Ўрта Осиё хонликларида, хусусан, Бухоро амирлигида тошбосма усулида китоб нашр этиш ишлари Европа, Осиё, Россия давлатларидан кейин, XIX аср охирида йўлга қўйилди. Араб мамлакатлари, Эрон ва Ҳиндистонда эса тошбосма китоблар нашри XIX асрнинг бошларида пайдо бўлган [4:270-285]. XIX асрнинг 80 йилларига қадар тошбосма китоблар амирликка Ҳиндистон, Араб мамлакатлари, Туркия ва Россиядан олиб келиб сотилган [2:254]. Дастлабки литографиялар Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида юзага келган. Тошбосма усулда китоб чиқариш жамиятнинг турли соҳага оид билимларга бўлган талабларини қондиришга яқиндан ёрдам берди, илмий билимларни тарғиб қилиш ва ахборот тарқатиш доирасини кенгайтирди, китоблар арзонлашиб, адади кўпайишига сабаб бўлди. Китобларни босма (полиграфия) усулида чоп этиш учун, энг аввало, босмахоналар очиш, уларни зарур дастгоҳлар, ускуна ва жиҳозлар, типография техникалари билан таъминлаш зарур эди.
Бундан ташқари, нашр ишлари учун мутахассислар ҳам керак бўлиб, бу амирлик шароитида ҳал этилиши қийин масала ҳисобланарди [3:100]. Нашр ишлари ҳақидаги қуйидаги маълумотларни архив ҳужжатлари асосида кўриб чиқамиз.
Шу тариқа, ХХ аср бошларида Бухорода нашр ишларида литографиядан кенг фойдаланила бошланди. Амирликда биринчи тошбосма нашриётлар 1901 йили Когонда ташкил этилиб, «Барановский литографияси»ни 1903 йили О. Левин, 1904-1913 йилларда Гайсинский ва Бендеский, 1913 йилдан эса яна О.Левин бошқарган [1:115]. Кейинги Обиджон Маҳмудов матбааси, бу босмахона 1905 йили Қўқонга кўчирилган. Бухоро шаҳрида 1910 йили «Ориф афанди матбааси» ташкил қилинган. Шу тариқа, Бухоро амирлигида тошбосма техникасида китоб чоп этиш янги Бухорода (Когонда, яҳудий Левин литографияси), кейинчалик Бухоро шаҳрининг ўзида 70 дан ортиқ хусусий нашрлар ҳам йўлга қўйилган. Хусусан, Бухорода нашр ва ноширлик ишлари билан Саййидхўжа, Мулло Султон Муродхўжа, Ҳожи Азим Марғиноний, Абдувосий Оқсоқол, Мулло Нажмиддин, Абдураҳим Бухорий, Мулло Муҳаммад Қосим, Муҳаммадий махдум (Мулло Муҳаммадий Махдум Бухорий, Мулло Муҳаммадий махдум), Қози Раҳимжон Бухорий, Саййид Мурод хўжа (Муродхўжа Тошкандий), Саййидхон, Саййид Маҳмуд ва Абдумажид ибн Абдувакил Оқсоқол, О. Левин, Мулло Саййид Аҳмад, Саййид Мурод хўжалар каби шахсларнинг хусусий нашриётлари бўлиб, ҳамда китоб савдоси билан шуғулланганлар(Мазкур шахсларнинг номлари ЎзР ФА ШИ фондида сақланаётган Бухорода чоп этилган тошбосма китобларнинг маълумотлари асосида аниқланди).
Шу ўринда амирликдаги литография ишлари устидан Чор маъмурлари назорати ўрнатилганлигини қайд этиб ўтиш лозим. Россия ички ишлар вазирлиги нашр ишлари бўйича Бош бошқармаси томонидан юборилган циркуляр хатда барча губерниялардаги мавжуд босмахоналар ва уларнинг нашрлари устидан қатъий назорат ўрнатиш зарурлиги тўғрисида кўрсатма берилган [6:19].
Бухорода ХХ аср бошларига келиб нашр ишларини йўлга қўйиш бўйича ишчи уюшмаси ташкил этилганлиги, Бухоро станцияси ишчи уюшмасининг нашр ишлари бўйича 1918 йил 11 январда имзоланган мажлис қарорида нашр ишлари, ходимлари ва уларга белгиланган ойлик маоши ҳақидаги баённома қуйида берилган:
Ишчи уюшмаси умумий мажлис қарори асосида типография иши икки шахсга ишониб топширилди; яъни уюшма аъзоси ва Бухоро ҳукумати томонидан бир нафар амалдор тайинланиши белгиланган. Ишчи уюшмаси томонидан бир овоздан уюшма аъзоси И.Ф.Мелников, Бухоро ҳукумати томонидан эса, уларнинг хоҳишига кўра тайинланиши белгиланиб, уларга тўлиқ ишонч билдирилиши кўрсатилган. Улар типография ишларини йўлга қўйиш, пул операцияларини амалга оширишлари таъкидланган[5:76]. Олдинги мудирнинг етарли тажрибага эга эмаслиги ва типолитография ишларини тушунмаслиги сабабли ҳозирда корхонанинг техник таъминоти тугалланмаган, яъни зарур жиҳозлар билан таъминланмаганлиги сабабли типография ҳеч қандай фойда олмаган, аксинча зарар кўрган. Типолитографияни тўлиқ жиҳозлаш мақсадида 50 000 (Эллик минг) рубль миқдорида молиявий қўллаб-қувватлаш Бухоро ҳукумати ҳисобидан қопланилишини сўраб мурожаат этилган ва ушбу маблағга қуйидагиларни харид қилиш тақсимланган [12:77]
1.1 жадвалга қаранг.
№ |
Типо-литография жиҳозлари |
сумма |
1. |
Литография(тошбосма) |
3000 рубль |
2. |
босмахона |
5000 рубль |
3. |
китобларни муқовалаш |
8000 рубль |
4. |
чизиқли |
1000 рубль |
5. |
тўплам |
5000 рубль |
6. |
4- тоифадан (кирувчи) сарфлар |
22000 рубль |
Шунингдек, типо-литография ходимларининг иш ҳақлари ҳам кўрсатиб ўтилган: типография ишларини юритишда бир қатор мутахассислар жалб этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида вазифани бажарган. Масалан, типография жиҳозларини созловчи А. Развозов –320 рубль, ёғ ишлаб чиқарувчи Масуилов –310 рубль, омборчи И. Бугаев 300 – рубль, босмахонани созловчилари Карихалев – 300 рубль, Кажухова – 300 рубль, ҳарфларни териб ёзувчи Абдурахмонов – 287 рубль, Ашуров – 250 рубль, Сиромятникова – 200 рубль, Константинов – 200 рубль, Кузнесова – 200 рубль, муқовачи – Зимин 200 рубль, Туманов – 200 рубль, литография ишларини қабул қилувчи Мишерякова – 200 рубль, ҳарфларни терувчи Алексеева – 175 рубль, 4 тоифали боғловчи Рибина – 150 рубль, китоб муқоваларини қопловчи Асташина –150 рубль, ҳарфларни терувчи Макрушина – 150 рубль, муқова қопловчи Мелникова – 159 рубль, фаррош – 150 рубль, қўриқчи Туробов – 150 рубль, ошпаз Мухановаларга – 130 рубль маош белгиланган. Нашр ишларида 15 нафардан ортиқ мутахассис фаолият юритган.
Бухоро ҳукумати типолитография хизматчиларининг ойлик маоши ўн икки минг уч юз йигирма икки (12322) рублни ташкил этганлиги таъкидланади. Баъзи бир архив ҳужжатида эса Бухоро ҳукумати томонидан литография ишларини йўлга қўйиш учун катта амалдор Абдул Ғофур-Хўжа қоровулбеги тошбосма услубида нашр ишларини ўз номига қонунийлаштирганлиги таъкидланиб, вете босмахонасини ўзи ва Насимга расмийлаштирган. Босмахонани хусусийлаштириш учун Бухоро ҳукумати томонидан берилган ишончномага биноан А.Мелников босмахона ишчиси, деб тан олинган ва ишончнома Қушбеги муҳри [10:81] билан тасдиқланган.
Бухородаги рус фуқаросига 1917 — йил 5 сентябрдаги хатда олий ҳазратларидан босмахона учун зарур бўлган материаллар учун 50 000 сўм миқдорида қўшимча кредит берилиши сўралган. Шу йилнинг (1917) 12 сентябрида Россия-Осиё банкига кўп марта Россия Резиденциясининг жорий №949 ҳисоб рақамига пул қабул қилиш ҳақида маълумот берилиб, яшаш жойидан маълум миқдорини қабул қилишни тасдиқлаши сўраб мурожаат этилган[9:7].
Россия ҳукуматига нашриёт мудири Бугаев томонидан йўлланган хатда нашриёт учун 500 рубль миқдордаги квитанция юборилиши таъкидланиб, шу билан бирга Бухорода яшовчи А.Й.Миллернинг Бухоро босмахонаси учун қилган хизмат сафари харажатлари қопланиши ва Мирза Мустафо Миракхўрнинг 1917- йил 22 июндаги хатига асосан керакли сумма ушлаб қолиниб, унга юборилиш ҳақида кўрсатма берилган[8:50].
Бошқа бир ҳужжатда эса Бухоро ҳукумати босмахонаси ҳайъати томонидан берилган баённома Бухоро ҳукуматига тегишли нашр ишларида айрим босмахона эгаларининг иш юритиш жараёнидаги келишмовчилик ҳақида. Бухоро ҳукумати босмахонаси мудири Бугаев ва босмахона ишчилари ўртасидаги келишмовчиликни ишчи гуруҳ кўриб чиқиб, баённома ҳайъат аъзолари томонидан тузилган, улар Михаил Александрович Преображенский, Иван Иванович Имняков ва Бухоро босмахонаси вакили Мирза Наим Қороулбеги. Ушбу баённома кўчирмасида 1918 йил 5 январдан бошлаб бутун босмахонанинг ишларини олиб бориш босмахона ишчилари томонидан танланган уч киши – Евгений Шепелев, Иван Мелников, Сергей Медведков ҳамда Бухоро ҳукумати вакили Абдуғафур Хўжа Жевачилардан иборат. Босмахонада мол-мулк инвентаризацияси йўқлигини инобатга олиб, гуруҳ ўша куннинг ўзидаёқ дарҳол мол-мулкни инвентаризация қилишни бошлаши ва яшаш жойидан ҳисоб-китобни талаб қилиши керак бўлган. Босмахонадаги ҳолатдан қатъи назар кассани қайта кўриб чиқиш, декабрь ойи учун ҳисобот 2-3 кун орасида резидентликка тақдим этилиши, резидентлик ушбу ҳисоботни тегишли ҳужжатлар билан таққослаб кўрсатиши талаб этилган. Январь ойининг 5 кунидаги харажатлар ва даромадлар юқоридаги гуруҳ томонидан текширилиши керак[7:29], шунингдек, кириш ва сарф-харажатларнинг қолган қисмини қабул қилиши лозим. Кассани текширганда тўрт юз эллик етти сўм 79 тийин нақд пул бўлган. Литография ишлари учун қилинган 60-сонли квитанция II-харажат буйруғи 1918 йилда келтирилган.
Бошқа бир хатда Бухорода яшовчи рус фуқаросига Л. Н. Левин томонидан типография маҳсулоти ва қолган қоғозни тахминан 130000 рубль миқдорида сотиб олиш тўғрисида таклиф қилинган ва қуйидаги шарт билан: 20 фоиз миқдорида пул тўлаш ва қолган суммани 6 ой давомида кредит орқали тўлаш. Босмахонадаги қоғоз уч ойга етиши ҳақида хабар берилган[11:73].
Хулоса қилиб айтганда, ХХ аср бошларида Бухоро ва Когонда тошбосма китобларнинг нашри йўлга қўйилди. Нашр иши даромад келтирадиган фаолият тури сифатида маҳаллий ишбилармонларнинг ҳам диққатини тортганлиги боис тез ривожланди. Босмахоналарда, асосан диний (араб тилида), адабий-ахлоқий (форс тилида) мавзудаги асарлар ҳамда халқ оғзаки ижоди намуналари (ўзбек тилида) нашр қилинган. Бухоро нашриётларининг маҳсулотлари фақат хонликда эмас, балки бутун Туркистон ва қўшни давлатлар ҳудудларида ҳам тарқалган. Мазкур даврда китобат санъатида янги босқич тошбосма усулида китоб чоп этиш нашриётларнинг босқичи бошланди.
-
Бобохонов А. Ўзбек матбааси тарихидан – Б.115.
-
Вяткин В.Л. Бухарский книжный рынок// Туркестанские ведомости. 1897 – С. 254. (№64)
-
Гафаров Н. История культурно-просветительской деятельности джадидов в Бухарском эмирате – Худжант, 2000 – С.100.
-
Марр Ю. Н. Типографии современного Ирана (1925-1926)//Статьи и сообщения. VII. М.,– Л., 1939. – С. 270-285.
-
ЎзМА I-3- фонд, 2-рўйхат, 722 — йиғма жилд, 76-варақ.
-
ЎзМА I 1- фонд, 17- рўйхат, 32002 — йиғма жилд, 19-варақ.
-
ЎзМА I-3- фонд, 2-рўйхат, 722- йиғма жилд, 29-варақ.
-
ЎзМА I-3- фонд, 2- рўйхат, 722- йиғма жилд, 50-варақ.
-
ЎзМА I-3- фонд, 2- рўйхат, 722- йиғма жилд, 7-варақ.
-
ЎзМА I-3- фонд, 2- рўйхат, 722- йиғма жилд, 81- а, б варақлар.
-
ЎзМА I-3- фонд, 2- рўйхат, 722- йиғма жилд иш, 73-варақ.
-
Ўша жойда… 77-варақ.