Home / МАҚОЛАЛАР / ХIХ АСР ИККИНЧИ ЯРМИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА САМАРҚАНДНИНГ “ЭСКИ ШАҲАР” ҲУДУДИ ВА ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИ ТАРИХИДАН

ХIХ АСР ИККИНЧИ ЯРМИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА САМАРҚАНДНИНГ “ЭСКИ ШАҲАР” ҲУДУДИ ВА ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИ ТАРИХИДАН

Самарқанд шаҳри Бухоро амирлигининг асосий сиёсий, иқтисодий ва маданий марказларидан бири бўлган. Бу шаҳар ажойиб табиати, ҳосилдор ери ва гўзал боғлари билан ҳам амирликнинг бошқа ҳудудларидан ажралиб турган. ХIХ аср иккинчи ярмига оид манбаларда шаҳарнинг гўёки улкан бир боғдан иборат экани алоҳида таъкидланган.

Шаҳар минг йиллар давомида шаклланган бўлиб, унда тарихий ёдгорликлар атрофини бир-бирига зич қилиб қурилган оддий ва қурилиши ниҳоятда содда уйлар мавжуд эди. ХIХ аср бошига келиб эса Самарқанд яна йирик шаҳарга айланган. 1812 йилда амирликка келган инглиз айғоқчиси Мир Иззатулланинг гувоҳлик беришича, бу даврда Самарқанд кундан-кунга ривожланаётган шаҳар эди. [12:196]. Шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий юксалишига унинг қулай географик жойлашувининг аҳамияти катта бўлган. Шаҳар Зарафшон дарёси жанубида жойлашган бўлиб, шимол, шарқ ва жанубдан баланд тоғлар билан ўралган ҳамда ғарбдан унга кенг экин майдонлари туташган. Шаҳар жойлашуви шимоли-шарқдан Хитой ва Шарқий Туркистондан, жануби-шарқдан Ҳиндистондан, ғарб томондан Хоразм ва Бухоро орқали келувчи Эрон, Каспийбўйи ерларидан, шимолдан эса Россиядан келувчи савдо карвонлари учун қулай жой бўлган. Мана шу жиҳатлар шаҳарда савдо ишлари ривожига ўз таъсирини кўрсатган.

Намликнинг кучли экани Самарқанд ҳавосини тоза ва баҳаво қилган. Шунинг учун самарқандликлар анча соғлом, ранги тоза бўлган [17:5].

Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарида шаҳар иқлимининг ажойиб ва мўътадил экани, шунинг учун “фирдавсмонанд” – жаннат мисоли, деб келтирилади. Ёзда Самарқанд нисбатан салқин ва иқлими мўътадил экани, ҳар томондан эсувчи майин шамол ва тоза ҳаво кайфиятни кўтариши, руҳий сокинликни таъминлаши ҳақида маълумот берган [2:14]. Иқлими, табиати ва муҳити одамларнинг “фирдавсмонанд” шаҳарда яшашга бўлган интилишини кучайтирган. Бу ўз навбатида, урбанизация жараёнига ва аҳолининг демографик ҳолатига таъсир кўрсатган.

Эътиборли жиҳати шундаки, Зарафшон воҳаси ва умуман Самарқанд шаҳри йирик марказ ҳисобланса-да, шаҳар аҳолиси катта қисмининг турмуш-тарзи қишлоқ хўжалиги, яъни атрофдаги аҳоли билан боғлиқ бўлган. Шаҳар аҳолиси сони кўп бўлмаса-да, атрофида яшовчилар миқдори катта бўлган ва улар Самарқанд иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этган. Шу нуқтаи назардан, шаҳар аҳолиси ва унинг турмуш тарзи ҳақидаги маълумотни келтирганда, бу ерга яқин ҳудуд аҳолиси турмуши ва хўжалиги билан боғлиқ маълумотларни инобатга олиш муҳимдир.

ХIХ асрда шаҳар аҳолиси сони ва унинг ўсиш динамикаси ҳақида маълумотлар манбаларда турлича келтирилади. Мейендорф маълумотларига кўра, 1820 йилда Самарқандда 50 минг аҳоли истиқомат қилган бўлса, Н.Хаников 1841 йилда 25 минг, 1863 йилда А.Вамбери 20 минггача, 1868 йилда В.В.Радлов шаҳар аҳолиси сонини 10 мингдан ошиқ деб келтиради. П.П.Иванов ва бошқа тадқиқотчилар асарида эса 30 мингга яқин киши истиқомат қилган, деб келтирилса [5:27], хорижий муаллифлар асарида ХIХ асрнинг 70-йилларида Самарқандда 6000 хонадон бўлиб, унда 30 минг аҳоли яшагани қайд этилади. 1889 йилда Самарқанд шаҳри аҳолиси сони 40 минг атрофида бўлиб, шулардан 6 мингтаси Европадан кўчиб келганлар ва 1500 киши эса яҳудий миллатига мансуб бўлган. 1839 йилда Бухоро яҳудийлари Самарқандга Машҳаддан кўчириб келтирилган, қолган гуруҳи эса 1859 йилда Қобулдан кўчирилган [3:230]. Бошқа манбаларда Самарқанд атрофларида 80.000 ўзбек оиласи истиқомат қилган, деб кўрсатилади [19:506]. Шаҳар аҳолиси сони ҳақида ягона фикр мавжуд эмаслиги аҳолининг миллий ва этник таркиби, ижтимоий гуруҳлар ва умуман, халқ турмушининг кўпгина соҳалари бўйича хулоса чиқариш имконини қийинлаштиради. Бироқ ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Самарқанд шаҳри ва унинг атрофи воҳадаги аҳоли энг зич истиқомат қилган ҳудуд бўлган.

Янги тадқиқотларда ҳам шаҳарда 30 минг аҳоли борлиги кўрсатилган [4:111]. Мазкур фикр анча ишонарли, чунки ўрганилаётган даврда Зарафшон воҳаси, умуман, Бухоро амирлигида аҳолининг катта қисми  қишлоқларда истиқомат қилиб, қишлоқ хўжалиги билан машғул бўлган. Шундай бўлса-да, Самарқанд шаҳри вилоят маркази, маданият, ҳунармандчилик ва савдо маркази сифатида катта аҳамиятга эга бўлган.

ХIХ асрнинг 60-йиллари охирларигача Самарқанд шаҳри ҳудуди кенгайиб борган. Н.В.Ханиковнинг маълумот беришича, “шаҳар айланаси 13 верстга, унинг квадрат юзаси 2280000 саженга ёки 2533,31 танобга тенг бўлиб, Бухоро шаҳри ҳудудидан 500 танобга катта” бўлган [18:100]. Н.В.Ханиковнинг ушбу маълумотлари бу даврда шаҳарнинг кенгайгани ва урбанизация жараёни жадаллашгани ҳақидаги фикримизни тасдиқлайди.

ХIХ аср ўрталаригача Ўрта асрлар шаҳарлари каби Cамарқанд мудофаа деворлари билан ўралган бўлиб, хандақлари ва мудофаа буржлари бўлган. “Шаҳар деворлари Россия империяси босқини даврида бузиб ташланган. Сўзангарон маҳалласи қисмида унинг айрим қолдиқлари кузатилади” [14:85-89].

Самарқанд шаҳрининг ХIХ асрдаги мавқеига таъриф берганда Т.С.Саидқуловнинг “шаҳар хонликнинг (амирлик) бош шаҳри ҳисобланган”, [11:8], Ф.Назаровнинг: “биринчидан, тарихий ва диний сабаблар туфайли, иккинчидан, мамлакатдаги аҳолиси энг зич, бой вилоят марказий шаҳри сифатида” маълум экани тўғрисидаги фикрларини келтириб ўтиш ўринлидир [7:44].

Самарқанд ва унинг атрофи, умуман, Зарафшон воҳаси ҳудуди доимо аҳоли зич жойлашган ҳудуд ҳисобланган. Бу хусусдаги маълумотларга кўра, Зарафшон округи аҳолиси Россия аҳолисига нисбатан ҳам зич истиқомат қилган. Аҳоли зичлиги бўйича, ҳатто, Ғарбий Европадаги вилоятлардан ҳам қолишмаслиги қайд этилган [11:9].

Туркистон ўлкасининг биринчи генерал-губернатори К.П.Кауфман ҳам ўз ҳисоботларида Зарафшон дарёси ҳавзасида аҳоли зичлиги тўғрисида маълумот бериб, уни Италиядаги Ломбардия билан таққослайди [11:10].

Россия истилоси арафасида Самарқанд шаҳри бошқаруви туркий уруғ вакили Шерали иноқ қўлида бўлган. Самарқанд шаҳри аҳолиси ҳақида гап борганда унинг таркибий қисмлари бўлган маҳаллалар тавсифини бериш ўринлидир. Шаҳар топографияси, ўз ўрнида, маҳалла хусусиятидан келиб чиқиб, аҳоли хўжалик ҳаёти, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши ва шаҳар бўйлаб жойлашувини таъминлайди.

Зеро, шаҳар  аҳолиси ўз машғулоти ва турмуш тарзига қараб алоҳида-алоҳида гузарларда истиқомат қилган. Самарқанд шаҳри қиёфаси доимо янги ташкил этилган маҳалла ёки мавзелар кенгайиши ҳисобига ўзгариб борган. Шаҳар гузарлари ижтимоий аҳамиятдан ташқари маъмурий аҳамиятга ҳам эга бўлган.

Самарқанд гузарлари тўғрисида тадқиқот олиб борган М.М.Абрамов шаҳарни маъмурий жиҳатдан тўрт йирик даҳага бўлган [1:4].

1) Пайқобоқ; 2) Қаландархона; 3) Хожа Аҳрор; 4) Сўзанганрон.

Ўз навбатида, Пайқобоқ 22 та, Қаландархона 20 та, Хожа Аҳрор 22 та, Сўзанганрон 27 та гузардан (квартал) иборат бўлган [20:48].

Шаҳар микротопонимикасини гузарлар хусусиятидан келиб чиқиб, етти гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳни шаҳар гузарлари аҳолисининг касб-корига қараб номлаш мумкин. Заргарон маҳалласида тилло буюмлар ясовчи усталар, Сўзангаронда игна ясовчи усталар, Чармгаронда кўнчилик ва тери маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи усталар, Харротонда ёғоч усталари, Кулолонда кулол усталар, Зингаронда эгар-жабдуғ ва от абзали ясовчи усталар, Шарбатдорда турли ширин ичимликлар тайёрловчилар истиқомат қилган.

Иккинчи гуруҳ гузарлар бошқа шаҳарлардан кўчиб келишига қараб номланган. Яъни аҳоли қайси ҳудуддан келган бўлса, ўшандай номланган. Жумладан, Тошканди, Хўжанди, Ургути, Зомини, Ёмини, Шаҳрисабзи, Урмитани, Қашқари, Панжакенти каби гузарлар бўлган.

Учинчи гуруҳ гузарлар номи шаҳар меъморий ёдгорликлари номлари билан боғлиқ бўлган. Бунга Руҳобод, Гўри Амир, Оқ-сарой, Намозгоҳ, Кўкмачит, Хонақо, Мадрасаи Сафед гузарларини киритиш мумкин.

Тўртинчи гуруҳга Самарқанд шаҳри топографияси билан боғлиқ гузарлар киритилди: Лаби ғор, Чақар, Толи Регак, Баланд кўприк, Боғи баланд, Каболаи якум, Каболаи дуйум, Пули мирзо, Гилбурч ва ҳоказо.

Бешинчи гуруҳга шаҳар табиати билан боғлиқ гузар номларини киритиш мумкин. Улар Каварзор, Лолазор каби маҳаллалар.

Олтинчи гуруҳга Навадон, Обимашад, Дониёрбек, Кулобод, Қўшҳовуз каби шаҳардаги сув иншоотлари, сунъий ариқлар, сув манбалари номларидан келиб чиққан гузарлар киради.

Еттинчи гуруҳга олимлар номи берилган гузарларни, жумладан, Фақиҳ Абу Лайс, Махдуми Хоразмий, Даҳбедий ва ҳакозолар киради.

Гузарни аҳолининг умумий йиғилишларида сайланадиган оқсоқоллар бошқарган. Ҳар бир маҳалланинг маркази бўлиб, у ерда масжид ва чойхона бўлган. Ушбу марказларда савдо-ишлаб чиқариш устахоналари, дўконлар ва унча катта бўлмаган бозорлар ҳам бўлган [1:5]. Россия истилосидан кейин ҳам эски шаҳардаги гузарлар шаҳарнинг ҳудудий бўлиниши доирасида ўз мавқеи ва ўрнига эга бўлса-да, ҳуқуқий жиҳатдан давлат тузилиши тизимига кирмас эди. Шундай бўлса-да, гузарларни ижтимоий бошқариш, тартиб-интизомни таъминлаш борасида ёзилмаган қонун борлигини эслатиш жоиздир. Расмий-ҳуқуқий масалалар қози ва муфтийлар муҳокамасида қонун доирасида бажарилган. Қози ва муфтийлар бир неча гузарда шаҳар ҳокими ва кейинчалик империя ҳукумати фармони билан тайинланган [8:81].

ХIХ аср ўрталарида Самарқанд баланд қалъа деворлари билан ўралган бўлиб, олтита дарвозаси бўлган. 1. Шаҳарнинг жануби-шарқида игначи косиблар яшовчи маҳалла номи билан аталувчи Сўзангарон дарвозаси; 2. Шаҳар шарқидаги Қаландархона дарвозаси; 3. Шаҳар шимоли-шарқидаги Дарвозаи шоҳ ёки Шоҳизинда дарвозаси; 4. Шаҳарнинг жануби-ғарбий томонида Пайқабоқ дарвозаси; 5.Шаҳарнинг ғарбида жойлашган Дарвозаи Бухоро; 6. Шаҳарнинг жанубидаги Хожа Аҳрор дарвозаси [15:113].

Дарвозалар душман ҳужумидан шаҳарни муҳофаза қилган. Империя ҳукуматининг кучли қурол-аслаҳалари борлиги учун бу дарвозаларга эҳтиёж қолмади ва рус ҳарбийлари уларни олиб ташлаган ҳамда шаҳар қалъасини бузиб юборди. Бу даврда шаҳар маҳаллаларида чуқур ижтимоий табақаланиш жараёни кечган. Шаҳарда асилзодалар билан бирга оддий халқ қатламига мансуб кишилар яшаган.

Шаҳар аҳолиси этник таркиби ниҳоятда хилма-хил бўлган. Ўзбеклар, тожиклар билан бирга, эроний, араб, афғон, ҳинд, лўли ва яҳудийлар каби кам сонли миллат вакиллари истиқомат қилган. Тарихий маълумотларда уларнинг ХIХ аср 60-йилларида сон жиҳатдан аҳоли таркибидаги улушини турлича учратиш мумкин. Шунингдек, айрим этник бирликларнинг бу шаҳарга қай тарзда келгани, уларнинг кундалик юмуши тўғрисидаги баъзи маълумотлар ҳам учрайди. Яҳудийлар ҳақида В.В.Радлов “улар 100-150 йил олдин Эрондан аввал Бухорога, кейин Самарқандга кўчиб келган”, деб маълумот беради [10:38]. А.Ф.Файзиевнинг келтиришича, яҳудийлар алоҳида мавзеда истиқомат қилган. 1843 йили Амир Насрулло Самарқанд шаҳрида, шарқий дарвоза яқинида, Чокардиза қабристони ёнида ўн минг кумуш тангага алоҳида гузар ташкил қилиши учун уларга 11 таноб ерни сотган [17:8]. Улар асосан этикдўзлик, зардўзлик ва ҳунармандчиликнинг бошқа турлари билан шуғулланган.

ХIХ аср иккинчи ярмида Самарқанд шаҳри аҳолисининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида жиддий ўзгариш содир бўлди. Империя бошқарув тизимининг ўрнатилиши янги этник қатламни юзага келтирди. Сиёсий куч сифатида Россия империяси таркибидаги турли миллат вакилларидан иборат соҳа мутахассисларининг кўчириб келтирилиши ҳам бу жараёнга таъсир кўрсатди. Д.Л.Ивановнинг келтиришича, Самарқандда яшовчи яҳудийлар амирлик даврида баъзи ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб, шаҳарда ўзлари учун синагога (ибодатхона) қуриш, отда юриш, мусулмонлар кийимини кийиш, этик кийиш ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга эмас эди. Яҳудийлар учун бозор орқасида алоҳида мавзе ажратилиб, уларнинг ҳаммаси ўша мавзеда истиқомат қилган. Шу тариқа “жугут гузар” шаклланган. Самарқанд империя қўшинлари томонидан эгаллангач, маҳаллий аҳоли ва яҳудийлар империя учун бир хил – қарам аҳоли мақомига эга бўлди. Яҳудийларга нисбатан амирлик даврида жорий этилган тақиқлар бекор қилинган. Натижада улар империянинг ўлкадаги ҳокимиятига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўла бошлади. Яҳудийлар руслар билан яқинлашиб, тезда рус тилини ўзлаштира бошлади [5:53].

Яҳудийларнинг сиёсий дунёқараши ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги янги тузумга кўникишини тезлаштирди. Яҳудийлар савдогарлари бошқа савдогарларга рақобатдош бўлган. Улар биринчилардан бўлиб, янгиликка қўл урган ва рус таълим муассасаларида ўқий бошлаган. Бундан ташқари, яҳудийлар қўшни хонликларда бўлаётган барча сиёсий жараёнларни тезда англаб, у ҳақда русларни огоҳлантириб турган [5:54].

Самарқанд атрофида ўзбекларнинг қанғли, найман, қўнғирот, қипчоқ хитой, қиёт, чиғатой, дўрмон, минг, қирқ, юз, қорақалпоқ, сарой, қирғиз, турк, манғит, баҳрин каби уруғлари истиқомат қилган [19:515]. Самарқандда этник бирлик сифатида ҳиндлар ҳам истиқомат қилган. Улар Самарқандга савдо мақсадида келган ва шу ерда ўрнашиб қолган. Улар асосан судхўрлик, ҳинд маҳсулотларини сотиш ва шу кабилар билан шуғулланган [1:8].

Шаҳар аҳолисининг ижтимоий гуруҳларини уларнинг машғулот турига қараб ҳам таснифлаш мумкин. Маҳсулот турига қараб, савдо қилувчи майда савдогарлар – баззозлар, атторлар ва баққоллар каби номлар билан аталган [8:47].

Эски шаҳар ҳудуди эса 364 десятина (396,76 гектар), 2100 кв саженни (4473 кв,м) ташкил қилиб, паст баландликлардан иборат. Эски шаҳарда кенг ва тор кўчалар сони 166 та бўлиб, улардан 11 таси қайроқтош билан қопланган ҳамда узунлиги 15,5 верстни ташкил этган. Ушбу 11 та кўчадан ташқари, 12-кўчага тошли қувур ва кўприк қурилган [16:7]. Ушбу кўприклар рус ҳукумати томонидан тўғри шаклда атрофига дарахтлар экилиб, аҳоли юриши учун қулай этиб қурилган. Бошқа барча кўчалар: тор, эгри-бугри эски услубда, чанг-тўзонли, сув юриши учун ариқларга эга бўлмаган, уларнинг энг муҳимлари 55 та керосин чироқ ёрдамида ёритилган [16:6].

