Home / МАҚОЛАЛАР / РОССИЯ ИМПЕРИЯСИНИНГ ТУРКИСТОНДАГИ ДИНИЙ СИЁСАТИ (Сирдарё вилояти шаҳарлари мисолида)

РОССИЯ ИМПЕРИЯСИНИНГ ТУРКИСТОНДАГИ ДИНИЙ СИЁСАТИ (Сирдарё вилояти шаҳарлари мисолида)

Россия империяси Туркистон ўлкасини босиб олгач, рус маъмурий-бошқарув тизимини ташкил этди. Туркистон халқлари минг йиллар давомида амал қилиб келган исломий анъаналарга кучли тазйиқ ва босим ўтказди. Шунингдек, кўчирилган русийзабон аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш борасида эса барча чора-тадбирларни кўрди. Дастлаб Тошкент, Туркистон, Авлиёота,  Чимкент, Казалинск, Перовск шаҳарларида турли бинолар (почта идоралари, телеграф, ҳарбий губернаторлар биноси, зобит (офицер)лар уйи, истироҳат боғлари (парк), уй-жойлар, ҳарбий казарма) билан бирга черков бинолари ҳам қурилди. Русийзабон аҳолини ижтимоий-руҳий қўллаб-қувватлаш мақсадида дастлаб ибодат ва черков уйлари, кейинчалик черковлар қурила бошланди. Кўчириб келтирилган аҳоли асосан христиан динининг православ оқимидагилар бўлиб, немис-меннонет, молокан, старовер, баптист, протестант, католик, арриан, хлист каби оз сонли диний конфессия вакиллари ҳам мавжуд эди.

Сирдарё вилояти бошқа ҳудудларга қараганда кўчиб келган аҳоли сони ва этник таркиби хилма-хиллиги билан ажралиб турар эди. Масалан, вилоятда биргина Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори К.П.Кауфман бошқаруви даврида (1867-1882 йй.) Авлиёотада 5 та, Тошкент уездида битта меннонитлар посёлкаси мавжуд эди. Уезд марказларида ҳар бир дин вакилларининг ибодат қилиш (синагога, ибодат уйи) жойлари мавжуд эди.

Сирдарё вилояти уезд марказларида XIX аср иккинчи ярмидан бошлаб кўчиб келган русийзабон аҳоли диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида дастлабки ибодат уйлари қурила бошланди. Черковлар қурилиши уч хил манбадан – давлат, земство ва хусусий маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган.

Сирдарё вилоятига русийзабон аҳоли маънавий эҳтиёжларини қондириш мақсадида Перовск уезди маркази Перовск шаҳрида 1855 йилда дастлабки черковни қуриш бошланган эди. Кейинчалик, 1866 йилда Авлиёота шаҳрида дастлабки черков қад ростлаган. Дастлаб ибодат уйи қурилиб, диний маросимлар шу бинода адо этилган. Бироқ кейинчалик черков биноси Россия империяси марказий губернияларидаги черков лойиҳаси асосида пишган ғиштдан қад кўтариб, унинг томи металл қоплама билан қопланган. Унда темир панжарали дарвоза, икки томондан кириладиган эшиклар, ойнаванд, ёруғлик тушадиган панжарали деразалар мавжуд эди. Черков полли ва маҳобатли бўлишига эътибор қаратилган [7]. 1917 йилга қадар вилоят уездларининг деярли барчасида черков ва ибодат уйлари  мавжуд бўлган.

Перовск (Оқмачит қалъаси) шаҳрида биринчи православ черкови 1855 йилда руҳоний Лев Гороховскойга атаб қурилади. Кейинчалик, 1906 йилга келиб 3500 рубль сарфланган, сиғими 400 нафар ибодат қилувчига мос маҳобатли черков қурилади. Бундан ташқари, шаҳарда старообряд, яҳудий, татар ибодат уйлари ҳам мавжуд эди.

Казалинск уезди маркази Казалинск (Қазалли қалъаси) шаҳрида 1872 йилда биринчи ҳарбийлар черкови қурилиши бошланиб, 1874 йилда қуриб битказилади. Черков давлат маблағлари ҳисобидан пишган ғиштдан қурилган эди. Бундан ташқари, уездда старообряд ва яҳудий ибодат уйлари мавжуд эди.

Сирдарё вилоятининг Туркистон шаҳрида руҳоний Николай номидаги биринчи православ черкови унча катта бўлмаган, хом ғиштдан қурилган уйда 1871 йилда ташкил этилган. Уезд шаҳрида 1884 йилда 100 нафар рус аҳолиси ибодат қиладиган янги черков қурилиши бошланади ва 1886 йилда қуриб битказилади. Ушбу черков қурилишига 22000 рубль давлат маблағлари ишлатилади. Бундан ташқари, бу шаҳарда яҳудийлар ибодат амалларини бажарадиган 1 та синагога ҳам мавжуд эди [1].

Авлиёота уезди маркази, яъни Авлиёота  шаҳрида биринчи православ черкови 1866 йилда дастлабки ҳарбийлар казармаси ёнида ташкил этилган. Шаҳарда 1890 йилга келиб давлат маблағлари асосида пойдевори тошдан, девори пишган ғиштдан қурилган, оғирлиги  160 пуддан иборат 8 та  катта ва кичик қўнғироқлар қўйилган маҳобатли черков биноси қурилади. 1904 йилга келиб шаҳарда давлат, хусусий ва диний епархия маблағларидан иккинчи черков бунёд этилади. 

Чимкент уезди маркази Чимкент шаҳрида 1868 йилда дастлабки камтарона православ черкови бунёд этилади. 1885 йилга келиб эса, давлат маблағлари эвазига 250 ўринли янги черков биноси қурилади. 1894 йилда Чимкент шаҳрининг рус аҳолиси учун унча катта бўлмаган, пишган ғиштдан қурилган иккинчи православ черкови бунёд этилади. Бундан ташқари 1 та яҳудийлар ибодат уйи ҳам шаҳарда мавжуд эди [2].

Шаҳарларда ҳарбийлар кўп сонли бўлиб, турли касбдаги рус фуқаролари битта черковда диний маросимларни, ибодат амалларини бажарган. Черков кўчиб келган аҳоли маънавий эҳтиёжларини қондиришда (болага исм қўйиш, никоҳ маросимини ўтказиш, чўқиниш, Рождество байрамини ўтказиш, вафот этганлар билан видолашиш ва ҳоказо) муҳим жамоат биноси ҳисобланган. Черков ва ибодат уйлари қуришни йўлга қўйиш учун Россия империяси ҳукумати таъсис этган “Туркистон епархияси”, “Муқаддас Синоднинг Туркистон бўлими” каби ташкилотлар фаолият юритиб, улар ҳисобига катта маблағлар ўтказилган [5]. Черковларни руҳоний (“Муқаддас ота”), руҳоний ёрдамчиси, дьякон, қўнғироқ чалувчи монах ва монашка кабилар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Черковлар қошида «приход» мактаблари, эркак ва хотин-қизлар билим юртлари ташкил этилган. Уларнинг айримларида руҳонийлар диний илмлардан сабоқ берган. Бундан ташқари, руҳонийлар ва диний хизматчиларга шароит яратилган.

Архив манбаларида “Муқаддас Синоднинг Туркистон бўлими” томонидан Туркистон генерал-губернатори номига юборилган кўплаб хатлар сақланган. Уларда кўчирилган русийзабон аҳоли учун черков қуришни йўлга қўйиш масаласи кўтарилган. Бундай муассасалар кўчирилган аҳоли маънавий эҳтиёжини қондиришда муҳим экани таъкидланган [6]. Шунингдек, рус деҳқонлари истиқомат қиладиган қишлоқ ва посёлкаларда черков ёки ибодат уйлари барпо этишга 1–1,5 десятина ер ажратиш, қурилиш ишларига муҳандис – қурувчи ва лойиҳачиларни жалб қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланган [4]. Россия империясининг епархиялари ҳисобига 1910 йилда ажратилган маблағлар миқдори билан танишиш асносида, Туркистон епархиясига Тобольский епархиясидан сўнг, энг кўп маблағ тақсимлангани маълум бўлади.

Туркистон епархиясига ажратилган 176 минг 312 рубль маблағ ҳисобидан черков ва ибодат уйлари қурилган. Бу орқали кўчирилган аҳоли диний эҳтиёжларини қондириш, уларнинг ўлкада янада мустаҳкам ўрнашиб қолиши мақсад қилинган. Айниқса, Сирдарё вилоятида диний муассасалар қуришга алоҳида эътибор қаратилганини манбалар тасдиқлайди.

Диний муассасалар қошидаги мактаб ўқитувчилари 1910-1912 йилларда ҳар йилда 1500 рубль маош, 500 рубль озиқ-овқат пули, кийим-кечак учун 250 рубль, шунингдек, 100, 150 рубль миқдорида ижара пули ҳам олган. Руҳоний ёрдамчиси 750-850 рубль, дьякон 650 рубль маош олган [3].

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Россия империяси Туркистон ўлкасини босиб олгач, маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётига фаол аралашди. Улар инсоний ҳақ-ҳуқуқларини чеклаган ҳолда кўчирилган русийзабон аҳолини қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда имкон қадар барча чора-тадбирларни кўрди. Империя маъмурияти кўчиб келган русийзабон аҳоли ижтимоий-маънавий эҳтиёжларини қондириш мақсадида ибодат уйлари, черковлар қуриш сиёсатини юритди. Лекин иқтисодий муаммолар сабаб уезд марказий шаҳарларидан ташқари  барча ҳудудларда черковлар мавжуд эмас эди. Черков ва ибодат уйлари қуриш ишлари ўлда-жўлда, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, янги черковлар қурилишида давлат маблағларини ўзлаштириш ҳоллари мавжуд эди. Бундан ташқари, мавжуд черковлар фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган ва уларнинг бошқарувида ҳам бир қанча муаммолар бор эди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Добромыслов А.Н. Города Сырдарьинской области. Эл-пар. Тип. Лит. О.А.Порцева – Т.: 1912. –С.135.
  2. Караваев В.Ф. Голодная степь в её прошлом и настоящем. Статистико-экономический очерк, – Спб.: 1914. Приложения. – С.79.
  3. Мирзаева А.Д. Русские поселения Мирзачульского Оазиса и их социально-экономическое положение в конце ХIХ – начало ХХ века. Автореферат. Диссертация на учёний степен канд. ист. Наук. – Т.: 2011. – С.23.
  4. О Колонизации Туркeстана// Речь. 1908. – №46.
  5. Равшанов Ш.Р. Россия империясининг Фарғона вилоятига аҳолини кўчириш сиёсати ва унинг оқибатлари (XIX аср иккинчи ярми ХХ аср бошлари) мавзусидаги диссертацияси автореферати. – Бухоро: 2023. – Б.26.
  6. Ўзбекистон миллий архиви, И-1-фонд, 9-рўйхат, 276-йиғма жилд, 21, 22, 23, 24-варақлар.
  7. Ўзбекистон миллий архиви, И-961-фонд, 1-рўйхат, йиғма жилд, 45,46,47,48-варақлар.
ШЕРЗОД РАВШАНОВ,
Навоий давлат педагогика институти катта ўқитувчиси, PhD

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …