Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАЗРАТ ДЕСА, ҲАЗРАТ ДЕГУЛИК

ҲАЗРАТ ДЕСА, ҲАЗРАТ ДЕГУЛИК

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, Навоийни нима учун ардоқлаймиз? Олтигина ойда бутун дунё фалсафасини ўзида жам қилган “Хамса”ни ёзгани учунми?!

Йўқ, Навоий шунинг учун Навоийки, ҳеч бир кас ундан ошириб ёза олмайди!

Сиз билан биз Аллоҳ таолони зикр этганда, нари борса, жалла жалолуҳ, деймиз. Ҳеч бир сифатни ишлатмаймиз. Чунки ожизмиз.

Ҳазрат эса, илҳомланиб шундай васф қиладики, чидаб туролмайсиз.

“Садди Искандарий”ни варақлар экан, камина жуда ҳам тубан эканини билди, ўша зот қаршисига бориб, шогирд тушганимда эди, бунчалар тубан бўлмас эдим, деган ўйга борди. Лекин Ҳазратнинг ҳузурига боришнинг ўзи катта машаққат ва масъулиятдир. Билдимки, бунга нолойиқман, бесаводлик урчиган бугунги замонда ҳеч нарсага кучим етмайди.

Шунинг учун ўқувчига Навоийнинг нима учун асрлар давомида Навоий бўлиб қолаётганини, асарларини ўқишга кучи етмайдиганлар ҳам уни бунчалар ҳурмат қилишини кўрсатиб беришга жазм этдим.

Дастлабкиси шуки, биз Аллоҳ таолони зикр этганда жалла жалолуҳ, деймиз. Жуда яхши.

Лекин бирор энг моҳир шоиримиз, энг сўзамол дўстимиз мана буни айта олармикан:

Шунча юзқораликлар, расволиклар, бебошликлар қилган бўлсам-да, Сендан асло умид узмайман, чунки караминг дарёсидан ноумид эмасман. Бу оламда кимки гуноҳкор экан, Сенинг илтифотингга сазовордир. Буни билганимдан кейин ҳолим хароб бўлди – умид билан яна кўпроқ гуноҳ содир қилдим. Эшитишимча, Ҳорун деган олийҳиммат шахс “ҳамманинг кўплаб хатосини афв қилсам” дер экан. Модомики шундай экан, менинг қанчалик хурсанд бўлишимни халқим билса эди. Халқ ўзининг ана шундай ғамхўрликлар билан ардоқланишини билганида, Унинг васлига етишиш учун гуноҳдан бошқа ҳеч қандай иш қилмаган бўлур эди.

Худоё, Ҳорун каби улуғ кишилар минглаб, ўн минглаб мавжуд бўлсин. Фақат Ҳорун эмас, Ашк ва Фаридун кабилар ҳам зиёда бўлсин. Сенинг олдингда карам бобида улар хасчадир, хас ҳам эмас, ундан ҳам пастдир. Саховатда булар шунчалик бўлса, бу бобда Сени нима деб аташ мумкин?!

Навоий шунинг учун Навоийки, ҳеч ким ундан ўтказиб бирор нарса дея олмайди.

Расули Акрам соллалоҳу алайҳи васалламни биз қанчалар улуғламайлик, Ҳазратнинг олдида барча айтганларимиз енгил уриниш бўлади, холос.

Мана бунга қаранг. Навоий айтади: Табаррук номлари Саййидул мурсалин (пайғамбарларнинг улуғи) бўлган гуноҳкорлар ҳимоячиси ва муборак сифатларига “Биз сизни фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” деб ёзилган Расули аминга саловатларнинг энг афзали ва саломларнинг энг мукаммали бўлсин!

Эй боши узра улуғворлик гавҳари порлаган ва жамики пайғамбарларнинг сардори бўлган зот! Пайғамбарлар сизнинг элингиз ва жамоангиз, десам, тўғри бўлмас, чунки уларнинг вужуд топиши сиз туфайлидир. Аввало сизнинг гавҳардек пок зотингиз яратилди, сўнгра дунёдаги бору йўқ нарсалар бир-бир пайдо бўлди.

Бир пайтлар, ҳали нурингиз зуҳур этмаган вақтда қоронғулик ҳам, ёруғлик ҳам аён эмас эди. Ҳақ сизнинг нурингизни маҳбуб қилиб, унинг зиёдасидан жамики осмон шамларини ёритди. Бу чироқ ўз шуъласини ёритиши билан баробар, барча пайғамбарлар учун ҳам ёруғлик манбаи бўлди. Фақат пайғамбарлар эмас, нимаики жонли мавжудот бўлса, ҳаммаси бу улуғ нур – гугурт зиёсидан кушойиш олар эди. У зиёни гугурт эмас, қизил ёқут, у ҳам эмас, оби ҳаёт деб айтсак, тўғрироқ бўлар.

Вужудингизни тақдир аввалдан ноёб-нодир қилиб яратар экан, сиз туфайли барча пайғамбарларни ғилу ғашдан ариган, покиза қилиб бунёд этди.

Тангри сизнинг пок зотингизни ҳамма нарсадан илгари яратди, шундай экан, Одам ато сизга фарзанд бўлса, ажаб эмас. У оталик расмида сиздан улуғдир, аммо асли яратилишида сизга фарзанд ўрнидадир. Модомики шундай экан, сиз унга ота бўлиб, унинг ёш бола сифатида яратилганига ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки бу тушунчага «Мен Пайғамбарман» деган ҳадис ҳам далилдир. Демак, Одам ато сизга ўғил ўрнида бўлса, бошқалар набира қаторида бўлиши табиий.

Сизнинг насл-насабингиз ақлни лол қолдиради, мўъжизаларингиз эса ақлли-зукколарни ҳайратга солади.

Бундан ўтказиб айтиш мумкинми?

Сиз ҳали ҳам Навоийни ўқимайсизми?!

Анвар БАБАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …