Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тарих фанига муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилди, унинг сохталаштирилган саҳифаларини илмий ва холисона ёритиш имконияти вужудга келди. Мустабид тузум даврида совет мафкураси асосида сохталаштирилган жиҳатлардан бири ўзбек давлатчилиги масаласидир. Олиб борилган тадқиқотлар ўзбек давлатчилигининг юзага келиши ва шаклланиши жараёни қадимги Хоразм, Бақтрия ва Суғд давлатлари пайдо бўлишидан анча олдин бошланганини кўрсатди.
Маълумки, давлатчиликнинг шаклланиши жараёни унинг узоқ давом этгани ва ғоятда мураккаб кечгани билан характерланади. Қадимги давлатчилик дунёнинг турли ҳудудларида бир-биридан мустақил тарзда вужудга келган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, миллионлаб йилларни ўз ичига олган инсоният тарихида дастлабки давлатларнинг пайдо бўлиши – нисбатан анча кеч юз берган жараёндир. Давлатчилик тарихи инсоният цивилизациясининг сўнгги 6 минг йили билан боғланади. Фикримизча, бу жараён металлнинг ихтиро қилиниши натижасида меҳнат қуролларининг шу вақтга қадар бўлган даврга нисбатан мисли кўрилмаган даражада такомиллашуви ва бунинг натижасида қўшимча маҳсулотнинг пайдо бўлиши билан бошланган эди. Бу эса, ўз навбатида, ўзлаштирувчи хўжаликдан ишлаб чиқарувчи хўжаликка ўтишга олиб келди. Бундай хўжалик эҳтиёжларини қондириш нафақат янги ва такомиллашган меҳнат қуролларини яратиш ва шу асосда ҳунармандчиликни ривожлантиришни, балки дастлабки даврларда примитив, кейинчалик мураккаб ирригация иншоотларини қуришни ҳам тақозо қилар эди. Шунингдек, қўшимча маҳсулотнинг пайдо бўлиши уни ўзи учун зарур маҳсулотга алмаштириш имкониятини ҳам яратади. Буларнинг барчаси турмуш даражасининг кўтарилиши, аҳоли миқдорининг ошиши, уруғларнинг қабилаларга, қабилаларнинг эса қабилалар иттифоқига айланишига олиб келди. Бу жараён деҳқончилик ривожланган ҳудудларда аҳоли яшайдиган кўплаб қишлоқларни ҳам вужудга келтирди. Натижада илгари фақат уруғларни қамраб олган бошқарув доираси анча кенгаяди ва бир неча бўғинли бошқарув тизими тусини олади. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчи хўжаликнинг ривожланиши қўшимча маҳсулот алмаштириш доирасининг кенгайтирилишини талаб қилар эди. Натижада, бозорга эҳтиёж туғилади. Стихияли равишда вужудга келган бозорлар атрофида аҳоли пунктлари ҳам вужудга кела бошлайди. Бу аҳоли пунктлари деҳқончилик ҳудудларида шаклланган қишлоқлардан фарқ қилар эди. Агар қишлоқларда ерга ишлов бераётган ва асосан бир уруғ ёки қабилага мансуб шахслар истиқомат қилган бўлса, бозор атрофидаги аҳоли пунктлари аҳолисининг асосий қисмини ҳунармандлар ва маҳсулотни алмаштиришни ўзига касб қилган савдогарлар ташкил қилган. Характерли жойи шундаки, улар турли уруғ ва қабилаларга мансуб инсонлар эди. Чунки ишлаб чиқарувчи кучлар тараққиёти ва хўжалик турли шаклларининг вужудга келиши аҳоли жойлашуви, ҳудудларнинг кенгайиши, шунингдек, ташқи алоқаларнинг ривожланишига олиб келган. Натижада аҳоли аралаш жойлаша бошлаган ва оқибатда бир ҳудудда турли уруғ вакиллари яшайдиган бўлган. Яъни қариндош – уруғчилик жамоаси ўрнига ҳудудий – қўшничилик жамоаси пайдо бўлган.
Худди ана шу вақтдан бошлаб ижтимоий ҳаётда уруғ жамоаси ўрнига оила марказий ўринни эгаллай бошлайди. Сополлитепада амалга оширилган археологик тадқиқотлар натижасида топилган ашёлар ушбу объект 8 та катта оила манзилгоҳи бўлганини кўрсатади. Ушбу оилалар патриархал тизим асосида жуфтликлардан иборат бир неча кичик оилаларни бирлаштирган. Патриархал оила шакллангандан анча кейин ёзилган юртимиз тарихининг энг қадимий маҳаллий ёзма манбаси бўлмиш “Авесто”да кўрсатилишича, бундай йирик оилалар “нмана” деб аталиб, оила бошлиғи “нманапати” номи билан юритилган. “Нмана”лар эса улардан йирик бўлган “вис” деб аталувчи жамоаларга бирлашган ва уларга “виспати”лар раҳбарлик қилган. “Нманапати” ва “виспати”лар бир вақтнинг ўзида ҳам диний, ҳам дунёвий бошлиқ бўлган [7:31-32]. Бундай жамоаларда судлов тартиби ҳам мавжуд бўлган. Енгил қоидабузарликларни жамоа оқсоқоллари кўриб, одат тамойилларига асосланган ҳолда чора кўрган. Агар жиноят оғир бўлса, у жамоанинг умумий йиғилишида муҳокама қилинган ва жазо белгиланган. Жамоа ҳукмига кўра, жиноятчи жарима тўлаши, жамоадан четлатилиши ёки тан жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган. Бу даврда барча муаммо жамоа доирасида ҳал қилинган ва давлатга эҳтиёж бўлмаган. Ҳукмрон дин ҳисобланган зардуштийликда жамоавийлик туйғуси ниҳоятда кучли бўлиб, бу ҳолат ўша давр жамиятининг шаклланишида жуда катта роль ўйнаган. “Авесто”да патриархал оила – “нмана”ва уруғ – “вис” билан бир қаторда оиладан катта, лекин уруғдан кичикроқ бўлган, юзга яқин эркакларни қамраб олган “нафа” деб номланган жамоа тилга олинган. Жамоа ўзига тегишли экинзор ва яйловларга эгалик қилган. Ушбу жамоа раҳбари “нафапати” деб номланган [4:68]. Фикримизча, ушбу “нафа” жамоаси айнан маҳалланинг ўзидир. Чунки “нафа”даги муносабатлар асосида уруғга хос қариндошлик муносабатлари билан бир қаторда хўжалик ва ҳудудий алоқалар ҳам ётган.
Жамият ривожи ва ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсгани сари аҳолининг мулкий табақаланиши чуқурлашиб борган. Деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, айирбошлаш ва савдонинг тараққий этиши натижасида аста – секинлик билан йирик аҳоли яшаш манзилгоҳлари – шаҳарлар шаклланган. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шаҳар маданияти талабларига жавоб берадиган ва тахминан 4000-3500 йил илгари илк бор вужудга келган шаҳар Жарқўтон ҳисобланади.
Асосий аҳоли қатламини қон-қариндошлар ташкил қилган уруғ манзилгоҳларидан фарқли равишда шаҳар аҳолиси бошқача тамойиллар асосида шаклланган эди. Аввалроқ таъкидланганидек, мамлакатимиз ҳудудидаги шаҳарлар асосан деҳқончилик юқори даражада тараққий этган ҳудудларда, стихияли равишда вужудга келган бозорлар атрофида ва ҳунармандчилик марказларида вужудга келган эди. Айрим ҳолатларда йирик уруғ манзилгоҳлари ҳам шаҳарларга айланган. Лекин бунда ҳам аҳолининг этник яхлитлиги бошқа уруғ ва қабила вакиллари кўчиб келиб ўрнашиши муносабати билан тез орада барҳам топган. Бозор атрофида шакллана бошлаган ва кейинчалик шаҳарга айланган қишлоқларга биринчи бўлиб тижоратчи ва ҳунармандлар келиб ўрнашган. Шаҳар манзилгоҳлари кенгайиши билан улар нафақат савдо-ҳунармандчилик, балки маданий ва маъмурий марказларга ҳам айлана бошлайди. Натижада, касбий жиҳатдан шаҳар аҳолисининг хилма-хиллиги борган сари ошиб борган. Чунки шаҳарга дастлаб келиб ўрнашган тижоратчи ва ҳунармандлар қаторига уни бошқариш, ташқи душмандан ҳимоя қилиш, ижтимоий маънавий эҳтиёжларни қондириш зарурати туфайли ҳарбийлар, амалдорлар, коҳинлар ва уларга хизмат қилувчилар қўшила бошлаган. Бундан ташқари, шаҳар аҳолисининг бир қисми деҳқончилик билан шуғулланишда ҳам давом этган. Шу билан бирга, ҳунармандлар ҳам деҳқончиликдан тўла ажралмаган. Уларнинг каттагина қисми ҳатто ХХ аср бошларига қадар ҳам ўз касбига қўшимча тарзда деҳқончилик билан шуғулланишни канда қилмаган [6:121]. Шаҳарларнинг вужудга келиши давлатчилик шаклланишининг энг муҳим омилларидан биридир. Зеро, инсоният тарихидаги илк давлатлар айнан шаҳарлар вужудга келиши ва уларнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий мавқеи ошиб бориши билан бир вақтда содир бўлган. Шу билан бирга, давлатчиликнинг вужудга келишида яна бир омил, яъни кишиларни маънавий ва руҳий бирлаштирувчи ривожланган диний қарашлар мавжудлигининг муҳимлигини ҳам қайд этиш лозим.
Ўз уруғи доирасида инсон яшаши, меҳнат қилиши, турли урф-одатларга амал қилиши, фарзанд тарбияси ва таълими, ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ барча муаммоларни уруғда ўрнатилган тартиб, қоида, анъаналар асосида ҳал қилган. У ёки бу сабабга кўра уруғини тарк этиб, бозор атрофида шаклланган аҳоли манзилгоҳига кўчиб келган шахс ўз уруғида одатланган турмуш тарзи ва жамоа доирасида амалга ошириладиган ижтимоий ҳаёт қоидаларидан ажралиб қолган. Бундай муаммоларни ҳал қилиш эҳтиёжи турли уруғ ва қабила вакилларининг ижтимоий қоида ва анъаналарини эътиборга олган ҳолда шакллантирилган маҳалланинг юзага келишига сабаб бўлган. Демак, маҳалла бозор атрофидаги манзилгоҳлар билан бир вақтда вужудга келган десак хато қилмаймиз. Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, Ўрта Осиё уруғларидаги уюшқоқлик ва жамоатчилик даражаси азалдан бошқа ҳудудларникига нисбатан анча юқори бўлган. Ушбу ҳолат кўп жиҳатдан яшаш шароити билан боғлиқ бўлиб, маҳалланинг вужудга келишига олиб келган омиллардан бирига айланган.
Тараққиёт тезлашган сари шаҳарлар ҳудуди кенгайиб, аҳоли сони ошиб борган. Шунга боғлиқ тарзда маҳаллалар сони ҳам кўпайиб, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва раҳбарлик қилиш зарурати пайдо бўлган. Натижада, ўша вақтлардаёқ ўз-ўзини бошқариш органлари бўлган маҳалла бошқарувига нисбатан анча устун бўлган, жамият ривожланган сари шаҳар миқёсида вужудга келаётган кўплаб муаммоларни ҳал қилишга қодир бўлган бошқарув тизимига эҳтиёж туғилади. Бу тизим уруғ ва маҳалла бошқарув тизимидан тубдан фарқ қилган. Ечиладиган муаммолар доираси кенгайиб, улар ҳарбий, мудофаа, ободончилик, ирригация иншоотлари қуриш, бошқарувни ташкил қилиш каби масалаларни қамраб ола бошлайди. Маҳалла доирасида жамоатчилик асосида раҳбарлик қилинган ва оқсоқоллар ўз касбига эга бўлган. Шаҳар бошқарувида эса раҳбарларга бошқа иш билан шуғулланишга вақт ҳам, имконият ҳам қолмайди. Улар аста-секин профессионал ходимга айлана борган. Раҳбар оиласини таъминлаш, бошқарувдаги турли эҳтиёжларни қондириш каби масалалар солиқ йиғишни талаб қилди. Натижада, ҳарбий ва амалдорлар қаторига солиқ йиғувчилар ҳам қўшила бошлайди. Шаҳарлар ривожланиб, атрофдаги деҳқончилик ҳудудлари, кичик шаҳарларни ўз таъсир доирасига олгани сари, бошқарув ҳам кенгайиб ва мураккаблашиб, давлат бошқарувига айлана бошлайди.
Давлатчилик барча ҳудудларда бир вақтнинг ўзида шаклланмаган. У аввало иқлимий шароити қулай ҳудудларда юзага келган. Қадимги Шарқ цивилизациялари жойлашган ҳудудларнинг барчаси табиий географик муҳитнинг қулайлиги билан характерланади [1:17]. Чунки ернинг табиий унумдорлиги юқорилиги ҳали меҳнат қуроллари унчалик такомиллашмаган вақтлардаёқ қўшимча маҳсулотни ишлаб чиқариш учун шароит яратган. Деҳқончиликнинг ривожланиши, меҳнат қуролларининг такомиллашуви натижасида иккинчи меҳнат тақсимоти содир бўлади ва ҳунармандчилик деҳқончиликдан ажралиб чиқади. Янги дастгоҳларнинг вужудга келиши натижасида ҳунармандчилик маҳсулотлари миқдори, турлари ва сифати яхшиланиб борган. Бу ҳам, ўз навбатида, маҳсулот алмаштириш ҳажмининг ошишига хизмат қилган. Бундан ташқари, сув манбалари яқинлиги, атрофдаги манзилгоҳларда истиқомат қилган аҳолига маҳсулот айирбошлаш учун қулай шароит (жуғрофий яқинлик, йўллар чорраҳасида жойлашгани, сув ҳавзалари, хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган табиий тўсиқлар) мавжудлигининг ҳам роли катта бўлган. Чунки худди шундай шароит мавжудлиги бозор вужудга келишининг ҳал қилувчи омилларидан бири бўлган. Айнан шундай жойларда олдин бозор ёки йирик деҳқончилик марказлари, кейинчалик эса дастлабки шаҳар-давлатлар шаклланган. Бу жараёнда маҳсулот айирбошлаш ва савдо-сотиқ муносабатлари ривожланишининг роли катта бўлган. Ишлаб чиқаришнинг ривожланиши, савдо муносабатлари кенгайиши, деҳқон, ҳунарманд ва савдогар қатламларининг вужудга келиши натижасида мулкий, касбий, яъни ижтимоий табақаланиш амалга ошади. Бу ҳам давлатчилик вужудга келишининг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Бу жараён энг олдин Нил дарёси ҳавзасида, икки дарё оралиғида (Дажла ва Фрот) милоддан аввалги 4- минг йилликда амалга ошган.
Ўрта Осиёда энг қадимги давлатчилик бирмунча кеч, яъни милоддан аввалги 3000-2000 йиллар оралиғида шаклланган. Лекин шу билан бирга, бу ерда ҳам давлатчилик биринчи навбатда иқлими деҳқончилик учун қулай жойларда шаклланди.
А.Асқаров ҳам Ўзбекистон ҳудудида илк давлатчиликнинг вужудга келишини таҳлил қилар экан, бу жараённинг қуйидаги иқтисодий ва ижтимоий омилларига эътибор қаратади:
- Табиий шароит, яъни унумдор тупроқ, сув ва бошқа географик омиллар;
- Ҳосилдор суғорма деҳқончилик ва уни таъминловчи агротехника;
- Иқтисодий ҳаётда юз берган туб ўзгаришлар туфайли ижтимоий табақаланишнинг юз бериши. У ана шу табақаланиш жараёни маълум нуқтага етгач, жамиятни бошқариш зарурияти туғилади, деб ҳисоблайди [3:3].
Шу билан бирга, давлатчиликнинг умум эътироф этилган белгилари ҳам мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
- Давлат бошқаруви органларининг вужудга келиши;
- Давлат бошқаруви ҳуқуқий нормаларининг мавжудлиги;
- Солиқ йиғиш тизимининг шакллангани;
- Бошқарув органлари ва ҳуқуқ амал қиладиган ҳудуднинг мавжудлиги [9:68].
Ушбу белгилар билан бир қаторда ёзув ихтиро қилинганининг роли жуда каттадир. Чунки давлат бошқаруви ҳуқуқий нормалари ёзув пайдо бўлганидан кейингина ишлаб чиқилган эди. Ҳарқалай Миср ва Месопотамияда инсоният тарихидаги илк давлатчилик ёзув билан бир вақтда шаклланган эди.
Мамлакатимиз тарихига оид энг қадимги ёзма манбаларнинг топилмаганлиги давлатчилик юзага келиши билан боғлиқ кўплаб муаммоларни илмий таҳлил қилишни қийинлаштиради. Шундай бўлса-да, Ўрта Осиё, жумладан, жанубий Ўзбекистонда топилган Сополлитепа, Жарқўтон, Олтинтепа, Гўнуртепа каби бронза даврига оид ёдгорликларнинг ўрганилиши натижасида улар ривожланган деҳқончилик ва ҳунармандчиликка эга бўлгани, шаҳарлар ичида бозорлар, ҳукмдор ёки раҳбар саройининг мавжуд экани, ибодатхоналар қурилгани ва синфий табақаланиш содир бўлгани аниқланди. Бу жараёнлар давлатчилик шаклланганидан ҳам далолат беради.
Советлар даврида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистондаги давлатчилик милоддан илгари VIII-VII асрларда мавжуд бўлган Қадимги Бақтрия, Қадимги Хоразм ва Сўғдиёна бўлгани қайд этиб келинар эди. Бу давлатлар катта ҳудудларни қамраб олган йирик давлат бирлашмалари бўлган. Лекин ушбу давлат бирлашмалари қай тарзда вужудга келгани, улар шакллангунга қадар мавжуд бўлган сиёсий бирлашмаларнинг моҳияти каби муаммоли масалалар тарихчилар томонидан етарли даражада асосланмасдан қолаверган эди.
Мустақиллик йилларида А.Асқаров, А.Сагдуллаев, Т.Ширинов ва Ш.Шайдуллаев каби олимларнинг изланишлари давлатчилигимиз тарихининг яна 1000 йилга қадимийроқ эканини аниқлаш, бу жараённинг бутун дунё миқёсида бўлгани сингари шаҳар-давлатлар шаклланишидан бошланганини асослаш имконини берди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илк давлатчилик ўзига хос хусусиятларга эга эди:
- Унча катта бўлмаган бир ёки бир-бири билан узвий боғлиқ бир неча жамоа ҳудудларида ташкил топган ва аксарият ҳолларда бирон-бир табиий чегара (тоғ, денгиз, чўл) билан чегараланган Месопотамиядаги ҳудудий жиҳатдан жуда кичик бўлган қадимги шаҳар-давлатлардан [12] фарқли равишда Ватанимизнинг илк шаҳар давлатлари деҳқончилик ривожланган, кўплаб жамоалар истиқомат қилган анча катта ҳудудларда шаклланган эди. Масалан, 2000 йил илгари шакллана бошлаган Жарқўтоннинг умумий майдони 100 гектар бўлиб, фақат ҳукмдор Аркининг ўзи 3 гектар ерда жойлашган эди [10].
- Ватанимизнинг қадимги тарихидан фарқли ўлароқ Қадимги Шарқдаги илк давлатчилик бўйича ёзма манбалар сақланиб қолган [5].
- Миср ва Месопотамия ҳудудларидаги илк давлатлар ёзув билан бир вақтда вужудга келгани олимлар томонидан тўла асосланган. Ўша даврга оид ёзма манбаларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги уларни ўқиш ва ўрганишни осонлаштирди. Шу туфайли биз ушбу давлатларда бошқарувнинг ҳуқуқий асослари мавжуд бўлган ва раҳбарлар унга амал қилганини аниқ айтишимиз мумкин.
- Жарқўтон ёдгорлигидаги тадқиқотлар натижасида сополларга битилган пиктографик ёзув – белгилар топилган. Ҳозирга қадар 47 та шундай белги – ёзув топилган бўлиб, шу сингари пиктографик ёзувлар Хараппа, Марказий Эрон ёдгорликларида аниқланган [2:42;85-93]. Демак, ёзувнинг мавжудлиги жиҳатдан Ватанимиздаги давлатчилик Қадимги Шарқ давлатчилигидан фарқ қилмайди. Лекин ёзув белгиларининг ниҳоятда озлиги уни ўқиш имкониятини бермайди. Шу сабабли биз бу давлатлардаги бошқарув тизими, унинг ҳуқуқий асослари ҳақида ишонарли маълумотга эга эмасмиз. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудидаги илк давлатлар бошқарувида одатнинг роли катта бўлганини тахмин қилиш мумкин. Чунки давлатчилик ривожланган, унинг ҳуқуқий асослари тўла шаклланган, кўплаб ёзма манбалар мавжуд бўлган ўрта асрларда ҳам давлат бошқарув тизимида одат сезиларли роль ўйнаган. Буни биз Амир Темурнинг қурултойда расмий равишда сайланганида, Шайбонийлар давлатида хонлик тахтига одатга кўра энг обрўли ва ёши улуғ сулола вакилларининг сайланишида, суд тизимида шариат қоидалари билан бирга одатга асосланган тамойилларнинг сақланиб қолганида ҳам кўришимиз мумкин. Шуларга асосланиб қадимги даврда одатнинг бошқарувдаги роли бундан ҳам катта бўлганини тахмин қилиш мумкин.
- Шарқнинг илк шаҳар давлатларида қадимги даврлардаёқ сулолага асосланган подшолик бошқаруви шаклланган эди [11]. Ижтимоий-сиёсий ҳаётда азалдан жамоавийлик ва урф-одатларга садоқат туйғуси ғоятда юқори бўлган Ватанимизнинг қадимий шаҳар давлатларида уруғ ва қабилалардаги демократик анъаналар сақланиб қолган эди. Лекин шу билан бирга, илк давлатлар ўртасидаги рақобатнинг авж олиши, кўчманчи қабилалар тазйиқининг тобора ошиб бориши ҳарбийлар мавқеининг кучайишига сабаб бўлган [8]. Натижада, дунёнинг кўплаб ҳудудларида бўлгани сингари мамлакатимиздаги шаҳар давлатларда ҳам бошқарувнинг ҳарбий демократик тури марказий ўринни эгаллай бошлаган. Бу тамойилларнинг элементлари ҳокимиятнинг сулолавий подшолик даврига ўтилгандан кейин ҳам сақланиб қолган. Қанғ, Турк хоқонлиги каби давлат бирлашмаларида турли кўринишдаги оқсоқоллар кенгашининг сақланиб қолгани, қави, хон, амир ва бошқа ҳукмдорларнинг расмий сайланиш маросимининг ўтказилгани бу фикрни тасдиқлайди.
Ўзбекистон ҳудудида давлатчиликнинг ривожланиши қадимги даврда қуйидаги босқичларни босиб ўтди:
- Давлатларнинг энг қадимги формаси “шаҳар-давлатлар”. Бунга Жарқўтон мисол бўла олади;
- Ҳудудий подшоҳликлар (ҳудудий давлатлар). Бундай давлатлар сифатида Қадимги Бақтрия, Хоразм ва Сўғдиёнани кўрсатишимиз мумкин [9:66];
Шундай қилиб, Ўзбекистонда давлатчиликнинг юзага келиши ўзига хос хусусиятларга эга бўлса-да, шаклланиши, ривожланиш жараёнлари дунё мамлакатлариникидан деярли фарқ қилмайди ва умумий қоидалардан четга чиқмайди.
-
Авдиев В.И. Қадимги Шарқ тарихи. – Т.: 1964. – Б. 17.
-
Аскаров А.А., Ширинов Т.Ш. Ранняя городская культура эпохи бронзы юга Средней Азии. – Самарканд, 1993. – С.42; Шайдуллаев Ш.Б. Северная Бактрия в эпоху раннежелезного века. – Т.: 2000. – С.85-93.
-
Асқаров А.А. Энг қадимий шаҳар. – Т.: 2001. – Б.3.
-
Гафуров Б. Таджики. Кн.1. – Душанбе: Ирфон, 1989. – Б. 68.
-
История древнего востока. Часть I. – М., 1983.
-
История Узбекистана. Том 3. – Т.: Фан, 1993. – Б.121.
-
Каримов Ш., Шамсутдинов Р. Ватан тарихи. – Т.: Ўқитувчи, 1997. – Б.31-32.
-
Нефедов С.А. Факторный анализ исторического процесса. История Востока. – М., 2008.
-
Шайдуллаев Ш.П. Ўзбекистон ҳудудида давлатчиликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш босқичлари (Бақтрия мисолида). Тарих фанлари доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. – Самарқанд, 2009. – Б.68.
-
http://pravo-olymp.ru
-
https://ru.wikipedia.org/wiki
-
https://surxon-turizm.uz›.