Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Самарқанд – энг буюк алломалар юрти

Самарқанд – энг буюк алломалар юрти

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” номли илмий лойиҳа доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Миллий архиви, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Турон академияси олимлари, Самарқанд ва Бухородаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчи ва талабалари, Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари ҳамда Туркия ва Германиядан тадқиқотчилар қатнашди.

Семинарда Самарқанд вилояти “Махдуми Аъзам Даҳбедий илмий-тадқиқот фонди” раиси, Самарқанд давлат университети катта илмий ходими Комилхон Каттаев “Ҳанафийликнинг Самарқанд раёсат раислари ва уларнинг зиёратгоҳлари” мавзусида маъруза қилди.

Олим даставвал Самарқанд тарихига атрофлича тўхталиб, кўплаб тарихий манбалардан олинган илмий маълумотлар билан ўртоқлашди. Самарқанд алломалари ҳақида сўз юритиб, шаҳарда жойлашган машҳур Чокардиза қабристонида абадий қўним топган буюк имом ва олимлар номларини келтирди. Унинг таъкидлашича, улуғ уламолар хокининг кўплиги бўйича Мадинадаги Боқия ва Маккадаги Муаллодан ташқари дунёдаги ҳеч бир қабристон Чокардизага тенг келолмайди. Бу ерда ҳанафийлик мазҳабининг Имом Мотуридий, унинг устози Имом Саммосий, Имом Абулқосим Ҳаким, Имом Абу Лайс, Имом Абу Муъин Насафий, Имом Нажмиддин Умар Насафий, Имом Кундий, Имом Марғиноний, Имом Ёздаҳ каби улуғ имомлар ётибди.

Манбаларга кўра, қабристон ҳудуди Самарқанднинг буюк имомларидан бири Имом Саммосийнинг боғи бўлган. Имом Мотуридий ўзидан 60-70 йил аввал яшаган ва ўз боғининг марказидаги тепаликка дафн этилган Саммосийнинг оёқ томонига кўмишни васият қилгани бу инсоннинг нақадар улуғ даражага эга эканидан далолат беради. Биринчи бўлиб, унинг эгаси кўмилган боғ IX аср охири – X аср бошларида алломалар қабристони сифатида шаклланган.

Таъкидланганидек, Самарқанд заминининг ўзидагина шунчалик кўп аллома ўтганки, бошқа юртларда бу ҳол кузатилмаган. Ҳозиргача бу заминда дунё миқёсида таниқли энг буюк алломалардан 25 нафарининг қабри аниқланган. Келгуси тадқиқотлар натижасида уларнинг сони ортиши аниқ. Улуғларимизнинг аксарияти фиқҳ, ҳадис, калом илми уламолари, қолганлари тасаввуф тариқати намояндалари ва давлат арбоблари бўлган.

Маърузачи Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Шамсулаимма Ҳалвойи ва Самарқанд ҳанафийлик мазҳаби раёсати раиси Имом Али Сўғдий, шунингдек, Абул Ҳасан Растуғфоний, Имом Али Паздавий ҳамда иштихонлик олимлар ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар ҳам берди. Олим энг буюк имом ва алломалар қабри, қабртошларини излаб топиш ва ўрганиш юзасидан олиб борилаётган тадқиқотлар ҳамда зиёратгоҳларни обод қилиш бўйича қилинаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …