Туркистонда XIX аср охирида вужудга келган ва XX аср бошида ривожланган маърифатпарварлик ҳаракати вакиллари бўлган жадидлар фаолияти матбуот билан боғлиқ кечди. Улар матбуотда энг кўп эътибор қаратган масала ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ мақолалар бўлди. Улар бу борада ислом дини, унинг амаллари, урф-одат масаласига кўп бора мурожаат қилди. Матбуот иши Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Бухорода ривожланиб борди. Улар орасида алоҳида ўрин эгаллаган Самарқанд матбуотида ижтимоий ҳаётдаги маросимлар масаласи кўп маротаба эълон қилинган.
Самарқанд жадидлари урф-одат масаласига жиддий эътибор билан қаради ва унинг оқибатини матбуот орқали халқ оммасига етказишга ҳаракат қилди. Самарқандда 1908 йилдан янги усулдаги матбуотни йўлга қўйиш учун ҳаракат бошланди. Ўша йилдан Беҳбудий мустамлака маъмурларидан газета чиқариш учун рухсат олишга ҳаракат қила бошлаган [1:186]. Бу эса 1913 йилга келиб, ўз натижасини берди ва дастлабки нашр “Самарқанд” газетаси очилди. Абдулла Авлоний бу ҳақда “Элу халқнинг кўзини очишга боис бўлди” деб ёзади.
Самарқанд матбуотида илк газета “Самарқанд” бўлса, дастлабки журнал “Ойина” эди. 1913 йил 20 августда Маҳмудхўжа Беҳбудий ташаббуси билан унинг биринчи сони нашрдан чиққан. Самарқанддаги илк матбуот намуналари ҳисобланган ушбу газета ва журналларни нашр қилишдан мақсад аҳолига замонавий илм-фан ютуқлари ва маърифий билимларни етказиш эди. Лекин Туркистон ҳарбий цензураси бош штаби доимо бу нашрлар фаолиятини кузатиб борган. Айниқса, уларда “Россия манфаатига зид мақолалар пайдо бўлиши мумкин”лиги гумон қилиниб, муҳаррирлари таъқиб остига олинган. Шу каби таъқиблар ва турли туҳматлар натижасида 1915 йил 15 июнда “Ойина” журнали ёпилади.
Самарқандда мазкур газета ва журналлардан ташқари “Меҳнаткашлар товуши” ва “Зарафшон” сингари нашрлар ҳам бўлиб, уларда ҳам ижтимоий масалаларга катта эътибор қаратилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойина” журналида “Бизни кемирувчи иллатлар”[2] мақоласи нашр қилинади. Уни муаллиф “…бутун тириклигимизға сорилгон ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман”, [3:338] деган жумла билан бошлайди. Мақолада тўй ва азада бўлаётган исрофгарчилик ҳақида асосли маълумот келтиради. Жумладан, Самарқанднинг Панжикент қасабасидаги тўйда Наврўз сайридаги мушакбозликдан уч киши ўлгани, хатна тўйларидаги от-улоқда юзлаб кишилар ҳалок бўлишини қайд этади. Тўй ва азага сарф-харажатлар орқасидан келиб чиқаётган муаммолар ва бунга йўл қўймаслик ҳақида шариатда келтирилган фарзларни ҳам айтиб ўтади: “Шореъи аъзам, пайғамбари акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишға кетмоқға ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар”.
Маҳмудхўжа Беҳбудий тўй ва маъракалар урф-одат жиҳатидан керакли бўлса-да, кишиларнинг иқтисодий турмушини ниҳоятда оғирлаштириб юбораётганини, одамларнинг ер ва боғларини сотиб тўй қилаётганини, натижада, Самарқандга келган яҳудийлар аҳоли ерларини сотиб олиб, ўзини аросатга тушираётганини афсус билан ёзади. Ўз фикрини қуйидагича исботлайди: “Самарқандда бир маҳалла борки, аксар халқи фақру заруратдан, тўғриси, ақл ноқислигидан ҳавлиларини пулға қизиқиб яҳудийларға сотган учун маҳаллаға оз мусулмон қолди. Маҳалла мактаби йўқ бўлди. Масжиди-да яқинда йўқолур. Мана, ақлсизлигимизнинг охири ва исрофларимизнинг хотимаси динимизға футур келмоқиға сабаб бўлур. Дин учун, масжид ва мактаб учун ақча, сарват, давлат, сомон керакдур. Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.
Мақола сўнгида Маҳмудхўжа Беҳбудий бу каби иллатларни йўқотиш хусусида “тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”[3:342] деб хулоса қилади.
Самарқандда 1918 йилдан “Меҳнаткашлар товуши” номи билан чиқа бошлаган газетада Ҳожи Муин томонидан эълон қилинади. Мақолада юқоридаги каби иллатлар қораланган[4:1-2]. “Тўй ва аза маросими” деб номланган бу мақола уч қисмдан иборат: хатна тўйи, никоҳ тўйи, ўлик ва таъзия маросими. Муаллиф мақолани “ҳатто авом халқининг кўбиси диннинг амр ва наҳйилариндан юздан бирига амал қилмағон ҳолда, ота-боболаридан қолғон урф ва одатлардан четга чиқмаслиқ учун бор кучи ила тиришадир” деб бошлайди. Бу билан XX аср бошида жамиятда мавжуд бўлган муаммоларнинг сабаби шариат қоидаларига амал қилмаганликдан келиб чиқаётганини асослайди. Турли маросимлар юки остида эзилишнинг сабаби илмсизлик эканини, одамларни ўзига асир этган одатларнинг энг зарарлиси хатна, никоҳ тўйи ва ҳар хил маросимлар бўлаётганини қайд қилади. Бунга қарши чора кўриш ҳукумат даражасига кўтарилади. Шу сабабли Тошкентда мусулмон шўроси томонидан урф-одатларни ислоҳ қилиш учун ҳукумат қарори чиқарилади. Бу қарор ҳам газеталарда нашр қилинади. Ўша пайтда 5-6 кунгача “базм”, “кўпкари” ва бошқа маросимлар билан бўлиб ўтадиган хатна тўйи Туркистондан бошқа халқларда мавжуд эмаслиги, бу маросим учун мусулмон давлатларида бир зиёфатгина берилиши таъкидланади. Никоҳ тўйдаги катта харажат талаб қиладиган маросимларни йўқ қилиш ва 20-30 киши билан фақатгина “никоҳ”ни ўтказишнинг ўзи етарли бўлишини муаллиф қайд этади.
Ҳожи Муин аза маросимини ҳам танқид остига олиб, уни ислоҳ қилиш кераклигини, “уч”, “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил” каби кунларда халққа ош беришни тўхтатиш зарурлигини ёзади. Шунингдек, ўша кунларда фақат 3-4 киши келган ҳолда марҳум ҳаққига хатми Қуръон қилиниб, дуо ўқиш зарурлигини таъкидлайди.
Умуман, жадид маърифатпарварлари томонидан кўтарилган ушбу масалани ислоҳ қилиш таклифи ислом дини қоидаларига тўғри келиши ва дунёвий жиҳатдан одамлар мушкулини осон қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эди.
Тўй масаласида “Ойина” журналида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Аъмолимиз ёинки муродимиз” мақоласи эълон қилинади. Унда ўша давр кишисининг бир маърака қилиш учун қандай ҳолатга тушиши тўғрисидаги фикри келтирилади: “Бечора косибнинг аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузки 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратурғон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечоранинг аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом” [5:130]. Бу каби мисоллар муаллиф томонидан кўплаб келтирилади. Тўй-маърака ўтказган кишининг ҳолати ҳақида ҳам тўхталиб, уйланган ва ўлик кўмган киши ҳунарманд-косиб ёки деҳқон бўлса, узоқ вақт қарз тўлаб юришга мажбур бўлишини таъкидлайди. Мақолада келтирилган ушбу маълумотлар XIX аср охири – XX аср бошидаги аҳоли ижтимоий ҳолатини ёритиб бериши билан муҳим аҳамиятга эга.
Бу каби урф-одатлар билан боғлиқ харажатларни камайтириш ва бунинг ўрнига Туркистон ёшларини илм-фан ривожланаётган Кавказ, Қрим, Оренбург ва Қозонга таълим усулларини ўрганиш учун юбориш тўғри бўлишини қайд этади.
Жадид маърифатпарварлари урф-одатлар борасида тўй ва аза маросимларидан ташқари инсон саломатлиги ҳақида ҳам сўз юритган. Шунингдек, мавжуд одатларнинг бу борадаги салбий таъсирини баён қилади. Бу бўйича Ҳожи Муин “Ойина” журналида ўзининг “Тиб ва ҳифз ус-сиҳҳатда риоятсизлигимиз” номли мақоласини эълон қилган[6]. Унда муаллиф мусулмонлар учун одат бўлиб қолган касалликни даволашда муолажа учун фолбин, азайимхонлардан маслаҳат ва шифо истаб боришни танқид қилади. Фолбинлар сўзига ишонишни шариат тақиқлашини ҳам айтиб ўтади. Бу борада “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хасталар учун табибларға мурожаат этмоқға буюрганлари, ҳатто ўзлари ҳам табиблардан дору сўраганлари марвийдур” деб қайд этилади. Муаллиф таҳлил қилаётган даврга келиб тиб илми заифлашгани, табибларни фақат дори сотиб, пул ишлаш билан шуғулланиб қолгани ҳам фолбин ва дуохонларга мурожаат этиш урфга айланишига сабаб бўлганини кўрсатади.
“Зарафшон” газетасида ҳам Ҳожи Муиннинг “Тўй-таъзия исрофлари” номли мақоласи эълон қилинади[7]. Унда 1917 йилгача матбуотда тинимсиз эълон қилинган мақолалар ва ҳукуматнинг чиқарган қарорлари туфайли 6-7 йил давомида тўй ва таъзия маросимлари анча тартибга тушган бўлса-да, 1924 йилга келиб аҳвол яна эски ҳолатига қайтгани айтиб ўтилади. Жумладан, “Никоҳ тўйларидағи “тўққуз” рўмолча, таъзия кунларида қабр устида халққа пул ва йиртиш бериш, уч, етти, йигирма, қирқ қилишлар яна бурунғи ҳолиға қайтди. Камбағал халқимиз у расму-русум ва урф-одатларнинг ижроси билан яна эзила бошлади. Бундай исрофчилиқлар орасида яна боғ сотиш, ҳовли гаров қўйиш ва кекирдаккача қарзга ботишлар кўрина бошлади”.
Хулоса қилганда, Туркистон жадидлари томонидан матбуотда нашр қилинган ва ўз даврининг асосий иллатлари ёритилган мақолаларни ўрганиш ҳозирги кунда ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бундай салбий ҳолатни кўра олган ва халқнинг кўзини очиш учун эълон қилинган матбуот материалларини ўрганиш давр талабидир.
-
Дўстқораев Б. Ўзбекистон журналистикаси тарихи. – Т., 2009.
-
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Бизни кемиргувчи иллатлар. “Ойина” журнали.1915 йил 13-сон.
-
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Бизни кемиргувчи иллатлар.
-
Ҳожи Муин. Тўй ва аза маросими ҳақида. “Меҳнаткашлар товуши” газетаси. 1919 йил 22 март.
-
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Аъмолимиз ёинки муродимиз. “Ойина” журнали, 1913 йил 6-7-сонлар.
-
Ҳожи Муин. Тиб ва ҳифз ус-сиҳҳатда риоятсизлигимиз. “Ойина” журнали. 1914 йил 33-сон.
-
Ҳожи Муин. Тўй-таъзия исрофлари. “Зарафшон” газетаси. 1924 йил 24 март.