Home / МАҚОЛАЛАР / АЛЛОМАЛАР ИЛМИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИШ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗНИ ТИКЛАШ БОРАСИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР ВА УЛАРНИНГ МОҲИЯТИ

АЛЛОМАЛАР ИЛМИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИШ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗНИ ТИКЛАШ БОРАСИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР ВА УЛАРНИНГ МОҲИЯТИ

Мустақиллик йилларида алломалар илмий меросини ўрганиш ва диний қадриятларимизни тиклаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Алломалар таваллуд саналарининг нишонланиши, илмий меросининг ўрганилиши, бу борада янги илмий-тадқиқот марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундай тадбирларнинг амалга оширилишида бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шу сабабдан мустақиллик йилларида алломалар илмий меросини ўрганиш ва диний қадриятларимизни тиклаш борасида қабул қилинган ҳужжатлар ва уларнинг моҳиятини таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумки, мустақиллик арафасидаёқ «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун [3] қабул қилинган эди. Ушбу Қонун билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатланди. Диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинди. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар билан боғлиқ муносабатлар қоидалари белгилаб берилди. Хусусан, фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар тенг ҳуқуқли экани, динларнинг ва диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилиши, мактабни диндан ва диний ташкилотлардан ажратиш каби қоидалар шулар жумласидандир. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши мустақиллик арафасида давлат ва дин ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида тариқат алломалари фаолиятини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича ҳам катта миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1992 йил 3 ноябрда «Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда аллома таваллудни кенг нишонлаш учун зарур бўлган вазифалар белгилаб берилди. Ушбу қарор асосида Бухорода 1993 йил сентябрь ойида Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди [10]. Шу йилдан эътиборан ҳар йили аллома таваллудини нишонлаш анъанага айланди.

Диний қадриятларимизни тиклашда Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб этиш катта аҳамиятга эга. Мустақиллик йилларида бу борада ҳам катта ишлар амалга оширилди. Хусусан, 1997 йил 29 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Имом Бухорий туғилган кунининг ҳижрий ой тақвими бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди [5]. Ушбу қарорда 1998 йилда Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланиши белгиланди. Шунингдек, аллома мақбараси ва масжидини таъмирлаш, ёдгорлик мажмуини барпо этиш учун лойиҳавий таклифларни тайёрловчи комиссия тасдиқланди. Бундан ташқари, 1998 йил сентябрда Самарқанд шаҳрида «Имом ал-Бухорий ва унинг дунё маданиятида тутган ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши белгиланди [4].

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижроси натижасида 1998 йилда мамлакатимизда Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги кенг нишонланди ва мақбараси қайта қурилди [1]. Шу билан бирга, аллома меросига бағишланган кўплаб тадбирлар ташкил этилди. Амалга оширилган бундай тадбирлар Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва уни халқимизга етказиш ишларида катта аҳамиятга эга бўлди.

Мустақилликнинг биринчи ўн йиллигида юртимизда ақида ва калом илми соҳаси билан шуғулланган буюк алломалар меросини ўрганишга ҳам катта эътибор қаратилди. Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш ишлари шулар жумласидандир. Шу мақсадда 1999 йил 3 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Имом Абу Мансур ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда 2000 йилда Имом ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллигини кенг нишонланиши белгиланди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг Регистонга туташ Чокардиза қабристонидаги Имом Мотуридий мақбарасини реконструкция қилиш, мамлакатимиз ҳудудидаги Имом Мотуридий номи билан боғлиқ қадамжолар, обидалар рўйхатини тузиш ва уларни таъмирлаш-консервация қилиш бўйича таклиф тайёрлаш ва бошқа муҳим вазифалар белгиланди. Мазкур қарордаги вазифалар ижроси натижасида, 2000 йилда Ўзбекистонда Имом Мотуридийнинг 1130 йиллиги кенг нишонланди [6]. Бу борада ўтказилган кўплаб тадбирларнинг самарали бўлишида ушбу қарорнинг аҳамияти катта бўлди.

Буюк аждодларимиз томонидан яратилган илмий мерос фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади. Юртимиздан етишиб чиққан алломалар илмий мероси ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Биргина мамлакатимиз китоб фондларида сақланаётган, асосий қисми ЮНЕСКО рўйхатига киритилган 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар мавжуд. Бундай меросни илмий тадқиқ этиш, халқимизга буюк аллома ва мутафаккирларимиз ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида маълумот бериш ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабдан, бу борада ҳам бир талай ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йил 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори [8] қабул қилинди. Мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзма фондларини шакллантириш, ундаги музей экспозициясининг мавзу йўналишларини чуқур ўйланган, илмий асосланган аниқ режа бўйича шакллантириш ва бошқалар Марказнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида алломалар илмий меросини ўрганиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш ишлари ҳам амалга оширилди. Ушбу тадбирларнинг ҳуқуқий асослари яратиш бу борада муҳим қадам бўлди. 2017 йил 27 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори [2] эълон қилинди. Ушбу Қарорда 2016 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ташаббус асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиши белгиланди. Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг улкан илмий ва диний меросини ўрганиш, ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятлар жумладан, халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ва аҳамиятини тадқиқ этиш ва бошқалар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди [2].

Ушбу Қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 19 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори [9] эълон қилинди. Ушбу қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тўғрисидаги Низом ва Марказ тузилмаси тасдиқланди. Муассаса фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Марказ директорига, зарур ҳолларда, Марказ тузилмасига ходимларнинг умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бу даврда Имом Термизий фаолиятини ўрганиш ва уни халқимизга таништириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори [11] қабул қилинди. Мазкур Қарор асосида Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини теранроқ англаш, Имом Термизий каби юртимиздан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, уни кенг тарғиб этиш ва бошқалар Марказнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди. Шунингдек, Марказ тузилмаси, Низоми ва молиялаштириш манбалари тасдиқланди. Бундан ташқари, Марказни ташкил этиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳомийлик хайриялари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод этилиши белгилаб қўйилди [7].

Ушбу Қарор асосида ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида аллома илмий меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, «Сунани Термизий»нинг ўзбек тилидаги таржимаси амалга оширилди. Шунингдек, «Буюк термизийлар», «Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи», «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий», «Термизий алломалардан олтин ўгитлар», «Муҳаддис ва фақиҳ аллома», «Икки улуғ донишманд», «Китабул илал», «Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари», «Буюк юрт алломалари», «Имом Абу Исо Термизий: ҳаёти ва ижоди саҳифалари», шунингдек, Ҳаким Термизийнинг Қуръони каримдаги «Фотиҳа» ҳамда «Бақара» суралари тафсирига бағишланган китоби, Абу Жаъфар Термизийнинг «Тафсир» асари каби 30 та китоб ҳамда бир қанча рисола нашр этилди. Бундан ташқари, алломанинг «Сунан» асарининг ҳанафийлик йўналишидаги 10 жилдли шарҳи ўзбек тилига таржима қилинди [11]. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши ва амалга татбиқ этилиши бу борада амалга оширилаётган ишларга янгича суръат бағишлади ва уларни тизимли тарзда йўлга қўйиш имконини берди.

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази фаолиятини ривожлантириш ҳам Ҳукумат диққат марказидаги масала бўлиб келди. Хусусан, юртимизда диний-маърифий соҳани янада ривожлантириш, буюк аллома ва мутафаккирларимиз фаолиятини тадқиқ этиш ва бошқа шу каби тадбирларни амалга ошириш мақсадида 2021 йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги ислом цивилизация маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан Марказ «Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон» ғоясини кенг тарғиб қилувчи, мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи, уни кенг жамоатчиликка етказиб берувчи, моддий-маданий мерос намуналарини, ислом дини билан боғлиқ қадимий ва бой анъаналарни тарғиб қилувчи илмий-маърифий масканга айлантирилди. Ислом дини билан боғлиқ илмий меросни тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб этиш, Ўзбекистонда юз берган умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессансларнинг илдизлари ва мазмун-моҳиятини мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларга етказиш бўйича зарур чораларни кўриш ва бошқалар Марказнинг янгиланган вазифалари сифатида белгиланди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда диний қадриятларни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бундай тадбирларнинг амалга оширилишида Ҳукумат томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳал қилувчи роль ўйнади. Бу даврда қабул қилинган қонун, фармон ва қарорларни шартли тарзда икки гуруҳга бўлишимиз мумкин. Биринчиси, мазкур соҳани бевосита тартибга солувчи қонунлар бўлса, иккинчиси, диний қадриятларимизни тиклашга у ёки бу жиҳатдан ёрдам берувчи Президент фармонлари, қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳисобланади. Бу даврда қабул қилинган қонунлар мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилган бўлса, иккинчи турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эса алломалар таваллудини нишонлаш, уларнинг номи билан аталган илмий-тадқиқот муассасаларини ташкил этиш ва бошқа шу каби масалаларга бағишланди. 2016 йилдан эътиборан бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Аввал қабул қилинган қонунлар такомиллаштирилди, мамлакатимиз Президентининг янги фармон ва қарорлари эълон қилинди. Шунингдек, уларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. Бундай ишларнинг амалга оширилиши диний қадриятларимизни тиклаш ва уни кенг халқ оммаси орасида тарғиб этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Маънавият юлдузлари. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори. Lex.uz.
  3. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуни. https://lex.uz/acts/65044
  4. Халқ сўзи газетаси. 1997 йил апрель.
  5. http://old.muslim.uz/index.php/rus/maqolalar/item/30424-imom-bukhorij-mazhmuasi-tarikhini-bilasizmi
  6. https://lex.uz/docs/1592041
  7. https://lex.uz/docs/3113645
  8. https://lex.uz/docs/3600059
  9. https://lex.uz/ru/docs/3263382
  10. https://www.naqshband.uz/makolalar/Anjumanhttps://yuz.uz/news/marifat-ziyosini-tarqatuvchi-markaz
Санжарбек ДЖУМАНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …