Home / МАҚОЛА / ҲИЖРАТ ЎЗИ НИМА?

ҲИЖРАТ ЎЗИ НИМА?

“Ҳижрат” сўзи луғатда “тарк этмоқ” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, мусулмон одамнинг жони ва динини асраш учун ватанини тарк этиши тушунилади.

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асаридаги биринчи ҳадисда бу маъно очиқ ифодаланган.

 Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади:

 “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир ва ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расулига бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расулига бўлган ҳисобланади. Кимнинг ҳижрати молу дунёга бўлса, унга эришади ёки бирор аёлга бўлса, унга уйланади. Унинг ҳижрати ҳижрат қилган нарсасига бўлади”.

Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат муқаддас исломий тушунчалардан эканини баён қилиш билан бирга, Маккадан Мадинага ҳижрат қилган мусулмонларни ҳар бир ишда ниятни яхши қилиш ва Аллоҳнинг ризосини исташ зарур эканига даъват қилганлар. Аммо Макка фатҳ этилгандан кейин Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни у ердан ҳижрат қилишини ман этганлар. Бу Саҳиҳул Бухорийда келган қуйидаги ҳадисда ўз ифодасини топган:

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқдир…”, дедилар.

Мазкур ҳадис Макка тўғрисида айтилган бўлса-да, шаҳарнинг фатҳ этилгани ундан ҳижрат қилиш жоиз эмаслигига сабаб бўлгани учун ушбу ҳукм барча фатҳ этилган диёрларга тегишли ҳисобланади. Демак, қайси диёр бир марта фатҳ этилган бўлса, ундан ҳижрат қилиш мумкин эмас. Аммо юқорида таъкидланганидек, кофирлар томонидан ишғол қилиниб, мусулмонларнинг жони ва динига хавф туғилган диёрда ҳижрат ҳукми янгидан жорий бўлади. Чунки ҳижратдан кўзланган асл мақсад мусулмоннинг жони ва динини сақлаб қолишдир.

 Давлат раҳбари мусулмонлардан бўлган ва мусулмонлар эмин-эркин ибодат қила оладиган диёрдан камчилик топишга уриниб, одамларни ҳижрат қилишга чақириш фитнанинг айни ўзидир. Чунки бундан кўзланган асл мақсад ҳижрат эмас, балки ёшларни ҳар хил урушларга жалб этишдир. Буни уларнинг гапига алданиб, кўп йиллар бегона юртларда сарсон бўлиб, охир- оқибат Аллоҳнинг марҳамати билан ватанига қайтиб келишга муяссар бўлган мусулмонлар мисолида билиб олиш мумкин. Ўтган давр мобайнида адашган тоифаларнинг кўрсатмасига амал қилганлар бирор ислом диёрида тинч ва фаровон ҳаёт кечиргани кузатилмади. Мазкур ҳолатлар Ўзбекистон мусулмонлар учун энг бехавотир жой эканини кўрсатади.

Қолаверса, ҳижратдан тўсадиган омиллар унинг соқит бўлишини таъминлайди. Масалан, ҳижрат қилиш учун моддий имконияти бўлмаслик, кексалик ёки ёшлик каби омиллар ҳижратнинг соқит бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло буни Қуръони каримда қуйидагича баён қилган:

“Фаришталар ўзига зулм қилган кимсаларни вафот эттираётганда: “(Дунёда) қандай ҳолда эдингиз?” дейди. Улар: “Биз Ерда кучсиз эдик”, дейди. (Фаришталар:) “Аллоҳнинг Ери кенг эмасмидики, унда ҳижрат қилсангиз?!” дейди. Ана ўшаларнинг жойи дўзахдир. У жуда ҳам ёмон жойдир. Лекин эркак, аёл ва болалардан чорасиз бўлган ва йўл топа олмайдиган заифлари бундан мустаснодир. Аллоҳ уларни афв қилади. Аллоҳ афв қилувчи ва мағфиратли Зотдир”.

Бу оятда Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишдан тўсилганини баҳона қилиб, У Зотга ибодат қилмаганлар қораланмоқда. Чунки улар бошқа ерга бориб, эмин-эркин ибодат қилиш имкониятига эга эди. Оятнинг давомида қари, бемор, аёл ва ёш болага ҳижрат вожиб бўлмаслиги очиқ баён этилган.

Ҳижратдан тўсадиган омиллардан яна бири ота-она бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ёлғиз ташлаб кетишдан қайтарганлар. Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида бундай келтирган:

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

“Бир киши ота-онасини йиғлатиб, ҳижрат қилишга аҳду паймон қилиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг олдига қайтиб боргин-да, қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдир!” дедилар”.

Ота-онасини ташлаб кетиш жоиз эмаслиги ҳақида келган ҳадислар жуда кўп бўлиб, уларнинг баъзисида ота-онага хизмат қилиш жиҳоддан ҳам афзал экани очиқ ифодаланган. Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий” асарида “Ота-онасининг изнисиз жиҳод қилмайди” деган алоҳида боб ажратиб, унда қуйидаги ҳадисни келтирган:

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

“Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Жиҳодга чиқаман”, деди. У зот: “Ота-онанг борми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. “Ундай бўлса, улар (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар.

  Мазкур ҳадисда ота-онага хизмат қилиш жиҳоддан афзал ва савоблироқ эканига далил бор. У зот “ота-онанг мусулмонми?” деб сўрамадилар. Демак, бу масалада ота-онанинг мусулмон ёки кофирлигининг аҳамияти йўқ.

  Абу Амр Шайбоний Абдуллоҳ (ибн Масъуд)нинг ҳовлисига ишора қилиб: “Бизга мана шу ҳовлининг эгаси бундай хабар берди”, деди:

  “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амал Аллоҳга суюклироқ?” деб сўрадим. У зот: “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. Мен: “Ундан кейин қайси?” дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен: “Ундан кейин қайси?” дедим. У зот: “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, дедилар. Абдуллоҳ айтади: “У зот буларни менга айтдилар. Агар яна сўрасам, жавоб бераверар эдилар”.

  Ҳадисда ота-онага яхшилик қилиш жиҳоддан олдин қўйилган.

  Ота-онага хизмат қилиш жиҳоддан афзал эканига Қуръони каримда ҳам далил бор.

  Аллоҳ таоло: “Роббинг Ўзидан бошқага ибодат қилмаслигингизни  ва ота-онага яхшилик қилишни ҳукм қилди”, деган. Бу намоздан кейин энг афзал ва савобли амал ота-онага яхшилик қилиш эканига яққол далилдир. Чунки оятда Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги ўринда ота-онага яхшилик қилиш зикр этилган. Хуллас, ҳамма далиллар жамланса, ота-онанинг изнисиз ҳижрат қилиш ва жиҳодга чиқиш жоиз эмаслиги маълум бўлади.

  Адашган тоифалар сирлари фош бўлиб қолишидан қўрқиб, бу каби қатъий ва муттафақун алайҳ далилларни бирор марта тилга олмайди. Бу уларнинг китоб-у суннатдан ўзининг ғаразли мақсадида фойдаланаётганини кўрсатади. Улар ёшларнинг илмсизлигидан фойдаланиб, оят ва ҳадисларни ўзлари хоҳлаганча талқин қилмоқда. Масалан, улардан бири: “Иброҳим алайҳиссалом отаси кофир бўлгани учун уни ташлаб кетган. Сиз ҳам ота-онангизни ташлаб, ҳижрат қилинг!” дейди. Минг афсуски, унга эргашганлардан бирортаси: “Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги қиссаларда бундай маъно йўқ. Балки Иброҳим алайҳиссалом отасига жуда меҳрибон бўлган. Бир оятда отаси Озар уни тошбўрон қилиб ўлдирмоқчи бўлгани ва уйдан ҳайдаб чиқарганидан кейин ноилож отасини тарк этгани, шунда ҳам отасига саломатлик тилаб, унга истиғфор айтишини маълум қилгани акс этган бўлса, бошқа оятда Иброҳим алайҳиссалом отасининг кофир ҳолда ўлганини билгандан кейин унга истиғфор айтишни тўхтатгани, Иброҳим алайҳиссалом жуда кўп дуо қилувчи ва меҳрибон киши бўлгани баён қилинган”, дейишга илми етмайди. Ёки улардан бирортаси: “Бизнинг ота-онамиз кофир эмас. “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг элчисидир” деган одамни кофир дейишга нима ҳаққингиз бор? Ёки бу тоййиб калимани айтган одам мусулмон ҳисобланиши ҳақидаги ҳадисларни инкор қиласизми?!” дея олмайди. Шайхлари: “Улар намоз ўқимагани учун кофир”, деса, бирортаси: “Уларнинг кўпчилиги намозхон. Баъзилари намоз ўқимаса-да, намоз ўқишни ният қилади. Улар намознинг фарзлигини инкор қилмайди”, деб жавоб беришдан ожиз.

 Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ёшларимиз адашган тоифаларнинг устки кўринишига учишни тарк қилиб, ишончли олимларнинг аниқ далилларига қулоқ солмас экан, ҳеч қачон залолат ботқоғидан чиқа олмайди. Ўзи, ота-онаси ва мусулмонлар жамиятини хавф остида қолдиришда давом этади. Савобга эришиш ўрнига гуноҳга ботади. Аллоҳ таоло залолат йўлига билмасдан кириб қолган биродарларимизни Ўз фазлу марҳамати билан тўғри йўлга ҳидоят қилсин!

ОБИД ХУРСАНДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ХАЙРИХОҲЛИК

(Бир ҳадис шарҳи) Жарир ибн Абдуллоҳ: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни тўкис адо этиш, …