Хива хонлигидаги сиёсий ва иқтисодий жараёнлар каби у ердаги маданий ҳаёт ҳам юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган. Хонликдаги маданият ўзига хос йўналишларда давом этди. Маданий ҳаёт равнақи таълим-тарбия, адабиёт, тарихнавислик, меъморчилик ва амалий санъат кабиларда кузатилади.
Бу даврда Нурмуҳаммад Ғариб Андалибнинг (1710-1770) “Саид Ваққос”, “Зайнул араб”, “Юсуф ва Зулайҳо”, “Лайли ва Мажнун” каби достонлари машҳур бўлди, шунингдек, Муҳаммад Ниёз Нишотий, Муҳаммад Хокисор, Табибий, Мунис, Комил Хоразмий, Комдон, Муродий каби шоирларнинг ижоди ривож топди.
Салтанатда деярли барча хонлар даврига тегишли асарлар яратилди. Жумладан, Оллоҳқулихон даврига оид “Риёзуд давла”, Раҳимқулихон ҳукмронлиги йилларини ўз ичига олган “Зубдатут таворих”, кейинги даврларга доир воқеалар тўғрисида “Жомеъул воқеоти султоний”, “Гулшани давлат”, “Шоҳиди иқбол” асарлари машҳурдир.
Тарихий асарлар орасида Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” ва “Шажараи тарокима” китоблари ўзбек тилида битилган муҳим тарихий асарлар ҳисобланади. Тарихнавислик анъаналарини кейинчалик Мунис, Огаҳий, Муҳаммад Юсуф Баёний каби мутафаккирлар давом эттирди.
“Ғазалиёти Муғанний”[1] учта асар жамланган мажмуа таркибидаги бир асар бўлиб, қўлёзма, настаълиқ хатида ёзилган. Мажмуанинг 1б варағи “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” сўзлари билан бошланиб, Яратганга ҳамду сано, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавот зикр этилиб, саҳифа охирида 1244/1827 йил санаси қайд этилган.
Мажмуа “Фарзи айн”, “Ғазалиёти Муғанний” ва “Марсияи аҳбоби мушфиқ” номли уч қисмдан иборат бўлиб, жами 133 а-б варақдан таркиб топган. Биринчи “Фарзи айн” қисми мажмуанинг 2а-22б варақларини ўз ичига олиб, аввал ҳамду сано, дуо, тавҳид калимасининг шарофати, имон, таҳорат, таяммум, ғусл, намоз, рўза, закот фарзлари баёни, таом емак масалалари қаторида вожиб, суннат, мустаҳаб, макруҳ каби амаллар ғазал кўринишида баён этилган. Ҳар бир мавзу боши алоҳида қизил ҳошияли чизма ичига олиниб, унинг номлари ҳам қизил сиёҳда ёзилган.
Иккинчи қисми “Ғазалиёти Муғанний” 25б-129а варақларини ўз ичига олиб, Хива хонларидан Муҳаммад Раҳимхон, Оллоҳқулихон ва ушбу давр хонлик тарихига бағишланган воқеалар тасвирланган,
Байт:
Асарда хонлик қўшини, унинг таркиби ва ташқи ҳудудларга юришлари тарихига оид қуйидаги маълумотлар баён қилинган.
Байт:
Асарнинг 125б варағида қуйидаги сатрлар келтирилган,
Байт:
“Ғазалиёти Муғанний” 1239/1822 йили бошланиб, бир ярим йил мобайнида ёзилган. Ушбу бўлимнинг 129а варағида 1245/1828 йилда кўчирилганлиги қайд этилган.
Мажмуанинг учинчи қисми “Марсияи аҳбоби мушфиқ” деб номланган. Бўлим 129б-133б варақларни ўз ичига олади.
Мазкур китоб муаллифи ҳақида сўз кетганда, асарнинг бошидан охиригача “Муғанний” тахаллуси билан ғазал ва байтлар битилган. Асарда муаллиф исмига ишора бўлган, ушбу ҳолатни кўриш мумкин:
Байт:
Биринчидан асарда Муҳаммад Раҳим давригача бўлган воқеалар тасвирланган. Иккинчидан, асар охиридаги “Марсия”да Муҳаммад Раҳимхон номи келмаган. Учинчидан, асар 1822-1824 йиллар оралиғида ёзилганлиги ҳамда муаллиф асарни ёзиб тугатгач, башоратомуз тарзда умри ниҳоясига етаётганини ёзган. Тўртинчидан, асарда кўплаб ҳудудларни босиб олингани, бешинчидан Муҳаммад Раҳимхоннинг ўзидан кейин келиши кутилаётган тахт вориси Оллоҳқулихонга адоватда бўлмаслик ҳамда унга ёрдам бериш тўғрисидаги сўзлари, шунингдек, давлат бошқарувида ислоҳотлар ўтказганлиги каби воқеаларга эътибор қаратган. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, асар Муҳаммад Раҳимхон ёзган ёки бевосита унинг кўрсатмаси билан тасниф этилган, деб хулоса қилиш мумкин.
Умуман олганда ушбу асар Хива хонлигининг сиёсий-ижтимоий, маданий ва адабий ҳаётига оид ноёб асарлардан бири эканлиги диққатга сазовордир. Хива хонлиги – Ўзбекистон давлатчилиги ва бошқаруви тарихига, шунингдек, иқтисодий ва маданий ҳаётида ўз ўрнига эгадир. Тарихий манбалар жамият тараққиётининг минтақадаги ўзига хос томонларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.