Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Буюк муҳаддис олим меросига бағишланди

Буюк муҳаддис олим меросига бағишланди

Жорий йилнинг 20 июль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида «Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Буюк муҳаддиснинг таваллуд куни муносабати билан ташкил этилган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби раҳбарияти ва илмий жамоаси, Самарқанддаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, Фанлар академиясининг Археология институти олимлари, Мусулмонлар идораси ҳамда Самарқанд вилоятидаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Конференция очилишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов аллома номи билан аталадиган инновацион музей концепцияси лойиҳасининг тақдимотини ўтказди.

Тадбирда катта тарихга эга ислом илмлари борасида бутун мусулмон дунёсида бой тажриба тўплангани, табиийки, бунда кўҳна Мовароуннаҳр ва замонавий Марказий Осиё мутафаккирларининг ҳиссаси беқиёслиги, алломаларимиз қолдирган илмий меросни асраб-авайлаб, келажак авлодга етказишда инновацион музей ҳам муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Янгидан барпо қилинаётган мажмуада ташкил этилаётган музейда Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий йўли, ўша давр тарихи замонавий ахборот технологиялари ёрдамида намойиш этилади. Уни ташкил этишдан мақсад – мажмуани фақат зиёрат маскани эмас, балки инсонлар қалбини илм ва ҳикмат билан забт этадиган, айниқса, ёшларнинг ҳаётда адашмасдан, тўғри йўл топишига хизмат қиладиган маърифат ўчоғига айлантиришдан иборат. Музейни яратишда Мадина шаҳридаги пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизaцияси музейи, Истанбулдаги Панорама 1453 тарих музейи, Бурса фатҳ музейи, Анқарадаги турк халқлари тарихи музейи, Париждаги Лувр музейи ва Британия музейи тажрибасидан фойдаланилган.

Ш.Зиёдов 9 павильондан иборат «Имом Бухорий инновацион музейи»нинг ҳар бир бўлими бўйича – уларнинг мақсади, қайси мавзуларга йўналгани, жойланадиган контент юзасидан атрофлича маълумот берди.

Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат, юртимиз уламолари, балки бутун ислом оламининг етук намояндалари томонидан юксак баҳоланиб, ислом илмлари ривожига беназир ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун мустаҳкам пойдевор яратганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши бу борада залворли қадам бўлди. Хусусан, муҳаддислар имоми, ҳадис илмида мўминларнинг амири – Имом Бухорий хотираси ва меросига чуқур эҳтиром кўрсатилиб, уни ўрганиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Муҳаддислар султони хоки абадий қўним топган маскан қайта қуриляпти, унинг ёнида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолият кўрсатяпти. Мазкур муассаса илмий ходимлари томонидан айни кунгача 77 номдаги китоб ва халқчил рисола нашрга тайёрланди, буюк алломаларимизнинг 40 та ноёб асари ўзбек тилига ўгирилди. Маҳаллий ва хорижий нашрларда мингдан зиёд илмий мақола эълон қилинди.

Ташкил этилган конференция ҳам ислом илми ва маданияти ривожида беқиёс ўрин тутган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг буюк муфассир ва мужтаҳид сифатидаги сийратини яна бир бор намоён этди. Унда ислом динининг эзгулик, тинчликпарварлик ва инсонийлик тамойилларига асосланган моҳияти такрор-такрор тилга олиниб, юртимиздан етишиб чиққан улуғ аллома ва мутафаккирлар номларини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари чуқур мамнуният билан эътироф этилди.

Иштирокчилар, айниқса, исломнинг мўътабар манбаларидан бўлган ҳадисларни жамлаб, улардан энг ишончлиларини саралаб, алоҳида мавзуларга бўлинган ҳолда китоб ҳолига келтирган етук муҳаддис – Ҳазрат Бухорийнинг ҳаёти ва маънавий меросини, ислом илмлари ривожи йўлидаги буюк хизматларини янада изчил ўрганиш ва жамоатчилик орасида кенгроқ тарғиб қилиш заруратини алоҳида қайд этди.

Анжуман доирасида қатнашчилар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти, шунингдек, Имом Бухорий мажмуаси қурилиш жараёни билан яқиндан танишди.

Иштирокчилар аллома хотираси ва меросига чуқур ҳурмат-эҳтиром тариқасида Имом Бухорий мажмуасида унинг шоҳ асари бўлмиш «Саҳиҳул Бухорий» тўпламини хатм қилди. Қўллар дуога очилиб, юртимизга, ислом олами ва бутун башариятга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ сўралди.

Конференция ишини 22 июль куни Тошкент шаҳрида давом эттиради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ИСЛОМГАЧА БЎЛГАН ДАВРДА СЎҒД ВА МОВАРОУННАҲРНИНГ ИЛК ИСЛОМ ДАВРИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ВА КАМОНЧИЛИК АНЪАНАСИ

📢 ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅ Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка …