлари ҳақида ҳам ҳейла маълумотлар бордир.
Ёзувчиси хивалик Худойберди ибн Қўшмуҳаммад ибн Ниёз Муҳаммад ибн Эшмуҳаммад ибн Авоз Маҳмуддир. 1247-ҳижрий йилда ёзилғон.
3) Туркча таржима этилган «Юсуф ва Зулайҳо» китоби. Форсийча ёзилғон «Юсуф ва Зулайҳо»ни Дурбек исмли балхлик бир турк шоири туркийчага таржима қилғон. Мазкур асарни таржима қилув тўғрисида Дурбек шу сатрларни ёзадир:
Абжад ҳисоби билан ض – 800, ح – 10, د – тўрт, жами бўладир 812-санайи ҳижрий. Бундан Дурбекнинг ИХ асрнинг бошларида етишган бир турк шоири эканлиги англашиладир. Амир Темурнинг вафотига беш йил тўлғонда Балх шаҳрида ёзилғон бўладир. Мазкур Балх воқеаси эса Амир Темурнинг ўғли Пирмуҳаммад Балхда Пир Алитоз тарафидан ўлдириладир. Балхда исён бошланадир, Шоҳруҳ келиб Балхни муҳосара этадур. Шул муҳосара вақтида Балхнинг ичида қилинғондир. Дурбек иккинчи ўринда муҳосара вақтида таржима этганлигини ёзиб ўтадир.
4) «Муқаддимат ул-адаб» номли луғат китоби. Бу асар машҳур Маҳмуд Замахшарийнинг асаридир. Хоразм хонларидан Абул-Музаффар Отсизга бағишлаб ва унинг кутубхонаси учун ёзилғон. Муқаддимасида шу сўзлар бор: «Ушбу китоб Амирал-мўминин Сипоҳсолор Аловуддавла Абул-Музаффар Отсиз ибн Хоразмшоҳга бағишланган».
Бу асар 5 қисмга тақсим этилган: Исм, феъл, ҳарф, исмлар тасрифи, феълларнинг тасрифи. Кейинчалик форсийча, чиғатойча, мўғулчага таржима этилган. Биз учун энг муҳими ушбу таржималардир. «Муқаддимат ул-адаб»ни шу уч таржималари билан бирга топдиқ. Китобнинг тарималарига оид ҳеч бир ўринда изоҳ йўқдир, ким тарафидан таржима этилганига доир бир ўринда ҳам ишора йўқдир. Фақат ХВИ асрда ўзбек хонларидан машҳур Абдуллахон замонида ёзилғонлиғи маълумдир. «Муқаддимат ул-адаб»нинг ўзи немис олимларидан Ватзастайн тарафидан тасхиҳ этилиб, 1850 йилда Лейпсигда босилғон эди. Аммо таржимаси бугунга қадар кўрилмагандир. Луғат жҳатидан биз учун ғоят муҳим бир асардир.
5) «Илми ташрих ал-бадан». Муаллифи Мансур ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Амирзода Пирмуҳаммад замонида унга атаб ёзилғон. Аштархонийлардан Субхонқули Баҳодирхон ўз замонида кўчиртириб ёздирғон. Бир муқаддима, 5 мақола, бир хотимадан иборат. Муқаддимасида аъзони тақсим ва таъриф. Аввалги мақоласида суйкаларни ва уларға мутааллиқ бўлғон нарсаларни таъриф этадир. Қолғон бобларида ҳам томирлар, қон томирлари, аъзонинг ҳамма бўлакларини таъриф ва тасвир қиладир. Китобнинг энг кейинги саҳифасида ҳам ташрихга оид расми бор. Фақат расмнинг бошини ўчирганлар. Китоб форсий тилда ёзилғон, китобнинг четида манғит амирларидан Мир Ҳайдарнинг муҳри босилғон, муҳрда шу сўзлар бор: Мир Ҳайдар подшоҳи олам олийжаноб – саҳот айн китоб аз баҳр таҳсили савоб. Муҳрнинг санаси 1227-санайи ҳижрий.
6) Мусиқаға оид форсийча бир китоб, номи йўқ. Бу китоб ўзбек хонларидан Абдуллахон замонида ёзилғон. Бу китобнинг кўрсатиши бўйича, шарқ чолғулари шулардан иборат экан: танбур, най, қонун, уд, барбат, рубоб, қўбуз, руд, ғижжак, шамома, най инон, ҳафона, руҳ аҳза, кункура, арғунун. Ушбу чолғулардан баъзиларининг тарихлари ҳам кўрсатилган. Рубоб Султон Муҳаммад Аловуддин Хоразмшоҳ замонида чиқарилғон. Қўбуз турк жалойир қабиласининг бекларидан Султон Улёс томонидан чиқарилғон. Ғижжаж Султон Маҳмуд Ғазнавий замонида ислом файласуфлари Абу Али ибн Сино билан Носир Хисрав томонидан чиқарилғон. Бу китобнинг айтишича, Шарқ куйларининг асоси 12 куйдир: наво, ушшоқ, буслик, рост, исфаҳон, кучак, бизрак, раҳовий, ҳусайний, ҳижоз, ироқ, зангова. Бу ўн икки куйнинг ҳар бирининг жуда кўп тармоқлари бор, ҳар бир асос куйнинг йигирма олти тармоғи борлиғини кўргазадир.
7) Нота. Бугунга қадар шарқ куйларининг нотаси борлиғи маълум эмас эди. Бухорода биз бунинг бир нусхасини топдиқ. Ғарб мусиқий ноталари шаклли эмас, ўзига махсус усули бордир. Бу нотани Бухоронинг машҳур чолғучиларидан Мирза Ғиёс оқсоқолнинг қўлида бу кунда сақланмоқдадир. Биз шу кишидан олиб такомил этдик. Бухоронинг машҳур чолғучи ва ҳофизларини йиғиб мазкур нотани ислоҳ этдик. Шарқ куйларин йўқолиб кетишидан сақлаш учун бунинг аҳамиятинда шубҳа йўқдир.
8) Шарқ шоир ва файласуфларининг ўз қаламлари билан ёзғон асарлари. Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Навоий, Мушфиқий, Ғаззолий, Суютийдек буюк шоир ва олимларнинг ўз қаламлари билан ёзғон асл нусхалари бор. Булар Бухоронинг машҳур бир олимнинг кутубхонасида сақланмоқдадир.
9) Хатлар коллексиёни. Навоий, Жомийдек шоирлар, Султон Абу Саиддек Темур болаларининг ўз қўллари билан ёзғон хатлари бор. Ҳамда Амир Темурдан бошлаб Мирзо Бобурнинг набираси бўлғон Акбаршоҳға қадар Темур болаларининг расмлари бор, Шоҳруҳ, Абу Саид, Умаршайх, Мирзо Бобурдек хонларнинг расмлари ҳам мазкур олимнинг кутубхонасида сақланадир.
10) «Туҳфайи шоҳий». Форсий тилда Абдулаҳадхон замонида ёзилғон, манғитлар тарихига оид бир асар. Рус истилоси ва Бухоро аскари мағлубиятининг сабабларини ёзадир. Манғитлар идорасининг ночор ёқларини жуда аччиқ қалам билан тасвир этадир. Бу кунга қадар рус истило тарихини биз фақат рус ёзувчилариданғина олар эдик. Русларнинг ёзганлари аниқ, лекин бир ёқламадир. Мазкур «Туҳфайи шоҳий» мутолаа қилинса, руслар кўрсатган сабаблар, улар кўрсатган баъзи воқеаларнинг янглиш эканлиги майдонға чиқадир.
11) «Фатҳнома султоний». Манғитлар тарихига оид бир асар. Форсий тилда, Мир Олим исмли киши тарафидан Амир Насрулло замонида ёзилғон. Мангит амирларидан Шоҳмуроддан олиб, Амир Насруллога қадар бўлғон Мовароуннаҳр воқеалари ёзилғон.
12) «Танкисуқнома элхоний». Муҳаммад ибн Ҳусайн ат-Тусийнинг асари. Муаллиф асар муқаддимасида шул сўзларни ёзадир:
«اما بعد چنین گوید محرر و مؤلف این کتاب محمد بن الحسین الطوسی نورالله قبره که پادشاه جهان واسطه امن و امان هولاکو خان از این ضعیف درخواست کرد که تألیفی میباید پرداخت در معرفت انواع جواهر معدی و غیر آن چیزهای ظریف که به حضرت نامی آورند و کیفیت معرفت آن از بهترین و بدترین و شبه از یک و خاصیت و قیمت آن و مخالفت آن شرحی تمام بنویس»
Бу китобни Боқимуҳаммад ибн Ҳофиз Нур Андҳудий исмли киши 1538-ҳижрий йилда кўчириб ёзғон.
Бизнинг бу ёзғонларимиздан бошқа Бухорода қийматдор асарлар бор. Изланса, ахтарилса Бухорода аҳамиятли асарларнинг топилиши аниқдир. Ҳеч бир қўл тегмаган вақфномалар, ёрлиқлар бор, буларда Бухоронинг тарих, жўғрофиясига оид муҳим маълумотларнинг борлиғига шубҳа йўқдир.
Бухорода энг бой кутубхона амир кутубхонаси бўлғон. Кутубхонани неча дафъа кўрган кишиларнинг айтишича, қирқ минг жилддан ортиқ (40,000) қийматли қўлёзма китоблар бўлғон. Бироқ, бу қадар зўр илм хазинаси Бухоро инқилобида тамом ёниб битган, ҳеч бир асар қолмағондир. Кутубхонанинг ўрнида бир қадар ахтариб қарасам ҳам ҳаробадан бошқа ҳеч бир нарса топа олмадим. Ярмидан кўпи ёниб битган бир-икки Қуръон, баъзи бир форсийча китоблар учрасада, кўпи ёниб ҳароб бўлғонлиқдан бир нарса англаш мумкин эмас. Амир Музаффарнинг ўғли Носирхонтўра «Асар ас-салотин» номли Мовароуннаҳр тарихига оид муҳим бир асар таълиф этган бўлғон. ХВИ асрда ўзбеклар истилосидан олиб шул кунга қадар бўлғон воқеаларни тафтиш ва тадқиқ билан ёзилғон бу асар ҳам мазкур ёнғинда зоеъ бўлғон. Ҳозирда нусхаси йўқдир. Мазкур асарни босдиришға ҳаракат этсаларда, Амир Мир Олим ҳеч бир рухсат этмаган.