Эски шаҳарда 4 та йирик марказий майдон бўлиб, булар: 1. Регистон майдони, унда тош ётқизилган ва у бозор ҳаёти маркази вазифасини ўтаган; 2. Бибихоним майдонида тош ётқизилмаган. У ерда бозор ва 3 та нон растаси бўлган [16:9]; 3. Бибихоним майдони қаршисида мол бозори майдони бўлиб, унга ҳам тош ётқизилмаган. Унда йирик шохли ҳайвонлар, туя ва қўйлар сотилган; 4. Шаҳарда сомон бозор майдони ҳам мавжуд бўлиб, у мустамлака маъмурияти қурдирган қалъанинг жанубий қисмида жойлашган.

Эски шаҳарда Амир Темур мақбараси ёнида хиёбон мавжуд бўлиб, унга турли хил дарахтлар экилган [16:13]. Шоҳизинда масжиди рўпарасида ҳам рус ҳукумати томонидан хиёбон ташкил қилинган. Иккита хиёбон ҳам чиройли манзараси билан ажралиб турган, кўчаларида тош ётқизилган ва яхши ҳолатда сақланган. Бу хиёбонлар маҳаллий аҳоли сайр қилиши учун энг қулай жой бўлган.

Эски шаҳарда 5 та давлат, 172 та жамоат, 5154 та хусусий уй мавжуд бўлган [13:16]. Хусусий уйлардан, айниқса, савдогар Ҳожи Мирвафонинг уйи эътиборни тортади. Уй ғиштдан қурилган бўлиб, икки қаватли ҳам рус, ҳам маҳаллий меъморчилик услублари асосида бунёд этилган. Бошқа маҳаллий аҳоли уйлари бир ёки икки қаватли бўлиб, кўчага қаратилган деразаларсиз, синчли гуваладан қурилган. Қия тупроқ том қисмига эга кўринишда печкасиз қурилган, кўмир билан иситилган. Шунинг учун уйлар совуқ, поли лой сувоқ ёки пишиқ ғиштдан қурилган. Уйларнинг ҳовлилари тор, бетартиб жойлашган. Шаҳардаги қурилишларнинг зичлиги туфайли дарахт ва ҳовузлар айрим уйлардагина учрайди. Маҳаллий аҳоли эса эҳтиёж учун, хўжалик ва боғларни суғориш учун Сиёб, Сиёбча каналларидан, Обимашҳад, Абдидарун, Кўнчилик каби чашма булоқлар сувидан фойдаланган.

 Шуни таъкидлаш жоизки, рус меъморлари давлат ва жамоат бинолари ҳамда хусусий уйларни лойиҳалаштиришда маҳаллий меъморчилик ютуқларига таянган. Шу масала бўйича Г.Н.Чабров “Рус меъморлари ва қурувчилари турар жой биноларини қуришда маҳаллий усулларни жон-жон деб қўллаган. Ёғоч уйлар ўрнига лой уй қурган, шифт ва полларни маҳаллий намуна бўйича ясаган. Ёғочни тежаш мақсадида ички осма эшиклар ўрнига гилам ва палослардан фойдаланган, уйларнинг зарурий қисми – айвонни рус қурувчилари унча хуш кўрмаган, бироқ кейинчалик кенг қўллай бошлаган” деб келтиради [6:37].

Бу даврда шаҳар икки қисмга: “эски” ва “янги” шаҳар қисмларига бўлиниб, маъмурий жиҳатдан “эски” шаҳар 4 та даҳага ва “янги” шаҳар алоҳида қисмларга ажратилди. Шаҳарни маъмурий жиҳатдан бўлинишида даҳаларнинг (Пайқабоқ, Қаландархона, Хожа Аҳрор, Сўзангарон) тарихий хусусиятлари ва географик ҳолати ҳисобга олинган.

Хулоса қилиб айтганда, ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Самарқанд Россия империясининг Туркистондаги муҳим иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга шаҳри бўлиб, бу ердаги умумий сиёсий ва ижтимоий вазият умумтуркистон даражасида эди. Бу даврда шаҳар меъморчилигида ўзига хос аралаш услуб намуналари ҳатто бугунги кунда ҳам шаҳарга кўрк бериб турибди.

Иқтисодий ва сиёсий жараёнлар ўз ўрнида ижтимоий ҳаётнинг мураккаблигига сабаб бўлиши билан бирга, маданиятнинг хилма-хиллиги ва ранг-баранг бўлишига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Самарқанд шаҳрининг ўзига хос хусусиятларидан бири – унда турли этник гуруҳлар яшагани ва уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли эди. Самарқанднинг “эски шаҳар” қисмидаги ҳаёт маъмурий жиҳатдан катта ўзгаришларга дуч келмаган. Аввалгидек, шаҳар даҳаларга бўлинган ва улар гузарларга бўлинган ҳолда анъанавий идора этиш усули билан бошқарилган.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абрамов М.М. Гузары Самарканда. – Т.: Узбекистан, 1989. – С. 4.
  2. Абу Тохир Хожа. Самария. – Т.: Мерос, 1989. – Б.14.
  3. Curzon Georg N. Russia in Central Asia in 1889 and the Anglo-Russian question. Frank Cass&CoLTD, 1967. – P.230.
  4. Зияева Д. Ўзбекистон шаҳарлари XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида. – Т., 2013. – Б.111.
  5. Иванов Д.Л. Самарканд. – М., 1872. – С.53.
  6. Исмаилова Ж. XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Тошкентнинг “янги шаҳар” қисми тарихи… – Б.37.
  7. Назаров Ф. Записки о некоторых народах и землях средней части Азии. – СПб, 1891. – С.44.
  8. Morrison A.S. Russian rule in Samarkand 1868-1910. A Comparision with British India. – Oxford University Press. 2008. – P.81.
  9. Нормуродова Г.Б. XIX аср охири ва XX аср бошларида Самарқанд вилояти аҳолисининг ижтимоий стратификацияси … – Б.47.
  10. Радлов В.В. Средняя Зерафшанская долина. – Записки русского географического общества по отделу этнографии. Т. IV. – СПб, 1880. – С. 38.
  11. Саидкулов Т.С. Самарканд во второй половине XIX – начале ХХ веков. Из социально-экономической и политической истории средней части Зеравшанской долины (учебное пособие для студентов) – Самарканд, 1970. – С.8.
  12. Соколов Ю.А. Бухара, Самарканд, Келиф в 1813 г. Публикация отрывка из “Путешествия мир-Иззатуллы в Среднюю Азию 1812-1813 гг.” Труды ТашГУ им. Новая серия. Вып. Х. Исторические науки. Кн. 14. – Ташкент, 1957. – С.196.
  13. Справочная книжка Самаркандской области на 1891 год. Самарканд, 1891. – С.16.
  14. Сухарева О.А. Оборонительные стены Самарканда. В Кн.: Культура и искусство народов Средней Азии в древности и средневековье. – М., 1979. – С. 85-89.
  15. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. – Т.: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси нашриёти, 2004. 7-том. – Б.113.
  16. ЎзР МА. И 5-Фонд, 1-рўйхат, 551-иш, в. 13.
  17. Файзиев А.Ф. История Самарканда в первой половине XIX века (учебное пособие).– Самарканд, 1992. – С.8.
  18. Ханыков Н.В. Описание Бухарского ханства. – СПб., 1843. – С.100.
  19. Хорошхин А.Л. Сборник статей, касающихся до Туркестанского края. – СПб, 1876. – С.515.
  20. Ҳодизода Р. Самарқанднома. – Т.: Тафаккур, 2011. – Б.48.
ОЛИМЖОН ИРИСҚУЛОВ
СамДУ доценти

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …