Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКЛАР МАРОСИМИЙ МАДАНИЯТИДА ДАРВЕШОНА

ЎЗБЕКЛАР МАРОСИМИЙ МАДАНИЯТИДА ДАРВЕШОНА

Ўзбекларнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида диний, никоҳ тўйи, тақвимий маросимлар билан бирга жамоавий маросимлар, айниқса дарвешона алоҳида ўрин эгаллайди. Маълумки, “дарвеш” форсча сўз бўлиб, “фақир”, “бечора”, “мискин” маъноларини билдиради, тасаввуф тариқати вакилини англатади [6:56]. Шунингдек, дарвеш даровез сўзидан келиб чиққан бўлиб, эшиклардан ризқини териб юрувчи деган маънони ҳам ифодалаган.

Дарвешлар ҳақ (Аллоҳ)га етишиш учун фоний дунё лаззати ва ҳавасидан воз кечиб, боқий дунё саодатига эришишга ҳаракат қилган. Улар борига қаноат қилиб, Аллоҳга таваккал қилган ҳолда зикр тушган. Дарвешлар зиёратгоҳ ва авлиёлар мақбараларида кўп бўлиб, асосан хонақоҳ ва бошқа диний иморатларда кун кечирган. Жамоа бўлиб ҳаракатланадиган дарвешлар қайси қишлоқ, гузар ва работдан ўтмасин, уларга сув, егулик ва таом улашилган. Шу сабабли қадимдан кўча аҳли ва йўлдан ўтувчилар учун учун эҳсон тариқасида қилинадиган маросим Дарвешона деб номланган. Айрим олимлар ушбу анъанани дарвешлар жамоасидан тарқалган байрам, деб талқин этади [7:55].

Халқ учун ташкил этиладиган жамоавий маросимлар ҳақида Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида ҳам маълумот учрайди. Қомусий олим халқ учун, айниқса, фақирлар учун уюштириладиган маросим ва байрамлар ҳақида маълумот берган. Дунёвий ишлар учун ўтказиладиган байрамларни мукаррам ва улуғ кунлар деб ҳисоблаб, подшоҳ ва раислар томонидан ўтказилгани келтирилган. Маросим орқали улар нафсини севинтиришга, руҳини шодлантиришга эришган, одамлар муҳаббатини қозонган ва дуосини олган. Улар ўша куни оддий халқ учун ҳам турли маросимларни жорий қилган. Оддий халқ маросимни адо этиб, подшоҳ ва амирлар шодлигига қўшилар ва уларга ихлос билан бўйсуниб, хизмат қилаётганини изҳор этарди. Ана шу байрамлар фақирлар ҳаётининг танглигини кенгликка айлантирувчи, умидворлар орзусини юзага чиқарувчи, мусибат етганларни хавф-хатар ва кулфатдан халос этувчи сабаблардан бири бўлган [4:238]. 

Бухоро воҳаси зиёратгоҳлари вақф ҳужжатларида келтирилган маълумотларга кўра, бу жойларда доимий равишда қозонларда овқат қайнаб, мискин ва фақирлар егулик билан таъминлаб турилган. Шайх Сайфиддин Боҳарзий (Шайхул олам) зиёратгоҳи вақфномасида хонақоҳ ошхонасида ҳар куни нон ва овқат пиширилиши, ҳафтада олти кун гўштли, бир кун гўштсиз таом тайёрланиши, таомдан атрофда яшовчи аҳоли, камбағал ва зиёратчиларга берилиши шарт экани ёзилган. Яна қиш ойларида ҳафтанинг душанба ва жума кунлари барча дарвешларга суюқ ширинлик ё ҳолва бериш шарт қилинган [3:104-105]. Қасри Ҳиндувон қишлоғидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида Субҳонқулихон томонидан йил давомида қозон қайнаб туриши вақфи жорий этилган. Зиёратгоҳдаги  сақохона (шарбатхона)да тўйимли ва қувват берувчи шарбат тайёрланиб, ташриф буюрувчиларга тарқатилган [5:81]. Шаҳарнинг мусофирхона ва қаландархоналари ҳам оч ва бошпанасизларни қабул қилган. Сумитон қишлоғидаги Чор Бакр зиёратгоҳида эса йил давомида иккита қозон доимий қайнаган ва йўловчилар таомдан бир коса еб ўтиб кетган [10:32]. Юқоридаги эҳсон таомларидан фарқли ўлароқ дарвешона йилда бир марта белгиланган муддатда ўтказилган.

Асосан баҳор фаслида ўтказиладиган анъанавий маросим ҳақида Ислом динида ҳеч қандай таъриф ёки маълумот йўқ. Аммо динимизда ушбу маросимнинг асл моҳияти – силайи раҳим муҳим ўрин тутади. Юртимизнинг, асосан, жанубий воҳалари (Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанднинг айрим ҳудудлари)да ҳар йили баҳор фаслининг биринчи ярмида дарвешона маросими ўтказиб келинади. Қишнинг якунланиши, илк баҳор келиши пайтида ўтказиладиган дарвешона турли номлар – дарбишона, даршана, дарнишона, давршона, давра оши, йил боши, халқона, кўча оши, эҳсон оши, эл оши ва эшон давраси каби номлар билан аталади. Шунингдек, маросим Бухоро шаҳрида оши дарвешони, оши дарвеши, воҳанинг Навметан мавзесида оши дарвешон, Қоракўл туманида эломон оши, Андижонда даршана, Қашқадарёнинг Лангарида варушона деб юритилган. Халқимиз бу маҳални иликузилди пайти деб ҳам номлаган.

Маросим баҳорни кутиб олиш, янги ҳосил йилига руҳан тайёрланиш, яхши мақсадда қурбонлик қилиш, тантана, хурсандчилик қилиб, меҳнат мавсумига шайланиш каби ижтимоий фойдали функцияларни бажарган [7:55]. Дарвешона қуйидаги мақсадлар билан ташкил этилган. Биринчидан, қиш қаҳатчилиги ва қийинчилигидан сабр-бардош билан ўтиб, кўкламга етиб олган аҳолининг шукроналиги намунаси саналган. Айримлар баҳорнинг тут пишиқчилигига етолмаган. Кексалар шунинг учун ширага етказсин, деб дуо қилган. Иккинчидан, қишлоқ ёки маҳалладан бало-офат даф бўлиши, енгиллик бўлиши ва мусибат бўлмаслиги учун эҳсон тарқатилган. Айниқса, вабо, терлама каби касалликлардан безган қишлоқ аҳли мана шундай садақа бериб, оч-наҳор, уй-жойи йўқ инсонлар учун таом тарқатган. Учинчидан, деҳқончиликнинг бошланиш вақти бўлгани сабаб миришкор ва зироатчилар ҳосил яхши бўлиши, йил баракали келишини тилаган. Ўзбек қарлуқларида қурғоқчилик йилларида мазкур маросим ўтказилган. Экинлар экилгач, ёмғир келмаса, худойи қилиб, Аллоҳдан ёмғир сўраб, дуо қилган [9:51-52].  Эски йил якуни, янги йил бошланиши рамзи дарвешона саналган. Тақвимларни яхши ўзлаштирилган халқимиз 5 феврални чорва ойи бошланиши, 15 феврални эса деҳқон ойининг бошланиши, деб ҳисоблаган. Тўртинчидан, маҳалла ёки қишлоқ жамоасини бир дастурхон, ягона қозон атрофида жамлаш орқали меҳр-оқибат, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик таъминланган. Дарвешонада кўпчиликнинг қатнашиши, ҳамманинг яхшилик тилаб дуога қўл кўтариши ва кўп кишининг илтижосини Аллоҳ эшитади деган тушунчага риоя этилиши ўзига хос хусусиятдир [8:30]. Шу сабабдан маросимда қишлоқнинг ёшу қариси баравар иштирок этиши шарт бўлиб, туркийларнинг қадим эътиқоди бўйича ҳосил маъбудлари шарафига қурбонлик келтирилган.  

Юртимизнинг баъзи ҳудудларида дарвешона икки хил шаклда ўтказилган. Кичик дарвешона 23-24 март, катта дарвешона 26-27 март кунлари ташкил этилган. Кичик дарвешонада катта дарвешонанинг ташкилий масалалари муҳокама қилиниб, пишириладиган таомлар, олиб келинадиган егуликлар аёллар ўртасида тақсимланган. Катта дарвешонада эркак ва аёллар алоҳида-алоҳида вақтда қатнашган. Эркаклар пешингача, аёллар эса тушдан кейин иштирок этган [11].   

Бухорода ўрта асрлардан буён оши дарвешона ва оши ҳарифонани ўтказиш урф бўлган. “Оши дарвешона” дейишдан мақсад ўз даврида Аллоҳ йўлида тарки дунё қилган дарвешсифат инсонлар, етим-есир, уй-жойсиз қолган камбағал ва бева-бечораларга мурувват дастурхонини ёзишдир. Иккинчиси “Оши ҳарифона” дўстлар орасида меҳр-оқибат йўқолмаслиги учун дўстлар бирлашиб, пул йиққан ҳолда дам олиш ёки байрам кунлари жам бўлган. Улар йиғилганда дўстона суҳбат ва амри маъруф қилиб, илм ўрганган. 

Бухоро туманининг Новметан ҳудудида ўтказилган оши дарвешон (дарвешлар маъракаси)да 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли қатнашган.  Шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳар ким нимаики топса, борини дастурхонга қўйган, хатми Қуръон қилишган. Маросимда маҳалла аҳолиси хонадонидан олиб чиқадиган масаллиққа қараб таом, масалан, мошхўрда ёки бошқа дуккакли овқат тайёрланган. Эҳсон таоми гузардаги масжид ҳудудида пиширилиб, баҳам кўрилган. Таомдан етим есир, оғир бемор, қария ва беваларга тарқатилган. Маҳалланинг кекса ахборотчиларига кўра, 1950-60 йилларда маросим гузар ёки кўча вакиллари билан ўтказилиб, асосан оши софи ва оши қобули таомлари пиширилган. Айни шу кунларда маҳалла аҳли муҳтож оилаларга ёрдам бериш, янги масжид қуриш ва бошқа камчиликларни бартараф этиш масалаларини муҳокама этган[1]. 2012-2014 йилларда Хушун маҳалласидагилар маросимни маҳаллада кетма-кет мусибат бўлганда, уларнинг халқ бошидан аришини сўраб ўтказган.

Маросим жамоасига тўпланганлар имкониятига қараб маълум миқдорда маблағ ажратади. Баъзи ҳолларда вакиллар уйма-уй юриб, “Садақа ёрмаси чиқаряпмиз”, “Садақа радди бало, келаётган офатларни даф қилар, атаганларингни қўшинглар”, “Йигит пирларига дарвешона чиқарамиз” каби  чақириқ билан маросимда тайёрланиши керак бўлган таом учун маблағ йиғилган.

Аксарият ҳолларда, вакиллар дарвешона учун қишлоқ аҳолисидан имкониятига қараб пул йиғади. Ўзига тўқ ва бадавлат хонадонлар кўпроқ ҳисса қўшади, баъзида улар савоб умидида бутун маросим харажатларини қоплайди.  Дарвешона маросимининг яна бир ўзига хос томони, савобли ишларни амалга оширишга интилишдир. Йиғилган пулнинг маълум бир қисми бузилиб қолган йўлларни таъмирлаш, масжидларни обод этиш, кам таъминланган оила фарзандларига совғалар (велосипед, кийим-бош) улашишга сарфланади.   

Баъзи ҳудудларда дарвешонани 36 ёшни қаршилаётган мучалдошлар ўтказиши анъанаси мавжуд. Эдилбек қишлоғида мучалини нишонлаётганлар қишлоқ аҳлига ош беради. Чимқўрғон қишлоғида ҳар йили 40 ёшга тўлган эркаклар дарвешона қилиб беради [12]. Унда сайл томошаси ва саҳналари ташкил этилади. Арқон тортиш (аёллар ўртасида ҳам), тош кўтариш ва кураш сингари қадимий спорт ўйинлари ўтказилади.    

Дарвешонани қишлоқ оқсоқоллари ва нуронийлар “омонлигу омонлик ҳеч кўрмайлик ёмонлик” деб бошлаб беради. Маросимда бош бўлувчиларни Бухорода гузарвакил, Қашқадарёда раис, эшон бува, кўча боши, Андижонда оқсоқол деб атаган. Жиззахда эса маросим кунини аниқлаб, уни элга маълум қилиш қишлоқ имоми зиммасида бўлган.

Дарвешона маросимида тайёрланадиган таом аниқ белгиланмаган. Ҳудудларда этник, табиий жойлашув, демографик, хўжалик ва ижтимоий хусусиятлардан келиб чиқиб, турли овқатлар тайёрланган. Дарвешона аслида дарвешларга бериладиган ош маъносини билдирса-да, аммо турли хил суюқ ва қуюқ таомлар пиширилган. Маросим учун махсус қозон бўлиб, у деги дарвешона – дарвешлар қозони деб номланган. Сабаби, қозон таоми асосан мусофир, муҳтож ва ғарибларга хизмат қилган. 

Ҳар йили эрта баҳор фаслида қишлоқ ва шаҳар маҳаллаларида 2-3 киши уйма-уй юриб пул ёки озиқ-овқат тўплашган. Илгари асосан ҳалим таоми бирор кишининг ҳовлисида ёки масжидда пиширилган. Ташкилотчилар томонидан хонадонлардан тўпланган эҳсонлар эвазига худойи – дарвешона қилинган [7:55].

Маросим учун мошова, гўжа ёки ёрма, ҳалим каби тўқ тутувчи таомлар танланган [1]. Дастурхоннинг камтарона ва асосий таоми ёрма оши (қўй гўшти, нўхат ва буғдой) ва нон саналган. Шунингдек, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз ҳудудида шўрва, Яккабоғда ҳалим, бошқа жойларида гуруч ош, Андижонда шўрва ва ош, Деҳқонободда эса ёрма, Хоразмда шовла, Бухорода ўмоч ва мошова қилинган. Ёрма ёки ярма  7 хил маҳсулот – янчилган буғдой, мош, ловия, гуруч, марварид арпа (перловка), нўхат, қизил ловия ва буғдойдан таркиб топиб, маҳсулотлар пишиб ёрилиши сабабли шундай номланган. Буғдойни аёллар кели тошларда туйиб беради [13]. Таомга ҳар хил баҳорий кўкатлар, сабзавотлар, ҳатто ўрик қоқи ҳам солинган. Айрим ҳудудларда қатиқли ош ҳам тайёрланган ва хамир устига сузма сузилиб, тановул қилинган [14]. Ушбу маросим таоми учун эҳсон тариқасида хўроз, қўчқор, катта мол, от ва туя қурбонлик қилинган. Сурхондарёнинг Ниҳолзор қишлоғида йилда ўлимлар сони кўпайиб кетса, қурбонликка туя берилган [15]. Таом шифобахш ва кўп касалликларга даво ҳисобланган. Андижонликларда ушбу таом тиш касаллигида шифо бўлади деган тушунча шаклланган. Қашқадарёнинг Майлижар қишлоғида таом учун жонлиқ сифатида семиз қўй олинади. Унинг гўшти кечаси билан қайнатилгач, шўрва ва тегирмонда янчилган буғдой билан бирга ярма таоми тайёрланади.

Дарвешона дастурхонига ҳар бир хонадон имкониятидан келиб чиқиб, атала, кўк сомса, қовурмоч, қатиқли ош ва бошқа миллий таомларни тайёрлайди. Маросимдан бир кун олдин аёллар сумалак пишириб, дарвешонада тарқатган. Баҳорнинг илк кўкати жағ-жағ ўсимлигидан, албатта, пишириқлар тайёрлашган. Жиззахда дастурхонга талпиқ[2], кўк чучвара, буррак[3] қўйилган. Баъзи ҳудудларда маросим дастурхони чўзмасиз ўтмаган. Хамир зувалалари 9, 11, 13, яъни тоқ сонда бўлинган. Сўнгра юпқа кўринишида ёйилиб, кичик нон шаклига келгач, қизиб турган ёғда пиширилган. Еган-ичганларимизнинг савоби ўтганларга етсин деб, охирги чўзмага келганда ёғдан ярим чўмич олиб, оловга ташланган. Ўлик тўйса, тирик тўяди, сингари эътиқодларга амал қилинган [11]. Чўзмани асосан фарзандсиз аёллар пишириб, эл дуосини олган. Ҳамма олиб чиққан таомларини бир-бирига улашади. Қанд-қурслар дастурхонга сочилади [16]. Маросим таоми тайёр бўлгач, хабарчилар “жамоа жаппа дарвешонага келинлар, қозон очилди” деб қишлоқ аҳолисини чақириб чиқади. Маросимга айтувчилар хабарчи, жарчи, Жиззахнинг Кумушкон қишлоғида тавачи дейилган. Маросим таоми қозонини оқсоқол очиб, унинг бошида Қуръон тиловат қилинган, сўнгра сузилган.  

Дарвешона Бухоро воҳасида деярли ўтказилмайди, шаҳарнинг айрим хонадонларидагина кичик дарвешона ўтказилади. Тожиклар деги қўраба оши дарвеши мекунем, худойиба гузаретон, доира мезанем (ўчоққа дарвеш оши қиламиз, эҳсон дастурхонига ўтинг, доира урамиз), деб меҳмонларга хабар қилади. Ўн килограмм гуручдан ош дамланади. Бу ишни асосан аёллар бажаради.

Дарвешона маросими катта сайл тарзида ўтказилган. Қишлоқнинг ҳар бир хонадони кўрпа, дастурхон, таом учун керакли лаъли ва идиш-товоқ олиб боради. Маросим иштирокчилари қишда тўпланган касалликларни кўчага ташлаш мақсадида дарё ва канал бўйида тўпланиб, овқатланган. Қашқадарёнинг айрим қишлоқларида захкаш бўйларидаги зовур ёқа деган жойларда маросим ташкил этилган. Одамларда оқар сув касалликларни оқизиб кетади, деган тасаввур бўлган. Беруний маълумотига кўра, Наврўзнинг қадимий одатларидан бири сифатида одамлар тонг пайти канал ёки ҳовузга бориб, оқиб турган сувга рўпара турган ҳолда баракали бўлиш, офатларни даф этиш учун устидан сув қуйган [4:257]. Одамлар дарду ситам, хасталик ва ёмон кунлар унутилиб, оқиб кетиши учун қўл-юзини оқар сувда ювган,  маросим идиш-товоқларини оби равонда чайган.  

Бошқа ҳудудларда қишлоқ марказидаги катта жой, кенг дала ёки мактаб футбол майдонида дарвешона ўтказилган. Барчанинг етиб келиши осон бўлиши учун оралиқдаги ҳудудни танлашга ҳаракат қилинган. Қашқадарёнинг Нуробод қишлоғида ушбу маросим қадимдан бешта ўчоқ мавжуд жойда ташкил этилган ва улар ҳар йили тозаланган. Мазкур ҳудуд авлиё жой, шайит жой сифатида улуғлангани боис нурободликлар маросим қозонларини айни шу майдонга осган [17]. Лойқасой қишлоғида қадимий Тулкитепа деган жой бўлиб, анъанага кўра аҳоли шу ерга йиғилади. Улар бу ерда тўртта қозон илиб, маросим таомини пиширади [18].   Хоразмда ушбу маросим ота-боболари ва аждодлари дафн қилинган қабристонларда ўтказган [2:109].

Катта йўл ёки дарё ёқасида қурилган дошқозонларда қайнаётган овқатга барчанинг ҳаққи бўлган. Ўтган-кетганлар йўлига илҳақ турилган. Кўринган кимса алоҳида иззат-икром билан чорланган ва бир коса таом сузилиб, манзират қилинган. Ёш-яланг хизматга шай турган. Воҳалардаги катта дарвешона маросимида дастурхон тўрига фақирлар, бева бечоралар ўтқизилган.  Дарвешона таоми биринчи навбатда азадорларни йўқлаш мақсадида уларнинг хонадонига юборилган. Қишлоқ вакиллари саналган кўчабошилар уйма-уй йўқлов оши тарқатган [19]. Шунингдек, қозонда қолган ёрма таоми узоқда бўлган, сайлга келолмаганларга ёшлар орқали бериб юборилади.  Айрим ҳудудларда, мабодо маросим таоми ортиб қолса, ўтган-қайтганларга тарқатилган, баъзи ҳолларда балиқларга озуқа сифатида сувга оқизилган[4].

Маросимнинг муҳим тартибларидан бири таомнинг кўчада тановул қилиниши ва уйга олиб кетилмаслигидир. Эҳсон кўчаники, жамоаники, ҳайрот шаклида бўлгани учун уйда ейиш мумкин бўлмаган. Умуман маросим егулиги ва буюмлари уйга қайтмайди. Дастурхондан қолган масаллиқлар увол бўлмаслиги учун ҳайвонларга берилган. Ҳатто ортиб қолган ўтинлар ҳам тўлалигича ёқилган ёки ўша ҳудудда келаси йил учун ғамлаб қўйилган [20].

Дарвешона йиғини сўнгида эл маслаҳати ҳам бўлади. Қашқадарёда қишлоқ мол-қўйини боқадиган чўпон, тўй-тепчик, маърака-маросимда хизмат қиладиган арбобу ходимлар ва эл ошпази сайланади. Бу одатга ҳозирда ҳам амал қилинмоқда. Ҳар йилги дарвешонада шунга ўхшаш масалалар муҳокама қилинади. Ишбошилар сайлаб ва албатта, Наврўзнинг қандай ўтказилиши келишиб олинади  [1].

Умуман олганда, дарвешона ўзбек ҳалқининг ижтимоий, маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаган маросимдир. У турлича шакл ва кўринишда ўтказилса-да,  меҳр-оқибат, бирдамлик, ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик ва жамоавийлик хусусиятларини ўзида сақлаб қолган. Халқимизда одам тафтини одам олади, деган нақл бор. Инсон борки, албатта, меҳрга, оқибатга, ошно бўлиб яшайди. Дарвешона маросими ҳам соф инсоний фазилат, ўлмас қадрият ва тарихий анъаналарни намоён этиши билан ажралиб туради. Илгари дарвешона таомини фақат дарвешу қаландар йўловчилар, гадоларга тарқатилган бўлса, ҳозир унда асосан қишлоқ аҳли иштирок этади. Шундай бўлса-да, маросимнинг умумий функцияси, мақсад моҳияти ўзгарган эмас. Маросим тарихини чуқур тадқиқ қилиш ва халқимиз ҳаётидаги ўрнини ўрганиш ёшларга аждодлар тажрибаси ҳақида маълумот бериш имконини беради. Бу эса, асрий қадриятлар давомийлигини таъминлайди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абдуллаева Х. Халқона удумлар. Дарвешона – хайру эҳсон маросими // Қашқадарё газетаси. 2017 йил 18 мaрт. (Электрон ресурс) http://qashqadaryogz.uz. (Мурожаат 24.03.2024 йил)
  2. Абидова З. Хоразм воҳаси зиёратгоҳлари ва қадамжолари (тарихий-этнологик тадқиқот): тар. фан. бўй. фал. док. дисс. – Тошкент, 2018. – Б.109.
  3. Асророва Л. Бухорони шариф этган зот – Сайфиддин Бохарзий. – Тошкент: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2021. – Б.104-105.
  4. Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар. – Тошкент: Ўзбекистон, 2020. – Б.238.
  5. Бобожонов Ш. Баҳоуддин Нақшбанд тарихий-меъморий мажмуаси. – Тошкент: Наврўз, 2019. – Б.81
  6. Ислам. Энциклопедический словарь. – Москва: Наука, 1991. – С.56.
  7. Қорабоев У. Ўзбек халқи байрамлари. – Тошкент: Шарқ, 2002. – Б.55.
  8. Қурбонова М. Бухоро воҳаси ўзбек ва тожикларининг анъанавий таомлари. (XIX аср охири ва XX аср бошлари): Тарих фанлари номзоди дисс. – Тошкент, 1994. – Б.30.
  9. Шаниязов К. Узбеки-Карлуки (историко-этногра­фичес­кий очерк). – Ташкент: Наука, 1964. – С.51-52.
  10. Ҳусенов С., Ражабова И. Чор Бакр. – Тошкент: Шарқ, 2001. – Б.32.
  11. Дала ёзувлари. Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, Учтепа даҳаси. 2024 йил, февраль.
  12. Дала ёзувлари. Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Эдилбек, Чимқўрғон қишлоқлари. 2024 йил, февраль.
  13. Дала ёзувлари. Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Лангар қишлоғи. 2024 йил, январь.
  14. Дала ёзувлари. Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод тумани. 2024 йил, февраль.
  15. Дала ёзувлари. Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани, Ниҳолзор қишлоғи. 2024 йил, февраль.
  16. Дала ёзувлари. Қашқадарё вилояти, Кўкдала тумани, Мойлижар қишлоғи. 2023 йил, ноябрь.
  17. Дала ёзувлари. Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Файзобод маҳалласи, Нуробод қишлоғи. 2023 йил февраль.
  18. Дала ёзувлари. Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Лойқасой қишлоғи. 2024 йил, февраль.
  19. Дала ёзувлари. Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Ғишмон қишлоғи. 2022 йил, апрель.
  20. Дала ёзувлари. Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Сероб қишлоғи. 2024 йил, январь.
[1] 1950 йилда туғилган, Новметанда яшовчи Розия Одиловадан ёзиб олинди.
[2] Талпиқ – ёйилган хамирга кўкатлар солиниб, ёғда пишириб олинадиган таом.
[3] Буррак – тўртбурчак шаклда тандирга ёпиладиган кўк сомса.
[4] 1947 йилда туғилган Имсим Абдувасиевадан ёзиб олинди. 2023 йил, ноябрь.
ШАВКАТ БОБОЖОНОВ,
ТерДУ мустақил тадқиқотчиси (DSc),
ТДПУ доценти в.б., PhD

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …