Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда бағрикенглик масалаларининг ёритилиши

Исломда бағрикенглик масалаларининг ёритилиши

Бугунги кунда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар мавжуд экани, кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган янги шаклдаги таҳдидларнинг пайдо бўлаётгани ва бунинг натижасида бузғунчи ғоялар мафкура майдонини қуршаб олаётгани очиқ ойдин хавф туғдирмоқда. Бунга эътиқод муштараклигига асосланган ҳолда якка мафкура ҳукмронлигини таъминлаш орқали жаҳон майдонларини мафкуравий жиҳатдан ўзига оғдиришга ҳаракат қилаётган кучларни мисол келтириш мумкин. Масалан, ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган мутаассиб уюшмалар ижтимоий, миллий хусусияти, қайси давлатга мансублигидан қатъий назар, барча мусулмонларнинг маънавий бирлиги ҳақидаги тасаввурларга таяниб, уларни ягона мақсад остида бирлашуви ғоясини илгари сурадилар. Бундай кучлар шу йўл билан ҳар бир давлатнинг ўз тараққиёт йўлидан издан чиқаришга ҳаракат қиладилар ҳамда қаерда ғоявий бўшлиқ, лоқайдлик ва бепарволик мавжуд бўлса, улар ўша ерда пайдо бўладилар.

Тинчлик ва осойишталик улуғ неъмат экани ислом манбаларида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 208-оятида:

“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз!…” [1. 32] – дейилади. Ушбу оятдаги “ёппасига итоатга киришингиз” дегани тафсир китобларда сулҳга, ўзаро тинчликка киришинг, урушни тарк этинг маъносида берилади [2. 335-338]. Шунингдек, “Бақара” сураси 205-оятида “Аллоҳ бузғунчилик – фасодни севмайди” [1.32] дейилган. Ҳадиси шарифларда эса “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар”, “Кимки бизларга қарши тиғ кўтарса, у аҳли исломдан эмас” [6. 176], дея инсонларни тинчликни қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга чақирилган.

Ислом динининг тинчлик ва осойишталикка бўлган эътибори юқори бўлиши билан бир қаторда, бағрикенглик унинг негизи ҳисобланади. Исломнинг бош манбаи бўлган Қуръони каримда шундай дейилади: “… бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!”[1. 108]. Бу борада Пайғамбар Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги барча амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам турли ҳадялар қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганда уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки, Нажрон насронийларига масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар [4. 165].

Умайр (р.а.)дан ривоят қилинади: Имон нима эй Расулуллоҳ? – деб сўрашдилар. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Бағрикенглик ва сабрдир.” Имом Бухорий ривояти.

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени бошқа пайғамбарлардан афзал кўриб, уларнинг умматларини камситманглар”, деб айтдилар. Имом Бухорий ривояти.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким аҳдлашилган бошқа дин вакилини ўлдирса жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди. Ваҳоланки жаннатнинг ҳиди 40 йиллик масофадан келиб туради,” – дедилар. Имом Термизий ривояти.

Демак, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни ҳатто, ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳллари билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирилган. Унинг таълимотига биноан барча Пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшиликдан тўсмаслиги лозим. Бу борада Қуръони каримда: Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).

Ушбу оятдаги тафсир китобларда айтилишича: “Сизлар билан урушмаган ўзга дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлинг” [5. 376]. Шунингдек, “Ҳужурот” сураси 13-оятда бундай дейилади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. Ушбу оят тафсирида Аллоҳ таоло “Эй, одамлар” дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, “Сизларнинг ота-онангиз бир” – демоқда, яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансизлар. Шундай бўлсада сизларни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик. Бундан келиб чиқадики, турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга инсонларни бўлинишлари Аллоҳнинг иродаси билан бўлган.

Лекин ғоялар кураши авж олган XXI асрда диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда. Натижада ўзга дин вакиллари ўртасида исломнинг “ёвузлик салтанати” ва таҳдид манбаи сифатида қабул қилинишига, динлараро ва миллатлараро низоларнинг пайдо бўлишига замин яратилмоқда. Бундай ёндашув ва талқинлар жамиятдаги ижтимоий бирликка таҳдид солмоқда. Тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, фитна қўзғатиш, тоифаларга бўлиниб ўзаро низолашиш умуман ислом динига ёт ҳолат ҳисобланади.

Умуман олганда, Қуръони каримнинг элликдан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилганлар. Демак, ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Айнан диний бағрикенглик, яъни ҳар бир диний таълимотга ҳурмат билан қараш, сабр-бардош ва тоқатли бўлиш келиб чиқиши мумкин бўлган кўпгина ихтилофларнинг олдини олишга хизмат қилади. Зеро, қайси давлат ва халқларда диний бағрикенглик масаласи яхши шаклланган бўлса, турли динларга эътиқод қилувчи бир давлатда яшовчи халқлар, миллатлар ўртасида шунчалик тотувлик ҳукм суради.

Марказий Осиё минтақаси, хусусан Ўзбекистон мамлакати ҳам минг йиллар давомида динлараро бағрикенглик ўлкаси сифатида эътироф этилади. Қадимдан минтақада буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик, ислом динлари ёнма-ён яшаб келган, масжид, черков, синагогалар фаолият кўрсатган. Уларда турли динга мансуб бўлган халқлар, қавмлар ўз диний амалларини эркин адо этиб келганлар. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмаган [6. 40-41]. Ҳақиқатан ҳам, ўзбек халқи ўзининг бутун тарихи давомида ҳамма вақт бошқа халқ, миллат ва дин вакилларига нисбатан ўзининг ҳурматини намоён этган. Бу ўз навбатида юрт тинчлиги, тараққиёти ва умуминсоний маданият ривожига хизмат қилган.

Бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғимиз даркор. Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилиб, жамиятга ҳар томонлама зарар етказилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳаракатлар ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига, миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик, диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда. Шундай экан, бундай ҳаракатларга қарши курашиш, ёшлар қалбини жаҳолат, ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ҳам тинчлик ва бағрикенглик масалаларини мустаҳкамлашга қўшилган муносиб ҳисса ҳисобланади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими Ихтиёр Қўшшақов 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири (Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур). – Тошкент: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2012. Б-32.
  2. Тафсир ат-Табарий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1999. Ж.2. Б -335-338.
  3. Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. – Тошкент: Ўзбекистон, 1997. Б-141-142.
  4. Аҳмад Шалабий. Ал-Ислом. – Қоҳира: Дор ан-наҳда ал-мисрийя, 1997. Б-165.
  5. Абу Лайс Самарқандий. Баҳр ал-улум. Т.III. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 2004. Б-376
  6. Маърифат – тинчлик асоси. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. Б-176.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …